Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
301 - Ҳадис
6-боб Ҳайз кўрган хотинни эри қучоқласа бўладими? 299, 300, 301-ҳадислар Ойша (рз.) дейдилар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) иккаламиз ювуқсиз бўлганимизда бир идишда ғусл қилар эдик. Ҳайз кўрганимда эса, менга ҳайз кийимимни кийиб олишни буюрар эдилар, кийиниб олардим, кейин қучоқлардилар. Расулуллоҳ (сав) масжидда эътикофда (чилла ўтиришда) бўлганларида бошларини дарчадан чиқарар эдилар, мен ҳайз ҳолимда бошларини ювиб қуяр эдим” (яна қ. 250, 295, 302, 2030).
302 - Ҳадис
302-ҳадис Ойша (рз.): “Бирортамиз ҳайз кўрган бўлсаг-у, Расулуллоҳ (сав) қучоқламоқчи бўлсалар, ҳайз киймни кийишни буюрар эдилар, кейин қучоқлар эдилар. Қайси бирингиз Расулуллоҳ (сав)дек шаҳватингизни тийиб тура оласиз!” – дедилар (яна қ. 300).
303 - Ҳадис
303-ҳадис Абдуллоҳ ибн Шаддод бундай деб ривоят қиладилар: “Маймуна онамиздан эшитдимки, Расулуллоҳ (сав) хотинларидан бирортасини ҳайз ҳолида қучоқламоқчи бўлсалар, ҳайз кийимини кийиб олишни буюрар эдилар”.
304 - Ҳадис
7-боб Ҳайз кўрган хотин рўза тутмаслиги лозим 304-ҳадис Саид ал-Худрий бундай ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав), Қурбон ҳайити ёки Рамазон ҳайити эди, намозгоҳга чиқдилар, Хотинларнинг ёнидан ўтаётиб: “Эй хотинлар жамоаси, садақа қилинглар! Дўзах аҳлининг кўпроғи аёллардир, деб менга аён қилинди”, - дебдилар. Шунда хотинлар: “Нима сабабдан, ё Расулуллоҳ?” – дедилар. “Кўп қарғайсизлар ва эрнинг яхшилигини билмайсизлар. Эрнинг яхшилигини камситасизлар, қадрламайсизлар (кўрнамаклик қиласизлар), сизлардан кўра калтафаҳм ва эътиқоди сустроқ, ҳар қандай имонли кишини йўлдан оздирувчироқ тоифани кўрмадим”, - дедилар. Хотинлар: “Эътиқод ва ақлимизнинг қандай нуқсони бор экан, ё Расулуллоҳ?”- дейишди. “Бир хотин кишини гувоҳлиги яримта эркакнинг гувоҳлигига тенг эмасми?” – дедилар Жаноб Расулуллоҳ. “Ҳа, шундай”, - дейишди хотинлар. “Худди мана шу ақлингизни нуқсони эмасми?” Ҳайз кўрганнизда намоз ўқимаслигингиз, рўза тутмаслигингиз ҳам сизнинг (эркакларга нисбатан) нуқсонингиз эмасми?” – дедилар. “Ҳа, тўғри айтдингиз”, - дейишди аёллар. ”Мана шулар аёллар динининг нуқсонли эканини англатади”, - дедилар Расулуллоҳ” (яна қ. 1462, 1951, 2658).
305 - Ҳадис
8-боб Ҳайз кўрган хотин ҳаж амалларини барчасини қилади, аммо Каъбатуллоҳни тавоф қилмайди Иброҳим ан-Нахаий айтадилар: “Ҳайз кўрган хотиннинг Қуръон оятларини ўқиши зарарсиздир” (Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳабларига мансуб олимлар буни рад этадилар). Ибн Аббос ҳам ювуқсиз одамнинг қироат қилмоғи зарарсиз, деб ҳисоблаганлар. Расулуллоҳ (сав) ҳамма вақт Аллоҳни зикр қилар эдилар. Умму Атийя: “Биз – хотинларга, ҳайз кўрган бўлсак ҳам, ийд (ҳайит) намозига чиқишни буюришар эди. Эркаклар айтадиган такбир ва дуоларни ўқир эдик, намоз ўқимас эдик”, - дейдилар. Абу Суфён айтадилар: “Ҳирақл (Рум подшоси) Расулуллоҳ (сав)нинг мактубларини олиб келишни буюрди, сўнг ўқиб қараса, “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим, ё аҳл ал-китоб, таъолуу ила калиматил-ояти” “(Бисмилоҳир Раҳмонир Раҳим, эй аҳли китоб, имон келтиринглар!”) деб ёзилган экан”. Жобир (рз.) бундай ривоят қиладилар: “Ойша онамиз ҳайз кўрдилар, сўнг ҳаж амалларини барчасини қилавердилар, бироқ Каъбатуллоҳни тавоф қилмадилар ва намоз ўқимадилар”. “Мен ювуқсиз ҳолда ҳам “Бисмиллоҳ аллоҳу акбар” деб ҳайвон сўяверар эдим” – дейди Ҳаким. 305-ҳадис “Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсаларни емангиз!” (Анъом сураси 121-оят) – деган Аллоҳ таоло. Ойша онамиз бундай дейдилар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга ҳажни ният қилиб йўлга чиқдик. Сариф деган жойга келганимизда ҳайз кўриб қолдим. Йиғлаб ўтирганимда Расулуллоҳ (сав) келиб: “Нега йиғлаяпсан?” – дедилар. “Худо ҳаққи, бу йил ҳажга чиққанимдан афсусдаман”, - дедим. Расулуллоҳ: “Эҳтимол, ҳайз кўриб қолгандирсан?” – дедилар. “Ҳа” – дедим. Аллоҳ таоло буни Одам қизларининг барчасининг пешонасига ёзган, энди ҳаж қиладиган барча ишларни қилавер, лекин то поклангунингча Каъбатуллоҳни тавоф этмагин!” – дедилар Жаноб Расулуллоҳ” (яна қ. 294).
306 - Ҳадис
9-боб Истиҳоза (бетўхтов қон кетиши) 306-ҳадис Ойша (рз.) бундай деганлар: “Фотима бинти Абу Ҳубайш Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ, мен покланган эмасман (бетўхтов қон келиб туради), намоз ўқимай-ми?” – деб айтди. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Бу томир касаллигидир, ҳайз эмас, агар ҳайз келса, намозни тарк этгин, ҳайз тугаса ғусл қилиб, намозни ўқийвергин!” – дедилар” (яна қ. 228).
307 - Ҳадис
10-боб Ҳайз қонини ювмоқ 307-ҳадис Асмо бинти Абу Бакр бундай дейдилар: “Расулуллоҳ (сав)га бир хотин: “Ё Расулуллоҳ, бирортамизнинг кийимимизга ҳайз қони тегиб қолса, нима қиламиз?” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангиз кийимингизга ҳайз қони тегиб қолса, қотиб қолган қонни ишқаб ташлаб, сўнг сув билан ювинглар, кейин ўша кийимда намоз ўқийверинглар! – дедилар” (яна қ. 227).
308 - Ҳадис
308-ҳадис Ойша (рз.): “Бирортамиз ҳайз кўрсак, қотиб қолган қонни ишқалаб ташлар эдик, сўнг ўша жойни ювар эдик ва кийимни қон тегмаган қисмини ҳам ювиб, ўша кийимда намоз ўқийверар эдик” – деганлар.
309 - Ҳадис
11-боб Истиҳоза бўлган хотиннинг масжидда эътикоф қилиб ўтириши 309-ҳадис Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав) масжидга эътикоф (узоқ муддат Аллоҳга ибодат қилиб, масжиддан чиқмай ўтириш) қилиб ўтиришга кирсалар, хотинларидан баъзиси истиҳоза бўлганига қарамай, бирга кирар эди”, - дедилар. “Эҳтимол у тагига идиш қўйиб ўтиргандир, деб айтгандилар”, - дейди Икрима. Икрима бундай деб таъкидлайди: “Ойша онамиз (жомдаги) сарғиш суюқликни кўриб: “Бу фалончи аёлдан тушган истиҳоза қони бўлса керак”, - деб ўйлаганлар” (яна қ. 310, 311, 2037).
310 - Ҳадис
310-ҳадис Ойша онамиз дедилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг хотинларидан бири у киши билан бирга эътикоф қилишга ўтирди. У хотин ҳайз ва сарғиш қон кўрар эди, шунинг учун намоз ўқиётганида тагига жом қўйиб олган эди” (яна қ. 309).
311 - Ҳадис
311-ҳадис Ойша онамиз (рз.): “Жаноб Расулуллоҳнинг хотинларидан бири истиҳоза кўрган ҳолида эътикоф қилмоққа ўтирди”, - дедилар (хотин киши истиҳоза бўлса ҳам масжидга кириб ибодат қилмоғи мумкин бўлган) (яна қ. 309).
312 - Ҳадис
12-боб Хотин киши ҳайз кўрган кийимида намоз ўқийдими? 312-ҳадис Ойша онамиз (рз.) дедилар: “Бирортамизда битта кийимдан бошқа кийим йўқ эди. Ўша кийимда ҳайз кўрар эдик. Агар унга қон тегиб кетса, ишқалаб ташлаб, кейин ювиб, намоз ўқир эдик”.
313 - Ҳадис
13-боб Аёл ҳайздан кейин ғусл қилгач, ўзига хушбўй нарса сепади 313-ҳадис Умму Атийя дедилар: “Ўликка 3 кундан ортиқ аза тутмасдик, эр ўлсагина 4 ойу 10 кун аза тутилар эди. Кўзга сурма қўймасдик, ўзимизга хушбўйлик сепмасдик. Бўёқли (гулдор) кийим киймасдик. Одми кийим кияр эдик. Ҳайздан покланиб, ғусл қилганимиздан кейингина қисман хушбўйлик ишлатишга изн берилган эди, жанозага боришга йўл қўйилмас эди” (яна қ. 1278, 1279, 5340, 5341, 5342, 5343).
314 - Ҳадис
14-боб Аёлнинг ҳайздан покланганда баданини ишқалаб ювмоғи ҳамда қандай қилиб ғусл қилмоғи, атирланган латтани олдига қўйиб, қоннинг ҳидини кетказмоғи хусусида 314-ҳадис Ойша онамиз бундай деганлар: “Бир хотин Расулуллоҳ (сав)дан ҳайздан қандай тозаланиш тўғрисида сўради. Расулуллоҳ (сав) қандай ғусл қилишни айтиб, сўнг: “Атирланган латта билан тозалангин” – дедилар. “У билан қандай тозаланаман?” – деди хотин. “Субҳоналлоҳ, тозалангин!” – деб айтдилар Расулуллоҳ (сав) “Қоннинг ҳидини кетказиш учун латтани ўша жойингга қўйгин! – дедим” (яна қ. 310, 7357).
315 - Ҳадис
15-боб Ҳайз келган жойни ювмоқ 315-ҳадис Ойша онамиздан: “Ансорийлардан бир хотин Расулуллоҳ (сав)га: “Ҳайздан кейин қандай ғусл қиламан?” – деди. “Ғусл қилганингдан кейин атирланган латтани олиб, тозалангин!” – деб 3 марта қайтардилар Расулуллоҳ. Кейин, Расулуллоҳ (сав) муборак юзларини уялиб угирдилар-да: “У билан артгин!” – дедилар. Шунда мен у хотинни ўзимга тортдим-да, Расулуллоҳ (сав) нима демоқчи бўлаётганларини айтиб бердим” (яна қ. 314).
316 - Ҳадис
16-боб Аёлнинг ҳайздан кейин ғусл қилаётганда сочини тараши 316-ҳадис Ойша онамиз Урва ибн Зубайрга бундай деб айтган эканлар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) Ҳажжатул Ваъдода эҳром боғладик. Мен умра (кичик ҳаж)га ният қилиб эҳром боғлаганлардан эдим, қурбонлик учун қўй олмаган эдим. (Бахтга қарши) ҳайз кўриб қолдим. Арафа кечаси бўлса ҳамки, ҳануз ҳайздан фориғ бўлмаганлигимни таъкидлаб: “Ё Расулуллоҳ, шу арафа кечаси умрага эҳром боғлагандим”, - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Сочингни ёйиб, тарагин (ғусл қилгин), умрани қўя тургин!” – деб буюрдилар. Мен шундай қилдим. Ҳажни (катта ҳажни) тугатганимда Расулуллоҳ (укам) Абдураҳмонга Ҳасба (ҳаж тугаган) кечаси мен билан Танъимга (жой номи) бориб, илгари қилишим керак бўлган умрани қайтадан бажариб келишни буюрдилар” (яна қ. 294).
317 - Ҳадис
17-боб Ҳайз кўрган аёлнинг ғусл қилишдан олдин сочини ёймоғи тўғрисида 317-ҳадис Урва ибн Зубайрга Ойша онамиз бундай деб айтган эканлар: “Зулҳижжа ойи келиши билан Мадинадан (ҳаж)га чиқдик. Расулуллоҳ (сав) “Ким умрага (кичик ҳажга) ният қилмоқчи бўлса, ният қилсин, агар мен қурбонлик олиб келмаганимда, умрага ният қилган бўлардим”, - дедилар. Шунда баъзилар умрага, баъзилар эса ҳажга (катта ҳажга) ният қилди. Мен умрага ният қилганлардан эдим. Арафа куни келди ҳамки, мен ҳайздан фориғ бўлмадим. Расулуллоҳга аҳволимни айтдим. “Умрани қўя тур, сочингни ёзиб, тарагин (ғусл қилгин) ва ҳажга ният қилгин!” – дедилар. Мен шундай қилдим. Ҳасба (ҳаж тугаган кеча) ҳам келди. Расулуллоҳ (сав) укам Абдураҳмонни менга қўшиб юбордилар. Танъим деган жойга бориб, қайтадан умрага ният қилдим”. Ҳошим ибн Урва: “Ойша онамиз қурбонлик ҳам қилмадилар, рўза ҳам тутмадилар, садақа ҳам бермадилар”, - дейдилар (яна қ. 294).
318 - Ҳадис
18-боб Аллоҳ таолонинг “... сўнгра (шаклланиб) битган ва битмаган гўштдан яратдик” (“Ҳаж” сураси, 5-оят) деган сўзи ҳақида 318-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: Жаноб Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар: “Аллоҳ таоло бачодонга бир фариштани вакил қилади (бачадонга уруғ тушиши билан). Фаришта айтади: “Ё раббий, бу нутфа (уруғга айланди, ё раббий, бу қуюқ қонга айланди, ё раббий, бир парча этга айланди”, - дейди. Аллоҳ таоло: “Бола ой-куни етиб дунёга келсин!” – деса фаришта: “Ўғилми, қизми, бахтлими, бахтсизми, ризқи қанча, яшаш муддати қанча?” – деб сўрайди. Буларнинг барчаси бола онанинг қорнида эканлигида манглайига ёзилади” (яна қ. 3333, 6595).
319 - Ҳадис
19-боб Ҳайз кўрган хотин ҳаж ва умрага қандай эҳром боғлайди? 319-ҳадис Ойша онамиз дедилар: “ Ҳажжатул Вадоъдан Расулуллоҳ (сав) билан бирга йўлга чиқдик, баъзи биримиз умрага эҳром боғладик, баъзимиз ҳажга эҳром боғладик. Сўнгра Маккага келдик. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Ким умрага эҳром боғлаган бўлса ва лекин қурбонлик етаклаб келмаган бўлса, эҳромини ечсин, кимки умрага эҳром боғлаган бўлса-ю, қурбонлик етаклаб келган бўлса, то қурбонлигини сўймагунча эҳромини ечмасин! Кимки ҳажга эҳром боғлаган бўлса, ҳажини охирига етказсин (эҳромини ечмасин)!” – дедилар. Мен Сариф деган жойда ҳайз кўрдим, то Арафа кунигача ҳайздан фориғ бўлмадим. Арафа куни умрага эҳром боғлаган эдим, Расулуллоҳ (сав) менга сочимни ёзиб тарашимни (ғусл қилишни) ва умрани қолдириб, ҳажга эҳром боғлашимни буюрдилар. Шундай қилдим. Ҳажимни тугатганимда, Расулуллоҳ (сав) менга укам Абдураҳмон билан бирга Танъим деган жойга бориб, қайтадан умрага эҳром боғлашимни буюрдилар” (яна қ. 294).
320 - Ҳадис
20-боб Ҳайзнинг келиши ва тугаши Хотинлар Ойша онамизга ҳайз теккан пахта латтани ўраб юборишар эди. Ойша онамиз: “То оқликни кўрмагунларича, ҳайздан тамоман тозаланмагунларича шошилмасинлар!” – дер эдилар. Зайд ибн Собит қизи Умму Кулсумга: “Хотинлар кечаси чироқ ёқиб, ҳайз латтасини текшириб кўрмоқдалар (тозаландимми деб), деган хабарни айтишди. Умму Кулсум: “Илгари хотинлар бундай қилишмас эди”, - деб кечаси латтасини текшириб кўрган хотинларни айбладилар (яъни, кундузи билинмаса, кечаси чироқ ёқиб билиб бўлмайди). 320-ҳадис Ойша онамиздан: “Фотима бинти Абу Ҳубайш истиҳоза кўрар эди. У бу тўғрида Расулуллоҳ (сав)дан сўради. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Бу томир касаллигидир, ҳайз эмас, агар ҳайз вақтинг келса, намозни тарк этгин, ҳайзинг тугаса, ғусл қилиб, намоз ўқийвергин!” – дедилар” (яна қ. 228).
321 - Ҳадис
21-боб Ҳайз кўрган хотин намозини қазосини ўқимайди Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абу Саид ал-Худрий Расулуллоҳ (сав) ҳақларида ривоят қила туриб: “Ҳайз кўрган хотин намоз ўқимайди”, - дедилар (яъни қазосини ўқимайди). 321-ҳадис Муоза (рз.)дан: “Бир хотин Ойша онамиздан: “Бирортамиз ҳайздан тозалансак, намоз қазосини ўқиймизми?” – деб сўради. Ойша онамиз: “Хаворижларданмисан?” – дедилар (яъни, аҳли суннага зид равишда: “Ҳайз кўрган хотинлар намоз қазосини ўқийди”, - деган тоифа). Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) ҳаётликларида бизга ҳайз вақтида намоз қазосини ўқишни буюрмас эдилар ёки қазосини ўқимас эдик”, - деб айтгандилар, шекилли”, - дейдилар Муоза.
322 - Ҳадис
22-боб Ҳайз кўрган хотин билан, агар у ҳайз кийимида бўлса, бирга ётмоқни жоизлиги 322-ҳадис Зайнаб бинти Абу Саламага Умму Салама бундай деб айтган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга чайлада ётганимда ҳайз кўриб қолдим, шунда ёнларидан секин сирғалиб чиқдим, чайладан чиқиб, ҳайз кийимимни кийим олдим. Расулуллоҳ (сав) менга: “Ҳайз кўриб қолдингми?” – дедилар. “Ҳа”, - дедим. Мени чайлага чақирдилар”. Зайнабга Умму Салама бундай дебдилар: “Расулуллоҳ (сав) рўзадор бўлатуриб, мени ўпар эдилар, (кечаси) жимоъдан сўнг у киши билан бир идишда ғусл қилар эдик” (яна қ. 298).
323 - Ҳадис
23-боб Хотин кишининг хайз кўрмаганда киядиган кийимидан ташқари, ҳайз учун (алоҳида) кийим қилиб қўймоғи 323-ҳадис Зайнаб бинти Абу Саламага Умму Салама дедилар: “Мен Расулуллоҳ (сав) билан бирга чайлада ёнбошлаб ётган эдим, ҳайз кўриб қолдим, секин чайладан чиқдим, ҳайз кийимимни кийиб олдим. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Ҳайз кўриб қолдингми?” – дедилар-да, чайлага чақирдилар. Чайлада у киши билан ёнбошлаб ётдим” (яна қ. 298).
324 - Ҳадис
24-боб Ҳайз кўрган хотиннинг иккала ҳайитда ва мусулмонларнинг дуои илтижолари (масалан жамоат бўлиб ёмғир сўраш)да намозгоҳдан нарироқда туриб қатнашуви 324-ҳадис Ҳафса бинти Сириндан: “Бўйига етган қизларимизнинг иккала ҳайитга чиқишларини ман қилар эдик. Бир хотин Барсадаги Бани Халаф қасрига келиб тушди, сўнгра опаси ҳақида сўзлаб берди. Опасининг эри Расулуллоҳ (сав) билан 12 марта ғазотда қатнашган экан. Шундан 6 тасида опаси ҳам бирга бўлган экан. Опаси: “Биз ярадорларни даволар эдик, касалларга қарар эдик”, - деган экан. Бир куни Расулуллоҳ (сав)дан: “Бирортамизнинг ёпинчиғимиз бўлмаса-ю, (ҳайит намозига) чиқмасак зарари йўқми?” – деб сўрабди. Расулуллоҳ (сав): “Кимнинг ёпинғичи бўлмаса, дугонасининг ёпинғичларидан олиб турсин, мусулмонларнинг яхшилик мажлисларида ва дуои илтижоларида қатнашсин!”- дебдилар. Умму Атийя келганда ундан: “Расулуллоҳ (сав)дан бу хусусда эшитганмисиз? деб сўрадим”, - дедилар Ҳафса. “Расулуллоҳга отам фидо бўлсин! Ҳа, эшитганман (у қачон Расулуллоҳ (сав) хусусларида сўзласа, “отам фидо бўлсин!” деб қўшиб сўзлар эди), бўйига етган қизлар ҳам, чимилдиқдаги келинчаклар ҳам (чимилдиқдаги қизлар ҳам, деб айтдиларми, билмайман), ҳайз кўрганлар ҳам чиқсинлар, яхшилик мажлисларида қатнашсинлар, ҳайз кўрганлари жойнамоздан четда турсинлар, деб айтган эдилар”, - дебдилар Умму Атийя. “Ҳайз кўрган хотинлар ҳамми?” – деб сўрадим, шунда у: “Ҳайз кўрган хотинлар Арафотда қатнашадику, ахир! деб аёллар қатнашадиган маросимлар номини санай кетди”, - дейдилар Ҳафса (яна қ. 351, 971, 974, 980, 981, 1652).
325 - Ҳадис
25-боб Бир ойда уч марта ҳайз кўрса...Аёлларнинг ҳайз кўриш ва ҳомиладорлик муддатини тасдиқловчи далиллар тўғрисида Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бачадонларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол (иш) эмас” (“Бақара” сураси, 228-оят) – дейди. Ҳазрати Али ва Шурайҳ: “Агар аёлнинг бир ойда 3 марта ҳайз кўргани ишончли ва тақводор кишилар гувоҳлик берсалар, тасдиқланади”, - деб айтган эканлар. Ато (рз.): “Аёл (бир ойда 3 марта ҳайз кўрадиган аёл)нинг ҳақиқий ҳайз кўрадиган кунлари унинг дастлабки ҳайз кўрган кунлари ҳисобланади”, - деб айтганлар (талоқ иддасини сақлаётган аёл бошқачароқ айтса, қабул қилинмайди). Иброҳим ва Ато: “Ҳайз камида бир кеча-ю бир кундуз, кўпи билан 15 кун давом этади” – деганлар. Муътамирнинг оталари, ҳайздан поклангандан кейин 5 кун ўтгач, яна қон кўрган хотин тўғрисида сўраганларида, Ибн Сирин: “Бу бобда хотинлар биздан кўра яхшироқ биладилар”, - дедилар. 325-ҳадис Ойша онамиздан: “Фотима бинти Абу Ҳубайш: “Мен истиҳоза кўраман, ҳеч покланмасман, намозни тарк этайми?” – деб Расулуллоҳдан сўрадилар. “Йўқ тарк этмагин, бу томир қонидир. Ва лекин ҳайз кўрадиган кунларинг намозни тарк этгин, ҳайздан поклангач, ғусл қилгин, намозингни ўқийвергин”, - деб жавоб қилдилар Расулуллоҳ” (яна қ. 228).
326 - Ҳадис
26-боб Ҳайз кунларидан бошқа пайтда келадиган сарғиш ва хира суюқлик 326-ҳадис Умму Атийя: “Хира ранг ва сарғиш суюқликни ҳайз ҳисобламас эдик”, - деганлар.
327 - Ҳадис
27-боб Истиҳоза келадиган томир 327-ҳадис Ойша онамиздан: “Умму Ҳабиба 7 йил истиҳоза кўрди. У Расулуллоҳ (сав)дан истиҳоза тўғрисида сўраганида, Расулуллоҳ (сав) унга (ҳайз тугагач) ғусл қилмоқни буюриб: “Бу томирдан келадиган қондир”, - дедилар. Умму Ҳабиба ҳар бир намозга алоҳида ғусл қилар эдилар”.
328 - Ҳадис
28-боб Ҳажда Арафот тоғидан тушгандан кейин ҳайз кўриб қолган хотин ҳақида 328-ҳадис Ойша онамиз Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ Сафийя бинти Ҳуйай ҳайз кўриб қолди” – дедилар. Расулуллоҳ: “Ҳали у бизга Мадинага боришимизга халал бермаса эди! Сизлар билан бирга тавоф қилмаганмиди?” – дедилар. “Ҳа, (тавоф) қилган эди”, - дейишди. “Йўлга чиқаверсин, айтинглар!” – дедилар Расулуллоҳ (сав) (яна қ. 294).
329 - Ҳадис
329-ҳадис Ибн Аббос: “Хотин киши ҳайз кўриб қолса (хайрлашув тавофини қилмасдан) ватанига қайтмоққа рухсат берилади”, - дедилар (яна қ. 1755, 1760).
330 - Ҳадис
330-ҳадис Ибн Умар, илгарилари: “Ҳайз кўриб қолган аёл (хайрлашув тавофини қилмасдан) қайтмайди”, - дер эдилар, энди бўлса: “Расулуллоҳ (сав) уларга рухсат берибдилар, (хайрлашув тавофини қилмасдан) қайтаверар экан”, - дейдилар.
331 - Ҳадис
29-боб Истиҳоза кўрадиган хотин тозаланса... Ибн Аббос: “(Бундай аёл) ғусл қилиб намоз ўқисин, кейин эри билан яқинлик қилаверади. Намоз улуғдир”, - деганлар. 331-ҳадис Ойша онамиздан: “Расулуллоҳ (сав): “Агар ҳайз кўрсанг, намоз ўқишни тўхтатгин, ҳайз тугаса ғусл қилиб, теккан қонни ювиб ташлагин, сўнгра намоз ўқийвергин!” – деганлар (яна қ. 288).
332 - Ҳадис
30-боб Туғолмай ўлган хотинга жаноза ўқиш ва унинг суннати 332-ҳадис Самура ибн Жунбубдан: “Бир хотин туғолмай ўлди, Расулуллоҳ (сав) жанозани ўликнинг бели тўғрисида туриб ўқидилар”.
333 - Ҳадис
31-боб 333-ҳадис Абдуллоҳ ибн Шаддоддан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг хотинлари Маймуна холам ҳайз кўрганларида, намоз ўқимас эдилар. Холам Расулуллоҳ (сав)нинг жойнамозлари қаршисида чўзилиб ётсалар ҳам, у киши намоз ўқиверар эканлар. Маймуна онамизнинг ўзлари бундай деганлар: “Расулуллоҳ сажда қилганларида кийимлари қисман менга тегар эди”. Имом Бухорий шу ҳадисга таяниб, ҳайз кўрган хотин макруҳ ҳисобланмай, унга теккан нарса харом бўлмас экан, деган маънони тушунтирдилар (яна қ. 379, 381, 517, 518).
334 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Таяммум китоби Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб юз ва қўлларингизга суртинг” (“Нисо” сураси, 43-оят) – дейди (ҳанафия уламолари: “Агар таяммум қилувчи киши тақир тошга шаполоғини уриб, юзига ишқаса ва яна уриб қўлларига ишқаса, кифоя”, - дейишади). 334-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг хотинлари Ойша онамиздан: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир сафарга (ҳижрий 6-йил) чиқдик. Байдо ёки Зотул-Жайш деган жойга борганимизда маржоним узилиб кетди. Расулуллоҳ (сав) уни қидира бошладилар. Одамлар ҳам тўхташди. Тўхтаган жойларида сув йўқ эди. Шунда одамлар Абу Бакр Сиддиққа келиб: “Кўрмайсизми Ойшанинг қилган ишини, Расулуллоҳ (сав)ни ва шунча одамни тўхтатиб қолди, ваҳоланки, одамлар суви бор жойда эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ”, - дедилар. Абу Бакр Сиддиқ (ёнимизга) келдилар. Расулуллоҳ (сав) бошларини тиззамга қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Отам Абу Бакр Сиддиқ менга: “Расулуллоҳ (сав)ни ва одамларни тўхтатиб қолдинг, улар сув бор жойда эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ”, - деб қаттиқ урушдилар. Аллоҳ хоҳлаганича нима десалар, дедилар ва белимга нуқий бошладилар. Расулуллоҳ бошларини тиззамга қўйиб ётганлари учун мен қимирламасликка интилар эдим. Расулуллоҳ (сав) тонг саҳарда турдилар. Атрофда сув йўқ эди, одамлар: “Таҳоратсиз қандай бомдод ўқиймиз?” – деб тортишдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Таяммум қилингиз!” – деб юқоридаги “Таяммум оятини”ни нозил қилди. Усайд ибн Ҳузайр (таажубдан): “Эй Абу Бакр авлоди, сизнинг биринчи баракотингиз эмас (яъни, бундан аввал ҳам сиз туфайли Аллоҳ таоло бизни баракотидан дариғ тутмаган)”, - дедилар. Мен минган туяни турғизган эдик, маржоним тагидан чиқди” (яна қ. 336, 3672, 3773, 4583, 4607, 4608, 5164, 5250, 5882).
335 - Ҳадис
335-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ Жаноб Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар, деб айтади: “Аллоҳ таоло томонидан менга илгари пайғамбарларнинг бирортасига ҳам ато қилинмаган имтиёз берилган: Душманларим қалбига (мен) бир ойлик масофада турганимдаёқ, Аллоҳ томонидан қўрқинч солиниб, ғолиб этилганман. Ер юзи менга намозгоҳ қилинган ва (ер) сув йўқ бўлганда таҳорат воситаси қилингандир. Умматимнинг қайси бирига намоз вақти қаерда тўғри келиб қолса, ўша ерда ўқийверсин! Ўлжалар менга ҳалол қилинган. Мендан аввалги ҳеч бир пайғамбарга ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат қилмоқлик (қалбида заррача имони бор умматни дўзахдан олиб чиқмоқлик) ҳуқуқи берилган. Илгариги ҳар бир пайғамбар фақат ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилган эди. Мен эса (Ер юзидаги) одамларнинг ҳаммасига пайғамбар қилиб юборилдим” (яна қ. 438, 3122).
336 - Ҳадис
1-боб Агар киши таҳоратга сув ҳам, таяммум қилмоққа (тоза) тупроқ ҳам топмаса, нима қилади? 336-ҳадис Ҳишом ибн Урванинг оталаридан: “Ойша онамиз маржон шодасини опалари Асмодан омонатга олган эдилар. Шунда Расулуллоҳ (сав) қидиргани одам юбордилар, кейин у топиб келди. Шу аснода намоз вақти бўлди, одамлар атрофда ва ўзларида сув бўлмаганлигидан таҳоратсиз намоз ўқидилар. Буни кўриб, Расулуллоҳ (сав)га шикоят қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Таяммум ояти”ни нозил қилди. Усайд ибн Ҳузайр Ойша онамизга: “Аллоҳ сизга яхшилик ато этсин, Аллоҳга қасамки, сиз хушламаган нарса нозил қилингани йўқ, зеро буни Аллоҳ таоло сизни ва барча мусулмонларни деб қилди, бундан фақат яхшилик кўзланган”, - дедилар” (яна қ. 334).
337 - Ҳадис
2-боб Бир жойда ўтириб қолган одам сув топмай намози қазо бўлишидан қўрқса, таяммум қилсин Ато (рз.) ҳам бу ҳақда шу фикрни билдирганлар. “Касал киши суви бўлатуриб, уни қуйиб берадиган ёрдамчи топмаса, таяммум қилади. Бир куни Ибн Умар Журф деган жойдаги еридан келаётиб, бир қўйхона ёнига келганда аср вақти кирди. Таяммум билан аср ўқиди. Кейин Мадинага кириб келди, қуёш ботмаган эди, асрни қайтариб ўқимади”,- деганлар Ҳасан Басрий. 337-ҳадис Ал-Аъражга Ибн Аббоснинг озод қилинган қули Умайр бундай деган экан: “Мен ва Маймуна онамизнинг озод қилинган қули Абдуллоҳ ибн Ясор Абу Жуҳайм ибн ал-Ҳарс ибн ас-Симманикига бордик. Абу Жуҳайм бизга қуйидагини айтиб берди: “Расулуллоҳ (сав) Биъру Жамал томонидан келдилар. Шунда у кишига бир одам йўлиқиб салом берди. Расулуллоҳ (сав) алик қайтармасдан деворга бориб, таяммум қилдилар, шундан сўнг у кишига алик олдилар”.
338 - Ҳадис
3-боб Таяммум қилувчи киши қўлини тупроққа ургандан сўнг, пуфлаб ташлайдими? 338-ҳадис Саид ибн Абдураҳмон Абзонинг оталари қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар: “Умар ибн ал-Хаттоб ҳузурларига бир киши келиб: “Мен жимоъ қилдим-у, сув топмадим?” – деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн ал-Хаттобга қараб: “Эслайсизми, икковимиз сафарда эдик. Ўшанда сиз намоз ўқимадингиз, мен эса тупроққа юмалаб олиб, кейин намоз ўқидим. Буни Расулуллоҳга айтдим. Шунда Расулуллоҳ (сав) икки кафтларини ерга уриб пуфлаб ташладилар, сўнг икки икки кафтларини аввал юзларига, кейин икки қўлларига суртдилар-да: “Мана шундай қилсанг, кифоя эди”, дедилар”, - деди” (яна қ. 339, 340, 347).
339 - Ҳадис
4-боб Таяммум юз ва икки қўлга қилинади 339-ҳадис Саид ибн Абдураҳмон ибн Абзодан: “Аммор ҳам юқоридаги ҳадисни айтиб берди-да, қўлини ерга урди, кейин оғзига яқинлаштириб, пуфлаб ташлади. Сўнг юзи ва икки қўлига суртди”. Аммор (рз.) “Тоза тупроқ мусулмон киши учун (сув йўғида) сув ўрнига ўтадиган таҳорат воситасидир”, - деб айтган эканлар.
340 - Ҳадис
340-341-ҳадислар Аммор (рз.) Умар ал-Хаттобга: “Сарийяда эканлигимизда жимоъ қилдик”, - деб қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар: “Мен тупроққа юмаладим, кейин буни Расулуллоҳ (сав)га айтдим. Шунда у зот: “Юз билан икки қўлингга суртиш сенга кифоя”, - дедилар” (яна қ. 340).
341 - Ҳадис
340-341-ҳадислар Аммор (рз.) Умар ал-Хаттобга: “Сарийяда эканлигимизда жимоъ қилдик”, - деб қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар: “Мен тупроққа юмаладим, кейин буни Расулуллоҳ (сав)га айтдим. Шунда у зот: “Юз билан икки қўлингга суртиш сенга кифоя”, - дедилар” (яна қ. 340).
342 - Ҳадис
342-343-ҳадислар 338-ҳадиснинг такроридир.
343 - Ҳадис
342-343-ҳадислар 338-ҳадиснинг такроридир.
344 - Ҳадис
5-боб Тоза тупроқ мусулмон киши учун (сув йўғида) сув ўрнига ўтадиган таҳорат воситасидир Ҳасан Басрий: “Таҳорати синмаган киши таяммум қилса, кифоя. Ибн Аббос таяммум қилган ҳолда имомликка ўтди”, - деганлар Яҳё ибн Саид: “Шўр ерда намоз ўқишни зарари йўқ, шунингдек ўша ердаги тупроққа таяммум қилишни зарари йўқ” – деганлар 344-ҳадис Имрон дедилар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарда эдик. Кечаси йўл юрдик, туннинг охирига борганда, бизни уйқу босди. Мусофир киши учун бундан ҳаловатлироқ уйқу бўлмайди. Бизни қуёшнинг ҳарорати уйғотди. Биринчи бўлиб, фалончи, ундан кейин фалончи, ундан кейин пистончи (ҳикоя қилувчи Абу Ражо уларнинг исмларини айтганди, лекин Авф деган ҳикоячи ёдидан чиқариб қўйган), кейин тўртинчи бўлиб Умар ал-Хаттоб уйғонди, Расулуллоҳ (сав) ухласалар биров уйғотмас эди. У киши ўзлари уйғонар эдилар. У киши ухлаб ётганларида нималар бўлганидан биз бехабар эдик. Умар уйғонгач, одамларни нима ташвишга солаётганини фаҳмлаб (ўзи ғайратли одам эди), Расулуллоҳ (сав) уйғонмагунларича баланд овоз билан такбир айтаверди. Расулуллоҳ (сав) уйғонгач, одамлар у кишига рўй берган ҳодисани шикоят қилдилар. Расулуллоҳ (сав): “Зарари йўқ, йўлга тушинглар!” – дедилар ва ўзлари ҳам йўлга тушдилар. Бир оз юрилгач (туядан) тушиб, таҳоратга сув сўрадилар, кейин таҳорат олдилар. Намозга азон айтилди. Одамлар билан бирга намоз ўқидилар. Намозни ўқиб бўлиб, ёнларига ўгирилдилар, шунда бир четда одамларга қўшилмай, намоз ўқимай турган бир кишига кўзлари тушди. “Жамоат билан намоз ўқишинга нима тўсқинлик қилди, эй фалончи?” – дедилар Жаноб Расулуллоҳ. “Ё Расулуллоҳ, ювуқсизман (наҳсман) , ғуслга сув йўқ, деди бояги киши. “Сенга тупроқ ҳам бўлаверади, тупроққа таяммум қилмоғинг лозим”, - дедилар Расулуллоҳ, сўнг йўлга тушдилар. Одамлар у кишига чанқаганларини айтиб шикоят қилдилар, шунда Расулуллоҳ бир жойга келганда тўхтаб, (туяларидан) тушдилар, фалончини чақирдилар (ўшанда уни Абу Ражо, деб чақиргандилар, Авф деган киши ривоят қила туриб, унинг исмини эслай олмаган), кейин Алини чақириб: “Боринглар, сув қидиринглар!” – дедилар. Икковлари сув ахтариб кетдилар. Йўлда туя устидаги икки меш ўртасида ўтириб кетаётган бир хотинга йўлиқдилар. Хотиндан: “Қаерда сув бор?” – деб сўрадилар. “Бу сувни кеча шу вақтда йўлдан олганман. Эркакларимиз бизни қолдириб (сув ахтариб) кетишган”, - деди хотин. “Сув бунчалик узоқда бўлса, унда биз билан юра қолинг!” – дейишди (Али билан Абу Ражо). “Қаерга?” – деб сўради хотин. “Расулуллоҳ (сав) олдиларига”, - дейишди (Али ва Абу Ражо). “Анави эски диндан чиқиб, янги дин олиб келган одам олдигами?” – деди хотин. “Ҳа, ўша сиз айтган одам олдига, юринг биз билан!” – деб хотинни Расулуллоҳ (сав)нинг олдиларига бошлаб кетишди, етиб боргач, бўлган гапни у кишига айтиб беришди. “Хотинни туясидан туширдилар”, - дейдилар Имрон. Расулуллоҳ (сав) туядаги иккала мешни олиб келмоқни буюрдилар. Олиб келишгач, мешларнинг тепа қисмидаги кичик оғзини ечиб, ҳовучлаб сув олдилар-да, яна қайта қуйиб боғлаб қўйдилар, кейин пастдаги катта оғзини ечиб, одамларни сув ичишга чақирдилар. “Сув ичинглар ва (туяларни) суғоринглар!” – дедилар Расулуллоҳ. Одамлар хоҳлаганларича сув ичишди, хоҳлаганларича (туяларни суғоришди. Ниҳоят, бояги ювуқсиз кишига бир идишда сув бериб: “Бор, чўмилиб ол!” – дедилар Расулуллоҳ (сав). Хотин тепада тик туриб, одамлар сувни нима қилаётганига қараб турар эди... Давоми: https://telegra.ph/344-hadis-12-06
345 - Ҳадис
6-боб Ювуқсиз (наҳс) одам, агар ғусл қилсам касал бўламан ёки ўлиб қоламан деб қўрқса, ёхуд (сувни ишлатиб қўйиб) сувсиз қоламан, деб чўчиса, таяммум қилсин Амр ибн ал-Ос қаттиқ совуқ кечаларидан бирида (ғазовот вақти эди) наҳс бўлиб қолдилар. Шунда таяммум қилиб, намоз ўқидилар. Кейин “Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (“Нисо” сураси, 29-оят) деган оятни ўқидилар, деб зикр қилинади (яъни киши иложсиз қолиб, совуқ сувга чўмилса, ҳалок бўлиши мумкинлигига ишора қилинади). Амр ибн ал-Ос (совуқ сув бўла туриб) таяммум қилганини Расулуллоҳ (сав)га айтишганда, у киши койимадилар. 345-ҳадис Абу Мусо: “Наҳс одам сув тополмаса, намоз ўқимайдими?” – деб Абдуллоҳ ибн Масъуддан сўрадилар. “Агар одамларга таяммум қилмоққа рухсат берсанг, улардан бирортаси сал сесканса ҳам, Абу Мусо шунақа деган эди, деб таяммум қилиб намоз ўқийверади”, - дедилар Абдуллоҳ. “Амморнинг Умарга айтган сўзи қаерда қолди, унда? – дедилар Абу Мусо. “Амморнинг сўзидан Умар қониққан эмас, деб ўйлайман”, - дедилар Абдуллоҳ (яна қ. 338).
346 - Ҳадис
346-ҳадис Ал-Аъмаш қуйидаги ҳадисни Шақиқ ибн Саламадан эшитган эканлар: “Абу Мусо ва Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ёнларида эдим. Абу Мусо: “Эй Абу Абдураҳмон, агар ювуқсиз одам сув топмаса, нима қилади?” – деб Абдуллоҳдан сўрадилар. Абдуллоҳ: “Сув топгунча намоз ўқимайди”, - дедилар. “Амморнинг айтган гапи нима бўлади? Расулуллоҳ (сав)нинг унга: “Сенга таяммум қилиш кифоя” – деганларичи? – дедилар Абу Мусо. “Умар бундан қаноатланмаганлигини сезмадингми? – дедилар Абдуллоҳ. “Хўп майли, Амморнинг гапини қўя туринг, мана бу “(Лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг” (“Моида” сураси, 6-оят) деган оятга нима дейсиз?” – дедила Абу Мусо. Абдуллоҳ ибн Масъуд нима дейишларини билмай қолдилар (ҳазрат Умар ва Абдуллоҳ иба Масъуд мазкур ояти карима таҳорати синган одамга таалуқли, деб тушунган эдилар. Аммо ғусл вожиб бўлган одам эса, албатта ғусл қилмоғи шарт, унга таяммум кифоя қилмайди, дейишар эди. Имом Бухорий эса юқоридаги ҳадисларга таяммум кифоя қилади, деб таъкидлайдилар). Сўнг, “Агар биз уларга таяммум қилмоққа рухсат берсак, бирортасига сув совуқлик қилса, сувни қўйиб, таяммум қилаверади”, деб бояги гапларни қайтардилар. “Абдуллоҳ ибн Масъуд шунинг учунгина таяммумга рухсат бермаслик керак, деганмидилар” – деб сўрадилар ал-Аъмаш суҳбатдошлари Шақиқдан” (яна қ. 340).
347 - Ҳадис
7-боб Таяммум бир зарбдир (қўлни тупроққа бир урмоқ) 347-ҳадис Шақиқ (рз.) бундай дейдилар: “Абу Мусо ва Абдуллоҳ ибн Масъуд билан бирга ўтирган эдим. Абу Мусо: “Агар одам наҳсланса-ю, бир ойгача сув топмаса, таяммум қилиб намоз ўқийверадими? “Моида” сурасининг “Сув топмасангиз, тоза тупроққа таяммум қилингиз!” деган ояти каримасига нима дейсиз?” – дедилар Абдуллоҳга. Абдуллоҳ: “Уларга таяммумга рухсат берилса, бирортасига сув совуқроқ туюлса, бўлди, тупроққа таяммум қилаверади”, - дедилар. Мен: “Сиз шу боисдангина таяммумга рухсат беришни истамадингизми? – деб сўрасам. “Ҳа” – дедилар. “Амморнинг Умарга: “Расулуллоҳ (сав) мени бир юмушни бажариб келиш учун бир жойга юбордилар. Шунда мен наҳсланиб қолдим. Худди ҳайвон юмалагандек тупроққа юмаладим. Кейин Расулуллоҳ (сав)га шу ҳақда айтиб берганимда, у киши менга: “мана бундай қилсанг ҳам кифоя”, деб қўлларини ерга бир урдилар, кейин қоқиб ташладилар, сўнг ўнг қўлларини кафтини чап қўлларига, чап қўлларини кафтини ўнг қўлларига сурдилар. Ундан кейин эса иккала кафтларини юзларига суртдилар” деганини эшитганмисиз?” – дедилар Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Масъудга. “Умарнинг Аммор айтган гапдан қаноат ҳосил қилмаганини сезмадингми?” – дедилар Абдуллоҳ”. Шақиқ ал-Аъмашга бундай деган экан: “Абдуллоҳ ва Абу Мусо билан бирга эдим. Шунда Абу Мусо Абдуллоҳга, Амморнинг Умарга айтган мана бу ривоятини эшитмаганмидинг?” – дедилар: “Расулуллоҳ (сав) мени ва сени юмушга юбордилар. Шунда мен наҳсланиб қолдим-да, тупроққа юмаладим. Қайтиб келганимиздан кейин Расулуллоҳ (сав)га юмалаганимни айтдим. Расулуллоҳ: “Сенга мана бундай қилсанг ҳам етарли бўлар эди”, деб юзлари ва қўлларига бир марта маҳс тортиб қўйдилар” (яна қ. 338).
348 - Ҳадис
8-боб 348-ҳадис Имрон ибн Ҳусайндан: “Расулуллоҳ (сав) жамоат билан намоз ўқимасдан бир чеккага чиқиб турган одамни кўрдилар. Шунда унга: “Эй фалончи, сенга жамоат билан намоз ўқишингга нима монеълик қилур?” – дедилар. “Ё Расулуллоҳ, мен наҳсланиб қолдим, сув йўқ”, - деди. Расулуллоҳ (сав): “Тупроққа таяммум қилишинг лозим, шу сенга кифоя”, - дедилар”.
349 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Намоз китоби 1-боб Исро кечасида намоз қандай фарз қилинган? Исро ва меърож Расулуллоҳ (сав)нинг Мадинага ҳижратлариидан бир йил аввал, Имом Нававийнинг айтишларича, Рабиул-аввал ойида бўлган эди. Абу Суфён Ҳирақлга: “Пайғамбар (ас) бизга намоз ўқишни, ҳалол ва пок бўлишни буюрдилар”, - деб айтган эканлар. 349-ҳадис Абу Заррга Расулуллоҳ (сав) бундай деган эканлар: “Маккада эканлигимда уйимнинг шипи очилиб, Жаброил (ас) тушдилар. Кўкрагимни ёриб, ичини зам-зам суви билан ювдилар, кейин имону ҳикмат тўла тилла жом келтирдилар-да, уни кўкрагимга қуйдилар, сўнг кўкрагимни ёпдилар. Шундан кейин Жаброил (ас) қўлимдан ушлаб мени энг яқин биринчи осмонга олиб чиқдилар. Биринчи осмонга чиққанимда Жаброил (ас) осмонбонга: “Эшикни оч!” – деб айтдилар. У: “Ким бу!” – деди. “Жаброилман”, - дедилар. “Сен билан ким бор?” – деди. “Мен билан Муҳаммад (ас) бор”, - дедилар Ҳазрат Жаброил Осмонбон: “Муҳаммад (ас)нинг осмонга чиқмоғига рухсат бўлдими?” – деди. Жаброил (ас): “Ҳа”, - дедилар. Эшик очилгач, биринчи осмон ичкарисига кўтарилдик. У ерда бир киши ўтирибди. Унинг ўнг томонига қараса, кулади, чап томонига қараса, йиғлайди. Ўша киши менга қараб: “Хуш келибсиз, пайғамбар, яхши ўғил!” – деди. “Бу киши ким?” – деб сўрадим Ҳазрат Жаброилдан. “Бу – Одам (ас) ва мана ўнг ва чап томонда турганлар Одам болаларининг руҳларидир. Булардан ўнг томондаги жаннат аҳли ва чап томондагилар дўзах аҳлидир. (Шунинг учун ҳам) Одам (ас) ўнг томонларига қараганларида куладилар, чап томонга қараганларида йиғлайдилар”, - дедилар Жаброил (ас). Кейин мени иккинчи осмонга олиб чиқиб, осмонбонга: “Оч!” – дедилар. Иккинчи осмонбон ҳам биринчи осмонбон айтган сўзларни айтди, сўнг дарвозани очди”. “Абу Зарр бизга: “Расулуллоҳ (сав) осмон қаватларида Одам (ас)ни, Идрис, Мусо, Исо ва Иброҳим (сав)ларни кўрдилар”, - деб айтди. Лекин уларни қайси осмонда кўрганларини аниқ айтмадилар. Фақат Одам(ас)ни биринчи осмонда ва Иброҳим (ас)ни олтинчи осмонда кўрганларинигина зикр қилди, холос”, - дейдилар Анас (рз.) ва ҳикояни давом эттирадилар: “Ҳазрат Жаброил пайғамбаримиз (сав)ни Идрис (ас)нинг ёнларидан олиб ўтаётганларида, Идрис (ас): “Хуш келибсан, яхши пайғамбар, яхши биродар!” – дебдилар. Шунда Расулуллоҳ: “Бу ким?” – деб сўрабдилар. “Бу Идрис”, - дебдилар Ҳазрат Жаброил. Кейин, Мусо (ас)нинг ёнларидан олиб ўтибдилар, у киши: “Хуш келибсиз, яхши пайғамбар, яхши биродар!” – дебдилар. Расулуллоҳ: “Бу ким?” – дебдилар. ”Бу Мусо”, - дебдилар Ҳазрат Жаброил. Кейин, Исо (ас)нинг ёнларидан олиб ўтибдилар. Шунда у киши: “Хуш келибсиз, яхши биродар, яхши пайғамбар!” – дебдилар. Расулуллоҳ: “Бу ким?” – деб сўрабдилар. “Бу Исо (ас)”, - дебдилар Ҳазрат Жаброил. Кейин, Иброҳим (ас)нинг ёнларидан олиб ўтибдилар. У киши: “Хуш келибсиз, яхши пайғамбар, яхши ўғил!” – дебдилар. “Бу ким?” деб сўрабдилар Жаноб Расулуллоҳ. “Бу Иброҳим (ас)”, - дебдилар Ҳазрат Жаброил”. Давоми: https://telegra.ph/349-hadis-12-06
350 - Ҳадис
350-ҳадис Мўминлар онаси Ойша (рз.): “Аллоҳ таоло намозни фарз қилган пайтида икки-икки ракъатдан фарз қилди; мусофир учун икки ракъат, муқим яшовчи учун икки ракъат. Сафарда ўқиладиган намоз икки ракъатлигича қолди. Лекин муқим кишилар намози (3-4 ракъатга) кўпайтирилди”, - деганлар (яна қ. 1090, 3935). ***** "Саловот ва истиғфор" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.salovotvi
«
←
3
4
5
6
7
8
9
10
11
→
»