Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
3551 - Ҳадис
3551-ҳадис Баро ибн Озиб (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ўрта бўйли, икки елкалари ораси кенг бўлиб, сочлари икки қулоқларининг юмшоқ еригача тушиб турар эди. Мен у зотнинг қизил ҳулла (изор ва ридо) кийиб олганларини кўрдим, бундан гўзал нарсани (яъни, қизил ҳуллани у зотдан бўлак кишига бу қадар, ярашганини) сира кўрган эмасман” (яна қ. 5848, 5901).
3552 - Ҳадис
3552-ҳадис Абу Исҳоқ: “Бародан: “Расулуллоҳ (сав)нинг юзлари қилич каби (жилвали, порлоқ) эдими?” – деб сўрашди. Шунда Баро: “Йўқ, балки ой (қамар) монанд эди” – деб жавоб бердилар, - деди.
3553 - Ҳадис
3553-ҳадис Абу Жуҳайфа (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) туш вақтида Батҳо деган ерга бордилар-да, таҳорат олгач, олдиларига (қибла томонга) аназани (найзадан калта, ҳассадан узунроқ, учида темир пойнаги бор таёқни) санчиб қўйиб қаср қилиб икки ракъат пешин ва икки ракъат аср ўқидилар”. Авн оталари Абу Жуҳайфадан нақл қилиб, ривоятни қуйидагича давом эттирадилар: “Уаназонинг орқасидан ўтувчилар ўтаверар эди. “Одамлар Расулуллоҳ (сав)нинг икки муборак қўлларини ушлашиб, ўз юзларига табаррук қилиб сурта бошлашди. Мен ҳам у зотнинг қўлларини ушлаб, юзимга суртган эдим, (мижозлари билан саломатликларининг ниҳоятда яхши эканлигидан) унинг қордек муздек ва мушкдан ҳам хушбўйроқ эканлигини ҳис қилдим”.
3554 - Ҳадис
3554-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) одамларнинг энг саҳоватлиси эдилар. У зот айниқса Рамазон ойида, Жаброил (ас) ўзлари билан учрашганларида ҳар қачонгидан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эдилар. Жаброил (ас) Рамазон ойида ҳар кеча у зот билан учрашиб, Қуръонни такрорлаттирар эдилар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (сав) саховат борасида (Аллоҳ таоло томонидан) юборилган шамолдан ҳам саховатлироқ (тезроқ) эдилар”.
3555 - Ҳадис
3555-ҳадис Урва Ойша (рз.)дан нақл қилдилар: “Расулуллоҳ (сав) хурсанд, юзлари ёришган ҳолда Ойша онамизнинг ҳузурларига кириб келдилар-да: “Мудлижийнинг Зайд ва Усомага нима деганини эшитдингми? У иккаласининг оёқларини кўриб, уларнинг бири иккинчисидан (вужудга келганини топди)”, - дедилар. (Яъни, Зайд ибн Ҳориса Усоманинг отаси эди. Муджилий эса уларнинг юзларини кўрмай туриб, оёқларидангина ота-бола эканликларини айтди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ унинг топқирлигидан мамнун бўлиб, бу ҳақда Ойша онамизга хабар қилдилар)” (яна қ. 3731, 6770, 6771).
3556 - Ҳадис
3556-ҳадис Абдуллоҳ ибн Каъб ривоят қиладилар: “Мен Каъб ибн Моликнинг Табук ғазотида қолганларида бундай деганларини эшитдим: “Мен Расулуллоҳ (сав)га салом берганимда юзлари хурсандликларидан ёришиб турган эди. (У Зотнинг одати шарифлари шундай эдики) агар бирор нарсадан хурсанд бўлсалар, юзлари ой парчасидек балқиб кетар эди, биз хусанд бўлганларини шундан билиб олар эдик”.
3557 - Ҳадис
3557-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мен Одам авлодларини асрларининг (табақаларининг) энг яхшисидан кўчиб ўтиб, асрма-аср (табақама-табақа) ўзим вужудга келтирган аср (табақада) намоён бўлдим” (яъни, “Мен аввал Исмоил (ас)нинг фарзандлари пушти камаридан Кинонага, Кинонадан Қурайшга кўчиб ўтиб, ниҳоят ўзим вужудга келтирган Бани Ҳошимда дунёга келдим”) – деб марҳмат қилдилар”.
3558 - Ҳадис
3558-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (сав) (дастлабки вақтларда олд) сочларини пешоналарига тушириб юрдилар. (ўша кезларда) мушриклар бошларининг қоқ ўртасидан фарқ очишарди-да, сочларини икки ёнга ташлаб олишиб, пешоналарини очиб юришар эди. Китоб аҳли эса, аксинча, сочларини пешоналарига тушириб олишар эди. Расулуллоҳ (сав) (соч хусусида Аллоҳ таолодан махсус амр келгунча) сочларини пешоналарига тушириб юришни хуш кўрдилар, чунки китоб аҳли илгариги пайғамбарлардан қолган одатни қилар эди. Шу боисдан, Жаноб Расулуллоҳ бутларга сиғинувчилар одатини қилгандан кўра, ўз шариятларига зид бўлмаган (китоб аҳли) одати қилишни афзал кўрдилар. Кейин, Аллоҳ таолодан амр бўлгач, у зот бошларига фарқ очадиган бўлдилар” 9яна қ. 3944, 5917).
3559 - Ҳадис
3559-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр (рз.): “Расулуллоҳ (сав) ўзлари ҳам беҳуда фаҳш сўзламас, ўзгаларни ҳам беҳуда фаҳш сўзлашига йўл қўймас эдилар ва у зот: “Дарҳақиқат, сизларнинг яхшингиз – хулқи яхшингиздир!” – деб марҳмат қилар эдилар”, - дейдилар (яна қ. 3759, 6029, 6035).
3560 - Ҳадис
3560-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) (дунёвий) икки ишдан бирини танлаш лозим бўлиб қолса, албатта улардан гуноҳовар бўлмаган энг енгилинигина танлар эдилар. Башарти (ўша енгил иш) гуноҳовар бўлса, ундан барчадан ҳам кўра йироқроқ бўлар эдилар. Расулуллоҳ (сав) шахсан ўзларига етказилган азият учун интиқом олмаганлар, балки Аллоҳ таолонинг ҳурмати бузилгани учунгина (яъни, Аллоҳ таоло таъқиқлаган, ман қилган ишлар қилингани учунгина) интиқом олганлар, холос” (яна қ. 6126, 6786, 6853).
3561 - Ҳадис
3561-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг кафтларидан кўра майинроқ на бирор ҳарирни ва на бирор дебожни ушлаб кўрганман. Шунингдек, мен у зотнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ ҳидни ҳам ҳидламаганман”. (* Бу ҳадисда “кафтларининг майин” дейилганлиги бошқа бир ҳадисда “қўллари катта ва ғализ эди” дейилганига зиддек туйилса-да, аслида “суяклари йўғон ва териларининг майинлиги” назарда тутилган).
3562 - Ҳадис
3562-ҳадис Абу Саид ал-Худрий (рз.): “Расулуллоҳ (сав) чачвон ёпиниб юрадиган бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар”, - дейдилар (яна қ. 6102, 6119). Шуъба (рз.): “Расулуллоҳ (сав)нинг бирор нарсани ёқтирмаганлари юзларидан билиниб турар эди”, - дейдилар.
3563 - Ҳадис
3563-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав) таомни сира айбламаганлар. Агар иштаҳалари бўлса, тановул қилар, бўлмаса тановул қилмас эдилар”, - дейдилар (яна қ. 5309).
3564 - Ҳадис
3564-ҳадис Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайна ал-Асдий (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) сажда қилганларида икки қўллари орасини очиб, ўзларини олдинроққа ташлар эдилар, ҳатто икки қўлтиқларини оппоқлиги кўринар эди”.
3565 - Ҳадис
3565-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (сав) (Аллоҳ таолодан) ёмғир сўраб қиладиган дуоларида (фотиҳага) қўлларини кўтарар эдилар. У зот (фотиҳага) қўлларини (шу даражада баланд кўтарар эдиларки, ҳатто икки қўлтиқларининг оппоқлиги кўринар эди” (* Бунда қўлларини бошларидан юқорига кўтаришлари назарда тутилган. Бошқа кўпгина ҳадисларда дуо ва бошқа ўринларда қўл кўтарганлари келтирилган).
3566 - Ҳадис
3566-ҳадис Абу Жуҳайфа (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига олиб борилдим. Шунда у зот Абтаҳ деган ерда, чодирда бўлиб, пешин вақти эди. Билол чодирдан чиқиб азон айтдилар-да, яна (чодирга) қайтиб кириб кетдилар. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳнинг таҳоратларидан тушган сувни олиб чиққан эдилар, одамлар талашиб-тортишиб уни бўлиб олишди-да, (табаррук қилиб баданларига суртишди). Кейин, Билол яна чодирга қайтиб кириб, аназани (найзадан калта, ҳассадан узунроқ учи пойнакли таёқни) олиб чиқдилар. Сўнг, Расулуллоҳ (сав) (чодирдан) чиқдилар. Мен ўшанда оёқларининг товланиб турганини (яъни, оппоқ эканлигини ҳозир ҳам) кўриб тургандекман. Кейин, у зот қаср қилиб икки ракъат пешин ўқидилар, шунда олдиларидан эшагу хотинлар (у ёқдан бу ёққа бемалол) ўтиб турди, (чунки қибла тараф аназа билан тўсиб қўйилган эди!)”.
3567 - Ҳадис
3567-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (сав) гап гапирсалар шу қадар дона-дона қилиб айтар эдиларки), ҳатто эшитувчи, агар истаса, у зотнинг барча сўзларини (ёки ҳар бир сўзларидаги ҳарфларни) санаб улгурар эди” (яна қ. 3568-ҳадис
3568 - Ҳадис
3568-ҳадис Ойша (рз.) бундай дейдилар: “Абу Фалоннинг (қилган ишидан) ажабланмайсизми? (яъни, “Фалончининг қилган ишини қаранг!). Бир куни у келиб, ҳужрам ёнига ўтирди-да, Расулуллоҳ (сав)нинг ҳадиси шарифларидан бир нечасини менга эшиттириб айта бошлади. Шунда мен ҳужрамдан тасбеҳ ўгираётган эдим. У мен тасбеҳ ўгириб бўлмасимдан илгариги ҳадисларни шоша-пиша айтиб ўрнидан туриб кетиб қолди. Агар тасбеҳ ўгириб бўлгунимча кетиб қолмаганида, унга: “Расулуллоҳ (сав) сизлар сингари шоша-пиша бир ҳадис кетидан иккинчисини айтмас эдилар” – деган бўлар эдим”.
3569 - Ҳадис
24-боб Расулуллоҳ (сав)нинг кўзлари ухлар эди-ю, аммо қалблари ухламас эди 3569-ҳадис Саид (рз.) ривоят қиладилар: “Салама ибн Абдураҳмон Ойша онамиздан: “Расулуллоҳ (сав) Рамазон ойида қандай намоз ўқир эдилар?” – деб сўрадилар. Ойша онамиз бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав) Рамазон ойида ҳам ва бошқа ойларда ҳам ўн бир ракъатдан оширмас эдилар. Аввал тўрт ракъат ўқир эдилар, уларнинг гўзаллиги-ю узунлигини (узоқлигини) сўрамай қўя қол! Кейин, яна тўрт ракъат ўқир эдилар, уларнинг ҳам гўзаллиги-ю узунлигини сўрамай қўя қол! Сўнг, уч ракъат ўқир эдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, витрни ўқимай ухлайсизми?” – десам, у зот: “Кўзларим ухлади-ю, аммо қалбим ухламайди” – деб марҳамат қилдилар”. (* Бу ҳадисда (тунги намоз) Таҳажжуд ҳақида сўраган).
3570 - Ҳадис
3570-ҳадис Шарик ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Анас ибн Молик (рз.) Расулуллоҳ (сав) Каъба масжидидан (Байтул Мақдисга) саёҳат қилдирган кеча (Исроъ кечаси) хусусида бундай дейдилар: “Расулуллоҳ (сав)га ваҳий келмасидан бурун уч нафар фаришта келди. (“Ровий Шарик ибн Абдуллоҳ “ваҳий келмасидан бурун” деб хато қилган, чунки Исроъ ваҳий келишидан кейин бўлган” – дейдилар Абу Таййиб). Шунда Жаноб Расулуллоҳ Масжидул Ҳаромда бир қанча одамлар орасида ухлаб ётган эдилар. Олдиндаги фаришта: “Улардан қайси бири Муҳаммад (сав)?” – деди. Ўртадигиси: “Уларнинг яхшиси”, - деди. Кейингиси: “Ўша яхшисини олинглар!” – деди. Шу кеча бундан бўлак ҳеч гап бўлмади. Жаноб Расулуллоҳ уларни (фаришталарни) мутлақо кўрмадилар. У зот (фаришталарни), улар яна ҳузурларига келган келгуси тундагина, қалблари кўрадиган бўлгандагина кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ (сав)нинг кўзлари уйқуда бўлса-да, қалблари уйғоқ эди. Пайғамбарлар ана шундай бўладилар, кўзлари ухлайди-ю, аммо қалблари ухламайди. Сўнг, Ҳазрат Жаброил Жаноб Расулуллоҳни осмонга олиб чиқиб кетдилар” (яна қ. 4964, 5610, 6581, 5717).
3571 - Ҳадис
25-боб Исломдаги пайғамбарлик аломатлари 3571-ҳадис Абу Ражоъ ривоят қиладилар: “Бизга Имрон ибн Ҳусайн хабар бердиларки, улар Расулуллоҳ (сав) билан биргаликда сафарда бўлишиб, тун бўйи йўл юришибди. Сўнг,тонг отай деб қолганда дам олгани тўхташибди. Шунда уйқу ғолиблик қилиб, ухлаб қолишибди, ҳатто қуёш (чиқиб) баланд кўтарилиб кетибди. Улардан биринчи бўлиб Абу Бакр уйғонибдилар, лекин Расулуллоҳ (сав) ўзлари уйғонгунларича уйғотилмас эдилар. Кейин, Ҳазрат Умар уйғонибдилар, шунда Абу Бакр у кишининг бошлари ёнида ўтирган эканлар. Сўнг, (Ҳазрат Умар ўринларидан туриб) баланд овоз билан такбир айта бошлаган эканлар, Расулуллоҳ (сав) уйғониб, нарироққа бориб, қайтдилар. “Кейин, у зот, - дейдилар. Имрон – биз билан бомдод ўқидилар. Шунда қавмдан бир киши биз билан намоз ўқимай, четроқда турди. Жаноб Расулуллоҳ намозни тугатиб ортларига ўгирилгач, ўша кишига: “Эй фалончи, биз билан намоз ўқишингга нима монеълик қилди?” – дедилар. У: “Булғаниб (наҳс) бўлиб қолдим”, - деди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ унга тоза тупроқ билан таяммум қилишни амр қилдилар. Кейин, у таяммум қилгач, намоз ўқиб олди. Сўнг, у зот менга рўпараларидаги уловларига миниб турган кишиларни шоширишни буюрдилар. Биз қаттиқ чанқаб қолган эдик. Йўлда кетаётиб чачвон ёпиниб олган бир аёлга дуч келдик. У туя миниб олган бўлиб, икки оёғи икки катта меш орасида эди. Биз унга: “Қаерда сув бор?” – дедик. У бу атрофда сув йўқлигини айтди. Биз: “Бу ердан қавминг яшайдиган ер ва сув бор жой оралиғи қанча?” – дедик. У: “Бир кеча-кундузлик йўл”, - деди. Биз: “Ундай бўлса, биз билан Расулуллоҳ (сав)нинг олдиларига юр!” – дедик. У: “Расулуллоҳнинг менда нима ишлари бор?” – дея суриштира кетди. Биз унинг гапларига эътибор бермай, Расулуллоҳ (сав)нинг қошларига олиб бордик. Сўнг, мен Жаноб Расулуллоҳга ўша аёл бизга нимаики деган бўлса, барини айтдим. Аммо мусулмонларга тобеъ бўлмаган ғайридин етимлари кўп аёл эканлигини у зотга унинг ўзи айтди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ унинг иккала мешини олиб келишни амр қилдилар-да, уларнинг пастки оғизларини силадилар. Сўнг, биз қирқ киши мешлардаги сувдан ўзимиз қониб ичдик, уловларимизни ҳам суғордик, ҳатто барча идишларимизни тўлдириб олдик. Бироқ биз бир туянигина суғормадик, чунки у ўзи шундай ҳам кўп сув ичиб олганидан ёрилиб кетай деб турган эди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ: “Нимангиз бўлса, ҳаммасини бу аёлга беринглар!” – дедилар. Одамлар нон бурдалари ва хурмоларини тўплаб унга беришди. Сўнг, аёл ўз оиласига бориб: “Мен энг соҳир одамнинг қошига бордим, (билмадим) балки у пайғамбардир?” – деди. Айтишларича, кейин Аллоҳ таоло ўша аёл туфайли унинг қавмига ҳидоят қилибди, аёлнинг ўзи ҳам, қавми мусулмон бўлибди”. (* Аёлнинг “Мен энг соҳир одамнинг қошига бордим, (билмадим) балки у пайғамбардир?” деганининг боиси шуки, Жаноб Расулуллоҳ муборак кафтлари билан мешлардаги сувдан олиб, яна қайта қўйиб қўйганларидан сўнг, қирқ киши ичиб, уловлар суғорилиб ва барча идишлар тўлдирилиб олинганда ҳам улардаги сув заррача камаймади).
3572 - Ҳадис
3572-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) Завроъ деган ерда эканликларида (таҳорат учун) бир идишда сув келтиришди. Шунда у зот муборак кафтларини идиш оғзига тутган эдилар, бармоқлари орасидан сув отилиб чиқа бошлади. Сўнг, (бутун) қавм ўша сувдан таҳорат қилиб олди”. Қатода: “Мен Анасдан: “Неча киши эдингизлар?” – деб сўрадим. У: “Уч юз ёки уч юзга яқин” – деди”, - дейдилар.
3573 - Ҳадис
3573-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Мен (Завроъ деган ерда) аср намози вақтида Расулуллоҳ (сав)ни кўрдим, у зот одамларга таҳорат олишни амр қилдилар, таҳорат суви қидирилди. Аммо, улар барчага етарли сув топиша олмади. Кейин, Жаноб Расулуллоҳга ўзларигагина етадиган сув келтиришди. У зот ўша идишнинг оғзига муборак кафтларини қўйиб туриб, одамларга таҳорат қилишни амр қилдилар. Шунда мен у зотнинг бармоқлари орасидан сув отилиб чиқаётгани ҳамда одамларнинг биттаси ҳам қолмай, таҳорат қилиб олганини кўрдим”.
3574 - Ҳадис
3574-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бир неча саҳобалари билан биргаликда сафарга чиқдилар. Улар йўлда кетаётганларида намоз вақти бўлиб қолиб, одамлар таҳоратга сув излаб топа олишмади. Шунда қавмдан бир киши бориб, таги саёз (ёки оғзи кенг) бир кичик идишда сув келтирди. Жаноб Расулуллоҳ уни олиб, таҳорат қилдилар. Сўнг, ўша идишнинг оғзига тўрт бармоқларини тиқдилар-да: “Туринглар, таҳорат қилинглар!” – дедилар. Шунда таҳорат қилиш учун бутун қавм (у зотнинг муборак бармоқлари орасидан отилиб чиқаётган сувдан) таҳорат қилиб олди, ваҳоланки улар етмишга яқин ёки шунга яқин киши эдилар”.
3575 - Ҳадис
3575-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Аср намози вақти бўлиб қолиб, масжидга яқин (турадиган) кишилар таҳорат қилиб келмоқ учун уйига равона бўлди, фақат бир қавм (масжидда) қолди. Кейин, Расулуллоҳ (сав) сопол идишда сув олиб келдилар-да, қўлларини унинг ичига тиқиб сув олмоқчи бўлдилар, аммо унинг оғзи кичиклик қилди. Шунда у зот панжаларини кўза оғзига тутиб турдилар, бутун қавм (бармоқлари орасидан сизиб чиқаётган сувга) таҳорат қилиб олди”. Ҳумайд ат-Тавил: “Улар неча киши эди?” – деб сўрасам, Анас: “Саксон киши эди”, - деб айтди” – дедилар.
3576 - Ҳадис
3576-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Ҳудайбия куни одамлар (сувсиз қолиб) ташна бўлишди. Аммо, Расулуллоҳ (сав)нинг олдиларида бир (кичкинагина) мешчада сув бўлиб, таҳорат қилдилар. Шунда одамлар (сув олмоқ ниятида) шоша-пиша у зотнинг теваракларига келиб тўпланишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Сизларга нима бўлди?” – дедилар. Улар: “Сиздаги сувдан бўлак бизнинг на таҳоратга ва ичишга сувимиз бор”, - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ қўлларини мешча оғзига тутган эдилар, бармоқлари орасидан булоқдек сув отилиб чиқа бошлади. Биз ундан (қониб) ичдик ҳамда таҳорат ҳам қилиб олдик”. Солим бундай дейдилар: “Неча киши эдингизлар?” – деб (Жобирдан) сўрадим. У: “Юз минг киши бўлганимизда ҳам сув етар эди, аммо биз ўшанда бир ярим минг киши эдик”, - деди” (яна қ. 4152, 4153, 4154, 4840,5639).
3577 - Ҳадис
3577-ҳадис Баро (рз.) ривоят қиладилар: “Биз Ҳудайбия ғазоти куни бир минг юз киши эдик. Ҳудайбияда бир қудуқ бўлиб, биз уни сўнгги томчисига қадар тортиб олдик. Расулуллоҳ (сав) бундан хабар топиб, қудуқ лабига келиб ўтирдилар-да, бир идишда сув келтиришни амр қилдилар. Сўнг, таҳорат олиб, оғиз чайқагач, Аллоҳ таолога ичларида дуо қилдилар. Кейин, таҳорат олиб, оғиз чайқаган сувни қудуққа қуйдилар. Сўнг, биз қудуқдан нарироққа бориб турдик. Кейин, қудуқ (Жаноб Расулуллоҳ қуйган сувни) бизга мўл қилиб қайтарди, ўзимиз ҳам тўйгунча ичдик, туяларимизни ҳам суғориб олдик” (яна қ. 4150, 4151).
3578 - Ҳадис
3578-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Талҳа (хотинлари) Умму Сулаймга: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг овозларини аранг эшитдим, билдимки у зот жуда оч қолганлар. Бирор егулигинг борми?” – дедилар. Хотинлари: “Ҳа”, - дедилар-да, бир неча арпа нонини олиб чиқиб рўмолларига тугиб қўлимга тутқазиб қўйдилар. Рўмолнинг бир қисмини бошимга ўраб қўйдилар. Сўнг, мени Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига жўнатдилар. Мен тугунни олиб йўлга тушдим. Борсам, Расулуллоҳ (сав) бир қанча одамлар билан масжидда ўтирган эканлар. Тепаларига борган эдим, у зот менга: “Сени Абу Талҳа юбордими?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, - дедим. У зот: “Таом бериб юбордими?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, - дедим. У зот ўзлари билан ўтирган одамларга: “Туринглар!” – дедилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ (уларни бошлаб) йўлга тушдилар. Мен улардан олдинроқ етиб бордим-да, Абу Талҳага Жаноб Расулуллоҳ билан бир қанча одамлар келишаётгани ҳақида хабар қилдим. Абу Талҳа хотинларига: “Эй Умму Сулайм, Расулуллоҳ (сав) бир неча кишилар билан келибдилар, ваҳоланки, бизда уларни тўйдирарлик (меҳмон қиларлик) бирор нарсамиз йўқ”, - дедилар. Сўнг, Абу Талҳа ташқарига чиқиб, Расулуллоҳ (сав)ни кутиб олдилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ Абу Талҳа билан бирга ичкарига киришди. Шунда у зот: “Эй Умму Сулайм, борингни олиб келавер!” – дедилар. Умму Сулайм ўзлари тугиб берган бояги нонларни келтирган эдилар, у зот майдалашни буюрдилар. Умму Сулайм ёғ идишларни силқитиб, (мевалардан) нонхуриш тайёрлаб бердилар. Жаноб Расулуллоҳ (тановул қилиб бўлгач, нон билан) нонхуруш хусусида Аллоҳ таоло ирода қилганча (мақтов сўзларини) айтдилар. Кейин, у зот (Абу Талҳага): “(Мен билан келган одамлардан) ўн кишига ижозат бер!” – дедилар. Абу Талҳа уларга ижозат бердилар. Улар (ҳам) тўйгунча еб чиқиб кетишди. Сўнг, у зот: “Яна ўн кишига ижозат бер!” – дедилар. Шу тариқа бутун қавм, яъни Жаноб Расулуллоҳ билан бирга келганларнинг ҳаммаси тўйгунча тановул қилишди, ваҳоланки, улар етмиш ёки саксон киши эдилар”.
3579 - Ҳадис
3579-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ривоят қиладилар: “Биз ғайри табиий воқеа-ҳодисларнинг (баъзисини) Аллоҳ таолонинг баракоти туфайли рўй беради, деб ҳисоблар эдик. Сизлар эса, уларнинг барчасини (Аллоҳ таоло ўз бандаларини) қўрқитиб қўйиш учун содир қилади, деб ҳисоблайсизлар. (Масалан, Жаноб Расулуллоҳнинг кўп сонли қўшинни озгина таом билан тўйдира олганлари Аллоҳ таолонинг баракоти туфайлидир. Қуёш ёки Ойнинг тутилиши эса, Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини қўрқитиб қўйишидир). Биз бир куни Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарда ғазотда бўлдик. Шунда сувимиз оз қолган бўлиб, Жаноб Расулуллоҳ: “Қолган сувни келтиринглар!” – дедилар. Сўнг, у зот бир идишда озгина сув келтиришгач, мубарак қўлларини идишнинг ичига тиқдилар-да: “Муборак покловчи сувга ошиқинглар, барака эса, Аллоҳ таолодандир!” – деб марҳамат қилдилар. Шундан сўнг, мен Жаноб Расулуллоҳнинг бармоқлари орасидан сув отилиб чиқаётганини кўрдим. Кўпинча биз Расулуллоҳ (сав)нинг давраларида ейилаётган таомнинг Аллоҳ таолога тасбеҳ айтаётганини эшитар эдик”.
3580 - Ҳадис
3580-ҳадис Жобир (рз.) ривоят қиладилар: “(Отам қарзларини узолмай вафот этиб қолдилар). Кейин, мен Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига бориб, отамнинг ўз қарзларини узолмай вафот этиб қолганларини ҳамда менда у кишининг хурмозорлари ҳосилидан бўлак ҳеч вақо йўқлигини, қарзларини узишга эса хурмозорларининг икки йиллик ҳосили ҳам етмаслигини айтдим. Мен билан бирга боринг, токи ҳақдорлар менга ёмон гап гапирмасин, дедим. Шунда Жаноб Расулуллоҳ қарз бўйнимда юк бўлиб ётмаслиги учун мен билан бирга хурмозорга бордилар-да, хурмо ҳосили ғарамларидан бирини атрофини бир айланиб чиқдилар. Сўнг, дуо ўқиб, ўша ғарамнинг ёнига келиб ўтиргач, қарзини қистаб келганларга: “Ана ғарамни олинглар!” – дедилар. Ўша биргина ғарамнинг ўзи қарзни тўла-тўкис узишимга бемалол етиб, яна ўшанча ортиб ҳам қолди”.
3581 - Ҳадис
3581-ҳадис Абдураҳмон ибн Абу Бакр (рз.) ривоят қиладилар: “(Масжидун Набавийдаги соябонли) супада яшовчилар фақир одамлар эди. Бир куни Расулуллоҳ (сав): “Кимнинг икки кишига етадиган егулиги бўлса, супада яшовчи кишилардан учтасини ва кимнинг тўрт кишига кифоя қиладиган таоми бўлса, улардан бештасини ва кимнинг беш кишилик егулиги бўлса, улардан олтитасини уйига олиб кетсин!” – деб марҳмат қилдилар. Шунда (отам) Абу Бакр ас-Сиддиқ (рз.) супа аҳлидан учтасини уйимизга олиб келдилар. Расулуллоҳ (сав) эсалар, улардан ўнтасини олиб уйларига равона бўлдилар. Ўшанда ҳовлимизда мен, отам (Абу Бакр ас-Сиддиқ), онам (“хотиним ва менинг оилам билан ота-онамга хизмат қилувчи ходим” деб ҳам айтган эдилар шекилли Абдураҳмон) истиқомат қилар эдик. (Отам) Абу Бакр ас-Сиддиқ (меҳмонларни уйда қолдириб, ўзлари) Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларида кечки овқатни еб келдилар, сўнг (меҳмонлар билан биргаликда) хуфтон ўқилди. Кейин, отам Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтиб кетдилар-да, у зот кечки овқатни егунларига қадар ўша ерда бўлдилар. (* Бу ерда чалкашлик бўлиб, юқорида Абу Бакр ас-Сиддиқнинг Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларида кечки овқатни еб келганлари айтилган эди. Имом Муслим келтирган ҳадисларида “у зотни мудроқ босгунга қадар” дейилган). Сўнг, (отам) Абу Бакр ас-Сиддиқ туннинг Аллоҳ таоло ирода қилганча қисми ўтганда уйга келдилар. Хотинлари (яъни онам) у кишига: “Нима сабабдан меҳмонларингиз ҳузурига кечикиб келдингиз?” – дедилар. (Отам) Абу Бакр ас-Сиддиқ: “Уларни овқатлантирдингми?” – дедилар. (Онам): “Таом келтирилган эди, сиз келгунингизча ейишдан бош тортишди”, - дедилар. Шунда мен (отам уришадилар, деб) бир ерга бориб беркиниб олдим. (Отам) Абу Бакр ас-Сиддиқ мени меҳмонларга яхши қарамаган, деб ўйлаб: “Эй бефаросат!” – деб чақирдилар-да, (бурнинг ёки қулоқларинг ёхуд лабларинг қирқилсин, деган маънода қарғадилар. Кейин, меҳмонларнинг ўзлари кечроқ овқатланишни истаганларини билгач: “Олинглар енглар! Узр мени деб ўз вақтида таомдан лаззатлана олмабсизлар, худо ҳаққи мен мутлоқа емайман!” – дедилар. Аллоҳ таолога онт ичаманки, таомдан қанча луқма олиб емайлик, камайиш ўрнига тагидан тобора кўпайиб борар, ҳатто ҳамма тўйиб егандан кейин ҳам илгаридан кўп эди. Отам Абу Бакр ас-Сиддиқ таомни боягидек турганини (ёки илгаригидан ҳам кўпроқ эканлигини) кўриб хотинларига (яъни онамга): “Эй Фиросзода, бу қандай ҳол?” – дедилар. (Онам): “Кўзим гавҳарини яратган зот ҳақики, таом ҳозир илгаригидан уч баробар кўп, деб айта оламан, холос” – дедилар. Бу ғайри табиий ҳодиса Жаноб Расулуллоҳнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, Абу Бакр ас-Сиддиқнинг каромат соҳиби эканликларини кўрсатади. Сўнг, (отам) Абу Бакр таомдан ўзлари ҳам егач: “Дарҳақиқат, бу шайтоннинг қилмиши эди (яъни, шайтоннинг васвасаси туфайли “мутлақо емайман” деб қасам ичган эдим)” – дедилар. Кейин, у киши меҳмонлар кўнглини ёзиш учун бир луқма егач, таомни Жаноб Расулуллоҳга илиниб олиб кетдилар ва у зотнинг ҳузурларида тонг оттирдилар. Биз билан бир қавм ўртасида сулҳ тузилган бўлиб, унинг муддати тугагач, улар Мадинага келишди. Биз улардан ўн иккитасини ажратиб, ҳар бирини бир гуруҳга бошлиқ қилиб қўйдик. Аммо, ҳар бирини қўл остида қанча одам борлиги Аллоҳ таолонинг ўзигагина аён”. “Абдураҳмон ибн Абу Бакрнинг айтишича, - дейдилар ровий Абу Усмон, - ўша кишиларнинг барчаси Абу Бакр ас-Сиддиқ келтирган таомдан тановул қилишди”.
3582 - Ҳадис
3582-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулулллоҳ (сав)нинг даврларида Мадина аҳли қаҳатчиликка гирифтор бўлди. Бир маҳал у зот жума куни хутба қилиб турган эдилар, бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулулллоҳ, моллар қирилиб кетди, қўйлар қирилиб кетди, қирилиб кетди, Аллоҳ таолога дуо қилинг, бизларга ёмғир юборсин!” – деди. Шунда у зот қўлларини (фотиҳага) кўтариб дуо қилдилар. Осмон шиша каби тиниқ эди. Бирдан шамол кўтарилиб, булутларни ҳайдаб кела бошлади. Сўнг, булутлар қуюқлашиб, осмон Мадина устига ёмғир юборди. Биз ташқарига чиқдикда, ёмғирда бўкканча уйимизга етиб олдик. ЁМғир келаси жумагача тинмади. Жаноб Расулулллоҳ келаси жума куни хутба қилиб турганларида ўша киши ёки бошқа биров олдиларига келиб: “Ё Расулулллоҳ, уйлар вайрон бўлди, Аллоҳ таолога дуо қилинг, ёмғирни тўхтатсин!” – деди. Жаноб Расулулллоҳ бир табассум қилиб қўйдилар-да, сўнг: “Ё Парвардигоро, устимизга эмас, балки атрофимизга (яъни, Мадинага эмас, балки унинг атрофига) ёмғир ёғдиргин!” – деб дуо қилдилар. Шунда мен булутларнинг Мадина атрофига тож каби чиқиб кетаётганини кўрдим”.
3583 - Ҳадис
3583-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулулллоҳ (сав) бир хурмо тўнкаси устига чиқиб хутба қилар эдилар. У зотга махсус минбар ясаб беришганда, унга чиққан эдилар, хурмо тўнкаси бўтолоғидан жудо қилинган туя каби нола қилди. Шунда Жаноб Расулулллоҳ унинг олдига келиб, муборак қўллари билан силаган эдилар, жимиб қолди”.
3584 - Ҳадис
3584-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Расулулллоҳ (сав) жума кунлари бир ёғоч (тўнка) ёки хурмо (тўнкаси) устига чиқиб хутба айтар эдилар. Бир куни бир ансория аёл ёки эркак: “Ё Расулулллоҳ, сизга минбар ясаб берайликми?” – деди. У зот: “Агар истагингиз шу бўлса, майли”, - дедилар. Кейин, у зотга минбар ясаб беришди. Жума куни келгач, у зот минбарга чиққан эдилар, хурмо тўнкаси ёш боладек инграб юборди. Шунда у зот минбардан тушиб, уни бағриларига босдилар, хурмо тўнкаси жимиб қолди”. У ёғоч ўзини олдида бўладиган зикрдан йиғлар эди. (* Бу воқеа ҳижратнинг 7 йили бўлган эди).
3585 - Ҳадис
3585-ҳадис Жобир (рз.) ривоят қиладилар: “Масжид томини хурмо ёғочидан қилинган устунлар кўтариб турар эди. Расулулллоҳ (сав) хутба айтадиган бўлсалар, масжид қурилишидан ортиб қолган ана шу устунлардан бирининг устига чиқиб олар эдилар. У зот ўзларига махсус минбар ясаб берилгач, унинг устида хутба айтаётган эдилар, мазкур хурмо ёғочидан бўтолоғидан айрилган туя ноласи каби мунгли овоз чиқаётганини эшитдик. У зот бориб, унинг устига муборак қўлларини қўйган эдилар, жимиб қолди”.
3586 - Ҳадис
3586-ҳадис Абу Воил (рз.) ривоят қиладилар: “Умар ибн ал-Хаттоб (рз.): “Қайси бирингиз Расулулллоҳ (сав)нинг фитна ҳақидаги ҳадисларини эслаб қолгансиз?” – дедилар. Ҳузайфа: “Мен у зот бу хусусда нима деган бўлсалар, шундайлигича эслаб қолганман”, - дедилар. Ҳазрат Умар: “Қани, айтаверинг, сизни бунга журъатингиз етади!” – дедилар. Ҳузайфа: “Дарҳақиқат, Расулулллоҳ (сав) марҳамат қилганларки, кишининг фитнаси ўз оиласида (яъни, киши ўз оиласини деб ҳар қанча тавба ва амали солиҳлар юва олмайдиган гуноҳ ишларни қилади), мол-дунёсида (яъни, киши ҳаром-хариш йўллар билан бойлик орттириб, уни бола-чақасига сарф қилади), фарзандида (яъни, киши фарзандига ортиқча муҳаббат қўйиб, у билан овора бўлиб, кўп яхшиликлардан уни маҳрум қилади ёки уни деб Аллоҳ таоло таъқиқларидан қўрмай, эгри йўл билан пул топиш йўлига кириб кетади) ва қўшнисида (яъни, киши ўз бошига тушган кулфатни қўшнисининг бошига тушмоғини ёхуд қўшнисининг боши сира кулфатдан чиқмаслигини ният қилади). Бу фитналарни (беш вақт) намоз, рўза, садақа (закот), амру-маъруф ва наҳий мункар даф қилади”, - дедилар. Ҳазрат Умар: “Мен сиз назарда тутган фитна хусусида эмас, балки денгиз тўлқинлари каби оммавий бузғунчилик қувватига эга катта фитна ҳақида сўраяпман”, - дедилар. Ҳузайфа: “Эй Амиралмўминин, сиз бундай фитнадан хавотир қилмасангиз ҳам бўлади, сиз билан бундай фитна ўртасида эшик ёпиқдир (яъни, сиз ҳаёт экансиз, бирор фитна содир бўлмас)” – дедилар. Ҳазрат Умар: “Ўша эшик мендан кейин синдириладими?” – дедилар. Ҳузайфа: “Синдирилади (бузилади)”, - дедилар. Ҳазрат Умар: “Агар синдирилса (бузилса), то абад қайта ёпиб бўлмайди!” – дедилар. (* Бу ерда Ҳазрат Умар кейин фитна чиқиб, Ҳазрат Усмоннинг ўлдирилишига ишора қилиняпти). Кейинчалик, Ҳузайфадан: “Ҳазрати Умар ўша эшикни (ким эканлигини) билармидилар?” – деб сўрашди. Шунда Ҳузайфа: “Ҳа, тонгдан илгари тун бўлишини билганларидек билар эдилар”, - дедилар. Ҳузайфа: “Мен Ҳазрат Умарга ҳадисни хатосиз айтиб бердим”, - дедилар. Абу Воил биз Ҳузайфадан уни сўрашга журъат қилолмагач, Масруққа сўрашни буюрдик. Сўнг: “Ўша эшик ким эди?” – деб сўради. Ҳузайфа: “Ҳазрат Умар” – деб айтдилар”.
3587 - Ҳадис
3587-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулулллоҳ (сав) бундай дедилар: “Пошналари (ёки оёқ кийимлари) жундан қилинган қавмга қарши урушмагунингизга қадар ва кўзлари (қисиқ), юзлари қизғиш, бурунлари пачоқ, юзлари ғадур-будур қалқон сингари (сергўшт ва яполоқ), пошналари жундан қилинган туркларга (туркий элатга) қарши жанг қилмагунингизга қадар Қиёмат бўлмас”.
3588 - Ҳадис
3588-ҳадис Сизлар бу ишни (яъни, адолат билан ҳукмдорлик қилишнинг қийинлиги боисидан халифа ёки амир бўлишни) то Аллоҳ таоло ўзи тақдир қилмагунга қадар мутлақо хушламайдиган яхши одамни ҳам учратасизлар. Шунингдек, сизлар. Жоҳилият давридаги инсонларнинг яхшилари, агар улар дин борасида фақиҳ бўлган бўлсалар, Ислом давридаги инсонларнинг ҳам яхшисидурлар”.
3589 - Ҳадис
3589-ҳадис “Албатта, мендан кейин шундай бир замон келадики, унда ҳар бирингиз ўзининг оиласи ва мол-дунёси каби (нарсалари) бўлишини орзу қилгандан кўра кўпроқ мени кўришни орзу қилади”, - дедилар.
3590 - Ҳадис
3590-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Расулулллоҳ (сав) бундай дедилар: “Сизлар (яъни мусулмонлар) Хуз ва Кирмон (томондан келадиган) қизғиш юзли, пачоқ бурунли, кичик (қисиқ) кўзли ажнабий (яъни араб бўлмаган) икки элатга қарши урушмагунингизга қадар Қиёмат бўлмас. Уларнинг юзлари ғадур-будур қалқон сингари (сергўшт ва ялпоқ) бўлиб, пошналари (ёки пойабзаллари) жундан қилинган”.
3591 - Ҳадис
3591-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулулллоҳ (сав)га уч йил ҳамроҳлик қилдим. Бу йилларда бошқа нарсаларга нисбатан ҳадисни англаб олишда ўта ҳарис эдим. “Расулулллоҳ (сав): “Қиёмат арафасида пошналари (ёки пойабзаллари) жундан қилинган бир қавм билан урушасизлар. Улар Бориз аҳлидир” – дедилар”.
3592 - Ҳадис
3592-ҳадис Амр ибн Тағлиб (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулулллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитдим: “Сизлар Қиёмат арафасида жун пойабзал киядиган қавмга ҳамда юзлари ғадур-будур қалқон сингари (сергўшт ва япалоқ) қавмга қарши урушасизлар”.
3593 - Ҳадис
3593-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулулллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитдим: “Сизлар Қиёмат арафасида яҳудийларга қарши урушиб, уларни енгасизлар. Шунда ҳаттоки тош ҳам: “Эй мусулмон, мени ортимда яҳудий беркиниб турибди, уни ўлдир!” – дейди”.
3594 - Ҳадис
3594-ҳадис Абу Саид (рз.) ривоят қиладилар: “Расулулллоҳ (сав) бундай деб айтдилар: “Шундай бир замон келадики, унда одамлар (мусулмонлар) ғазот қиладилар. Шунда уларга: “Сизларнинг орангизда Расулулллоҳ (сав)га саҳобалик қилганлар борми?” – дейилади. Одамлар: “Ҳа”, - дейишади. Шундан сўнг, уларга зафар муяссар бўлади. Сўнг, улар яна ғазот қиладилар. Шунда уларга: “Сизларнинг орангизда Расулулллоҳ (сав)нинг саҳобаларига саҳобалик қилганлар борми?” – дейилади. Улар: “Ҳа”, - дейишади. Шундан сўнг, уларга зафар муяссар бўлади”.
3595 - Ҳадис
3595-ҳадис Адий ибн Хотим (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулулллоҳ (сав)нинг ҳузурларида ўтирганимда бир киши келиб қашшоқликдан шикоят қилди. Сўнг, яна бир ккиши келиб йўлтўсарлардан (қароқчилардан) шикоят қилди. Шунда Жаноб Расулулллоҳ: “Эй Адий, Ҳийра (Фурот дарёси яқинидаги тарихий шаҳар)ни кўрганмисан?” – дедилар. Мен: “Сира кўрмаганман, у ҳақида хабарим бор холос”, - дедим. У зот: “Агар умринг узун бўлса, бир аёлнинг Аллоҳ таолодан бўлак ҳеч кимсадан қўрқмай, Ҳийрадан (тахтиравонда) келиб Каъбани тавоф қилганини, албатта, кўрасан”, - дедилар. Мен ўзимга-ўзим: “Мамлакатда фитна оловини ёққан Тай қабиласининг йўлтўсарлари қаерда қолади” - дедим. У зот сўзларида давом этдилар. Агар умринг узун бўлса, Кисро (Хусрав) хазиналари, албатта қўлга киритилгай, дедилар. “Кисро (Хусрав) ибн Ҳурмузми?” – дедим. У зот: “Ҳа, Кисро ибн Ҳурмуз”, - дедилар-да, сўнг бундай деб гапларида давом этдилар: “Агар умринг узун бўлса, ҳовучи тўла тилла ёки кумуш олиб чиқиб, кимга беришни билмай, бирор садақа оладиган кимсани тополмай юрган одамни, албатта кўрасан. Сизлардан бир киши Қиёмат куни Аллоҳ таолога рўпара бўлади. Шунда у билан Аллоҳ ўртасида таржимонлик қилувчи тилмоч бўлмайди. Аллоҳ таоло ундан: “Сенга пайғамбар юбормаганмидим?!” – деб сўрайди. У: “Пайғамбар юборган эдинг, у менга аҳкомларингни етказган эди”, - дейди. Сўнг, Аллоҳ таоло: “Мен сенга мол-дунё ва фарзандлар ато этиб, марҳамат қилмаганмидим?!” – деб сўрайди. У: “Ҳа, (менга мол-дунё ва фарзандлар ато этиб, марҳамат қилган эдинг”) – дейди-да, ўнг томонга деб жаҳаннамдан бўлак нарсани кўрмайди, кейин чап томонга қараб ҳам жаҳаннамдан бўлак нарсага кўзи тушмайди”. Адий ибн Ҳотим: “Мен Расулулллоҳ (сав)нинг “Яримта хурмо бўлса ҳам, дўзахдан қўрқингиз! (яъни, “Лоақал яримта хурмо садақа қилиб, ўзингизни дўзах азобидан халос қилинг!). Яримта хурмо садақа қилишга ҳам қурби етмаган киши эса, унга (тиламчига) яхши сўз айтсин!” – деганларини эшитганман”, - дедилар. Адий ибн Ҳотим: “Кейин, мен Расулулллоҳ (сав) айтган ўша аёлнинг Аллоҳ таолодан бўлак ҳеч кимдан қўрқмай Каъбани тавоф қилганини кўрдим, шунингдек, Кисро (Хусрав) ибн Ҳурмузнинг хазиналарини қўлга киритишда ҳам иштирок этдим. Сизлар, агар умрингиз узун бўлса, Пайғамбар (сав) айтган ўша садақа учун бир ҳовуч олтин ёки кумуш олиб чиқиб, тиламчи тополмайдиган кишини кўрасизлар”, - дедилар.
«
←
68
69
70
71
72