Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
151 - Ҳадис
16-боб Таҳорат учун ўзи билан бирга сув олиб юриш Абу Дардоъ айтадилар: “Алқама ибн Қайс ироқликлардан: “Сизнинг орангизга Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг маҳсиларини, таҳорат сувларини, ёстиқчаларини кўтариб юрадиган зоти шариф борми?” – деб сўраганида, Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Нега менинг ўзимдан сўрайсизлар?” – деган эканлар. 151-ҳадис “Жаноб Расулуллоҳ (сав) қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир ансорий бола орқаларидан идишда сув олиб эргашиб борар эдик”, деб айтганди Анас”, - дейдилар Ато ибн Маймуна (яна қ. 150).
152 - Ҳадис
17-боб Таҳорат пайтида анза (темир учли ҳасса) ва идишда сув тайёрлаб турмоқ 152-ҳадис Анас: “Расулуллоҳ (сав) ҳожатхонага кирар эдилар, сўнг мен билан бир бола идишда сув ва анзаларини (ҳассаларини) ҳозирлаб турардик. Сув билан Расулуллоҳ мустаҳаб қилар эдилар”, - деганлар (яна қ. 150).
153 - Ҳадис
18-боб Ўнг қўл билан таҳорат қилишдан қайтариш 153-ҳадис Абу Қатодадан: “Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангиз идишдан сув ичсангиз, ичига пуфламангиз. Агар ҳожатхонага кирсангиз, олатингизни ўнг қўл билан ушламангиз ва ўнг қўл билан артмангиз!” – деган эканлар” (яна қ.154, 563).
154 - Ҳадис
19-боб Олатни ўнг қўл билан ушлаб таҳорат ушатилмайди 154-ҳадис Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг отасидан: “Расулуллоҳ (сав): “Бирортангиз кичик ҳожатга борадиган бўлсангиз, ўнг қўл билан олатни ушламанглар ва ўнг қўл билан артманглар, сув ичаётган идишга пуфламанглар!”” – деган эканлар” (яна қ. 153).
155 - Ҳадис
20-боб Тош ва кесак билан покланмоқ 155-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) ҳожатга чиққанларида эргашдим. Улар ёқ-бу ёққа қарамай борар эдилар. У кишига яқин борганимда, “Менга тош келтир, истинжо (покланиш) қиламан”, - дедилар ёки шунга ўхшаш бир гап айтдилар. Кейин: “Суяк ёки тезак олиб келмагин!” – дедилар. Кийимим этагида тош териб келдим. Ёнларига тўкиб, у кишидан ўгирилиб турдим, қазои ҳожатдан кейин тошлар билан истинжо қилдилар” (яна қ. 3860).
156 - Ҳадис
21-боб Мусулмон киши тезак билан артмайди 156-ҳадис Абдураҳмон ибн Асваднинг отасидан: “Расулуллоҳ (сав) (таҳорат ушатиш учун) холироқ жойга борганларида менга учта тош топиб, келишни буюрдилар. Иккита тош топдим, учинчисини топмадим, (ўрнига) бир тезакни олдим, уларни Расулуллоҳ (сав)га келтирдим. Икки тошни олдилар, тезакни ташладилар ва ”Бу макруҳ нарсадир (баъзи бир нусхада жинлар таомидир)”, - дедилар”.
157 - Ҳадис
22-боб Таҳоратда аъзоларни бир мартадан ювмоқ 157-ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббосдан: “Расулуллоҳ (сав) таҳорат олаётиб, аъзоларни бир мартадан ювдилар”.
158 - Ҳадис
23-боб Таҳоратда аъзоларни икки мартадан ювмоқ 158-ҳадис Абдуллоҳ ибн Зайддан: “Расулуллоҳ (сав) таҳорат қилаётиб, аъзоларни икки мартадан ювдилар”.
159 - Ҳадис
24-боб Таҳоратда аъзоларни уч мартадан ювмоқ 159-ҳадис Усмон (рз.)нинг мавлоси (озод қилган қули) Хумрондан: “Усмон (рз.): “Идишда сув келтиринг!” – дедилар. Сўнг идишни уч марта эгиб, қўлларини ювдилар. Кейин ўнг қўлни идишга тиқиб, (сув олиб) уч марта оғиз чайқадилар, кейин уч марта юзларини ювдилар, кейин икки қўлларини тирсагигача уч марта ювдилар, кейин бошга масҳ тортдилар, кейин оёқларини уч марта товонгача ювиб, Расулуллоҳ (сав): “Кимки шу таҳоратим каби таҳорат олса ва кўнглига дунёвий ишларни келтирмасдан, кейин икки ракъат намоз ўқиса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб айтдилар”, - дедилар” (яна қ. 160, 164, 1934, 6433).
160 - Ҳадис
160-ҳадис Иккинчи бир ривоятда Ҳумрон: “Усмон таҳоратдан бўшагач: “Аё, мен сизларга бир ҳадис айтаман, (Қуръони каримда) бир оят бўлмаганда эди, уни сизларга айтмас эдим, уни Расулуллоҳ (сав)дан эшитганман. “Киши яхшилаб таҳорат олиб, намоз ўқиса, унинг у намоз билан бу намоз ўртасидаги гуноҳлари намозни ўқиб бўлгунча кечирилади”, - дедилар”, - деди. Урва ибн Зубайр: “Ҳалиги Усмон эслаган оят “Аллоҳ нозил қилган илмни беркитувчиларга...” (“Бақара” сураси, 169-оят), деган оят эди”, - дедилар (яна қ. 159).
161 - Ҳадис
25-боб Таҳорат қилаётганда бурунга сув олиб қоқмоқ 161-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Кимки таҳорат олса, бурнига сув олиб қоқсин. Кимки таҳорат ушатиб, кесак ишлатса, тоқ ишлатсин (учта)!” – деганлар (яна қ. 162).
162 - Ҳадис
26-боб Кесакни тоқ ишлатмоқ 162-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангиз таҳорат олсангиз, бурнингизга сув олиб қоқингиз. Кимки таҳорат ушатгач, кесак ишлатса, тоқ ишлатсин (3, 5, 7 та). Агар қайси бирингиз уйқудан уйғонсангиз, идишдаги сувга қўлни солмасдан аввал (уни қийшайтириб) қўлингизни уч марта ювингиз. Чунки бирортангиз қўлингизни қаерларга текканини билмайсиз”, - деганлар (яна қ. 161).
163 - Ҳадис
27-боб Оёқларни ювмоқ 163-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амрдан: “Бир сафарда Расулуллоҳ (сав) биздан кейинда қолдилар. Аср вақтида бизга етиб келдилар. Биз таҳорат олаётган эдик, оёқларни номигагина ювар эдик. Расулуллоҳ баланд овоз билан “Дўзах оташидан оёқ кафтларининг ҳолига вой!” деб 2 ёки 3 бор хитоб қилдилар” (яна қ 60).
164 - Ҳадис
28-боб Таҳорат олаётганда оғиз чайқамоқ 164-ҳадис Усмоннинг мавлоси Ҳумрондан: “Усмон (рз.) таҳорат учун сув келтиришни буюрдилар. Кейин идишни эгиб, қўлларига сув олиб, уч марта оғиз чайқадилар ва бурун қоқдилар, юзларини уч марта ювдилар, икки қўлни тирсаккача қўшиб уч марта ювдилар. Сўнг: “Пайғамбар (ас)нинг шу таҳоратим каби таҳорат олаётганларини кўрдим. “Кимки шу таҳоратим каби таҳорат олса ва кўнглига дунёвий ишларни келтирмасдан намоз ўқиса, Аллоҳ таоло ўтган гуноҳларини кечириб юборади”, деб айтганлар”, (яна қ. 159).
165 - Ҳадис
29-боб Товонларни яхшилаб ювмоқ 165-ҳадис Муҳаммад ибн Зиёддан: “Абу Ҳурайра ва биз обдастадан таҳорат олаётган одамлар ёнидан ўтиб кетаётганимизда, Абу Ҳурайра уларга: “Таҳоратни мукаммал олингиз, ювадиган аъзоларни тўлиқ ювингиз, чунки Расулуллоҳ (сав): “ Ювилмай қолган товонлар дўзах ўтида қолади” деб айтганлар”, - дедилар”.
166 - Ҳадис
30-боб Наълга (пойабзалга) масҳ тортмай, уни ечиб оёқларни ювиш 166-ҳадис Убайд ибн Журайж Абдуллоҳ ибн Умарга қараб: “Эй Абу Абдураҳмон, сизда 4 та хислатни кўрдим, буларни шерикларингиздан бирортасида кўрмаганман”, - деди. “Нима экан улар, эй ибн Журайж?” – деди Абу Абдураҳмон. “Биринчидан, Каъбанинг фақат икки яманий деворинигина силаб қўясиз (қолган икки томонини силамайсиз). Иккинчидан, хром пойабзал киясиз (саҳобалар хром қилинмаган, юнгли пойабзал кийишган, хром қилинган пойабзални мол-дунёга берилган одамлар кияди, дейишган). Учинчидан, сиз сариқ бўёқ ишлатасиз, тўртинчидан, Маккада турган вақтингизда зулҳижжа ойи кирган куни одамлар талбия (лаббайка аллоҳумма лаббайка) айтишди, сиз айтмадингиз, сиз 8-зулҳижжа куни айтдингиз”, - деди ибн Журайж. Абдуллоҳ (рз.) бундай деб жавоб қилдилар: “Каъба девори масаласига келсак, Расулуллоҳ (сав)нинг шу икки яманий деб номланган девордан бошқасини силаганларини кўрмадим. Хром пойабзалга келсак, Расулуллоҳ (сав)нинг ҳам туки йўқ пойабзал кийганларини кўрдим, ўшанда уни ечиб оёқларини ювгандилар, ўшандай пойабзал кийишни яхши кўраман. Сариқ рангга келсак, Расулуллоҳ (сав)нинг сариқ бўёқ ишлатганларини кўрдим. Мен ҳам сариқ бўёқ ишлатишни яхши кўраман. Аммо талбия масаласига келсак, Расулуллоҳ (сав)нинг туяларига миниб, Мино йўлига чиқиб олгунларича (8-куни) талбия айтиб борганларини кўрмадим”.
167 - Ҳадис
31-боб Таҳорат ва ғуслнинг ўнг томондан бошламоқ 167-ҳадис Амму Атийя (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) Умму Атийя ва унинг ёнидаги аёлларга қизлари Зайнабнинг мурдасини ювишни “Ўнг томондан ва таҳоратда ювиладиган жойлардан бошлангиз!” – деганлар” (яна қ. 1253, 1254, 1255, 1256, 1257, 1258, 1259, 1260, 1261).
168 - Ҳадис
168-ҳадис Ойша (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) ҳар нарсани ўнгидан бошлашни яхши кўрардилар: пойабзал кийишни ҳам, соч-соқол тарашни ҳам, таҳорат олишни ҳам ва бошқа барча ишларни ҳам”. (яна қ. 426, 5380, 5854, 5926).
169 - Ҳадис
32-боб Намоз вақти яқинлашганда таҳоратга сув сўрамоқ Ойша (рз.) айтади: “(Сафарда) бомдод намозини ўқидиган вақт келганда таҳорат учун сув қидирилди, топилмади, шундан сўнг таяммум қилмоқликка оят нозил бўлди”. 169-ҳадис Анас ибн Молик(рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) аср намози вақти яқинлашганда одамлардан таҳорат учун сув сўрадилар. Сув келтиришгач, Расулуллоҳ (сав) қўлларини идиш оғзига қўйиб, энгаштирдилар-да, одамларга таҳорат олишни буюрдилар. Анас: “Жаноб Расулуллоҳнинг панжалари остида сув силқиб тушаётганини кўрдим, ўша сувдан ҳатто охирги одамгача таҳорат олди”, - дейдилар (яна қ. 195, 200, 3572, 3573, 3574, 3575).
170 - Ҳадис
33-боб Инсон сочи ювилган сувнинг ҳукми (ҳалол ёки ҳаром) Ато ибн Абу Рабоҳ: “Сочдан арқон ёки ип қилмоқнинг зарар йўқ”, - дер эдилар. Итдан қолган сарқитнинг (ит теккан нарсанинг) ҳукми ва итнинг масжиддан ўтишининг ҳукми: Аз-Зуҳрий: “Агар идишдаги сувга ит тегса-ю, таҳорат олмоқ учун ундан бошқа сув бўлмаса, ўша сув билан таҳорат олса бўлади”, - дейдилар. Суфён ас-Саврий эса: “Мана бу ҳукм Қуръони каримдан олинган бўлиб Аллоҳ таоло: “Сув топмасангиз, таяммум қилингиз, бу сувдир ва (итнинг) нафасида бир (зарарли) нарса бордир” (“Нисо” сураси, 43-оят) деган”, - лейдилар. 170-ҳадис Ибн Сириндан: “Убайдага дедим: “Бизда Расулуллоҳ (сав)нинг сочлари бор. Уни Анас ёки у кишининг уйидагилари орқали олишга муассар бўлдик. Менда Расулуллоҳ (сав)нинг бир тола сочларининг борлиги дунё ва ундаги бор нарсалар меники бўлиб қолганидан ҳам севинчлироқдир” (яна қ. 172).
171 - Ҳадис
171-ҳадис Анас(рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) (Ҳажжатул Вадоъда) сочларини олдираётганларида биринчи бўлиб сочларидан олган киши Абу Талҳа эдилар” (яна қ. 170).
172 - Ҳадис
Боб Агар бирортангизнинг идишингизни ит яласа, етти марта ювинглар 172-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангизнинг идишингиздан ит ичса, етти марта ювинглар!” – деганлар”.
173 - Ҳадис
173-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)га Расулуллоҳ (сав) айтиб берган эканлар: “Бани Исроил қавмидан бир киши бир итнинг чанқоқдан тупроқ ялаётганларини кўриб, маҳсисида сув олиб итга ичирди. Аллоҳ таоло у бандани мукофатлаб, жаннатга киргизди” (яна қ. 2363, 2466, 6009).
174 - Ҳадис
174-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Ҳамза: “Расулуллоҳ (сав) замонларида итлар масжидимизга кириб-чиқиб юрар эди, сув билан бирор жойни ювмас эдилар”, - деган эканлар.
175 - Ҳадис
175-ҳадис Адий ибн Ҳотим (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)дан ит билан ов қилмоқлик тўғрисида сўрадим. “Агар итингни ўзинг овга олиб борсанг-у ўлжани ўлдириб (тутиб) берса, еявергин, агар итинг ўзича тутиб еяётган бўлса, емагин, зеро у ўзи учун тутгандир”, - дедилар. “Ўргатган итимни ўлжага юборсам-у, ўлжа устида итим билан бошқа итни ҳам кўрсам-чи?” – дедим. Расулуллоҳ (сав): “У ўлжани емагин, чунки сен ўз итингга тасмия (Бисмиллоҳи Аллоҳи Акбар) айтгансан, бегона итга тасмия айтмагансан”, - дедилар (яна қ. 2054, 5475, 5476, 5477, 5483, 5487).
176 - Ҳадис
34-боб Катта ва кичик ҳожатдан бошқаси таҳоратни синдирмайди, деб ҳисобловчилар Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Борди-ю бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёҳуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг” (“Нисо” сураси, 43-оят), - деган. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Орқасидан қурт ёки пешобидан бургага ўхшаш ҳашорат чиққан кишилар қайта таҳорат қиладилар”, - деганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ бундай деганлар: “Кимки намозда кулса, таҳоратини янгиламай намозини қайтариб ўқисин”. Ҳасан Басрий: ”Агар киши соч олдирса ёки тирноғини олса ё маҳсисини ечса, таҳорат олиш лозим бўлмайди (оёғининг ўзини ювиб олади)” – деганлар. Абу Ҳурайра (рз.) айтадилар: “Таҳорат ел чиқмаса, синмайди”. Жобир (рз.) бундай дейдилар: “Расулуллоҳ (сав) бир ғазотда қатнашдилар. Бир кишига камон ўқи тегди. У киши қон оқиб туришига қарамай, рукуъ, сажда қилиб, намоз ўқийверди”. Ҳасан Басрий айтадилар: “Мусулмонлар жароҳатлари билан ҳам намоз ўқийверар эдилар. Товус, Муҳаммад ибн Али, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Ҳиҳоз, Макка ва Мадина аҳли: “Қон оқса, таҳорат синмайди (Ҳанафий мазҳабида синади)”, - дейдилар. Ибн Умар юзидаги ҳуснбузарни сиқди, қон чиқди, лекин таҳоратини янгиламади. Ибн Умар ва Ҳасан Басрий: “Қон олдирган одам таҳорат янгиламайди, балки қон олинган жойини ювади, холос”, - дедилар. 176-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Масжидда намоз кутиб турган киши, агар у ҳадас қилмаган бўлса, намозда турган ҳисобланади”, - дедилар. Шунда бир ажамий (араб эмас) киши: “Ҳадас нима?” – деди. Абу Ҳурайра: “Орқадан ел чиқмоғи”, - дедилар (яна қ. 445, 477, 647, 648, 659, 2119, 3229, 4717).
177 - Ҳадис
177-ҳадис Аббод ибн Таммамнинг амакисидан: “Расулуллоҳ (сав): “Токи киши ел овозини эшитиб, ҳидини сезмагунча, намозини бузмасин!” – дедилар (яна қ. 137).
178 - Ҳадис
178-ҳадис Муҳаммад ибн Ҳанафиядан: “Ҳазрат Али (рз.): “Шаҳвати кўп одам эдим. Расулуллоҳ (сав)дан сўрашга уялдим, Миқдодга: “Сен сўрагин!” – дедим”, - дебдилар. Расулуллоҳ (сав): “Маний (суюқ сув) келганда таҳорат олиш лозим”, - деб жавоб қилибдилар” (яна қ. 132).
179 - Ҳадис
179-ҳадис Зайд ибн Холид Ҳазрат Усмондан: “Агар киши хотини билан алоқа қилган бўлса-ю, маний тўкилмаган бўлса, нима қилади?” – деб сўрадилар. Ҳазрат Усмон: “Намозга таҳорат олгандек, таҳорат олиб, олатини ювади, Расулуллоҳ (сав)дан ҳам шундай эшитганман. Али, Зубайр, Талҳа ва Али ибн Каъбдан сўраганимда ҳам шундай дейишганди”, - деб айтдилар”.
180 - Ҳадис
180-ҳадис Абу Саид Худрий (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) ансорийлардан бирига одам юбордилар. Ансорий сочидан сув томиб келди. Расулуллоҳ (сав): “Биз сизни шошириб қўйибмиз-да (жимоъ қилиб улгурмабсиз)?!” – дедилар. Ансорий: “Ҳа, Расулуллоҳ (сав)”, - деди. Агар шошиб қолсангиз (охирига етмасангиз) ёки маний тўкмасангиз, таҳорат олсангиз басдир” – дедилар”.
181 - Ҳадис
35-боб Ҳамроҳи таҳорат олаётганда сув қуйиб турмоқ 181-ҳадис Усома ибн Зайддан: “Расулуллоҳ (сав) Арафот тоғидан ошиб, Шаъб деган жойга келганларида, қазои ҳожат қилдилар. Мен Расулуллоҳ (сав)га сув қуйиб турдим, у киши таҳорат олдилар. Сўнг: “Ё Расулуллоҳ, намоз ўқийсизми?” – дедим. “Намозгоҳ олдингдадир”, - дедилар” (яна қ. 139).
182 - Ҳадис
182-ҳадис Урва ибн ал-Муғира ибн Шубъбадан: “Муғира ибн Шуъба Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарда эди. Бир куни Расулуллоҳ (сав) қазои ҳожат қилганларидан кейин сув қуйиб бериб турди. Расулуллоҳ (сав) таҳорат олдилар, юзларини, қўлларини ювдилар, бошларига ва маҳсиларига масҳ тортдилар” (яна қ. 203, 206, 363, 388, 2918, 4421, 5798, 5799).
183 - Ҳадис
36-боб Таҳоратсиз Қуръон ўқимоқ ва ундан бошқа нарсаларнинг жоизлиги Иброҳим ан-Нахаийдан: “Ҳаммомда қироат қилишнинг ва таҳоратсиз хат ёзишнинг зарари йўқ. Ҳаммомдагиларнинг лунгиси бўлса, салом бергин, лунгиси йўқ бўлса салом бермагин!” 183-ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббосдан: “Бир кеча Расулуллоҳнинг хотинлари холам Маймунаникида ётиб қолдим. Мен ёстиқнинг ён томонига, Расулуллоҳ ва хотинлари узун томонига бош қўйиб ётдилар. Расулуллоҳ (сав) ярим кечагача ухладилар, кейин уйғониб ўтирдилар. Уйқуни қочириш учун юзларини ишқаладилар. Кейин, “Оли Имрон” сурасининг охирги 10 оятини ўқидилар. Кейин, ўринларидан туриб, осиғлиқ мешчани олиб, яхшилаб таҳорат олдилар. Кейин, туриб намоз ўқидилар. Мен ҳам ўрнимдан туриб, Расулуллоҳ (сав) қилганларини қилдим ва чап ёнларига бориб намозга турдим. Ўнг қўлларини бошимга қўйдилар, кейин ўнг қулоғимни чўздилар (ўнг томонга тур, деган маънода). Сўнг 2 ракъат, 2 ракъат, сўнг 2 ракъат, сўнг 2 ракъат намоз, кейин витр ўқидилар, кейин то муаззин келгунча ёнбошладилар, кейин туриб енгилгина 2 ракъат намоз ўқидилар. Кейин чиқиб, бомдод намозини ўқидилар” (яна қ. 117).
184 - Ҳадис
37-боб Кўзи қаттиқ тиниб кетганлиги учунгина (бошдан) сув қўймоқ 184-ҳадис Асмо бинти Абу Бакрдан: “Жаноб Расулуллоҳнинг хотинлари синглим Ойшаникига бордим. Қуёш тутилган бўлиб, одамлар намоз ўқишаётган эдилар, синглим ҳам намоз ўқиётган эди. Мен: “Одамларга нима бўлди?” – десам, Ойша қўллари билан осмонга ишора қилиб, “Субҳаналлоҳ”, - деди. “(Қиёмат) аломатими, бу?” – дедим. У “Ҳа” – деган маънода бош ирғади. Мен ҳам кўзим тиниб кетгунига қадар намоз ўқивердим, сўнг (ўзимга келмоқ учун) бошимдан сув қуя бошладим. Расулуллоҳ (сав) намоздан қайтгач, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар-да: “Кўрмаган бирор нарсам қолмади, ҳаммасини, ҳатто жаннату дўзахни ҳам шу ерда туриб кўрдим. Менга (қуйидаги) ваҳий келди: “Бу кишини (“Бу мўминни” ёки “Бу мувқинни” дедиларми, аниқ билмайман, дейди Асмо) биласанми”, - деб сўрашади. Шунда: “Бу Муҳаммад Расулуллоҳ (сав)дир, бизга далолат ва ҳидоят олиб келган, биз қабул қилганмиз, имон келтирганмиз ва эргашганмиз”, - дейди. “Ором олиб ухлайвер, биз сенинг мувқин (содиқ) эканлигингни билар эдик”, - дейишди. Аммо мунофиқ ёки иккиланувчи (“Мунофиқ” ёки “иккиланувчи” дедиларми, аниқ айтолмайман, дейди Асмо) бўлса, йўқ билмайман, одамлар нимадир деганини эшитганман, мен ҳам (ўшалардан эшитганимни) айтганман дейди”, - дедилар” (яна қ. 86).
185 - Ҳадис
38-боб Бошнинг ҳаммасига масҳ тортмоқ Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Бошларингизга масҳ тортингиз!” (“Моида” сураси, 6-оят) –деган. Ибн Мусайяб айтадилар: “Хотин киши ҳам эркак киши каби бошининг ҳаммасига масҳ тортади”. Имом Моликдан: “Бошнинг бир қисмига масҳ тортилса, кифоя қиладими?” – деб сўрашди. Имом Молик кифоя қилмаслигига Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисини далил қилиб кўрсатдилар. 185-ҳадис Амр ибн Яҳёнинг отаси бундай ривоят қиладилар: “Бир киши Абдуллоҳ ибн Зайдга: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг қандай таҳорат олганларини кўрсатиб бера оласизми?” – деди. Абдуллоҳ: “Ҳа, сув келтиринглар”, - деди. Сўнг қўлига сув қуйиб, 2 марта ювди, кейин 3 марта оғиз ва бурун чайқади, 3 марта юзини ювди, 2 марта икки қўлининг тирсагигача ювди, кейин бошига масҳ тортди, икки қўлининг кафтлари пешонасидан то энсасигача юргизди. Кейин бошланган жойига қайтариб келди. Кейин икки оёғини (ошиғигача) ювди” (яна қ. 186, 191, 192, 197, 199).
186 - Ҳадис
39-ҳадис Оёқни тўпиғигача ювмоқ 186-ҳадис “Абдуллоҳ ибн Зайддан Амр ибн Абу Ҳасан Расулуллоҳнинг қандай таҳорат олишлари тўғрисида сўради. У: “Идишда сув келтиринглар!” – деди. Сўнг қўлига сув қўйиб, 3 марта ювди, кейин идишга қўлини тиқиб сув олди-да, 3 марта оғиз ва бурун чайқади. 3 марта юзини ювди, икки марта қўлини тирсагигача ювди. Кейин сув олиб бошига масҳ тортди, қўлини пешонасидан энсасигача, энсасидан пешонасигача бир марта юргизди-да, сўнгра оёқларини тўпиқларигача ювдилар” (яна қ. 185).
187 - Ҳадис
40-боб Одамларнинг таҳорат қилинган сувни ишлатмоғини жоизлиги Жарир ибн Абдуллоҳ мисвок (тиш тозалагич) билан оғиз тозалаганларидан кейин қолган сувни оилаларига (табаррук қилиб берганларидан кейин): “Таҳоратга ишлатинглар!” – деб буюрдилар. 187-ҳадис Ҳаким ибн Утайбага Абу Жуҳайфа: “Расулуллоҳ (сав) бизнинг олдимизга кун қизиган вақтда чиқдилар, таҳорат суви келтирилди. Расулуллоҳ (сав) таҳорат олдилар. Одамлар Расулуллоҳ (сав)нинг таҳоратларидан тушаётган сувни табаррук қилиб баданларига сурта бошладилар. Расулуллоҳ ҳассаларини қибла томонга санчиб қўйиб, икки ракъат (қаср, яъни қисқа қилиб) пешин ва икки ракъат (бу ҳам қаср) аср намозини ўқидилар”, - деб айтди (яна қ. 376, 395, 499, 501, 633, 634, 3553, 3566, 5786, 5859).
188 - Ҳадис
188-ҳадис Абу Мусо Ашъарий бундай дейдилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) идишда сув олиб келишни буюрдилар, сўнг юз-қўлларини ўша сувга ювдилар ва оғизларига бир ҳўплам сув олиб, идишдаги сувга пуркадилар (табаррук қилиб бердилар), кейин Билол ва Абу Мусога: “Шу сувни ичинглар, у билан юзингиз ва кўкракларингизни ювинглар!” – дедилар” (яна қ 196, 4328).
189 - Ҳадис
189-ҳадис Маҳмуд ибн ар-Рабиъ (Расулуллоҳ (сав) ёшлигида юзига сув пуркаган йигит) бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сав) таҳорат олсалар, одамлар баданларидан тушаётган сувни олишга талашиб, уришиб кетай дердилар” (яна қ. 77).
190 - Ҳадис
190-ҳадис Соиб ибн Язид ривоят қиладилар: “Ҳолам мени Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига олиб бориб: “Ё Расулуллоҳ, синглимнинг ўғлини оёғи оғриб қолди”, - дедилар. Расулуллоҳ (сав) бошимни силадилар ва мени “барака топгин” деб дуо қилдилар, кейин таҳорат олдилар. Таҳоратдан тушган сувни ичдим, кейин Расулуллоҳнинг орқа томонларига ўтиб турдим, икки кураклари ўртасида олмадек келадиган Пайғамбарлик муҳрини кўрдим” (яна қ. 3540, 3541, 5670, 6352).
191 - Ҳадис
41-боб Бир ҳовуч сув билан оғиз ва бурун чайқаш 191-ҳадис Амр ибн Яҳёнинг отаси бундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Зайд идишдан қўлига сув қуйиб, қўлини ювди, кейин бир ҳовуч сув билан оғиз ва бурун чайқади, шу ишни 3 марта қилди, сўнг юзини ва икки қўлини тирсаги билан қўшиб 2 марта ювди. Бошига масҳ тортди. Оёғини товони билан қўшиб ювди, кейин: “ Жаноб Расулуллоҳ (сав) шундай таҳорат олардилар”, - деди” (яна қ. 185).
192 - Ҳадис
42-боб Бошга бир марта масҳ тортмоқ 192-ҳадис Амр ибн Абу Ҳасан ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг қандай таҳорат қилишларини Абдуллоҳ ибн Зайддан сўрадим. Шунда у: “Идишда сув келтиринг!” – деди. Сўнг таҳорат қила бошлади. Идишни қийшайтириб, қўлига сув қуйиб, 3 марта ювди, кейин қўлини идишга тиқиб, сув олиб, оғиз ва бурун чайқади (3 ҳовуч сув билан), сўнг сув олиб, 3 марта юзини ювди, кейин сув олиб, икки тирсаги билан қўшиб 2 марта ювди, бошига масҳ тортди (пешонасидан энсасигача, энсасидан пешонасигача қўлини юргизди). Кейин идишга қўлини тиқиб сув олиб, икки оёғини ювди”. Вуҳайб: “Ўшанда бошга бир марта масҳ тортилар”, - деб айтган (яна қ. 185).
193 - Ҳадис
43-боб Эркак кишининг ўз хотини билан бир идишдан таҳорат олишининг афзаллиги ва хотин кишининг (уйидан олинган) сув ҳукми Умар ибн ал-Хаттоб иситилган сувга ва насроний аёл уйидан олинган сувга таҳорат қилдилар. 193-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умардан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг замонларида хотинлар билан эркаклар (галма-галдан) бир идишда таҳорат олар эдилар”, - дейдилар.
194 - Ҳадис
44-боб Жаноб Расулуллоҳ (сав) таҳорат қилган сувларини ҳушидан кетган одам устидан қуйганлари 194-ҳадис Муҳаммад ибн ал- Мункадирга Жобир бундай деган экан: “Расулуллоҳ (сав), бетоб бўлиб ўзимни билмай ётганимда, мени кўргани келиб, таҳорат олдилар ва таҳорат сувини устимдан қуйдилар. Ўзимга келдим. Кейин: “Ё Расулуллоҳ (сав), узоқ қариндошларимдан бошқа меросхўрим йўқ, меросимни кимга қолдираман?” – дедим. Шунда мерос ояти (фароиз ояти) нозил бўлди” (яна қ. 4577, 5651, 5664, 5676, 6723, 6743, 7309).
195 - Ҳадис
45-боб Тош ёки ёғочдан қилинган идишлардаги сувга таҳорат ва ғусл қилмоқ 195-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Намоз (аср) вақти бўлди. Ҳовлиси яқинлар таҳорат олгани турдилар, қолган кишилар Жаноб Расулуллоҳ ҳузурларида қолдилар. Расулуллоҳ (сав)га бир тош идишда сув келтирдилар. Идишнинг кичиклигидан унга қўл сиғмасди, қавмнинг ҳаммаси шу идишдан таҳорат олди”. Абдуллоҳ ибн Мунир: “Неча киши эдингизлар? деб Анасдан сўраганимизда, саксон нафардан ортиқ, деб айтганди”, - дейдилар.
196 - Ҳадис
196-ҳадис Абу Мусо (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) сув келтиришни буюрдилар, сўнг қўллари ва юзларини ювиб, оғиз чайқадилар” (яна қ. 188).
197 - Ҳадис
197-ҳадис Абдуллоҳ ибн Зайддан: “Расулуллоҳ (сав) бизникига келдилар. Идишда сув олиб чиқдик. Таҳорат олдилар. Юзларини 3 марта, қўлларини 2 марта ювдилар, икки кафтларини пешоналаридан энсалари томон бир марта юргизиб, масҳ тортдилар, кейин оёқларини ювдилар” (яна қ. 185).
198 - Ҳадис
198-ҳадис Ойша онамиз айтдилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) дардлари оғирлашиб қолганда, то тузалгунларича менинг уйимда ётишлари тўғрисида бошқа хотинларидан ижозат сўрадилар, хотинлар ижозат беришди. Расулуллоҳ (сав) Ибн Аббос билан яна бир киши ёрдамида оёқларини аранг босиб, менинг уйимга чиқдилар”. Убайдуллоҳ бундай дейди: “Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Аббосга айтувдим, у: “Ўша икки кишидан бирининг ким эканлигини биласанми?” – деди. Мен: “Йўқ”, - дедим. У: “Али (рз.) эдилар” – деди. Ойша онамиз бундай дер эдилар: “Расулуллоҳ (сав) менинг уйимга кирганларидан кейин касаллари янада оғирлашди. Шунда: “Устимдан 7 та қопқоқли идишда сув қуйинглар, шоядки, одамлар олдига чиқиб васият қилсам!” – дедилар. Хотинлари Расулуллоҳ (сав)ни Ҳафсанинг мис тоғорасига ўтқаздилар. Кейин Расулуллоҳ (сав) “бўлди” деб ишора қилмагунларича устиларидан сув қуя бошладик. Кейин, “бажардингиз” деб одамлар олдига чиқдилар” (яна қ. 664, 665, 679, 683, 687, 712, 713, 716, 2588, 3099, 3384, 4442, 4445, 5714, 7303).
199 - Ҳадис
46-боб Тоғорадан таҳорат олмоқ 199-ҳадис Амр ибн Яҳё бундай ривоят қиладилар: “Амаким кўп таҳорат олар эдилар. Бир куни Абдуллоҳ ибн Зайддан: “Расулуллоҳ (сав)нинг таҳорат олаётганларини кўрганмисиз?” – деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Зайд сув келтирмоқларини буюрдилар. Тоғорада сув келтиришди. Кейин икки қўлларига сув қуйиб, 3 марта ювдилар, 3 марта бир ҳовучдан сув олиб, оғиз ва бурунларини чайқадилар, 3 марта юзларини ювдилар, 2 марта қўлларини тирсаклари билан қўшиб ювдилар, кейин сув олиб, бошга масҳ тортдилар, оёқларини ювдилар. Сўнг: Расулуллоҳ (сав)нинг шундай таҳорат қилганларини кўрганман”, - дедилар” (яеа қ. 185).
200 - Ҳадис
200-ҳадис Анас (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) сув келтирмоқни буюрдилар. Идишда озроқ сув келтирилди. Расулуллоҳ (сав) идишнинг оғзига панжаларини қўйдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг панжалари орасидан силқиб тушаётган сувга 70 ёки 80 нафар одам таҳорат олди”. ***** "Ўзбек халқ табобати" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.uzbnatmed
←
1
2
3
4
5
6
7
8
→
»