Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
201 - Ҳадис
47-боб Бир муд (тахминан бир литр) сув билан таҳорат олмоқ 201-ҳадис Ибн Жабрга Анас бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) ғуслга бир соъдан (тахминан 4 литрдан) 5 мудгача (тахминан 5 литргача) сув ишлатар эдилар, 1 муд сув билан таҳорат олардилар”.
202 - Ҳадис
48-боб Маҳсига масҳ тортмоқ 202-ҳадис Саъд ибн Ваққос: “Расулуллоҳ (сав) маҳсиларига масҳ тортдилар”, - деди.Абдуллоҳ ибн Умар отасидан: “Шу тўғрими?”- деб сўради. “Ҳа, тўғри, агар Саъд сенга Расулуллоҳ (сав) хусусларида бирор нарса сўзласа, бу тўғрида бошқалардан сўрамагин!” – деди отаси (яна қ. 182).
203 - Ҳадис
203-ҳадис Урва ибн ал-Муғира ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) (қазои ҳожатга) ташқарига чиқдилар. Отам Муҳира ибн Шуъба обдастада сув олиб, у кишига эргашдилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳожатларидан бўшагач, сув қуйиб бердилар. Расулуллоҳ таҳорат олиб, маҳсиларига масҳ тортдилар”.
204 - Ҳадис
204-ҳадис Жаъфар ибн Амр: “Отам Расулуллоҳ (сав)нинг маҳсига масҳ тортганларини кўрганлар”, - деб ривоят қиладилар. Жаъфар ибн Амр яна бундай деганлар: “Отам Расулуллоҳ (сав)нинг саллаларига ва маҳсиларига масҳ тортганларини кўрган эканлар” (саллага маҳс тормоқ ҳанбалий мазҳабида мавжуд).
205 - Ҳадис
205-ҳадис Юқоридаги ҳадис такрори. Фақат саллаларига маҳс тортганлари қўшилмаган.
206 - Ҳадис
49-боб Маҳсини таҳоратли оёққа кийганда... 206-ҳадис Урва ибн ал-Муғиранинг отаси бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарда эдим. Маҳсиларини ечмоққа қўл чўздим, шунда: “Қўявер, мен маҳсини таҳоратли оёққа кийганман”, дедилар, сўнг маҳсиларига масҳ тортдилар” (яна қ. 182).
207 - Ҳадис
50-боб Қўй гўшти ва талқон егандан кейин таҳорат олмаслик хусусида Абу Бакр, Умар ва Усмон (қўй гўшти ва талқон) едилар ва таҳорат олмадилар. 207-ҳадис Абдуллоҳ ибн Абббос айтадилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг қўйнинг қўлини едилар, кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар” (яна қ. 5404, 5405).
208 - Ҳадис
208-ҳадис Жаъфар ибн Амр: “Отам Расулуллоҳ (сав)нинг қўйнинг қўлини кесиб еганларини, намоз чақирилгач эса, пичоқни қўйиб, таҳорат олмай намоз ўқиганларини кўрганлар”, - деганлар (яна қ. 675, 2923, 5408, 5422, 5462).
209 - Ҳадис
51-боб Талқон егандан кейин оғиз чайқашлик ва таҳорат олмаслик хусусида 209-ҳадис Бушайр ибн Ясорга Сувайд ибн Нуъмон бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга сафарга чиқдим. Саҳбо (Хайбарга яқин жой) деган ерга борганимизда Расулуллоҳ аср ўқидилар. Кейин овқат келтиришни буюрдилар. Овқатга талқон келтиришни буюрдилар. Овқатга талқон келтирилди, уни ҳўллашни буюрдилар, ҳўллашгач, едилар. Расулуллоҳ (сав) билан бирга биз ҳам едик. Кейин шомга ҳозирлик кўра бошладилар. Оғиз чайқадилар, биз ҳам оғиз чайқадик. Кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар” (яна қ. 215, 2981, 4175, 4195, 5384, 5390, 5454, 5455).
210 - Ҳадис
210-ҳадис Маймуна (рз.): “Расулуллоҳ (сав) менинг ёнимда ўтириб қўйнинг қўлини едилар. Кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар”, - деганлар.
211 - Ҳадис
52-боб Сут ичганда оғиз чайқаш лозимми? 211-ҳадис Ибн Аббос(рз.): “Расулуллоҳ (сав) сут ичдилар. Сўнг, “сутда ёғ бор” деб, оғиз чайқадилар”, - деганлар (5609).
212 - Ҳадис
53-боб Ухлаб тургандан кейин таҳорат масаласи ва “бир оз мудраса ёки мизғиса лозим эмас”, - деб ҳисобловчилар хусусида 212-ҳадис Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав): “Агар намоз ўқиётган ҳолда бирортангиз уйқусирасангиз, то уйқусираш босилгунча ёнбошлангиз, чунки бирортангиз уйқусираб намоз ўқисангиз, истиғфор айтаман деб, ўзингизни сўкиб қўйишингиз мумкин”, деганлар”, - деб айтганлар.
213 - Ҳадис
213-ҳадис Анас (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Кимки намозда уйқисираса, нима деб ўқиётганини ўзи биладиган бўлгунча, ётиб ухласин!” деганлар”, - деб айтганлар.
214 - Ҳадис
54-боб Таҳорат синмаса ҳам таҳорат олмоқ 214-ҳадис Амр ибн Омир бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) ҳар бир намозга алоҳида таҳорат қилар эдилар”, - деди Анас. Мен: “Сизлар-чи?” – дедим, “Агар таҳоратимиз синмаган бўлса, бир таҳорат билан ҳамма намозни ўқийверардик”, - деди Анас.
215 - Ҳадис
215-ҳадис Сувайд ибн ал-Нуъмон бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга Хайбар жанги йилида сафарга чиқдик.Саҳбо деган жойга борганимизда, Расулуллоҳ (сав) имоматга ўтиб аср ўқидилар, сўнг овқат буюрдилар, овқатга фақат талқон келтирилди, едик, ичдик. Кейин Расулуллоҳ (сав) шом ўқиш учун оғиз чайқадилар. Таҳорат олмай имоматга ўтиб, шом намозини ўқидилар” (яна қ. 2090.
216 - Ҳадис
55-ҳадис Сийдигидан сақланмаслик гуноҳи азимлардандир! 216-ҳадис Ибн Аббос (рз.) бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) Мадина (ёки Макка) қўрғонларидан бирининг ёнидан ўтаётиб, иккита қабрда ётган икки инсоннинг азобдан қилаётган дод – фарёдини эшитиб қолдилар. Расулуллоҳ (сав): “Иккови ҳам азобланаяпти, лекин икковлон ҳам катта гуноҳ сабабидан азобланаётгани йўқ”, - дедилар, кейин “Ҳа, албатта (яъни, сийдикдан эҳтиёт бўлмаслик ҳам катта гуноҳдир), биттаси сийдигидан сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилар эди”, - деб қўшиб қўйдилар. Сўнг, хурмо новдасидан келтирмоқни буюрдилар. Новдани синдириб, ҳар бир қабрга санчиб қўйдилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, нега бундай қилдингиз?” – дедилар. Расулуллоҳ: “Шоядки, шу новдалар қуригунча, уларнинг азоби енгиллашса”, - деб жавоб қилдилар” (яна қ. 218, 1361, 1378, 6052, 6055).
217 - Ҳадис
56-боб Сийдикни ювиш тўғрисида Расулуллоҳ (сав): “Қабрда ётган киши сийдигидан сақланмас эди”, - дедилар, одам сийдигидан бошқаси ҳақида ҳеч нарса демадилар. 217-ҳадис Анас ибн Молик: “Расулуллоҳ (сав) қазои ҳожатга борсалар, ортларидан сув олиб борар эдим, у билан таҳорат олар эдилар”, - деб айтганлар.
218 - Ҳадис
Боб 218-ҳадис Ибн Аббос (рз.) бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) икки қабрнинг ёнидан ўтдилар, шунда: “Иккови ҳам азобланмоқда, катта гуноҳдан азобланаётгани йўқ. Лекин биттаси сийдикдан сақланмас эди, иккинчиси эса чақимчилик қилиб, гап ташиб юрар эди”, - дедилар. Кейин, хурмони ҳўл новдасини олиб, иккига бўлдилар-да, ҳар бир қабрга биттадан санчиб қўйдилар. “Ё Расулуллоҳ, нега бундай қилдингиз?” – деб сўрашди. “Шоядки, шу новдалар қуригунча уларнинг азоби енгиллашса”, деб жавоб қилдилар. “Мужоҳиддан ҳам шунга ўхшаш ҳадис эшитганман”, - деган эканлар Вакиъ” (яна қ.216).
219 - Ҳадис
57-боб Расулуллоҳ (сав) ва бошқа кишиларнинг бир аъробий (бадавий) масжидда сийиб бўлгунича индамай турганлари 219-ҳадис Анас (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) масжидда сияётган бир аъробийни (бадавийни) кўриб: “Қўйинглар, бўлгунча индаманглар!” – дедилар. Кейин, Расулуллоҳ (сав) сув келтирмоқни буюрдилар. Сийдикни ювиб ташлашди” (яна қ. 221, 6025)
220 - Ҳадис
58-боб Масжиддаги сийдикни ювиб ташлаш хусусида 220-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Аъробий ўрнидан туриб, масжидда сийди, одамлар унга танбеҳ беришди. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Қўйинглар, индаманглар, сийдиги устига бир пақир сув қўйинглар!” – дедилар-да, “Дарҳақиқат, сизлар осонлаштирувчи қилиб юборилгансизлар, қийнлаштирувчи қилиб юборилмагансизлар”, - деб қўшиб қўйдилар” (яна қ. 6128).
221 - Ҳадис
221-ҳадис Бу ҳадисда ҳам 219-ҳадис такрорланади.
222 - Ҳадис
Боб Сийдик устига сув қуймоқ Анас ибн Молик (рз.)дан: “Аъробий келиб масжиднинг чеккасига сийди. Одамлар унга: “Нима қиляпсан?” - деб ҳайқиришди. Расулуллоҳ (сав) уларга: “Қўйинглар!” – дедилар. Аъробий бўшагандан сўнг Расулуллоҳ (сав) бир пақир сув келтириб, сийилган жойни ювиб ташлашни буюрдилар”. 59-боб Ёш болаларнинг сийдиги тўғрисида 222-ҳадис Ойша (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав)га бир эмизикли болани келтирдилар. Бола Расулуллоҳ (сав)нинг кийимларига сийиб қўйди. Расулуллоҳ (сав) сув келтириб, сийдик теккан жойга қуйдилар (яна қ. 5468, 6002, 6355).
223 - Ҳадис
223-ҳадис Умму Қайс бинти Муҳсин эмизикли ўғилчасини Расулуллоҳ (сав)нинг қўлларига берди. Расулуллоҳ (сав) болани қўйниларига олдилар. Бола Расулуллоҳ (сав)нинг кийимларига сийиб қўйди. Расулуллоҳ (сав) сув олдириб келтириб, сийдик теккан жойга қуйдилар, ювмадилар (қиз бола бўлса, ювмоқ лозимдир)” (яна қ. 5693).
224 - Ҳадис
60-боб Тик туриб ва ўтириб сиймоқнинг ҳукми 224-ҳадис Ҳузайфа (рз.) бундай ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ (сав) бир қавмнинг чиқиндилар (ахлат) ташлайдиган жойига келганларида тик туриб пешоб қилдилар (ўтиришга жой топилмаган чоғда жоиздир). Кейин: “Сув келтиргин!” – дедилар. Сув олиб келдим, таҳорат олдилар” (яна қ. 225, 226, 2471).
225 - Ҳадис
61-боб Йўлдошнинг ёнида пешоб қилмоқ ва йўлдошининг уни пана қилиб турмоғи 225-ҳадис Ҳузайфа(рз.) бундай дейдилар: “Эсимда, Расулуллоҳ (сав) билан бирга айланиб юрганимизда бир қавмнинг девор орқасида жойлашган ахлатхонаси олдига келиб қолдик. Расулуллоҳ, ҳар бирингиз тик турганингиздек, тик туриб пешоб қилдилар. Мен шунда у кишидан четланган эдим, менга ишора қилдилар, мен у кишини бўшагунларича пана қилиб турдим” (яна қ. 224).
226 - Ҳадис
62-боб Қавмнинг ахлатхонасига пешоб қилиш тўғрисида 226-ҳадис Абу Мусо ал-Ашъарий: “Сийдикдан ўзингизни эҳтиёт қилингиз! – деб қаттиқ тайинлаб, ”Бани Исроил қавмларидан бирортасиннинг кийимига сийдик тегса, ўша жойини кесиб ташлар эди”, - дедилар. Шунда Ҳузайфа (шояд, Абу Мусо бу тўғрида ҳадеб сўзламоқдан тўхтаса, деган мақсадда): “Расулуллоҳ (сав) бир қавмнинг ахлатхонасида тик туриб пешоб қилганлар-ку?!” – дедилар (яна қ. 224).
227 - Ҳадис
63-боб Қонни ювмоқ ҳукми 227-ҳадис Асмо бинти Абу Бакрдан: “Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига бир хотин келиб: “Бирортамиз ҳайз кўрсак, ҳайз кийимимизни нима қилайлик?” – деб сўради. Расулуллоҳ (сав): “Ишқалаб ташланади, кейин сув билан мижиб ювиб, устидан сув қуйиб, кийиб кейин намоз ўқилаверади”, - дедилар” (яна қ. 307).
228 - Ҳадис
228-ҳадис Ойша онамиз дедилар: “Фотима бинти Абу Ҳубайш Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига келиб сўради: “Ё Расулуллоҳ, мен истиҳоза кўрадиган хотинман (қон тўхтамайди), тозаланмасман, намозни тарк этайми?” Расулуллоҳ (сав): “Йўқ, у томирдан келадиган қондир, ҳайз эмас, агар ҳайз келса, намозни тарк этгин, ҳайз тугаши билан ғусл қилиб, кейин намоз ўқигин!” – дедилар” (То ҳайз вақти келгунча ҳар бир намоз учун алоҳида таҳорат олмоқ лозим) (яна қ. 306, 320, 325, 331).
229 - Ҳадис
64-боб Манийни ювмоқ ва ишқалаб ташламоқ, жинсий алоқа вақтида хотин кишидан чиқадиган намни ювмоқ 229-ҳадис Ойша онамиз бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав)нинг кийимларига жинсий алоқа вақтида тегиб қолган намни ювар эдим, кийимлари намлигича (бошқа кийим йўқлигидан) намозга чиқиб кетар эдилар” (яна қ. 230, 231, 232).
230 - Ҳадис
230-ҳадис Сулаймон ибн Ясордан: “Ойша онамиздан кийимга тегиб қолган маний ҳукми тўғрисида сўрадим. “Расулуллоҳ (сав)нинг кийимларига теккан намни ювар эдим, у киши кийимларини намлигича намозга чиқар эдилар”, - дедилар” (яна қ. 229).
231 - Ҳадис
65-боб Жинсий алоқадан теккан намни ва бошқа нарсаларни ювса-ю, доғи кетмаса 231-ҳадис Амр ибн Маймун бундай дедилар: “Мен Сулаймон ибн Ясордан: “Жинсий алоқада маний теккан жойни нима қилиш керак?” – деб сўрадим. “Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав)нинг кийимларига теккан намни ювар эдим, кийимлари қуриб улгурмай намозга чиқар эдилар, - деганлар”, деб айтдилар” (яна қ. 229).
232 - Ҳадис
232-ҳадис Сулаймон ибн Ясор: “Ойша (рз.) Расулуллоҳ (сав)нинг кийимларидаги манийни ювар эдилар. Мен у кишининг кийимларидаги доғларни кўрганман”, - дедилар (яна қ. 229).
233 - Ҳадис
66-боб Туя, йилқи ва қўй сийдикларининг ҳамда улар сақланадиган жойларнинг (қўра, молхонанинг) ҳукми Абу Мусо Дорул Баридда (карвонсаройда), шундайгина ёнларидан сайҳон ер бўла туриб, тезаклар устида намоз ўқидилар. Кейин: “У ер ҳам, бу ер ҳам баробар”, - дедилар. 233-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Укл ёки Урайна деган жойдан (Мадинага) одамлар келишди. Мадинада улар қорин оғриқ касалига мубтало бўлдилар. Расулуллоҳ (сав) уларга шаҳар ташқарисида ўтлаб юрган соғин туялар сутидан ва сийдигидан ичишни буюрдилар. Улар шундай қилишди. Соғайганларидан кейин Расулуллоҳ (сав)нинг туябоқарларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Эрта тонгда бу тўғрида хабар келди. Расулуллоҳ (сав) уларнинг изидан аскар юбордилар, кун ёйилган вақтда уларни асир қилиб олиб келишди. Қўл ва оёқларини кесиб, кўзларига мил тортиб, тошлоқ жойга ташлаб қўйдилар. “Сув-сув” дейишарди, лекин сув беришмас эди. Абу Қилоба бундай дедилар: “Улар ўғрилик қилдилар, одам ўлдирдилар ва имон келтирганларидан кейин яна қайта кофир бўлдилар, диндан чиқдилар, Аллоҳ ва унинг Расулига душманлик қилдилар” (яна қ. 1501, 3018, 4192, 4193, 4610, 5685, 5686, 5727, 6802-6805, 6899).
234 - Ҳадис
234-ҳадис Анас (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) масжид қурилмасидан аввал қўйхоналарда намоз ўқир эдилар” (яна қ. 428, 429, 1868, 2106, 2771, 2774, 2779,3932). 67-боб Ёғга ва сувга тушган ифлос нарсалар ҳукми Зуҳрий бу хусусда бундай деганлар: “Сувнинг таъми, ҳиди ва ранги ўзгармаса, ишлатса бўлади”. “Ўлимтикни пати сувга тушса, зарари йўқдир”, - деганлар Ҳаммод. Фил ва бошқа гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар суяги тўғрисида Зуҳрий бундай деганлар: “Ўтмиш олимларини кўпини кўрдим, ўлган ҳайвонларнинг суягидан ясалган тароқ билан сочларини тарашар эди, хушбўйлик солинадиган идишлари ҳам ўша суяклардан тайёрланган эди. Улар бунинг зарари йўқ, деб билишар эдилар. Ибн Сирин ва Иброҳим: “Фил суяги билан савдо-сотиқ қилишнинг зарари йўқдир”, - дер эдилар.
235 - Ҳадис
235-ҳадис Маймуна (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав)дан қуюқ ёғга тушиб, ўлиб қолган сичқон ҳукми тўғрисида сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ: “Сичқонни ва унинг атрофидаги ёғни олиб ташлаб, қолганини еяверингиз”, - деб жавоб қилдилар” (яна қ. 236, 5538, 5539, 5540).
236 - Ҳадис
236-ҳадис Маймуна онамиз яна бундай деган эканлар: “Шу ҳадиснинг ўзини Маън сал бошқачароқ қилиб айтиб берди, кейин мен эслаб қололмайдиган даражада яна жуда кўп ҳадис ривоят қилди”.
237 - Ҳадис
237-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) қуйидаги ҳадисни келтирдилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мусулмон одам Аллоҳ йўлида қанча яраланган бўлса, қиёмат куни ўшанча жароҳати бор шаҳид қиёфасида намоён бўлиб, баданининг ранги тиғ урилганда оқиб турган қон рангида, ҳиди мушк ҳиди каби бўлади”, - деганлар (яна қ. 2803, 5533).
238 - Ҳадис
68-боб Кўлмак сув тўғрисида 238-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) Расулуллоҳ (сав)нинг: “Биз бу дунёда охиргилармиз, у дунёда эса, биринчилармиз”, - деганларини эшитган эканлар (яна қ. 876, 896, 2956, 3486, 6624, 6887, 7036, 7495).
239 - Ҳадис
239-ҳадис Пайғамбаримиз (сав): “Бирортангиз кўлмак сувга сиймангиз, сиздан кейин биров таҳорат олади”, - деб айтганларини Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилганлар.
240 - Ҳадис
69-боб Агар намозхоннинг устига нопок нарса ташланса ёки ўлимтик ташланса, намози бузилмайди Ибн Умар намоз ўқиётиб, кийимларига қон текканини кўриб қолсалар, уни ечиб ташлар эдилар-да, намозни давом эттираверардилар. Ибн ал-Мусайяб ва аш-Шаъбий: “Агар бирор киши намоз ўқиётганида кийимига қон ёки маний текканини сезиб қолса ёхуд қиблани янглиштирганини ёки таяммум қилган ҳолда сув топилиб қолса ҳам намози қайтариб ўқилмайди”, - деганлар. 240-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуддан: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳ ёнида намоз ўқиётган эдилар. Абу Жаҳл (ислом душмани) ва унинг шериклари ўша ерда ўтиришган эди. Ўзаро бир-бирларига: “Қайси бирингиз фалончи сўйган туянинг ичак-чавоғини келтириб, Муҳаммад (ас) сажда қилаётганда устига ташлай оласиз?” – дейишди. Шунда қавмнинг энг бадбахти ичак-чавоқни олиб келгани кетди, келтиргач, Муҳаммад (ас)нинг саждага бош қўйишларини пойлаб туриб, уни икки кураклари ўртасига ташлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Мен қараб турибман-у, ҳеч нарса қила олмасман, агар куч-қувватим бўлганда эди… дейман”, - дейдилар. Улар қотиб-қотиб кула бошладилар. Расулуллоҳ (сав)нинг қизлари Фотима келиб, олиб ташламагунча саждадан бошларини кўтармадилар. Қизлари ичак-чавоқни елкаларидан олиб ташлагач, бошларини кўтариб: “Илоҳи, Қурайшни (қабилани) ҳалок қил!” – деб уч марта дуойи бад қилдилар. Дуойи бад қилганлари уларга оғир ботди. “Улар бу шаҳарда қилинган дуо мустажоб бўлишини билишар эди”, - дейдилар Ибн Масъуд. Расулуллоҳ (сав) бошқатдан: “Илоҳи, Абу Жаҳлни, Утба ибн Рабиъани, Шайба ибн Рабиъани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Абу Муъитни ҳалок қилгин!” – деб номма-ном дуойи бад қилдилар. Еттинчи номни ҳам айтдилар биз эслаб қололмадик. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Расулуллоҳ (сав) номларини санаган кишиларнинг барчаси Бадр урушида ўлдирилиб, қудуққа ташланганини батаҳқиқ кўрдим”, - дейдилар Ибн Масъуд (яна қ. 520, 2934, 3185, 3854, 3960).
241 - Ҳадис
70-боб Кийимга теккан тупук, манқа ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳукми Марвон бундай ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) Ҳудайбияга қилинган сафар чоғида йўлда кетаётиб бурун қоқсалар, саҳобалар кафтларига тушар эди (улар ерга тушмоғига қўйишмас эдилар), улар дарров табаррук қилиб юзлари ва баданларига суртиб олишар эдилар”. 241-ҳадис Анас (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) кийимларининг этагига туфладилар (намозда)”. Анас бу ҳадисни узоқ ҳикоя қилган (бу ҳақда кейинроқ батафсил айтилади) (яна қ. 405, 412, 413, 417, 531, 532, 822, 1214).
242 - Ҳадис
71-боб Набиз (хурмо шарбати) ёки маст қилувчи ичимликлар билан таҳорат олмоқ жоиз эмас Ҳасан Басрий набиз билан таҳорат олишни макруҳ деганлар. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Менга набиз ёки сут билан таҳорат қилгандан, таяммум қилиш афзалроқдир”, - деб айтганлар. 242-ҳадис Ойша (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) “Маст қиладиган ичимликларнинг барчаси ҳаромдир!” – деб айтганлар” (яна қ. 5585,5586).
243 - Ҳадис
72-боб Аёл киши отасининг юзидаги қонни ювиб қўйишнинг жоизлиги Абул Олия: “Оёғимга масҳ тортиб қўйинг, оёғим оғрияпти”, - деганлар. 243-ҳадис Абу Ҳозим бундай деганлар: “Одамлар Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан: “Расулуллоҳ (сав)нинг жароҳатлари нима билан даволанди” – деб сўраганларида, ёнгинасида турган эдим. “Бу тўғрида мендан кўра яхшироқ биладиган одам қолмади. Али қалқонида сув келтирар эди, Фотима эса Расулуллоҳнинг муборак юзларидаги қонни ювар эди, сўнг буйрани куйдириб, кулни жароҳатга босар эди”, - деди Саҳл (яна қ. 2903, 2911, 3037, 4075, 5248, 5722).
244 - Ҳадис
73-боб Мисвок билан тиш тозаламоқ Ибн Аббос: “Расулуллоҳ (сав)нинг уйларида ётиб қолдим. Мисвок билан тиш тозаладилар”, - деди 244-ҳадис Абу Мусо қуйидаги ҳадисни ўғиллари Абу Бурдага айтиб берган эканлар: “Расулуллоҳ (сав)нинг олдиларига борсам, мисвок билан ўхчиб-ўхчиб тишларини юваётган эканлар. Мисвок оғизларида-ю, қайт қилаётган одамнинг овозига ўхшаш овоз қиляптилар”.
245 - Ҳадис
245-ҳадис Ҳузайфа (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав кечаси турсалар, мисвок билан тишларини ювар эдилар” (яна қ. 889, 1136).
246 - Ҳадис
74-боб Мисвокни (икки киши турган бўлса) ёши каттасига бермоқ 246-ҳадис Ибн Умар (рз.)га Расулуллоҳ (сав бундай дейдилар: “Туш кўрсам, мен мисвок билан тиш тозалаётган эмишман. Ёнимга икки киши келди, бири иккинчисидан (ёши) каттароқ. Мисвокни кичкинасига узатдим, шунда менга: “Каттасига беринг!” – деб айтилди. Мисвокни каттасига бердим”. “Ушбу ҳадисни Наим ибн Ҳаммод ҳам қисқароқ қилиб айтиб берган”, - дейдилар Имом Бухорий.
247 - Ҳадис
75-боб Таҳорат олиб ётмоқнинг фазилати 247-ҳадис Баро ибн Озиб дедилар: “Мен Расулуллоҳ (сав): “Ўринга ётадиган бўлсанг, намозга таҳорат олгандек таҳорат олгин. Кейин ўнг ёнинг билан ётгин, сўнгра “Аллоҳумма асламта важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту заҳрий илайка рағбатан ва раҳбатан илайка, ла малжаъа ва ла манжо минка илло илайка. Аллоҳумма аманту би китабикаллазий анзалта ва би набиййикаллазий арсалта” дегин! Агар шу кечада вафот этсанг, дини исломда, Иброҳим миллатида вафот этган бўласан. Бу сўзларни энг сўнгида айтгин!” дедилар. Мен Расулуллоҳ (савга бир бошдан қайтариб айтиб бераётиб, “Аллоҳумма аманту би китабикаллазий анзалта” деган жойига келганимда “расуликаллазий” деб юбордим. Шунда Расулуллоҳ (сав: “Бундай эмас, “набиййикаллазий” деб айтгин!” – дедилар”. Дуонинг мазмуни: “Илоҳи, ўзимни ҳам, кори-боримни ҳам ўзингга топширдим, савобингдан умид қилиб ва азобингдан қўрқиб, сенга суяндим, сенинг нажотингдан ўзга нажот йўқдир, сенинг паноҳингдан ўзга паноҳ йўқдир. Илоҳи, нозил қилган Китобингга ишондим ва юборган пайғамбарингга имон келтирдим” (яна қ. 6311, 6313, 6315, 7488).
248 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Ғусл китоби Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)! Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирор киши ҳожатхонадан (чиқиб) келса, ёхуд хотинларингиз билан суркалишган (қовушган) бўлсангиз-у, (лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг! Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангиз” (“Моида” сураси, 6-оят). “Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз). Борди-ю, бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у, (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир” (“Нисо” сураси, 43-оят). 1-боб Ғуслдан олдин таҳорат олмоқ 248-ҳадис Расулуллоҳнинг хотинлари Ойша (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан кейинги ғуслни аввал қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Кейин намозга таҳорат олгандек таҳорат олар эдилар, сўнг қўлларига сувга тиқиб ҳўллаб, сочларининг ораларига панжаларини киргизиб, ишқар эдилар. Бошларига 3 ҳовуч сув қуйгандан сўнг бутун баданларини сув қуйиб ювар эдилар” (яна қ. 262, 272).
249 - Ҳадис
249-ҳадис Расулуллоҳ (сав)нинг хотинлари Маймуна (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав) намозга таҳорат олгандек таҳорат олдилар, лекин оёқларини ювмадилар (мустаҳаб қилдилар). Сўнг маний текан жойни ювиб ташладилар, кейин устиларига сув қуйиб, бутун баданларини ювдилар-да, четга чиқиб туриб, икки оёқларини ювдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг жимоъдан кейинги ғусллари мана шудир” (яна қ. 257, 259, 260, 265, 266, 274, 276, 281).
250 - Ҳадис
2-боб Эру хотиннинг бирга ғусл қилмоғи 250-ҳадис Ойша (рз.) дедилар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) бир идишдан ғусл қилар эдик. Идишнинг номи фарақ (5-7 литрга яқин сув сиғадиган тоғора) деб аталар эди” (яна қ. 261, 263, 273, 299, 5956, 7339). ***** "Саловот ва истиғфор" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.salovotvi
←
1
2
3
4
5
6
7
8
9
→
»