Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
3201 - Ҳадис
3201-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтдилар: “Дарҳақиқат, Қуёш ва Ой бирор кишининг ўлими ва тириклиги туфайли тутилмайди, аммо улар Аллоҳ таолонинг оятларидандир (икки мўъжизасидир), уларнинг (тутилганини) кўрсангиз, дарҳол намоз ўқинглар!”.
3202 - Ҳадис
3202-ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Дарҳақиқат, Қуёш ва Ой Аллоҳ таолонинг оятларидир, улар бирор кимсанинг ўлими ва (бирор кимсанинг) ҳаёт эканлиги туфайли тутилмайди, агар уларнинг (тутилганини) кўрсангизлар Аллоҳ таолони зикр қилинглар!” – дедилар”.
3203 - Ҳадис
3203-ҳадис Ойша (рз.) бундай хабар қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Қуёш тутилган куни қиёмга туриб такбир айтдилар ва узоқ қироат қилдилар. Сўнг, узоқ рукуъ қилдилар, кейин бошларини кўтариб “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, - дедилар-да, илгаридек қадларини ростладилар, сўнг узоқ қироат қилдилар, аммо бу галги қироатлари аввалгисидан қисқароқ бўлди. Кейин, узоқ рукуъ қилдилар ва бу рукуъ илгарисидан қисқароқ бўлди. Сўнг, узоқ сажда қилдилар. Кейин, охирги ракъатда ҳам шундай қилдилар, сўнг (икки елкаларига) салом бердилар. Бу пайтда Қуёш чарақлаб турар эди. (Бундан) кейин одамларга хутба қилдилар. Хутбада Қуёш ва Ой тутилиши хусусида сўзлаб: “Бу иккиси Аллоҳ таоло оятларидан бўлиб, улар бирор кишининг ўлими ва ҳаёт эканлиги туфайли тутилмайди, қачон бу иккисини тутилганини кўрсангиз, дарҳол намоз ўқиш билан Аллоҳга илтижо қилинглар!” – дедилар”.
3204 - Ҳадис
3204-ҳадис Абу Масъуд (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қуёш ва Ой бирор кишининг ўлими ёки ҳаёт эканлиги сабабли тутилмайди, аммо улар Аллоҳ таолонинг оятларидан икки оятдир. Агар уларнинг тутилганини кўрсангиз, намоз ўқинглар!” – дедилар”.
3205 - Ҳадис
5-боб Аллоҳ таолонинг “У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи зот бўлиб,...” (“Аъроф” сураси, 57-оят) деган каломи хусусида 3205-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мен сабо (Шарқдан эсадиган шамол) билан ғолиб қилиндим ва Од қавми дабур (Ғарбдан эсадиган шамол) билан ҳалок қилинди” – дедилар”.
3206 - Ҳадис
3206-ҳадис Ойша (рз.) бундай деб хабар қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) осмонда бирор аломат (булут) кўрсалар, (хавотир олиб) дам олдинга ва кетинга юрар, ҳадеб (ичкарига кириб), чиқаверар эдилар. Агар ёмғир ёға бошласа, кўнгиллари тинчир эди”. Ойша онамиз (рз.) у зотдан бунинг боисини суриштирганларида Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Ахир мен биламан-ку? Балки бу булут Ҳуд (ас) қавмига бало сифатида келаётган булут кабидир?!” – дедилар ва “Ўшанда қавм “Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир (қора) булут ҳолида кўришгач: “Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир”, - дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса бўрондир-ки, унда (сизларга аталган) аламли азоб бордир” (“Аҳқоф” сураси, 24-оят) – оятини ўқидилар” (яна қ. 4829).
3207 - Ҳадис
6-боб Фаришталар зикри (уларга Аллоҳ таолонинг саловати бўлсин!) Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Салам Расулуллоҳ (сав)га: “Дарҳақиқат, фаришталардан бўлмиш Жаброил (ас) яҳудийларнинг душманидирлар”, - дедилар. Ибн Аббос эсалар: “Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳ таолонинг амрига ҳозир ҳолда) саф тортиб турувчилармиз деб аталувчи фаришталардир” – дедилар”. 3207-ҳадис Молик ибн Саъсаъа ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Бир маҳал мен Байтуллоҳ ёнида уйқу билан уйғоқлик орасида ётган эдим, Ҳазрат (Жаброил) икки ёнларида фаришта билан келдилар. Фаришталардан бири ҳикмат-у имонга лиммо-лим бир олтин жомни келтирди. Ҳазрат Жаброил кўкрагимни томоғимнинг пастидан то меъдамгача ёриб, ичини замзам суви билан ювдилар. Сўнг, уни ҳикмат-у имон билан тўлдирдилар. Кейин, хачирдан кичик, эшакдан каттароқ”Буроқ” деб аталмиш бир оқ улов келтирилди. Уни миниб Ҳазрат Жаброил билан бирга энг яқин дунё осмонга чиқдим. У ерда: “Ким бу?” – деб сўралди. Ҳазрат Жаброил: “ Бу Жаброилдир”, дедилар. “Сен билан бирга ким бор?” дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Бу Муҳаммаддир”, - дедилар.”Бу зот Аллоҳ таоло ҳузурига таклиф қилиндиларми?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Ҳа”, - дедилар. Шунда: “Марҳабо, хуш келибдилар!” – дейилди. Кейин, мен Одам (ас)нинг қошларига бориб у зотга салом бердим. У киши: “Марҳабо, эй фарзанд (ўғил), эй пайғамбар!” – дедилар. Сўнг, биз иккинчи осмонга келдик. У ерда ҳам: “Ким бу?” – деб сўралди. Жаброил (ас): “Бу мен”, - дедилар. Сен билан бирга ким бор?” – дейилди. Жаброил (ас): “Бу Муҳаммад (сав)дир”, - дедилар. “Бу зот Аллоҳ таоло ҳузурига таклиф қилиндиларми?” – дейилди.Жаброил (ас): “Ҳа”, - дедилар. “Марҳабо, хуш келибдилар!” – дейилди. Кейин, мен Исо ва Яҳё (ас) қошларига бордим.Иккалалари ҳам: “Марҳабо, эй биродар, эй пайғамбар!” – дейишди. Шундан кейин, биз учинчи осмонга келдик. У ерда ҳам: “Ким бу?” – деб сўралди. Ҳазрат Жаброил: “Бу менман” – дедилар. “Сен билан бирга ким бор?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Бу Муҳаммаддир”, - дедилар. “Бу зот Аллоҳ таоло ҳузурига таклиф қилиндиларми?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Ҳа”, - дедилар. “Марабо, хуш келибдилар!” – дейилди. Сўнг, мен Юсуф (ас)нинг қошларига бориб унга салом бердим. У киши: “Марҳабо, эй биродар, эй пайғамбар!” – дедилар. Кейин биз тўртинчи осмонга келдик. У ерда (ҳам): “Ким бу?” – деб сўралди. Ҳазрат Жаброил: “Бу менман Жаброилман”, - дедилар. “Сен билан бирга ким бор?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Муҳаммад (сав) бор” – дедилар. “Бу зот Аллоҳ таоло ҳузурига таклиф қилиндиларми?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Ҳа”, - дедилар. “Марҳабо, хуш келибсиз!” – дейилди. Сўнг, мен Идрис(ас)нинг қошларига бориб салом бердим. У киши: “Марҳабо, эй биродар, эй пайғамбар!” – дедилар. Кейин,бешинчи осмонга келдик. У ерда ҳам: “Ким бу?” – деб сўралди. Жаброил (ас): “Бу мен Жаброилман”,- дедилар. “Сен билан бирга ким бор?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Муҳаммаддир”, - дедилар. “Бу зотни Аллоҳ таоло ҳузурига таклиф қилганмиди?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Ҳа”, - дедилар. “Марҳабо, хуш келибдилар!” – дейилди. Сўнг, биз Ҳорун (ас)нинг қошларига бордик, мен у кишига салом берган эдим. У киши: “Марҳабо, эй биродар,эй пайғамбар!” – деб жавоб қилдилар. Кейин, биз олтинчи осмонга келдик (У ерда ҳам): “Ким бу?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил: “Бу менман”, - дедилар. “Сен билан бирга ким бор?” – дейилди. Жаброил (ас): “Муҳаммад (сав) бор” – дедилар. “Бу зот Аллоҳ таоло ҳузурига таклиф қилиндиларми?” – дейилди. Ҳазрат Жаброил :”Ҳа”, - дедилар. “Марҳабо, хуш келибдилар!” – дейилди. Кейин, мен Мусо (ас)нинг қошларига бориб, унга салом бердим. У киши ... Давоми: https://telegra.ph/3207-hadis-11-03
3208 - Ҳадис
3208-ҳадис Абдуллоҳ (ибн Масъуд) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) (у зот сўзларида содиқ, шу билан бирга Аллоҳ тарафидан ҳам сўзлари тасдиқланган зот эдилар) бундай дедилар: “Ҳар бирингизнинг вужудингиз онангиз қорнида қирқ кунда таркиб топиб, сўнг яна шунча кунда лахта қонга ва шунча кунда бир тишлам гўштга айланади. Кейин, Аллоҳ таоло онангиз қорнига бир фариштани юбориб, унга тўрт сўзни, яъни қандай ишлар қилишингизни, ризқингизни, умрингизни ва бахтсиз ёки бахтли эканлигингизни ёзиб қўйишни буюради. Сўнг жисмингизга рух бахш этилади. Сизлардан қайсинингиздир ўзи билан жаннат ўртасида бир тирсак масофа қолгунча амали солиҳлар қилиб юрса-да, пировардида (онаси қорнида битилган тақдири унга пешвоз чиқиб), жаҳаннам ўртасида бир тирсак масофа қолгунча дўзахийларга хос ишларни қилиб юрса-да, пировардида (она қорнида битилган тақдири унга пешвоз чиқиб) жаннат аҳлига мансуб бир иш қилса у жаннати бўлади” (яна қ. 3332, 6594, 7454).
3209 - Ҳадис
3209-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтдилар: “Аллоҳ таоло бирор бандасини севса, Ҳазрат Жаброилга: “Дарҳақиқат Аллоҳ таоло фалон бандасини севади, сен ҳам уни севгин!” – деб нидо қилади. Шунда Жаброил (ас) уни севиб қолиб, осмон аҳлига: “Дарҳақиқат Аллоҳ таоло фалон бандасини севади, сизлар ҳам уни севинглар!” – деб нидо қиладилар. Шунда осмон аҳли ҳам ўша бандани севиб қолади. Ана шундан сўнггина ердагилар наздида унинг ҳурмат эътибори қабул қилинади (яна қ. 6040, 4785).
3210 - Ҳадис
3210-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг бундай деб айтганларини эшитдим: “Дарҳақиқат фаришталар булутларга қўниб олишиб, осмонда ҳукм қилинган ишларни ўзаро музокара қиладилар. Шунда шайтонлар (жинлар) ўғринча қулоқ солишиб, уларни гапларини эшитиб олишади-да, унга ўзларидан юз турли ёлғон-яшиқ гапларни қўшишиб коҳинларга етказишади (яна қ. 3288, 5762, 6213, 7961).
3211 - Ҳадис
3211-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қачонки жума куни бўлса, фаришталар масжиднинг ҳар бир эшиги олдига туриб (масжидга келаётганларни) бирин-кетин рўйхатга олишади. Имом бориб жойига ўтиргач эса, дафтарларини ёпишада-да улар келиб, Аллоҳ таолонинг зикри (хутба)га қулоқ солишади”, - дедилар” (яна қ. 929).
3212 - Ҳадис
3212-ҳадис Саид ибн ал-Мусайяб ривоят қиладилар: “Умар Масжиди Набавий ёнидан ўтиб келаётсалар, Хассон (Пайғамбар (сав) шоири) баланд овоз билан шеър айтиб турган эканлар. Умар (рз.)нинг бундан бироз норози эканликларини кўрган Хассон (рз.) ўзларини оқлаб: “Мен илгари шундай жойларда шеър айтар эдимки, ваҳоланки, ўша жойларда сиздан хайрлироқ зот (яъни Пайғамбар (сав) бўлар эдилар” – дедилар. (* Бу сўзни айтишдан мақсад, масжидда шеър айтиш жоиз эканлигини билдириб қўйишлик эди). Сўнг, Абу Ҳурайра (рз.)га қараб: “Аллоҳ ҳақи сизлардан илтимос қилиб сўрайман! Сиз Расулуллоҳ (сав)нинг менга қараб: “Эй Хассон! Мени номимдан (кофирларнинг ҳавжларига) жавоб қайтар!” Аллоҳим, Хассонга Руҳул Қудс билан ёрдам бер! (Яъни Жаброил билан)” деганларини эшитганмидингиз?!” – дедилар. Абу Ҳурайра (рз.) бунга: “Ҳа, эшитганман” – дея жавоб бердилар” (яна қ. 453).
3213 - Ҳадис
3213-ҳадис Баро (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Хассонга: “Уларни (кофирларни) ҳавж қил, Ҳазрат Жаброил сен билан бирга!” – дедилар (яна қ. 4125, 4124, 6153).
3214 - Ҳадис
3214-ҳадис Ҳумайд ибн Ҳилол ривоят қиладилар: “Анас ибн Молик (рз.): “Мен Бани Ғанам қабиласи йўлида кўтарилган чангни ҳозир ҳам кўриб тургандекман”, - дедилар. Жаброил (ас)нинг фаришталардан иборат чавандоз лашкарлари эди”, - деб қўшимча қилдилар”.
3215 - Ҳадис
3215-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Ал-Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ (сав)дан: “Сизга ваҳий қандай келади?” – деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Менга барча ваҳийни фаришта олиб келади, у баъзан қўнғироқ жаранги каби келиб, унинг айтганларини онгимга жо қилиб олганимдан сўнг мени тарк этади. Менга энг қийин бўлгани мана шу шаклдаги ваҳийдир. Баъзан у одам қиёфасида кўриниб менга сўзлайди ва менинг айтганларини онгимга жо қилиб оламан”, - дедилар”.
3216 - Ҳадис
3216-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг “Аллоҳ таоло йўлида (нима бўлса ҳам) бир жуфтдан эҳсон қилган кишини жаннат хазиначиси “Эй, фалончи тезда бери кел!” деб ҳузурига чорлайди” – деганларини эшитдим. Шунда Абу Бакр: “Унинг учун абадий ҳалокат бўлмайдиган киши, мана шу кишидир” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Мен сизни ўшандай кишилардан бўлишингиздан умидворман” – дедилар” (яна қ. 1897).
3217 - Ҳадис
3217-ҳадис Абу Салама (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат Расулуллоҳ (сав) Ойша онамизга: “Эй Ойша мана бу Жаброил сенга салом айтаяптилар”, - дедилар. Ойша онамиз: “У кишига ҳам салом ва Аллоҳ таолонинг раҳмати ва барокати бўлсин! Сиз (Жаноб Расулуллоҳ) мен кўрмаган нарсаларни кўрасиз”, - дедилар” (яна қ. 3768, 6201, 6249).
3218 - Ҳадис
3218-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Жаброил (ас)га: “Бизни ҳозиргидан ҳам кўпроқ зиёрат қилиб турганингизда эди?!” – дедилар. Шунда Жаброил (ас) Аллоҳ таолонинг “(Жаброил деди): “Биз ёлғиз Раббингиз амри билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (иккиси) ўртасидаги барча ишлар ҳам фақат унинг измидадир. Парвардигорингиз унутувчи эмасдир” (“Марям” сураси, 64-оят) – деган оятини олиб тушди (яна қ. 4731, 7455).
3219 - Ҳадис
3219-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Жаброил (ас) Қуръонни менга бир хил ҳарфда (яъни эъробда) ўқитдилар, мен кўпроқ ҳарфларда ўқитишларини илтимос қилаверганимдан сўнг, у киши уни етти ҳарфга етказдилар” – деб айтдилар Жаноб Расулуллоҳ (сав)” (яна қ. 4991).
3220 - Ҳадис
3220-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) инсонларнинг энг саҳоватлиси эдилар, у зотнинг саҳоватлари, айниқса рамазон ойида ҳузурларига Ҳазрат Жаброил (ас) келганда бениҳоят ортиб кетар эди. Жаброил (ас) рамазон ойида ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келиб Қуръон ўргатар эдилар. Расулуллоҳ (сав) шаксиз, Ҳазрат Жаброил ҳузурларига келган кезларда саҳийликда (раҳмат ёмғирини келтирувчи) шамолдан ҳам саҳоватлироқ бўлар эдилар”. Абу Ҳурайра ва Фотима (рз.) ривоят қиладилар: “Жаброил (ас) ва Жаноб Расулуллоҳ бир-бирларидаги мавжуд Қуръон оятларини солиштириб чиқар эдилар.
3221 - Ҳадис
3221-ҳадис Ибн Шиҳоб ривоят қиладилар: “Умар ибн Абдулазиз аср намозини бир оз кечиктирди. Шунда Урва у кишига: “Ахир, Ҳазрат Жаброил осмондан тушиб Жаноб Расулуллоҳнинг олдиларида намоз ўқиганлар-ку!” – деди. Умар ибн Абдулазиз: “Сен айтаётган нарсани билиб турибман, эй Урва!” – деди. Урва бундай деб жавоб қилди: “Мен Башар ибн Абу Масъуддан, у отасидан, отаси эса Расулуллоҳ (сав)ни шундай деганларини эшитган экан”, у зот бундай дегандилар: “Жаброил (ас) осмондан тушиб, менга имомлик қилиб бердилар. Мен эса, у зотга иқтидо қилиб, у билан бирга намоз ўқидим, сўнг бирга яна намоз ўқидим, сўнг яна намоз ўқидим, сўнг яна намоз ўқидим, сўнг яна намоз ўқидим”. (Урва юқоридаги гапларни айтаётиб) бармоқлари билан беш вақт намозни санади”.
3222 - Ҳадис
3222-ҳадис Абу Зарр (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Жаброил (ас) менга: “Умматингиздан кимки Аллоҳ таолога бирор нарсани ширк келтирмай вафот этса, жаннатга киради (ёки дўзахга сира кирмайди)”, - дедилар. Шунда мен: “Зино қилган бўлса-чи, ўғирлик қилган бўлса-чи?” – дедим. Ҳазрат Жаброил: “Шундай қилган бўлса ҳам”, - дедилар” (яна қ. 1237).
3223 - Ҳадис
3223-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Тунги ва кундузги фаришталар кетма-кет навбат алмашиб турдилар ва улар бомдод ҳамда аср намози вақтларида тўпланишади. Сўнг, тунда сизларнинг орангизда бўлган фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилишади. Аллоҳ таоло, ўзи яхши билса-да, улардан: “Бандаларимни қандай ҳолда тарк этдингизлар?” – деб сўрайди. Фаришталар: “Биз уларни тарк қилиб келаётганимизда ҳам улар намоз ўқиётган эдилар, биз уларнинг ҳузурига борганимизда ҳам улар намозда қоим эдилар”, - дейишади”.
3224 - Ҳадис
7-боб Сизлардан бирингиз ва осмондаги фаришталар “Омин” десалар-у, бирининг “омини” иккинчисининг “оминига” мувофиқ келиб қолса, ўша “омин” айтувчи кишининг ўтган гуноҳлари маҳфират қилинади 3224-ҳадис Ойша (рз.) бундай деб хабар қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)га атаб болишга ўхшаш ҳайвонлар суратлари бор бир ёстиқ тўлдириб, тикиб бердим, у зот кўчадан келиб ичкарига кирмай икки эшик орасида тўхтаб қолдилар, ғазабдан юзлари ўзгара бошлади. Буни кўриб мен: “Ё Расулуллоҳ, биз аёллар нима гуноҳ қилиб қўйдик?” – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Мана бу ёстиқ бу ерда нима қилиб турибди?” – дедилар”. Шунда Ойша онамиз: “Бошингизга қўйиб ётишингиз учун сизга ёстиқ тиккан эдим” – деб жавоб қилибдилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Ахир сен фаришталарнинг сурат бор уйга кирмасликлари ҳам сурат чизган кишига Қиёмат куни азоб берилишини ва бундайларга “Ўзингиз яратган нарсага ҳаёт ато этинг!” – деб амр қилинишини билмасмидинг?!” – дебдилар (яна қ. 2105).
3225 - Ҳадис
3225-ҳадис Абу Талҳа (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг: “Фаришталар ит ва ҳайвонларнинг сурати бор уйга кирмайдилар” – деб айтганларини эшитдим” (яна қ. 326, 3322, 4002, 5949,5958).
3226 - Ҳадис
3226-ҳадис Зайд ибн Холид, Буср ибн Саид билан Убайдуллоҳ ал-Ҳавлонийга, унга эса Абу Талҳа айтиб берган эдилар: “Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (сав): “Фаришталар сурат бор уйга кирмайдилар” – деб айтдилар”, - дебдилар. Буср (рз.) бундай дейдилар: “Бир куни Зайд бетоб бўлиб қолиб, биз уни кўргани бордик. Уйида ўтирганимизда суратли чизиқли пардага кўзимиз тушди. Шунда мен Убайдуллоҳ ал-Ҳаволонийга: “Зайд бизга суратлар хусусида гапирмаганмиди?!” – дедим. Убайдуллоҳ: “Сен унинг матода чизиқдан бўлак сурат бўлмаслиги лозимлигини айтганини эшитмаганмидинг?” – деди. Мен: “Йўқ”, - дедим. Убайдуллоҳ: “Ҳа, у шундай деб айтган эди” (яна қ. 3225).
3227 - Ҳадис
3227-ҳадис Солимнинг оталари бундай деб хабар берадилар: “Ҳазрат Жаброил (ас) Набий (сав) ҳузурларига келишга ваъда берди-ю, аммо келмади. Бунинг сабаби сўралганда унга жавобан Жаброил (ас): “Биз фаришталар сурат ва ит бор уйга кирмаймиз! Шунда кимнинг сўзи малоикалар сўзига мувофиқ келиб қолса, унинг олдинги гуноҳлари мағрифат қилинади” – дедилар” (яна қ. 596).
3228 - Ҳадис
3228-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (сав): “Имом: “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” – деганида, сизлар: “Аллоҳумма раббано лакал ҳамд” – деб айтинглар”.
3229 - Ҳадис
3229-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Модомики, қайси бирингизни (таҳорат, масжидга бориш каби) намоз амаллари банд қилиб турган бўлса, демакки у савобда намоз ўқиётган киши билан тенг бўлади. Фаришталар эса, у намозгоҳидан туриб кетмагунича ва унинг таҳорати синмагунча унинг ҳаққига: “Аллоҳим, уни мағрифат қил! Унга марҳамат қўрсат!” – дея дуо қилиб турадилар” – дедилар” (яна қ. 176).
3230 - Ҳадис
3230-ҳадис Сафвон ибн Яълонинг оталари ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг минбарда туриб: “Улар дўзах фариштасига: “Эй, Молик! Парвардигоринг бизга ўз ҳукмини қилсин (жонимизни олсин!)” – деб нидо қилганларида, ...” (“Зухруф” сураси, 77-оят) – дея қироат қилаётганларини эшитдим” (“Молик” – жаҳаннам фаришталари сардорининг номи) Суфён ибн Уяйна: “Абдуллоҳ ибн Масъуд қироатларида” “Ё, Моли” – деб ўқилади” – дедилар (яна қ. 3266, 4819).
3231 - Ҳадис
3231-ҳадис Урва (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг жуфти ҳалоллари – Ойша онамиз у зотга: “Бошингизга Уҳуд кунидан оғирроқ кун тушганми?” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ бундай деб жавоб қилдилар: “Қавмингдан кўрадиганимни кўрганман. Мен улар тарафдан кўрган кулфатлар орасида энг оғири Ақаба кунида бўлди. Ўшанда мен Ибн Абд Ёлил ибн Абд Кулолга қавмимдан кўрган жафоларни сўзлаб, унга ўзимни ҳимоя қилишни таклиф қилдим ва у эса, мен қилган таклифга мутлоқо кўнмаган эди. Кейин, мен сиқилган ҳолда йўлимда давом этган ва Қарнуссаъолиб деган жойга етганимдагина ўзимга келган эдим. Бир маҳал бошимни кўтариб қарасам, булут остида турибман-у, у менга соя солиб турибди. Тикилиб қараб, булут ичра Ҳазрат Жаброил (ас)га кўзим тушди. У киши менга нидо қилиб: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга нима деганини ва сиз нима деб эътироз билдирганигизни эшитди. У сизнинг ҳузурингизга тоғлар фариштасини юборди-ки, қавмингизга нисбатан ўзингиз истаган чорани кўришликни унга амр қиламиз”, - дедилар. Сўнг, тоғлар фариштаси менга нидо қилиб салом берди-да: “Эй Муҳаммад (ас), бу иш сизнинг хоҳишингизга кўрадир. Агар, хоҳласангиз, уларнинг устига мана бу икки тоғни (Абу Қубайс ва Савр тоғларини) ташлаб юбораман!” – деди. Мен унга: “Йўқ, бундай бўлишини хоҳламайман. Балки, Аллоҳ уларнинг пушти камарларидан (яъни зурриёдларидан) Аллоҳгагина ибодат қилиб, унга бирор нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқаришини умид қиламан!” – дедим” (яна қ. 7389).
3232 - Ҳадис
3232-ҳадис Абу Исҳоқ аш-Шайбоний ривоят қиладилар: “Мен Зарр ибн Ҳубайшдан Аллоҳ таолонинг: “Бас, (Муҳаммадга) икки камон оралиғидек ёки (ундан ҳам) яқинроқ бўлди. Бандасига (Муҳаммадга) Аллоҳ туширган ваҳийни келтирди” (“Нажм” сураси, 9-10-оятлар) деган ояти ҳақида сўрадим. Шунда Ибн Масъуд бизга: “У зот Ҳазрат Жаброилнинг олти юзта қанотлари борлигини кўрганлар”, - дедилар” (яна қ. 4856, 4857).
3233 - Ҳадис
3233-ҳадис Алқама (рз.) ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) Аллоҳ таолонинг: “Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк аломатларини кўрдим” (“Нажм” сураси, 18-оят) – деган ояти хусусида сўзлаб: “Жаноб Расулуллоҳ Жаброил (ас)нинг уфқини тўсиб турган яшил қанотларини кўрганлар”, - дедилар (яна қ. 4858).
3234 - Ҳадис
3234-ҳадис Ойша (рз.) бундай дедилар: “Кимки: “Муҳаммад (сав) Раббини кўрганлар” – деб айтса, лоф урган бўлади. Аммо, у зот Ҳазрат Жаброилнинг асл сувратлари ва ҳилқатларини уфқни у четидан бу четига қадар тўсиб турган ҳолатда кўрганлар” (яна қ. 3235, 3612, 4855, 7380, 7531).
3235 - Ҳадис
3235-ҳадис Масруқ (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Ойша (рз.)га: “Аллоҳ таолонинг: “Сўнгра яқинлашиб, пастлади. Бас. (Муҳаммадга) икки камон оралиғида ёки (ундан ҳам) яқинроқ бўлди” (“Нажм” сураси, 8-9-оятлар) – деган оятлари қаерда қолади?” – дедим. Ойша онамиз: “Бу ўша Ҳазрат Жаброил бўлиб, Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига одам (эркак) қиёфасида келиб турган эди”, - дедилар”. (Изоҳ: “Мазкур ҳадисда Ойша (рз.) пайғамбаримиз (сав) Аллоҳни кўрмаганлар, деб айтаётган бўлсалар ҳам, у зотнинг кўрмаганларига далолат қилувчи ривоят фақатгина мана шудир. Бошқа, Ибн Масъуд, Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос (рз.) каби зотларнинг ривоятида эса пайғамбар (сав) Аллоҳнинг кўрганлари айтилади. Ойша (рз.)нинг ривояти у зотнинг тафсири холос. Бошқа саҳобалар эса, пайғамбар (сав)нинг ўзларидан ривоят қилганлар” (яна қ. 3234).
3236 - Ҳадис
3236-ҳадис Самура (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Мен тунда ҳузуримга икки кишининг келганини кўрдим. Улар мени хўб сайр қилдиришгач: “Бояги ўт ёқаётган киши Молик бўлиб, жаҳаннам ҳазиначисидир, мен эса Жаброилман, бу эса Микоилдир”, - дейишди” (яна қ. 854).
3237 - Ҳадис
3237-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Киши ўз хотини тўшагига чорлаган пайтда, у бош тортиб (келмаса) ва эр туни билан ундан ғазабланиб чиқса, малоикалар у хотинни тонг оттиргунга қадар лаънатлашади” (яна қ. 5293, 5194).
3238 - Ҳадис
3238-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладиларки, у киши Расулуллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитган эканлар: “Кейин, бирмунча вақт менга ваҳий келмай узилиб қолди. Бир маҳал мен кўчада юриб кетаётган эдим, ногахон осмондан келаётган бир осмонга қараган эдим, Ҳиро ғорида ҳузуримга келган фариштанинг осмон билан ер оралиғида курсида ўтирганини кўрдим. Ундан қўрққанимдан ҳатто ерга йиқилиб тушдим, сўнг оиламга бориб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!” – дедим. Шунда Аллоҳ таоло”Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!) туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг, Раббингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг” (“Муддарис” сураси, 1-5-оятлар) – деган ояти карималарини нозил қилди”.
3239 - Ҳадис
3239-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Мен Исроъ кечаси Мусо (ас)ни кўрдим, у киши қорачадан келган, баланд бўйли ва сочлари жингалак киши эканлар, гўёки, Шанувъа кишиларига ўхшайдилар. Исо (ас)ни ҳам кўрдим, у киши ўрта бўйли, қизғиш-оқиш юзли ва сочлари силлиқ киши эканлар. Сўнг, мен Моликни – жаҳаннам ҳазиначисини ҳамда Дажжолни ҳам кўрдим”. Аллоҳ таоло Дажжолни пайғамбар (сав)га Қуръонда айтган белгилари билан кўрсатди. “Биз Мусога Китобни (Тавротни) ато этдик. Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз унинг мулоқотидан шубҳада бўлманг! Биз уни (Тавротни) Исроил авлоди учун (залолатдан қутқарувчи) ҳидоят (манбаи) қилдик” (“Сажда” сураси, 23-оят) (яна қ. 3396). Анас ва Абу Бакра (рз.) ривоят қилишадики, Расулуллоҳ (сав): “Фаришталар Мадинани Дажжолдан қўриқлаб турадилар” – деб айтибдилар.
3240 - Ҳадис
8-боб Жаннат тавсифи ва унинг махлуқ эканлиги ҳақида ривоят қилинган ҳадислар Абул Олия бундай дейдилар: “(“Бақара” сурасининг 25-оятидаги) “мутаҳҳаратун” сўзи жаннатдаги аёлларнинг ҳайз, пешоб (нажосат), тупук каби ифлосликларидан пок бўлишларини англатади. (Шу оятдаги) “кулламо руззиқуу” ибораси – “ҳар гал жаннат аҳли жаннат меваларидан баҳраманд қилиниб кейин уларга бошқа (мевалар) келтирилганда улар: “Қолуу ҳозаллазий рузиқно мин қаблу”, - дейдилар. “Бу бизга бундан илгари ҳам ато этилган эдику!”. “Ва утуу биҳи муташобиҳан” – “Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади” (“Бақара” сураси, 25-оят) – деган маънодадир (“Инсон” сурасининг 14-оятидаги). Бу ўринда “қутууфуҳо” – “мевалари ҳам (узишга осон бўлиши учун) эгиб қўйилган бўлур”, “дониятан” – “яқин” ҳамда (13-оятдаги) “ал-ароик” – “сўрилар” деганидир”. Ҳасан (рз.): “(“Инсон” сурасининг 11-оятидаги) “назратан ва сурууран” “юзларига тароват ва дилларига сурур (ато этди)” деган маънода”, - дейдилар. Мужоҳид (рз.): “(“Инсон” сурасининг 18-оятидаги) “салсабийлан” – “тезоқар чашма”, (“ас-Соффот” сурасининг 47-оятидаги) “ғавлун” – “ақлдан оздирувчи” ва (ва ла ҳум анҳо) йунзафууна” – “(“ва улар ундан, маст ҳам бўлмаслар)” – дейдилар. (Аммо, “ғавлун” сўзи “бош оғриғи” деб таржима қилинади, чунки Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: “Ла йусаддаъууна анҳо” - “ундан бошқалари оғримайди”, - дейди). Ибн Аббос (рз.) бундай дейдилар: “(“Набаъ” сурасининг 34-оятидаги) “диҳоқан” – “лиммо-лим, тўла” дегани, (шу суранинг 33-оятидаги) “кавоъиб” – “камолга етган тенгқур қизлар” маъносида, (“Муҳаммад сурасининг 15-оятидаги) “Ар-Роҳиқ” бу – маст қилмайдиган шаробдир – (“Мутаффифун” сурасининг 25-оятдаги) “тасним эса, жаннатдаги бир чашма” бўлиб, у жаннатнинг оддий ичимликлардан олийроқ бўлади. (Ана шу суранинг 26-оятидаги) “хитомуҳу” – “муҳри” деган маънода, яъни тасним суви аралаштирилган май сақланувчи махсус идиш оғзидаги мушкдан қилинган муҳр назарда тутилган. “Наззохатини” (“Ар-Раҳмон” сураси, 66-оят) “икки қайнар булоқ” демакдир, “ал-мавзуунату” (“Воқеа” сураси, 15-оят) – “ястанган ҳолларида дегани, (шу суранинг 18-оятидаги) “аквоб” – “қадаҳлар” ҳамда “аборийқ” – “кўзалар”, (шу суранинг 37-оятидаги) “урубан” кўпликда бўлиб, бирлиги “арууб”дир. Маъноси – “ноз-карашмали, ишвали қиз”. Макка аҳли бундай қизни “урба”, Мадина аҳли “ғунжа”, Ироқ аҳли – “шакла” деб аташади”. Мужоҳид бундай дейдилар: “(“Воқеа” сурасининг 89-оятидаги) “равҳ” – “роҳат-фароғат”, “райҳон” – “райҳон (бўйи)”, (29-оятдаги) “манзууд” – “қатор тизилган”, (28-оятидаги) “махзууд” – “юки кўп, ҳосили кўп” дегани бўлиб, “махзууд”нинг “тикансиз” деган маъноси ҳам мавжуд. (37-оятидаги) “уруб” “жуфтлари учун севимли, эҳтиросли қизлар”, (31-оятидаги) “масқууб” – “оқар, оқиб турган”, (34-оятидаги) “фуруш марфууъа” – “баланд тўшалган кўрпачалар”, (25-оятидаги) “лағван” – “беҳуда” ва “таъсийман” – “гуноҳ сўз, ёлғон-яшиқ” деган маънодадир. (“Ар-Раҳмон” сурасининг 48-оятидаги) “афнон” – “шохлар”, (54-оятдаги) “ва жанол-жаннатайна донон” – “У икки боғнинг меваси (узувчига) яқиндир”, (64-оятидаги) “мудҳомматони” – “иккиси (серсув ва серсояликдан) тўқ яшилдирлар” деганидир”. 3240-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қачонки, сизлардан бирор кимса ўлса, қабрда унга эрта-ю кеч борадиган жойи кўрсатилади, агар у жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан ва агар дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан бири бўлади”, - дедилар (яъни жаннат аҳлидан бўлса, жаннатдаги ва агар дўзах аҳлидан бўлса, дўзахдаги жойи кўрсатилиб қўйилади)” (Изоҳ: “мана шу ҳадис ҳам қабр ҳаёти бор эканлигига далил бўлади).
3241 - Ҳадис
3241-ҳадис Имрон ибн Ҳусайн бундай деб хабар қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Менга жаннат сайр қилдирилди, қарасам унинг аҳлининг кўпчилиги фақирлар (камбағаллар) экан. Кейин, менга дўзах ҳам сайр қилдирилди, қарасам унинг аҳлининг кўпчилиги аёллар экан”, - дедилар” (яна қ. 5198, 6449, 6546).
3242 - Ҳадис
3242-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларида ўтирганимизда, у зот: “Бир маҳал ухлаб ётган эдим, тушимда мен ўзимни жаннатда кўрдим. Шунда бир қаср ёнида таҳорат қилаётган бир аёлга кўзим тушди. Мен: “Бу кимнинг қасри?” – деб сўрадим. Улар: “Умар ибн ал-Хаттобники”, - дейишди. Буни эшитиб, Умарнинг рашкли экани ёдимга тушди-да, ортимга қайтиб кетдим”, - дедилар. Ҳазрат Умар йиғлаб юбордилар-да: “Наҳотки сиздан рашк қилсам, ё Расулуллоҳ!” – дедилар” (яна қ. 3680, 5227, 7023, 7025).
3243 - Ҳадис
3243-ҳадис Абу Бакр ибн Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарий оталаридан бундай деб эшитган эканлар. Набий (сав): “Жаннатда улкан ичи ғовак дурдан қилинган, ўттиз мил баландликда кўкка бўй чўзган бир чодир бўлиб, унинг ҳар бурчида ҳар бир мўмин учун алоҳида аёллар (ҳурлар) асраб қўйилган бўлиб, уларни бошқалар кўра олмаслар”, - дедилар” (яна қ. 4879).
3244 - Ҳадис
3244-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло: “(Жаннатда) солиҳ бандаларим учун бирор кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирор инсон кўнглига келмаган неъматларни ҳозирлаб қўйганман”, - дейди. Агар истасангизлар, Аллоҳ таолонинг “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас” (“Сажда” сураси, 17-оят) – деган оятини ўқинглар!” (яна қ. 4779, 4780, 7498).
3245 - Ҳадис
3245-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) хабар қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтибдилар: “Жаннатга кирувчи илк мўминлар гуруҳининг кўриниши (ёғду таратишда) худди ўн тўрт кунлик ойдек бўлиб, улар у ерга эҳтиёж йўқлиги учун на тупурадилар, на бурун қоқадилар ва на ёзиладилар. Уларнинг жаннатдаги идишлари олтиндан, тароқлари олтин-у кумушдан, тутатқидонлари тутатқиси хушбўй уд ёғочидан бўлиб, терларидан мушк хиди таралиб туради. Жаннатдаги ҳар бир эркакнинг иккитадан хотини бўлиб, уларнинг болдирлари гўшти ортидан бўлиб илиги ўта чиройли бўлгани учун шундайгина кўриниб туради. Азбаройи бахтли эканликларидан жаннатийлар ўртасида ихтилоф ҳам, қалбларида ўзаро нафрат бўлмайди, улар барчалари якдил бўлиб, Аллоҳ таолога эртаю-кеч тасбеҳ айтадилар” (Синдий: “Маълумки, жаннатдаги ҳар бир эркакка етмиш учта ҳур хотин ато этилиб, эҳтимол шулардан иккитасинигина болдирлари юқоридаги айтилган сифатга эга бўлса керак, яна Аллоҳ таолонинг ўзи яхшироқ билади!” – дедилар). (* Баъзи олимлар фикрича, жаннат аҳлининг икки хотини дунёдаги хотинлардан бўлади, бу эса жаннатга кирувчи аёллар сони эркаклардан кўп эканлигига далолат қилади).
3246 - Ҳадис
3246-ҳадис Ал Аъраж Абу Ҳурайра (рз.)дан нақл қиладилар-ки, Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтибдилар: “Жаннатга кирувчи илк мўминлар гуруҳининг (чиройи, ёғдуси) ҳудди ўн тўрт кунлик ойдек бўлади. Уларнинг ортидан кирувчилар эса ёғду тарқатишда худди юлдуздек бўлади. Барчалари якдил, ораларида ўзаро ихтилоф ҳам, нафрат ҳам йўқ. Уларнинг ҳар бирининг иккитадан хотини бўлиб, уларнинг ҳар бирининг камоли гўзаллигидан болдирлари гўшти ортидан илиги кўриниб туради. Барча бениҳоят бахтли бўлганидан, эртаю-кеч Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Улар жаннатда на касал бўладилар, на бурун қоқадилар ва на тупурадилар. Идишлари олтин-у кумушдан, тароқлари олтиндан, тутатқидонлари тутатқиси хушбўй уд ёғочидан бўлади, терлари мушк бўлади” (яна қ. 3245). Мужоҳид: “Ибкор” – деб тонгнинг аввалги вақтига, “Аший” деб эса – фикримча, қуёшнинг токи ботиб кетгунигача бўлган вақтига айтилади” – дедилар.
3247 - Ҳадис
3247-ҳадис Саҳл ибн Саъд (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав): “Умматимдан етмиш минг (ёки етти юз минг) киши жаннатга бесўроқ киради, уларнинг юзлари тўлин ойдек балқиган ҳолда бўлиб, охиргилари кирмагунча аввалгилари ҳам жаннатга кирмайдилар” – дедилар” (яна қ. 6543, 6554).
3248 - Ҳадис
3248-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)га сундус (кундал) жубба (енги кенг устки либос) ҳадя қилишди. Жаноб Расулуллоҳ эркакларни ипак либос кийишдан қайтарганлар бўлсалар-да, жубба ҳузуридагиларга ёқиб қолди. Шунда у зот: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлмиш зот ҳақи, Саъд ибн Муъознинг жаннатдаги рўмолчалари бундан-да чиройлироқдир!” – дедилар”.
3249 - Ҳадис
3249-ҳадис Баро ибн Озиб (рз.) ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ (сав)га бир ҳарир либос келтиришди. Ҳузурларида ўтирган кишилар уни кўриб, чиройи ва майинлигидан ажаблашишди. Шунда у зот: “Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмолчалари бундан афзалроқдир!” – дедилар” (яна қ. 3802, 5836, 6640).
3250 - Ҳадис
3250-ҳадис Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий хабар қиладиларки, Расулуллоҳ (сав): “Жаннатдаги қамчидек жой дунё ва ундаги (барча) нарсадан яхшироқдир!” – деб айтдилар.
«
←
61
62
63
64
65
66
67
68
69
→
»