Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
3351 - Ҳадис
3351-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Байтуллоҳга (яъни Каъбага) кириб, у ерда Иброҳим (ас) билан (Биби) Марямнинг суратлари борлигини кўрдилар-да: “Бу нима қилганлари?! Ахир, улар (яъни Қурайш) сурат бор уйга фаришталар кирмаслигини эшитган эди-ку?! Мана бу Иброҳим (ас)ни чизишиб, устига-устак уларни камон ўқи билан фол кўраётган қилиб тасвирлашларига нима бор?!” – дедилар.
3352 - Ҳадис
3352-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Байтуллоҳдаги суратларни кўриб, у ерга кирмадилар-да, балки уларни ўчириб ташлашни амр қилдилар. Бас, улар ўчириб ташланди, у зот Иброҳим (ас)ни қўлларига азлам ушлаган ҳолда (тасвирлаганларини) кўргач: “Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин уларга! Аллоҳга қасамки, улар Иброҳим ва Исмоил (ас) азлам билан ўз қисматларини билишга ҳаракат қилганлар” – дедилар”. (* “Азлам” – бирлиги “залам” бўлиб, икки тарафи учлик таёқдир. Унинг бир тарафига ”қил!” ва иккинчи тарафига “қилма!” деган сўзлар ёзиб қўйилган. Жоҳилият давридаги араблар ўз қисматларини билмоқчи бўлганларида уни ўртасидан ушлаб, гир айлантириб ерга ташлаганлар. Шунда, агар унинг “қил!” деган сўз ёзилган учи ўзлари тарафга келиб тўхтаса, кўзлаган ишларига қўл урганлар, акс ҳолда мақсадларида қайтганлар). (* Пайғамбар (сав) айтган биринчи жавобдаги мукаррамлик солиҳ амаллар эътиборига кўра, иккинчи жавобдаги мукаррамлик насаб жиҳатидандир).
3353 - Ҳадис
3353-ҳадис Абу Ҳурайра (рз)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (сав)га: “Ё, Расулуллоҳ! Инсонларнинг энг мукаррамроғи ким?” – деб сўрашди. У зот (сав): “Уларнинг тақводорроғидир” – дедилар. Саҳобалар яна сўрадилар: “Биз сиздан бу хусусида сўрамаяпмиз” – дедилар. Пайғамбар (сав): "Ундай бўлса, инсонларнинг энг ҳурматлиси бу Халилуллоҳ (яъни Иброҳим (ас)нинг ўғли Набийуллоҳ (яъни Исҳоқ (ас)нинг ўғли Набийуллоҳ (яъни Яъқуб (ас)нинг ўғли))) Аллоҳнинг Набийси Юсуф (ас)дир" - дедилар. Улар буни ҳам назарда тутмаётганларини билдириб: "Биз сиздан бу ҳақда сўрамаяпмиз" - дедилар. Шу пайт Пайғамбар (сав) уларга: "Сизлар арабларнинг маъданлари (яъни, насл-насаби, асли) ҳақида сўраяпсизларми? (У ҳолда билиб қўйинг) уларнинг жоҳилият даврида яхшилари, агар динни яхшилаб англаб, тушунсалар Ислом даврида ҳам яхшиларидан ҳисобланади" (яна қ. 3374, 3383, 4698).
3354 - Ҳадис
3354-ҳадис Самура (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб марҳамат қилдилар: “Меърож кечаси менинг ҳузуримга икки фаришта (Жаброил ва Микоил (ас) келишди. Кейин, улар мени бўйлари баланд бир кишининг олдига олиб бордилар. Бўйлари осмон қадар баланд бўлганидан мен уларнинг бошларини кўра олмадим. Менга билдирилишича у зот Иброҳим (ас) эканлар”.
3355 - Ҳадис
3355-ҳадис Мужоҳид (рз.) ривоят қиладилар: “Одамлар Ибн Аббосга икки кўзи орасига “кофир” (ёки “К. Ф.Р.”) деб ёзиб қўйилган Дажжол ҳақида эслатишган эди, у бундай деди: “Мен бу тўғрида эшитмаганман, лекин Расулуллоҳ (сав): “Иброҳим (ас)нинг (қиёфалари қандай бўлганлигини билмоқчи бўлсангизлар), дўстингизга қаранглар (яъни “менга қаранглар” демоқчилар, чунки у зот Иброҳим (ас)га ўхшаш киши эдилар). Аммо, Мусо (ас) жингалак соч (баъзи ривоятларда серсоч) ва буғдойранг киши бўлиб, хурмо пўстлоғидан эшилган арқон билан жиловланган қизил туя минган ҳолда эдилар. Мен у кишини (Азрақ) водийси бўйлаб такбир айтиб тушиб келаётганларини кўраётгандекман” – деганлар”.
3356 - Ҳадис
3356-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Иброҳим (ас) саксон ёшларида ўроқ ранда билан хатна қилинганлар”. (Баъзи уламолар: “Алқадуум” сўзини ўроқ ранда” десалар, айримлари: “Бу – Иброҳим (ас) хатна қилинган жой номи – деб айтишади) (яна қ. 6298). (* Хатна қилдириш Шофиъий мазҳабида вожиб, аммо бошқа олимлар наздида жумладан бизнинг мазҳабда ҳам суннатдир. Аммо балоғатга етгач вожиб бўлади. Хатна мустаҳаб вақти боланинг етти ёшидир).
3357 - Ҳадис
3357-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Иброҳим (ас) уч гапдан бўлак сира ёлғон гап айтмаганлар”, - дедилар”.
3358 - Ҳадис
3358-ҳадис Абу Ҳуррайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Иброҳим (ас) уч ёлғон гапдан бўлак сира ёлғон гап айтмаганлар. Уларнинг иккиси Аллоҳ таоло зотининг исботи учун айтилган бўлиб, у кишининг “Ҳақиқатдан, мен бетобман” (“Соффот” сураси, 89-оят) ва “Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси – мана бу (ҳайкал) қилди” (“Анбиё” сураси, 63-оят) – деган гапларидир”, - дедилар. Кейин, яна бундай деб марҳамат қилдилар: “Кунлардан бир куни Иброҳим (ас) хотинлари Биби Сора билан биргаликда золим подшоҳлардан бирининг мулкига, яъни Миср ерларига кириб келдилар. Шунда сарой мулозимлари подшоҳга: “Анави ерда бир эркак бир аёл билан турибди” – деб хабар қилишди. Подшоҳ Биби Соранинг ким эканлигини билиш учун бир мулозимини юборди, у бориб Иброҳим (ас)дан: “Бу (аёл) ким?” – деб сўради. Иброҳим (ас) унга: “Бу менинг имондош синглим”, - дедилар. (Нега бундай деганлари биргина Аллоҳга аён). Кейин, у киши Биби Сорани олдиларига бориб: “Эй Сора! Ер юзида мену сендан бўлак бирор мўмин йўқдир, анави (золим подшоҳ) мендан сени ким эканлигингни суриштирди. Мен унга сени имондош синглим, деб айтдим, сен мени ёлғончи қилиб қўймагин!” – дедилар. Кейин подшоҳ Сорага мулозим юбориб у муҳтарамани ўз ҳузурига чорлади, Биби Сора подшоҳ ҳузурига кирганларида подшоҳ муҳтарамага қўл узатмоқчи бўлган эди, тўсатдан тутқаноқ (каби нимадир уни) ушлаб қолди. Шунда у Аллоҳдан мендан бу балони даф қилишини дуо қилиб сўра, мен сенга зарар етказмайман!” – деди. Биби Сора Аллоҳ таолога дуо қилган эдилар, подшоҳни бояги балолар қўйиб юборди. Сўнг, у иккинчи бор Биби Сорани (қучоқламоқчи) бўлиб, энди унга қўл узатган эди, дард уни илгаридек ёки ундан баттароқ ушлаб қолди. Сўнг: “Аллоҳдан мендан бу балони даф қилишини дуо қилиб сўра, бўлди, сенга зарар етказмайман!” – деди. Биби Сора Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрадилар, подшоҳни бояги дардлар қўйиб юборди. Шунда подшоҳ бир неча дарвозабонларини чақириб, уларга: “Сизлар менга инсонни эмас, бир шайтонни (бир жинни) олиб келибсизлар!” – деди-да, Биби Сорага Биби Ҳожарни хизматкор қилиб, сўнг иккалаларини Иброҳим (ас)нинг қошларига етиб келганларида у киши намозда қоим турган эдилар, қўллари билан “Аҳволинг қалай?” – деган маънода ишора қилдилар. Биби Сора: “Аллоҳ таоло кофирнинг (ёки фожирнинг) макрини ўзининг бўғзига урди ва Ҳожарни менга хизматкор қилиб берди”, - дедилар”. Абу Ҳурайра: “Эй осмон суви фарзандлари, ўша аёл (яъни Биби Ҳожар) сизларнинг онангиз эди!” – дедилар. (Уламоларнинг айтишларича, “Осмон суви” Аллоҳ таоло Биби Ҳожарга ато этган”замзам” бўлиб, “Осмон суви фарзандлари” эса у муҳтарамадан туғилган фарзандлар экан. (* Зам-замни осмон суви дейилишига сабаб, осмон суви соф, тоза бўлганлигидир. Демак, Зам-зам ҳам соф, тоза, мусаффо ичимликдир. Уни ичиб юрган кишиларга, яъни маккаликларга, “осмон суви фарзандлари” дейилмоқда). Иброҳим (ас)нинг: “Мен хастаман” ва “Аксинча, уларнинг каттаси бўлмиш мана бу (бут) қилди” деган гаплари хусусига келсак, воқеа бундай бўлган эди: “Кунлардан бир кун Иброҳим (ас) бутларни синдириб ташламоқчи бўлиб бутхонага кирдилар. Шунда у кишини бутпараст қабиладошлари ўзлари билан биргаликда байрам қилишга ташқарига чорлашади, аммо у киши: “Мен бетобман” – деб ёлғон сўзлайдилар. Кейин, Иброҳим (ас) болта билан энг катта бутдан бўлак барча бутларни синдириб ташлайдилар-да, болтани ўша катта бутнинг бўйнига осиб қўядилар, чунки бутпарастларни кўпроқ ўшанга сажда қилаётганларини кўрган эдилар. Бутпарастлар бутхонага кириб у ердаги аҳволни кўргач: “Бизни бутларимизни сен шу куйга солдингми, эй Иброҳим?” – дейишади. Иброҳим (ас): “Аксинча уларнинг каттаси бўлмиш мана бу (бут) қилди” – деб айтадилар”. Давоми: https://telegra.ph/3358-hadis-12-21
3359 - Ҳадис
3359-ҳадис Умму Шарик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) васағни ўлдиришни амр қилдилар-да: “Васағ” Иброҳим (ас)га олов пуфлар эди”, - дедилар”. (* “Васағ” калтакесакларнинг бир тури бўлиб, баъзи уламоларнинг айтишларича, у оғзи билан уриб, айрим ҳолларда тусини оқартирар экан ҳамда заъфарон бор уйга кирмас экан. Унинг йирик тури ҳам мавжуд бўлиб, “сув калтакесаги” (“соммун абрасу”, деб аташар экан. Ана шу васағ, кофирлар Иброҳим (ас)ни гулҳанга ташлаганда, янада қаттиқроқ ёнсин, деб ўтни пуфлаган экан).
3360 - Ҳадис
3360-ҳадис Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Аллоҳ таолонинг: “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни алмаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир” (“Анъом” сураси, 82-оят) – деган каримаси нозил бўлганда, биз: “Ё Расулуллоҳ, қайси биримиз ўзимизга зулм қилмабмиз?!” – дедик. Шунда у зот: “Бу оятнинг мазмуни сизлар айтаётгандек эмас, балки “имонларини зулм билан булғамадилар” - демакдир. “Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир” (“Луқмон” сураси, 130-оят) – деганларини эшитмаганмисиз?” – дедилар.
3361 - Ҳадис
9-боб (“Соффот” сураси 34-оятдаги) “Язиффувн” сўзидан мақсад – тезроқ юришдир 3361-ҳадис Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Бир куни меҳмондорчиликда Расулуллоҳ (сав)га пиширилган гўшт келтирилди. Шу пайт Жаноб Расулуллоҳ: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло аввалги-ю охирги барча одамларни бир ерга тўплайди. Шунда жарчи уларга овозини эшиттира олади, кўз барчаларини кўра олади ва қуёш уларга яқин келади”, - деб шафоат ҳақидаги ҳадисни бирма-бир зикр қилдилар-да, сўнг бундай деб давом этдилар: “Кейи, улар Иброҳим (ас)нинг қошларига келишиб: “Сиз Аллоҳ таолонинг Набийи ва ер юзидаги бандалари орасидан танлаб олган хос дўстисиз. Раббингиздан биз учун шафоат сўраб беринг!” – дейдилар. Иброҳим (ас) ҳаётликларида айтган уч ёлғон гапларини эслайдилар-да: “Ўша ёлғон сўзлаган менман... менман, Мусо (ас)нинг қошларига боринглар!” – дедилар”. (Бу ерда мазкур ҳадис қисқача келтирилган).
3362 - Ҳадис
3362-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло Исмоил (ас)нинг оналарини – Биби Ҳожарни раҳмат қилсин! Агар у муҳтарама шошмаганларида замзам ер юзи бўйлаб оқиб турувчи булоқ бўлган бўлар эди”, - деб марҳамат қилдилар”.
3363 - Ҳадис
3363-ҳадис Саид ибн Жубайр атрофидагиларга қарата: “Воқеа ундай эмас. Менга Ибн Аббос (рз.): “Иброҳим (ас) Исмоил ва унинг онаси билан бирга Маккага келдилар. Онаси Исмоилни эмизар ва у билан бирга бир эчки меш ҳам бор эди. Анчадан кейин Иброҳим (ас) Ҳожар ва ўғли Исмоил (ас) олдиларига хабар олгани келдилар”, - дедилар”.
3364 - Ҳадис
3364-ҳадис Саид ибн Жубайр Ибн Аббос (рз.)дан нақл қиладилар: “Араб аёллари бирор иш қилганда чаққонроқ ҳаракат қилиш ҳамда кўйлаклари этакларини босиб олмаслик учун белларига белбоғ боғлаш одатини дастлаб Исмоил (ас)нинг оналари Биби Ҳожардан олганлар. Ҳожар яшириниб юрган чоғларида, изини Сорага билдирмаслик мақсадида, уни ўчириб юриш учун белбоғини бир учини ерга судраб юрар эди. Воқеа бундай эди: “Биби Сора ўз жориялари Биби Ҳожарни Иброҳим (ас)га тортиқ қиладилар, шунда Биби Ҳожар Иброҳим (ас)дан ҳомиладор бўлиб қоладилар. Биби Ҳожар Исмоил (ас)ни туққач, Биби Сорадан қўрқиб яшириниб оладилар. Биби Сора ғазабланиб Биби ҳожарни уч аъзоларини (икки кўкраклари билан фаржларини) қирқиб ташлайман деб онт ичадилар. Шунда Биби Ҳожар этакларини босиб олмаслик учун белбоғларини боғлаб танғиб оладилар-да, қочиб кетадилар. Ал-Кирмоний: “Биби Ҳожарнинг хизматкор каби кийиниб, белларини белбоғ билан танғиб олганларининг боиси – ўзларининг Биби Сорага бир хизматкор эканликларини изҳор қилиб, у муҳтараманинг кўнгилларини юмшатиш ва гуноҳларини ювиш эди”, - дейдилар. Айтишларича, Иброҳим (ас) Биби Ҳожарнинг ёнларини олиб, Биби Сорага: “Ичган онтингдан воз кечиб, ўрнига икки қулоғини тешиб қўя қолгин!” – деб айтган эканлар. Кейин, биринчи бўлиб шу ишни қилган (яъни, хотин-қизлар қулоғини тешишни илк бор бошлаб берган) аёл Биби Сора бўлган эканлар. Айтишларича Биби Соранинг рашклари бениҳоят алангаланиб кетгач, Иброҳим (ас) ўғиллари Исмоил билан Биби Ҳожарни олиб Маккага йўл оладилар. Мужоҳид ва бошқа ровийлардан нақл қилишларича, Аллоҳ таоло Иброҳим (ас)га ҳозирги Байтуллоҳ жойлашган ерда манзил тутишни амр қилди. Шундан сўнг у киши Биби Ҳожар ва унинг ўғиллари Исмоил (ас)ни Буроққа мингаштириб келдилар-да, иккалаларини Парвардигор буюрган ерга, яъни ҳозирги Масжидул Ҳарамнинг Байтуллоҳ ёнидаги ернинг юқорироғига – замзам қудуғи устидаги бир катта дарахт остига туширадилар. Шунда Биби Ҳожар ўғилчаларини йўл-йўлакай эмизиб келаётган эдилар. Ўша кезларда Макка ўрнида на бирор одам ва на бирор бино ва на қудуқ бор эди. Кейин, Иброҳим (ас) иккалаларини олдиларига бир халта хурмо ва бир меш сув қўйгач, ўша ерда қолдирдилар-да, ўринларидан туриб Шом томонга, ўз оилаларига қайтмоқчи бўлиб йўлга тушадилар. Шунда Исмоил (ас)нинг оналари Биби Ҳожар ортларидан эргашиб: “Эй Иброҳим (ас), бизни на бир инсон ва на бирор нарса (еб-ичгулик) бўлмаган шу водийга ташлаб қаерга кетяпсиз? Аммо, Иброҳим (ас) Биби Ҳожарга қайрилиб қарамай, йўлда давом этаверадилар. Ниҳоят, Биби Ҳожар у кишига: “Сизни бундай қилишга Аллоҳ буюрдими?” – дедилар. Иброҳим (ас): “Ҳа, шундай” – деб жавоб бердилар. Биби Ҳожар: “Ундай бўлса, Аллоҳ таоло бизни ҳалок қилмас!” – дедилар-да, ортлари (Исмоил (ас)ни ёлғиз қолдириб келган жойлари)га қайтдилар. Давоми: https://telegra.ph/3364-hadis-12-23
3365 - Ҳадис
3365-ҳадис Саид ибн Жубайр Ибн Аббос (рз.)дан нақл қиладилар: “Иброҳим (ас) ўзлари ва оилалари ўртасидаги бўладиган воқеа бўлиб бўлгач, (яъни Соранинг рашки туфайли) Исмоил (ас)нинг оналари Биби Ҳожарни олиб Шомдан Макка томон йўлга чиқдилар. Шунда улар билан бирга бир меш сувдан бўлак йўл озиғи йўқ эди. Исмоил (ас)нинг оналари (Биби Ҳожар) ўша мешдан йўл-йўлакай сув ичиб, шу тарзда сутлари мўл келиб турди. Иброҳим (ас) Маккага етиб келгач, уларни (Биби Ҳожар ва Исмоил (ас)ни) бир катта дарахт остида қолдирдилар, кейин оилаларига (Шомга) томон йўлга тушдилар. Исмоил (ас)нинг оналари (Биби Ҳожар) у кишига эргашиб Кадоъ деган ерга етганларида ортларидан чақирдилар-да: “Эй Иброҳим (ас), бизни кимга ишониб ташлаб кетаяпсиз?” – дедилар. Иброҳим (ас): “Аллоҳ таолога”, - дедилар. Биби Ҳожар: “Мен Аллоҳ кафолатига розиман!” – деб қайтиб кетдилар. Кейин, у муҳтарама анчагача мешдаги сувдан ичиб, сутлари мўл келиб турди. Мешдаги сув тамом бўлгач, ўзларига ўзлари: “Нарироқларга бориб қарайчи, зора бирор одамни учратсам!” – дедилар. Сўнг юра Сафо тепалигига етиб бориб, унга кўтарилдилар-да, тепадан туриб атрофга назар солдилар. Бирор кишини кўриб қоларман, дея қарадилар. Аммо бирор кимсага кўзлари тушмади. Кейин, водийга ўғилчалари қолган ерга қайтиб келгач, саъй қилиб Марва тепалигига бордилар. Бу саъйни бир марта қилдилар. Сўнг ўзларига ўзлари: “Бориб ўғлимга қарай-чи, унга нима бўлди экан!” – дея, уни қолдирган жойга бориб қарасалар, ўғилчалари ўлим талвасасидаги одам сингари ётибди. Унинг бу аҳволини кўргач, бунга чидай олмадилар ва: “Яна бориб қарайчи, зора бирор одамни учратсам!” – дея шитоб билан Сафога бордилар-да, устига чиқиб, атрофни роса кузатдилар, аммо бирор одамни кўрмадилар. Шу тариқа, бу ерга етти марта келиб кетдилар. Сўнг, Марва тепасидан атрофни кузатиб туриб, ҳеч кимни кўрмагач, ўзларига ўзлари: “Бориб қарай-чи, ўғилчамга нима бўлди экан?” – деган ҳам эдиларки, бир овоз қулоқларига чалинди. Шунда Парвардигоро, дуо илтижоларимни ижобат қилиб, нажот бер!” – деган ҳам эдилар, Жаброил (ас) товонлари билан ерни эздилар. Шунда ердан сув отилиб чиқди. Исмоил (ас)нинг оналари (Биби Ҳожар) бундан ҳайратланганча, сув атрофини кавлаб ҳовузча қила бошладилар. Абулқосим Расулуллоҳ (сав): “Агар уни ўз ҳолига қўйганларида эди, у ҳамма ёққа етадиган мўл сув бўлган бўлар эди”, - дейдилар. Сўнг, Биби Ҳожар ўша сувдан ичиб юрдилар, болаларига сутлари мўл келди. Кунлардан бир куни (Ямандан) йўлга чиққан Журҳум қабиласидан бўлган бир қанча кишилар (Биби Ҳожар ўғилчалари билан турган) водий орқали ўтиб кетаётиб (осмонда гир айланиб учаётган бир қушни кўриб қолишди-да, бунга ишонмагандек: “Бу қуш фақат сув устидагина учиб юради” – дейишди. Кейин, улар ўша томонга вакилларини юборишди. Улар сув борлигини кўриб, қайтишди-да, шерикларига хабар қилишди. Кейин, улар Биби Ҳожарнинг ҳузурларига келишиб: “Эй, Исмоилнинг онаси, бизнинг сиз билан бўлишимизга (сиз билан туришимизга) ижозат берасизми?” – дейишди. Ижозат берганларидан сўнг, улар ўша ерда туриб яшаб қолишди. Йиллар ўтиб, Биби Ҳожарнинг ўғиллари вояга етдилар ва Журҳум аҳли аёлларидан бирига уйландилар. Кунлардан бир куни Иброҳим (ас)да Биби Ҳожар билан ўғлини кўриб келиш фикри пайдо бўлиб, Биби Сорага: “Мен ўзим ташлаб келган Биби Ҳожар билан ўғлимнинг ҳолидан хабар олмоқчиман” – деб йўлга чиқдилар. Давоми: https://telegra.ph/3365-hadis-12-23
3366 - Ҳадис
10-боб 3366-ҳадис Абу Зарр (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ, Ер юзида биринчи бўлиб қурилган масжид қайси?” – дедим. У зот: “Масжидул Ҳаром (Байтуллоҳ)”, - дедилар. Мен: “Ундан кейин қайси?” – дедим. Узот: “Масжидул Ақсо (“Қуддусдаги масжид)” – дедилар. Мен: “Иккаласининг орасида неча йил фарқ бор?” – дедим. У зот: “Қирқ йил. Қаерда бўлмасин, намоз ўқийдиган вақтинг келдими, ўқигин, чунки – фазилат ўшандадир (яъни ўз вақтида ўқилган намоздадир)!” – дедилар. (Одам (ас) Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг, Парвардигор у зотга Қуддусга бориб Масжидул Ақсони ҳам қуришни амр қилди. Кейинчалик, Иброҳим (ас) Байтуллоҳни, Сулаймон (ас) эса Масжидул Ақсони қайта қурдилар) (яна қ. 3425).
3367 - Ҳадис
3367-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)га Уҳуд тоғи кўрингач: “Бу шундай тоғки у бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз. Аллоҳим, дарҳақиқат, Иброҳим (ас) Маккани Ҳарам деб эълон қилдилар, мен у (Мадина)нинг икки қора тошлари оралиғини (Мадинанинг икки тарафидаги Савр ва Айр тоғлари оралиғини) Ҳарам деб эълон қилдим” – деб марҳамат қилдилар”.
3368 - Ҳадис
3368-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “(Эй Ойша), қавминг (яъни Қурайш қабиласи)нинг Каъбани Иброҳим (ас) қурган пойдеворидан кичрайтириб қурганини кўрмадингми?” – дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, уни Иброҳим (ас) қўйган пойдевор ҳолатига қайтариб қўймайсизми?” – дедим. У зот: “Қавминг яқинда кофир бўлмаганида эди (яъни, яқиндагина куфрдан қайтиб, мусулмон бўлган кишилар бўлмаганида эди, шундай қилган бўлар эдим)” – дедилар, (яъни у зот Қурайш аҳлининг Исломдан айниб қолишларидан хавотир олганлар)”. Абдуллоҳ Умар (рз.): “Гарчи Ойша (рз.) бу ҳадисни Расулуллоҳ (сав)дан эшитган бўлсалар ҳам, мен Расулуллоҳ (сав)ни Ҳижр ёнидаги икки рукнни, фақатгина Байтуллоҳ Иброҳим (ас) пойдевори устига тўла қурилмаганлиги учунгина истилом (яъни ўтирадиган) қилмадилар, деб ўйлайман” – дейдилар.
3369 - Ҳадис
3369-ҳадис Абу Ҳумайд ас-Соъдий (рз.) ривоят қиладилар: “Саҳобалар Жаноб Расулуллоҳдан: “Ё Расулуллоҳ, сизга саловатни қандай айтайлик?” – деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳумма, салли ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи камо салайта ало оли Иброҳима, иннака ҳамудум мажид” – деб айтдилар” – дедилар. (* Маъноси: “Аллоҳим, Муҳамадга, унинг аҳли-аёлларига ва зурриётларига худди Иброҳимнинг оиласига саловат юборганингдек саловат юборгин! Муҳаммад, унинг аҳли-аёллари ва зурриётларини худди Иброҳим оиласини улуғлаганингдек улуғлагин!”).
3370 - Ҳадис
3370-ҳадис Абдураҳмон ибн Абу Лайло (рз.) ривоят қиладилар: “Каъб ибн Ужра мени учратиб: “Расулуллоҳ (сав)дан ўзим эшитган бир ҳадя (ҳадис)ни сенга туҳфа қилайми?” – деди. Мен: “Ҳа, албатта, уни менга тортиқ қилгин!” – дедим. Шунда у бундай деди: “Биз Расулуллоҳ (сав)дан: “Ё Расулуллоҳ, Сиз (яъни байт аҳли)га қандай саловат айтилади? Дарҳақиқат, сизга қандай салом йўллашни Аллоҳнинг ўзи бизга ташаҳҳуд орқали ўргатди” – деб сўрадик. Жаноб Расулуллоҳ: “Аллоҳумма, салли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад кама солайта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум-мажид. Аллоҳумма, барик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад камо боракта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим, иннака ҳамидум-мажид” – деб айтинглар” (Аллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммад оиласига ҳудди Иброҳим оиласига саловат юборганингдек саловатлар юборгин! Зеро, Сен Ҳамид ва Мажиддирсан. Аллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммад оиласига ҳудди Иброҳим ва Иброҳим оиласига барокот ёғдирганингдек барокотлар ёғдиргин! Зеро, Сен Ҳамид ва Мажиддирсан”) – дедилар” (яна қ. 4797, 6357).
3371 - Ҳадис
3371-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни “Аъуузу би калимотилоҳит томма мин кулли шайтонин ва ҳомма ва мин кулли айнан ломма” – деб дуо қилдилар-да, сўнг: “Боболарингиз Иброҳим (ас) ҳам Исмоил (ас) билан Исҳоқ (ас)ни ана шу сўзлар билан (Аллоҳдан уларни сақлашини сўраб дуо қилардилар)”, - дер эдилар”. (* Маъноси: Ҳар қандай шайтон ва ҳар қандай заҳарли махлуқлардан ва ёмон кўзлардан Аллоҳнинг (фазилати ва баракоти) мукаммал бўлмиш калималарига (аслида Аллоҳнинг калималари барчаси мукаммалдир) сиғинаман).
3372 - Ҳадис
11-боб Аллоҳ таолонинг: “Яна уларга Иброҳимнинг меҳмон(лар)и ҳақида хабар беринг! Ўшанда улар унинг ҳузурига кириб: “Салом!”, - дедилар. (Таомга қул чўзишмагач) у: “Биз сизлардан қўрқмоқдамиз (кимсизлар ўзи?)”, - деди” (“Ҳижр” сураси, 51-52-оятлар) – каломи ҳақида Мазкур суранинг (53-оятдаги) “ла тавжал” сўзи “қўрқма” демакдир. Аллоҳ таолонинг каломи: “Эсланг (эй. Муҳаммад!),Иброҳим: “Эй, Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, - деганида, Аллоҳ: “Ишонмадингми?” – деди” Иброҳим айтди: “Йўғ-е, лекин дилим янада таскин топсин” (“Бақара” сураси, 260-оят). 3372-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб марҳамат қилдилар: Биз Иброҳим (ас) “Эсланг (эй, Муҳаммад!), Иброҳим: “Эй, Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деганида, Аллоҳ: “Ишонмадингми?” – деди”. Иброҳим айтди: “Йўғ-е, дилим янада таскин топсин” (“Бақара” сураси 260-оят) – деган пайтидан ҳам шубҳаланишга ҳақлироқмиз. (* Иброҳим (ас) Аллоҳдан ўликларни қандай тирилтиришни сўраган пайтида, асло Аллоҳнинг қудратига бўлган шак-шубҳа сабабли сўрамаганлар). Лут (ас)ни Аллоҳ раҳматига олсин. У ҳақиқатдан ҳам доимо “кучли суянчиққа таяниб, бошпана топар эдилар. (* Яъни “кучли суянчиқдан” мурод Аллоҳ эканлиги айтилмоқда) Агар мен Юсуф (ас) зиндонда қолган муддат узунлигида зиндонда қолганимда ҳам зиндондан чиқиш учун чақирувчининг чақириғига хўп, деб жавоб берар эдим” (* Бу ҳадисни келтиришдан мақсад инсонлар Иброҳим (ас)нинг юқоридаги саволини эшитиб, унда Аллоҳнинг қудратига нисбатан шубҳа бўлган экан, демасликлари учундир. Пайғамбар (сав) демоқчиларки, мен шубҳаланмаяпманми, демакки Иброҳим (ас) асло шубҳаланмаганлар, балки бу савол бошқа бир ҳикмат сабабидандир. Лут (ас) “Кучли суянчиқ” деганларида ҳам Аллоҳдан бошқа тушинилмасин, дея Пайғамбар (сав) Лут (ас)га дуо қилмоқдалар. Худди шу каби Юсуф (ас) зиндондан тез чиқмасликлари у зотнинг қайсарликлари эмас, балки сабрларининг нақадар кучли эканлигидандир. Хулоса қилиб айтганда Пайғамбар (сав) камтарлик билан бошқа пайғамбарларни оқлаб қўймоқдалар).
3373 - Ҳадис
12-боб Аллоҳ таолонинг каломи: “(Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи Набий ва Расул эди” (“Марям” сураси, 54-оят) 3373-ҳадис Салама ибн ал-Акваъ (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) камондан ўқ узиб) мусобақалашаётган бир гуруҳ кишилар олдидан ўтиб бораётиб: “Эй Исмоил (ибн Иброҳим Халилуллоҳ) авлодлари, отинглар! Чунки, боболарингиз (Исмоил) ҳам мерган (камончи) бўлганлар, мен эса фалон қабила билан биргаман!” – дедилар. Буни эшитиб мусобақалашаётган икки гуруҳдан бири отишдан тўхтади. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Сизларга нима бўлди, нега отмаяпсизлар?” – дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, сиз (Жанобингиз) улар билан бирга бўлсангиз, биз қандай отамиз?” – дейишди. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Отаверинглар, мен ҳаммангиз тарафман!” – деб марҳамат қилдилар”.
3374 - Ҳадис
13-боб Исҳоқ ва Иброҳим (ас) қиссаси Бу хусусда Ибн Умар ва Абу Ҳурайра Расулуллоҳ (сав)дан эшитганларини ривоят қилишган, лекин бу ерда ривоятнинг матни келтирилмаган. 14-боб Аллоҳ таолонинг”(Эй, Исроил авлоди!) Ёки Яъқубга ўлим келганда, ўғилларига: “Мендан кейин нимага сиғинасиз?” – деганида, улар: “Сенинг илоҳинг ва боболаринг – Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳга сиғинамиз ва бизлар фақат унинг ўзигагина бўйсунувчилармиз”, - деб жавоб берганларида (уларга) гувоҳ бўлганмидингиз?” (“Бақара” сураси, 133-оят) деган каломи ҳақида 3374-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Саҳобалардан бири Расулуллоҳ (сав)га: “Аллоҳ таоло ҳузурида инсонларнинг энг мукаррамроғи ким?” – деб сўради. У зот: “Аллоҳ наздида инсонларнинг энг мукаррамроғи Ибн Набийуллоҳ (Ёқуб) ибн Набийуллоҳ (Исҳоқ) ибн Набийуллоҳ (Иброҳим) бўлмиш Аллоҳнинг Набийси Юсуфдир”, - деб марҳамат қилдилар. Саҳобалар яна: “Биз сиздан бу ҳақда ҳам сўраётганимиз йўқ” – дейишди. Шунда у зот: “Арабларнинг манбаи (асл-насаби) хусусида сўраяпсизларми? Сизнинг жоҳилият давридаги энг яхшиларингиз Ислом даврида ҳам энг яхшиларингиздир, агар улар тушунган бўлсалар”, - деб марҳамат қилдилар”.
3375 - Ҳадис
15-боб Аллоҳ таолонинг: “Лутни ҳам эсланг. Қайсики у қавмига айтган эди: “Сизлар кўриб (билиб) туриб фаҳш ишларини қилаяпсизми?! Сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳватни эркакларга келтирасизми?! Ҳа, сизлар жоҳил қавмдирсиз”. (Лут) қавмининг жавоби эса, фақат “Лут аҳлини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳақиқат, улар жуда “пок”ланиб кетаётган кишилардир”, - дейишлари бўлди. Сўнгра биз (Лутга) ва унинг аҳлига нажот бердик. Илло, унинг хотини (нажот топмади, чунки) ҳалок бўлувчилардан эканини тақдир қилиб – белгилаб, қўйган эдик. Уларнинг устига ёмғир (тош) ёғдирдик! Бас, огоҳлантирувчилар ёмғир нақадар ёмон бўлди!” (“Намл” сураси, 54-85-оятлар) деган сўзи ҳақида 3375-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло Лут (ас)ни таъна-маломатлардан ҳимоя қилсин! Дарҳақиқат, у киши бақувват устун (яъни Аллоҳ таоло)га таянар эдилар” – деб марҳамат қилдилар”. (* Ушбу ҳадисда “Лут (ас)ни Аллоҳ мағрифат қилсин!” – дейилган. Эҳтимол “мағрифат” пайғамбар шаънига айтилаётганлиги учун, буни мажозий маънода тушуниш керакдир).
3376 - Ҳадис
16-боб Аллоҳ таолонинг: “Қачонки, Лут оиласига элчилармиз келгач, у (Лут) деди: “Сизлар нотаниш қавмсиз” (“Ҳижр” сураси, 61-62-оятлар) деган каломи ҳақида 3376-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) “Бас, эслатма олувчи борми?” деб қироат қилдилар” (яъни Жаноб Расулуллоҳ Лут (ас) ва у кишининг қавмлари хусусида зикр қила туриб “Қамар” сурасининг 32-оятини тиловат қилдилар).
3377 - Ҳадис
17-боб Аллоҳ таолонинг “Самуд қавмига биродарлари Солиҳни (пайғамбар этиб юбордик)” (“Аъроф” сураси, 73-оят) деган каломи ҳақида 3377-ҳадис Абдуллоҳ ибн Замъа ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг (Солиҳ (ас)нинг) туяларини сўйган Самуд қавмига мансуб кишини зикр қилиб туриб: “Абу Замъа (Замъанинг отаси) сингари бақувват ва енгилмас бўлган бир киши уни (туяни ўзига) чақирди-да, сўйиб юборди” – деб айтганларини эшитдим” (яна қ. 4942, 5204, 6042).
3378 - Ҳадис
3378-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Табук ғазоти вақтида Ҳижр деган ерга тушганларида саҳобаларга ҳижрликлар қудуғидан сув ичмасликни ҳамда унинг сувидан мешларга қуйиб олмасликни буюрдилар. Улар: “Аллақачон унинг сувига ҳамир қориб ҳамда ундан мешларга тўлдириб олганмиз”, - дейишди. Шунда у зот ўша хамирни тўкиб ташлашни амр қилдилар. Сабра ибн Муъаббад ҳамда Абу Шумусдан нақл қилинишича, Жаноб Расулуллоҳ ўшанда ҳатто (ўша сув билан бўлган) таомларни ҳам ташлаб юборишни амр қилган эканлар эканлар” (яна қ. 3379). (* Аллоҳ таоло бало юборган қавм еридаги сув ва егуликларни истеъмол қилишни тақиқлаганлар, боиси – уларга ҳам касофати тегиши мумкин эди).
3379 - Ҳадис
3379-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) хабар беришларича, “бир қанча одамлар Расулуллоҳ (сав) билан бирга Самуд қавми ери бўлган Ҳижрга тушдилар. Улар Ҳижр қудуғидан мешларни тўлдирдилар ва унинг суви билан хамир қордилар. Шунда Расулуллоҳ (сав) уларни Ҳижр қудуғидан олинган сувларини тўкиб ташлашга, хамирларини туяларига едиришга буюрдилар, ҳамда уларга туялар (сув) келтирадиган қудуқдан сув тўлдиришни амр қилдилар” (яна қ. 3378).
3380 - Ҳадис
3380-ҳадис Солим ибн Абдуллоҳ оталаридан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Ҳижрдан ўтиб кетаётиб: “Ўзларига зулм қилганлар (яъни Самуд қавми)нинг яшаган жойларига кирманглар, фақатгина уларнинг бошига тушган мусибат сизларга ҳам етиб қолишидан қўрқиб, йиғлаб ўтиб кетинг!” – дедилар. Сўнг юзларини ридолари билан тўсиб олганча уловларидан тушмасдан ўтиб кетдилар”.
3381 - Ҳадис
3381-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) : “Ўзларига зулм қилганларнинг уйларига кира кўрманглар. Фақатгина улар гирифтор бўлган мусибат сизларга етиб қолишидан қўрқиб йиғлаган ҳолда ўтинглар, акс ҳолда сизлар ҳам дучор бўлиб, йиғлаб қоласизлар”, - дедилар”.
3382 - Ҳадис
18-боб Аллоҳ таолонинг: “(Эй, Исроил авлоди!) Ёки Яъкубга ўлим келганда, ўғилларига: “Мендан кейин нимага сиғинасиз?” – деганида, улар...” (“Бақара” сураси, 133-оят) деган каломи ҳақида 3382-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб марҳамат қилдилар: “Карим ўғли, Карим ўғли, Карим ўғли, Карим – Иброҳим ўғли Исҳоқ ўғли Яъкуб ўғли Юсуф (ас)дирлар”, - дедилар”.
3383 - Ҳадис
19-боб Аллоҳ таолонинг: “Ҳақиқатдан, Юсуф ва (унинг) биродарлари (қиссаси)да сўровчилар учун аломатлар бордир” (“Юсуф” сураси, 7-оят) деган каломи ҳақида 3383-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Саҳобалардан бири Расулуллоҳ (сав)дан: “Одамларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида энг иззат-икромлиси ким?” – деб сўради. У зот: “Уларнинг Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қилувчи”, - дедилар. Саҳобалар: “Биз сиздан бу ҳақда сўраётганимиз йўқ”, - дейишди. У зот: “Одамларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида (насаб жиҳатидан) энг иззат-икромлиси Иброҳим Халилуллоҳ ўғли Исҳоқ, Набийуллоҳ ўғли Яъкуб, Набийуллоҳ ўғли Юсуф Набийуллоҳдирлар”, - дедилар. Саҳобалар яна: “Биз сиздан бу ҳақда сўраётганимиз йўқ”, - дейишди. Шунда у зот: “Мендан арабларнинг манбаи (асл-насаби) хусусида сўраяпсизларми? Одамлар маъданлар кабидирлар. Жоҳилият вақтидаги энг яхшилари – Ислом вақтидаги энг яхшиларидир, агар тушунган бўлсалар” – деб марҳамат қилдилар”.
3384 - Ҳадис
3384-ҳадис Урва ибн Зубайр Ойша (рз.)дан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бетоб вақтларида унга (Ойшага): “Абу Бакрга буюргин (айтгин), одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиб берсин (яъни менинг ўрнимга уларга имомлик қилсин)”, - дедилар. Ойша: “У киши қалблари нозик, кўнгли бўш одам, ўрнингизга имомлик қилса, одамлар билан намоз ўқилёлмайди, кўнгиллари бўшлик қилиб, йиғидан ўзини тиёлмайди”, - дедилар. Жаноб Расулуллоҳ бояги гапларини айтган эдилар, Ойша онамиз ҳам боягидек жавоб қилдилар. Шуъба (рз.) айтадиларки, Расулуллоҳ (сав) бояги гапларини учинчи ё тўртинчисида: “Дарҳақиқат, сиз хотинлар Юсуф (ас) қиссасидаги унинг зиндондаги шериклари кабисизлар. Абу Бакрга буюринглар (айтинглар, ўрнимга имомлик қилсин”) – деб айтдилар”.
3385 - Ҳадис
3385-ҳадис Абу Мусодан нақл қилинади: “Расулуллоҳ (сав) бетоб бўлиб қолгач: “Абу Бакрга буюринглар (айтинглар), одамларга намоз ўқиб берсин (ўрнимга имомлик қилсин)”, - дедилар. Ойша онамиз: “Абу Бакр кўнгли бўш киши”, - дедилар. У зот бояги гапларини қайтардилар. Ойша онамиз ҳам боягидек жавоб қилдилар. У зот яна: “У кишига буюринглар (айтинглар, имомлик қилсин), дарҳақиқат сизлар Юсуф (ас) (қиссасидаги зиндондаги) шериклари кабидирсизлар”, - дедилар. Кейин, Абу Бакр Расулуллоҳ (сав) ҳали ҳаёт бўла туриб, ўринларига имомлик қилдилар”. Ҳасан Зоидадан нақл қилиб: “Абу Бакр кўнгли бўш одам эдилар”, - дейдилар.
3386 - Ҳадис
3386-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳим, Айёш ибн Абу Рабиъага нажот бер! Аллоҳим, Салама ибн Ҳишомга нажот бер! Аллоҳим, Валид ибн Валидга нажот бер! Парвардигоро, мўминларнинг заифлари (бечоралари)га нажот бер! Аллоҳим, Музор қавмига нисбатан қаҳрингни янада қаттиқ қил! Аллоҳим, уларнинг бошига Юсуф (ас) йилларидаги (қаҳатчилик) каби йилларни солгин!” – деб дуойи хайр ва дуойи бад қилдилар”.
3387 - Ҳадис
3387-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло Лут (ас)ни раҳмат қилсин, у киши устунга мустаҳкам (Аллоҳ таолога) таянар эдилар. Агар мен зиндонда Юсуф (ас) қолган муддатгача қолган бўлсам-у, кейин подшоҳнинг ҳузурига чорловчи одами келиб: “Сен озодсан” – деб ташқарига чақирса, дарҳол кўнган бўлар эдим” – дедилар”.
3388 - Ҳадис
3388-ҳадис Масруқ (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Ойша (онамизнинг) оналари Умму Румондан у муҳтарама (онамиз) хусусларида айтилган бўхтон тўғрисида сўрадим. Шунда Умму Румон бундай дедилар: “Бир маҳал мен Ойша билан бирга уйда ўтирган эдим, ансория аёллардан бири кириб келдилар-да: “Фалончини (Мистаҳни) Аллоҳ таоло балога гирифтор қилсин!” (аслида гирифтор қилиб қўйди) – деди. Мен: “Нега бундай деяпсан?” – дедим. Бояги аёл: “Чунки ўша (Мистаҳ) гап ташиб, иғво қилиб юрибди”, - деди. Шунда Ойша: “Қайси гапни?” – дея сўрадилар: “Буни отам Абу Бакр билан Жаноб Расулуллоҳ ҳам эшитганмилар?” – деди. Бояги аёл: “Ҳа”, - деб айтди. Шунда Ойша хушидан кетиб йиқилди-да, қаттиқ иситма ва титроқ билан ўзига келди. Шу аснода Жаноб Расулуллоҳ келиб: “Бунга нима қилди?” – дедилар. Мен: “Ўзи ҳақидаги гапирилаётган гаплар туфайли қаттиқ иситмалаб қолди”, - дедим. Ойша ётган жойида ўтирди-да: “Аллоҳ таоло ҳақи, агар қасам ичсам ҳам менга ишонмайсизлар ва агар узр сўрасам, кечирмайсизлар. Мен ҳам сизлар худди Яъқуб (ас) билан унинг ўғиллари кабисизлар. “Сизлар тавсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир” (“Юсуф” сураси, 18-оят) – деди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ кетмоқчи эдилар, Аллоҳ таоло Ойша хусусидаги ўз оятларини нозил қилиб қолди. Сўнг, у зот ойшани бундан хабардор қилдилар. Шунда Ойша: “Бунинг учун Аллоҳ таологагина ҳамд айтаман, бошқа бирор кишига ҳамд айтмайман!” – деди” (яна қ. 4143, 4691, 4791).
3389 - Ҳадис
3389-ҳадис Урва (рз.)дан ривоят қиладилар: “Мен Набий (сав) хотинлари бўлмиш Ойша (рз.)дан: “Аллоҳ таолонинг “Ҳар қачон (ўша пайғамбарлар ноумид бўлиб: “Бизлар ёлғончи бўлдик”, - деб гумон қила бошлаганларида...”, (“Юсуф” сураси, 110-оят) – деган сўзи ҳақида менга билдирсангиз! Нима, улар ёлғончилик қилганларми?!” дея сўрадим. Ойша (рз.): “Асло, балки уларнинг қавмлари улар ваъда қилган азоб кечикаётгани учун уларни ёлғончига чиқазганлар”, - дедилар. Мен яна: “Аллоҳга қасамки, аҳир пайғамбарлар ҳақиқатдан ҳам қавмлари уларни ёлғончига чиқазганларига қатъий ишонганлар-ку, (оятдаги) “гумон” бу нима сабабдан?” – дедим. Шунда Ойша (рз.): “Эй Урайя (яъни эркалатиб, эй Увачи)! Пайғамбарлар, (бизлар ёлғончи бўлдик дея гумон қилмадилар, балки) улар бунга қатъий ишонадилар” – дедилар. Мен яна: “Балки, оятда” ёки” биз Аллоҳ тарафидан ёлғончига чиқарилдикми?” бўлиши мумкин?” – дедим. Ойша (рз.): “Аллоҳ асрасин! Пайғамбарлар ўз Раббилари ҳақида ҳеч қачон бундай гумон қилмаганлар. Аммо бу оятга келсак, гумон қилувчилардан мурод, бу Раббиларига имон келтириб (пайғамбарларини) тасдиқлаган, аммо бошларига келаётган бало узоқ муддат чўзилиб, (ман қилинган) нусрат уларда кечикиб қолган қавмдир. Ўша қавмидан бўлган кофирлар уларни ёлғончига чиқазганлар, дея гумон қила бошлаганлар, у пайт уларга Аллоҳнинг нусрати келган” – дедилар”.
3390 - Ҳадис
3390-ҳадис Мазкур ҳадис 3382-ҳадиснинг айнан ўзгинасидир.
3391 - Ҳадис
20-боб Аллоҳ таолонинг: “Айюбнинг эса Раббига нидо қилиб: “(Эй, Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, - деб илтижо қилган пайтини (эсланг!)” (“Анбиё” сураси, 83-оят) деган каломи ҳақида 3391-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб марҳамат қилдилар: “Бир маҳал Айёб (ас) ялонғоч ҳолда чўмилиб турган эдилар, бир тўда тилла чигиртка (малах) учиб келиб, устларига қўнди. Шунда у киши (чигирткаларни) кийимларига сола бошладилар. Шунда Рабби бўлмиш Аллоҳ таоло у кишига танбеҳ бериб: “Эй Айюб! Мен сени (ана шу) кўриб турган нарсадан беҳожат қилиб қўймадимми?” – деди. Айюб (ас): “Ҳа, албатта, беҳожат қилиб қўйдинг, эй Парвардигорим! Аммо сенинг баракотингдан” – дедилар (яъни Айюб серфарзанд бадавлат киши эдилар. Кейин, фарзанду мол-дунёларидан ажралиб, оғир дардга чалиниб қолдилар, талай вақтгача Аллоҳ таолодан ваҳий келмай қўйди. У киши буларнинг барчасига сабру қаноат қилдилар. Бир куни Аллоҳ таоло синаш учун тилла чигирткаларни юборди. Шунда юқорида зикр қилинган воқеа рўй берган эди.
3392 - Ҳадис
21-боб Аллоҳ таолонинг: “(Эй, Муҳаммад!) Китобда (Қуръонда) Мусо (қиссаси)ни ёд этинг! Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи – пайғамбар эди. Биз унга Тур (тоғи)нинг ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножат қилган ҳолида (ўзимизга) яқин этдик” (“Марям” сураси 51-52-оятлар) деган каломи ҳақида (“Шунда) Фиръавн зодагонларидан имони яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: “Бир кишини, “Менинг Раббим Аллоҳдир”, дегани учун ўлдирасизми?! Ҳолбуки, у сизларга Раббингиз томонидан ҳужжатларни келтиргандир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига! Борди-ю, ростгўй бўлса (у ҳолда) сизларга ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (“Ғофир” сураси, 28-оят0 – деган каломи ҳақида. 3392-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Кейин, Расулуллоҳ (сав) Ҳиро ғоридан қалблари титраганча (юраклари ваҳима босганча) Ҳадичанинг ҳузурига қайтиб келдилар. Сўнг, Ҳадича у зот билан бирга Варақа ибн Навфалнинг қошига йўл олдилар. Варақа ибн Навфал насронийлар динини қабул қилган бўлиб, Инжилни арабча қироат қилар эди. Варақа Жаноб Расулуллоҳга: “Нимани кўряпсиз?” – деди. У зот бўлган воқеадан уни хабардор қилдилар. Сўнг, Варақа: “Бу Аллоҳ таоло Мусога нозил қилган ўша Номус (Жаброил)дир. (Кошкийди), агар сизнинг пайғамбарлик кунингиздан бири менга насиб этса эди, мен сизга жуда ҳам қаттиқ ёрдам берган бўлар эдим”, - дедилар. Имом Бухорий (рз.) айтадилар: “Номус – бу ўзгалардан беркитилган нарсалар унга билдирилган “сир соҳиби” бўлмиш фариштадир”.
3393 - Ҳадис
22-боб Аллоҳ таолонинг каломи: “(Эй, Муҳамад!) Сизга Мусо ҳақида хабар келдими? Эсланг, у (узоқдан) бир оловни кўриб оиласига: “Шу ерда) турингиз! Мен бир оловни кўриб қолдим, шоядки сизларга бирор чўғ олиб келсам ёки шу ўт (атрофи)да бирор йўл (кўрсатувчи) топсам!”, - деди. Бас, олов (яқини)га келгач: “(Эй Мусо!) Мен сенинг Раббингдирман. Бас, оёқ кийимингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидадирсан” (“Тоҳо” сураси, 9-12-оятлар). 3393-ҳадис Молик ибн Саъсаъа (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Исроъ кечаси хусусида саҳобаларга ҳикоя қила туриб, бешинчи осмонга етганларида Ҳорун (ас)ни учратганларини айтдилар. Сўнг, бундай деб марҳамат қилдилар: “Жаброил (ас) менга: “Бу Ҳорундирлар, у кишига салом беринг!” – дедилар. Мен у кишига салом берган эдим, алик олгач: “Марҳабо, солиҳ биродар ва солиҳ пайғамбар!” – дедилар”.
3394 - Ҳадис
23-24-боблар Аллоҳ таолонинг: “(Эй, Муҳаммад!) Сизга Мусо ҳақидаги хабар келдими?” (“Тоҳо” сураси, 9-оят) ҳамда “Аллоҳ Мусо билан (бевосита) гаплашди” (“Нисо” сураси, 164-оят) деган каломлари ҳақида 3394-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб марҳамат қилдилар: “Мен Масжидул Ақсога саёҳат қилдирилган кечада (яъни Исроъ кечаси) Мусо (ас)ни кўрдим. У киши озгина сочи жингалак бўлиб худди Шанувъа қабиласи кишиларига ўхшар эканлар. Исо (ас)ни ҳам кўрдим. У киши ўрта бўйли ва оқ-қизил юзли бўлиб, гўё бирор салқин жойдан ташқарига чиққанга ўхшайдилар. Мен эса Иброҳим (ас)нинг фарзандлари ичида энг ўхшайдиганроғиман. Кейин, менга икки идиш келтирилди, бирида сут ва бошқасида маст қилувчи ичимлик. Жаброил (ас): “Булардан хоҳлаганингизни ичинг!” – дедилар. Мен сутни ичдим. Шунда менга: “Фитратни (яъни тўғри йўлни) танладингиз, агар маст қилувчи ичимликни олганингизда умматингиз гумроҳ бўлган бўлар эди” – дейилди” (яна қ. 3437, 4709, 5576, 5603).
3395 - Ҳадис
3395-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Бирор банда: “Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман” – деб айтмаслиги лозим”, - дедилар ва кишининг оталари (Матто)га нисбат қилдилар” (яна қ. 3413, 4630, 7539).
3396 - Ҳадис
3396-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ Исроъ кечаси хусусида эслаб: “Мусо (ас)нинг бўйлари узун, худди Шанувъа қабиласи кишиларига ўхшар эканлар, Исо (ас) эса ўрта бўйли, сочи жингалак эканлар. Кейин, жаҳаннам қуриқчиси Молик ва Дажжол хусусида ҳам зикр қилдилар”.
3397 - Ҳадис
3397-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Мадинага келганларида (яҳудийларнинг) Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар. Яҳудийлар: “Бу кун – Аллоҳ таоло Мусо (ас)га нажот бериб, Фиръавн хонадони ғарқ қилган буюк кундир. Ўшанда Мусо (ас) Аллоҳга шукр айтиш маъносида шу куни рўза тутганлар”, - дейишди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Мен Мусо (ас)га яқинликда улардан кўра ҳақлироқман!” – дедилар-да, Ашуро рўзасини ўзлари ҳам тутдилар, саҳобаларга ҳам тутишни буюрдилар”.
3398 - Ҳадис
25-боб Аллоҳ таолонинг: “Мусо билан ўттиз кеча ваъдалашдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Шундай қилиб, Раббининг “қирқ кеча” дея белгилаган вақти камолига етди. Мусо (кеча туриб) ўз биродари Ҳорунга: “Қавмимда (сен қолиб) менинг ўринбосарим бўлгин, (хатоларимни) ислоҳ эт ва бузғунчилар йўлига эргашмагин!” – деди. Мусо Биз белгилаган вақтда (Тур тоғига) келгач, у билан Рабби бевосита гаплашди. Мусо: “Раббим! (Ўзингни) менга кўрсатгин, Сенга бир назар қилай!” – деди. (Аллоҳ): “Мени кўра олмайсан. Лекин (ана у) тоққа (бир) боқ! Агар мен унга бир жилва қилганимда (тоқат қилиб) ўз ўрнида тура олса, сен ҳам мени кўрасан”, - деди. Рабби тоққа тажаллий (кичик бир кўриниш) қилган эди, уни майдалаб ташлади. Мусо (бундан таъсирланиб) беҳуш ҳолда йиқилди. Ҳушига келгач, деди: “Сенга тасбеҳ айтурман, Сенга тавба қилдим ва мен мўминларнинг биринчиси (пешвоси)дурман” (“Аъроф” сураси, 142-143-оятлар) деган каломи ҳақида 3398-ҳадис Абу Саид (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Қиёмат куни одамлар яшин ургандек беҳуш бўлиб йиқиладилар. Ўшандан сўнг биринчи бўлиб ҳушига келтирилган одам мен бўламан. Шунда қарасам Мусо (ас) Арш устунларидан бирини ушлаб турган бўладилар. Лекин у киши мендан аввал ҳушларига келтирилдиларми ёки Тур тоғида беҳуш бўлиб йиқилганлари эвазига бу сафар беҳуш қилинмадиларми, бундан бехабар бўламан”.
3399 - Ҳадис
3399-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Агар Бани Исроил бўлмаганида эди, гўшт сасимаган бўлар эди, агар Момо Ҳаво бўлмаганларида эди, аёл эрига бирон бир хиёнат қилмаган бўлар эди!” – дедилар”. (Бани Исроил Аллоҳ таоло нозил қилган салво (бедана) гўштини очкўзлик қилиб ғамлагани боисидан ўша вақтдан ҳанузгача гўшт сасийдиган бўлиб қолди. Момо Ҳаво эсалар шайтони лаъиннинг васвасасига учиб, Одам (ас)ни жаннатдаги тақиқланган дарахт мевасидан ейишга ундаганлар).
3400 - Ҳадис
26-боб Сел тўфони ҳақида (Бу бобда “Аъроф” сурасининг 133-оятига ишора қилинган). “Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноатчилар қавми эди” (“Аъроф” сураси, 133-оят). 27-боб Хизр (ас)нинг Мусо (ас) билан суҳбатлари хусусида 3400-ҳадис Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қиладиларки, Ибн Аббос ва Ҳурр Қайс ал-Фазорий Мусо (ас)нинг ҳамроҳлари хусусида ўзаро баҳслашиб қолишибди. Ибн Аббос: “Ўша киши Хизр (ас) бўлганлар”, - дебдилар. Шу аснода уларнинг ёнидан Убай ибн Каъб ўтиб қолиб, Ибн Аббос у кишини олдиларига чақирибдилар-да: “Мен ва мана бу ҳамсуҳбатим Мусо (ас) у билан кўришишлик йўлини Аллоҳдан сўраган ҳамсуҳбатлари ким бўлганлиги борасида ўзаро тортишиб қолдик, Сиз Расулуллоҳ (сав)нинг ўша киши ҳақида зикр қилганларини эшитганмисиз?” – дебдилар. Убай ибн Каъб: “Ҳа, мен Расулуллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитганман”, - дебдилар: “Бир маҳал Мусо (ас) Бани Исроилга мансуб бир тўда одамлар орасида хутба қилиб турган эдилар, уларнинг олдига бир киши келиб: “Сиз ўзингиздан кўра билимдонроқ бирортасини биласизми?” – деди. Мусо (ас): “Йўқ, билмайман” – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Мусо (ас)га: “Албатта, бизнинг бандамиз Хизр (ас) сиздан билимдонроқдир” – деб ваҳий юборди. Сўнг, Мусо (ас) у киши билан учрашиш йўлини сўрадилар. Балиқ Хизр (ас)нинг аломати қилиб берилди ва: “Қачонки, ҳутни йўқотсангиз, ортингизга қайтинг у билан учрашасиз” – дейилди. Мусо (ас) ғуломлари билан бирга ҳутни кўтарганча денгиз бўйлаб йўлга чиқишди. Бир маҳал ғуломлари у кишига: “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни унутибман. (Буни сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга йўл олибди, ажобо!” (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарса эди”. Сўнгра (Хизрни) қидириб, изларига қайтдилар” (Каҳф” сураси, 63-64-оятлар). Кейин, иккалалари ўртасида Аллоҳ таоло ўз Китобида (ривоят) қилган қиссалар рўй берди”.
«
←
64
65
66
67
68
69
70
71
72
→