Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
51 - Ҳадис
38-боб 51-ҳадис Византия подшоси Ҳирақл Абу Суфёнга: “Бу динга кирувчилар кўпаймоқдами, озаймоқдами?” – деб сендан сўрасам, “Кўпаймоқда, имон ҳам шунақа, то мукаммал бўлгунча кўпаяверади”, - дединг. “Бу динга кирганлардан бирор киши ёқтирмай чиқиб кетяптими?” – десам, “Йўқ, имон хусусида ҳам шундайдир. Имон нури дилларга киргандан сўнг уни ҳеч ким ёмон кўрмайди” – дединг”, деб айтган экан (яна қ. 7).
52 - Ҳадис
39-боб Дин туфайли гуноҳлардан форғ бўлмоқнинг фазилати 52-ҳадис Расулуллоҳ бундай деганлар: “Ҳалол ва ҳаром бор нарсадир. Аммо иккаласини бир-биридан фарқлашда ноаниқликлар мавжуд. Одамларнинг кўпи уларни билмайдилар (ҳалол ва харом эканини). Шунинг учун кимки шубҳали нарсалардан ўзини тийса, диннини камчиликллардан, обрўйини таъналардан сақласа ва аксинча кимки шубҳали нарсалардан тийилмаса, у бировни экини чекккасида қўй боқаётган чўпонга ўҳшайди. Унинг қўйлари экинга тушиш эҳтимоли бордир. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг ўз чегараси бор. Аллоҳнинг чегараси ердаги ҳаром қилинган нарсалардир. Киши баданида бир парча гўшт бор, агар у тузалса, аъзоларнинг барчаси тузалади, агар у бузилса, аъзоларнинг барчаси бузилади. У қалбдир!” (яна қ. 2051).
53 - Ҳадис
40-боб Ўлжани бешдан бирини (Байтул Молга) беришлик имондандир 53-ҳадис Абу Жамра айтадилар: “Ибн Аббос билан бирга унинг сўричасида ўтирар эдим. Менга деди: “Менинг ҳузиримда қолгин, қисман молимдан ҳам бўлиб берай”. Хўп деб у киши ҳузурида икки ойча яшадим (мен форсча билар эдим, у кишининг форслар билан муомласида таржимонлик қилиб турардим). Бир аёл келиб сўради: “Кўзада қилинган набиз (ширин мусаллас)дан ичсак майлими?” Ибн Аббос уни ичишдан қайтардилар ва дедилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига Абдул Қайс қабиласидан бир жамоа келди. Расулуллоҳ (сав): “Бу қайси жамоа?” – деб сўрадилар. Меҳмонлар: “Биз Рабиъа қавмиданмиз”, - деб айтишди. “Хуш келибсизлар, марҳамат, ҳижолатсиз келаверинг!” – Расулуллоҳ. “Ё Расулуллоҳ, биз сизнинг олдингизга ражаб ойидагина кела оламиз (арабларда ражаб ойида қабилааро уришмоқ ман қилинган). Сиз билан бизнинг ўртамизда кофирлар қабиласи бордир. Шунинг учун бизга ажрим бир нарса буюрсангиз. Биз бу тўғрида кела олмаганларга ҳам айтсак ва унга амал қилиб жаннатга кирсак”, - дейишди. Шундан сўнг ичимликлар тўғрисида ҳам сўрашди. Расулуллоҳ (сав) уларга тўрт нарсани буюриб, тўрт нарсадан қайтардилар. Ёлғиз Аллоҳнинг ўзига имон келтиришни буюриб, бундай дедилар: “Биласизларми, Аллоҳнинг ёлғиз ўзига қандай имон келтирилади?” “Ўзингиз айтиб беринг” – дедилар. Расулуллоҳ (сав) Калимаи Таййибани айтдилар, сўнг уларга намоз ўқишни, закот беришни, Рамазон рўзасини тутишни, ўлжани 1/5 қисмини беришни буюрдилар ҳамда ҳантам, дуббо, нақир, муқаййар (ўша даврда мусаллас қилинадиган идишлар номи)дан қайтариб, “Бу сўзларни ёдлаб олиб, эшитмаганларга етказингиз!” – дедилар (яна қ. 87, 523, 1398, 3095, 3510, 4368, 6176, 7266, 7556).
54 - Ҳадис
41-боб Амаллар ният ва ихлосга қараб қабул қилинишининг баёни Ҳар кимнинг ниятидаги бўлади. Имом Бухорий айтадилар: “Бу сўзга имон ҳам, таҳорат ҳам, намоз ҳам, закот ҳам, ҳаж ҳам, рўза ҳам, муомала, никоҳ, умуман барча ҳукмлар киради. Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Айтинг: “Ҳар ким равишига қараб амал қилур” (“Исро” сураси 84-оят) – деган. Кишининг савоб умидида ўз оила аъзоларига сарфлаган нафақаси ҳам садақадир. Расулуллоҳ (сав): “Макка фатҳ қилингандан кейин ҳижрат (кўчиш) йўқ, лекин жидду жаҳд қилиш ёки яхши ниятда кўчиш мумкиндир” – деганлар. 54-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Амаллар ниятга қараб қабул қилинади, ким қандай ният қилса, шунга эришади. Кимки Аллоҳ ва унинг расули учун ҳижрат қилган бўлса, Аллоҳ ва Расул учун кўчганлик савобини олур. Кимки мол-дунёга эришмоқ ёки хотин олмоқ ниятида ҳижрат қилган бўлса, ўша ниятигагина эришиши мумкин (аммо савоб ололмайди)” (яна қ.1).
55 - Ҳадис
55-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Агар киши савоб умидида, ўз оила аъзоларига мол сарфласа, унга садақа қилганнинг савоби ёзилади”, - деганлар (яна қ.4006, 5351).
56 - Ҳадис
56-ҳадис Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар: “Аллоҳ йўлида қилган садақанг учун, албатта, Аллоҳдан ажр оласан, ҳатто хотининг оғзига солиб қўйган бир луқма таоминг учун ҳам” (яна қ. 1295, 2742, 2744, 3936, 4409, 5354, 5659, 6373).
57 - Ҳадис
42-боб Дин насиҳатдир Расулуллоҳ (сав): “Дин Аллоҳ ва унинг Расули, мусулмонларнинг раҳбарлари ва барча мусулмонларнинг раҳбарлари ва барча мусулмонлар учун қилинадиган насиҳатдир”, - деганлар. “Аллоҳ ва Расулига содиқ турган бўлсалар – қийинчилик (мажбурлик) йўқ”, - дейилган “Тавба” сурасининг 91-оятида. 57-ҳадис Жарир ибн Абдуллоҳ айтилар: “Беш вақт намоз ўқиман, закот бераман ва ҳар бир мусулмонга яхшилик қиламан, деб Расулуллоҳга байъат (қасамёд) қилдим” (яна қ. 58, 524, 1401,2157, 2714, 2715, 7204).
58 - Ҳадис
58-ҳадис Зиёд ибн Абдуллоҳ айтадилар: “Муғира ибн Шуъба ўлган куни Жарир ибн Абдуллоҳ ўрнидан туриб ҳамду сано айтди, сўнг деди: “Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан қўрқинг, Аллоҳнинг шериги йўқдир. Ўлган амирингиз ўрнига янги амир келгунча, оғир, босиқ бўлинг. Марҳум амирингизни гуноҳини Аллоҳдан кечирмоғини сўранг, чунки амирингиз ҳам фуқароларнинг хатосини кечирмоқни яхши кўрар эди”. Кейин, Жарир сўзида давом этиб деди: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига кириб, сизга яхши мусулмон бўлишга байъат (қасамёд) қилмоқчиман”, - дедим. Расулуллоҳ менга: “Ҳар бир мусулмоннинг фойдасига иш тутгин”, - деб шарт қўйдилар, мен шунга байъат қилдим. Шу Каъба эгасига қасамки, мен барчангизнинг фойдангизга иш тутаман”. Жарир сўзининг охирида истиғфор айтиб, минбардан тушди. Аллоҳ таоло номи зикр қилинган барча улуғ зотларни мағфират айласин!” (яна қ. 57).
59 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Илм китоби 1-боб Илм фазилати тўғрисида Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят), - дейилган. Яна бошқа каримасида эса: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт! Деб айтинг” (“Тоҳо” сураси, 114-оят) – дейилган. 2-боб Сўзга машғул бўлиб турган одамдан илм (билим) сўралганда, унинг сўзни тамомлаб, кейин жавоб бериши тўғрисида 59-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) бир мажлисда ўз қавмларига гапириб турган эдилар. Бир аъробий (бадавий) келиб: “Қиёмат қачон?” – деб сўради. Расулуллоҳ (сав) сўзларида давом этавердилар. Баъзи саҳобалар: “Расулуллоҳ унинг сўзини эшитдилар-ку, лекин ёқтирмадилар шекилли”, деб ўйладилар. Айримлари эса: “Сўзини эшитмадилар”, - деб ўйладилар. Расулуллоҳ (сав) сўзларини тугатгач: “Қиёмат тўғрисида сўраган одам қани?” – дедилар. Аъробий: “Мана мен, ё Расулуллоҳ!” – деди. Омонат (ҳалолик) ўртадан кўтарилганда қиёматни кутавергин!” – дедилар. “Буни қандай билса бўлади?” – деди аъробий. “Ишинг (кунинг) нопок одамларга қолганда қиёматни кутавергин!” – дедилар” (яна қ. 96, 6496).
60 - Ҳадис
3-боб Бирор илм (билим)ни баланд овоз билан айтмоқнинг мумкинлиги ҳақида 60-ҳадис Саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр айтадилар:” Расулуллоҳ (сав) бир сафар вақтида биздан орқада қолдилар. Аср намози ўқийдиган вақтда бизга етиб олдилар. Биз таҳорат олаётган эдик. Оёқларимизни сув билан юваётганимизда (сувни кам ишлатиш мақсадида) Расулуллоҳ баланд овоз билан: “Ўт азобидан оёқ кафтларининг ҳолига вой!” – деб уч марта нидо қилдилар” (яна қ.96, 163).
61 - Ҳадис
4-боб Ҳадис айтган одам (муҳаддис)ни “бизга ҳадис айтди, хабар берди, хабар қилди”, - деган сўзлар билан ифодалаш тўғрисида Саҳобалар ва тобеинлар (саҳобаларнинг замондошлари) ҳадисларни ривоят қилишда “бизга хабар қилди, айтди, фалончидан эшитдим-ку”, деган сўзлар билан ифодалаганлар. Масалан: Саҳоба Ибн Масъуд ҳадис айтмоқчи бўлсалар: “Расулуллоҳ (сав) бизга сўзлаб бердилар” ёки “Расулуллоҳдан эшитганман”, - деб гап бошлаганлар ва ҳоказо. 61-ҳадис Ибн Умар (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) сўрадилар, шундай бир дарахт борки, у мусулмонга ўхшаб баргини ташламайди. У қайси дарахт? Одамлар ўз ерларидаги дарахтларни бирма-бир айта бошладилар. Мен кўнглимда хурмо дарахти бўлса керак, дедим. Лекин айтгани уялдим. Улар Расулуллоҳ (сав)дан айтиб беришни сўрашган эди, у зот: “хурмо дарахти”, дедилар (яна қ 62, 72, 131, 2209, 4698, 5444, 5448, 6122, 6144).
62 - Ҳадис
5-боб Имомнинг кишилар илмини синаш учун масалани ўртага ташлаши 62-ҳадис Расулуллоҳ (сав)айтдилар: “Дарахтлар орасида бир дарахт бўлиб, баргларини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди (яъни, мусулмонлик дарахтининг барги – имондир). Айтингчи, бу қайси дарахт?” Одамлар ўз қишлоқларидаги барча дарахтларнинг номларини айта бошладилар. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Кўнглимга, бу хурмо дарахти бўлса керак, деган фикр келди (уялиб айтмадим, айтишга уялдим)”. Одамлар: ”Ўзингиз айтиб беринг, ё Расулуллоҳ”, - дейишди. Расулуллоҳ (сав): “У хурмо дарахтидир”, - дедилар (яна қ. 61).
63 - Ҳадис
7-боб Қуръон қироатини муҳаддис кўригидан ўтказиб олиш лозимлиги тўғрисида Ҳасан Басрий, Суфён ас-Саврий ва Имом Молик: “Бу жоиздир”, - деганлар. Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига Зимом ибн Саълаба деган саҳоба келиб айтди: “Аллоҳ сизга беш вақт намоз ўқимоқни буюрдими?” “Ҳа”, - дедила Расулуллоҳ (сав) Ушбу сўзни Зимом ўз қавмига бориб, Расулуллоҳдан деб ривоят қилди. Одамлар уни Расулуллоҳдан деб қабул қилдилар. Баъзи кишилар Қуръон муаллимига ўзлари билган оятларни ўқиб бериб, тасдиқдан ўтгач фалончидан Қуръон ўргандим, деб унга нисбат беради (қуйидаги ҳадис бунинг далилидир). 63-ҳадис Анас ибн Молик айтадилар: “Масжидда Расулуллоҳ (сав) билан ўтирган эдик. Бир киши туя миниб келди-да, туясини масжидга чўктириб, тушовлади. Кейин деди: “Қайси бирингиз Муҳаммад (ас)сиз?” Расулуллоҳ саҳобалар ўртасида суяниб ўтирган эдилар. “Мана суяниб ўтирган оқ юзли киши”, - деб кўрсатдик. Расулуллоҳга қараб: “Муталлибнинг ўғлимисиз?” – деб сўради. “Ҳа” – дедилар. Шунда у Расулуллоҳга қараб: “Мен сиздан баъзи бир масалаларни жиддий сўрайман, мендан ҳафа бўлмангиз”, - деди. “Сўрайверинг” – дедилар Расулуллоҳ (сав) ”Сизнинг ва сиздан аввалгиларнинг раббини ўртага қўйиб сўрайман, сизни Аллоҳ одамларнинг барчасига пайғамбар қилиб юбордими?” – деб сўради. “Ҳа” - дедилар Расулуллоҳ. “Аллоҳга қасамки, 5 вақт намоз ўқишимизни Аллоҳ буюрдими?” – деди. “Ҳа” – дедилар пайғамбаримиз. “Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, бойлардан закот олиб, фақирларга бўлиб бермоқни Аллоҳ буюрдими?” – деди. “Ҳа” – дедилар. “Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, йилда бир ой рўза тутмоқни Аллоҳ буюрдими?” – деб сўради. “Ҳа” – дедилар. Шундан сўнг у киши деди: “Мен сиз олиб келган нарсаларга имон келтирдим. Мен ўз қавмим юборган вакилман, исмим Зимом ибн Саълаба, Саъд ибн Бакр қабиласиданман”.
64 - Ҳадис
8-боб Қуръон ҳадисларини бошқа мамлакатларга тарқатиш жоизлиги тўғрисида Саҳоба Анас айтадилар: “Усмон(рз.) Мусҳаф (Қуръон)ни кўпайтириб, атрофдаги мамлакатларга юбордилар”. Абдуллоҳ ибн Умар, Яҳё ибн Саид ва Имом Молик: “Шундай қилмоқ жоиз”, - дедилар. Бир неча Ҳижоз уламолари Расулуллоҳ (сав)нинг ҳадисларини мактубга қўшиб, маҳфий ишлар бошлиғига бердилар ва “Фалон жойга етиб борганингдан кейин ўқийсан”, - дедилар. Тайинланган жойга боргач, у мактубни одамларга ўқиб берди ва пайғамбаримизнинг амрларидан бохабар қилди. 64-ҳадис Расулуллоҳ (сав) бир хат ёзиб, уни Баҳрайн бошлиғи орқали Форс бошлиғига етказишни буюрдилар. Форс бошлиғи хатни ўқиб, йиртиб ташлади (яна қ.2939, 4424, 7264).
65 - Ҳадис
65-ҳадис Анас ибн Моликдан: “Набий (сав) қайсидир мамлакатга мактуб ёзишга буюрганларида, ҳузурларидаги кишилар у ернинг одамлари муҳрланмаган хатни ўқиб ўтирмайдилар, дейишди. Шундан кейин у зот (сав) кумушдан муҳрли узук тақадиган бўлдилар” (яна қ. 2938, 5870, 5872, 5874, 5875, 5877, 5879, 7162).
66 - Ҳадис
66-ҳадис Расулуллоҳ (сав) мажлисда ўтирган эдилар. Уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳга юзланиб, тўхтаб қолди, биттаси эса қайтиб кетди. Қолган икки кишидан бири даврадаги бўш ўринни кўриб, ўша ерга бориб ўтирди. Расулуллоҳ (сав) сўзлаб бўлгач дедилар: “Уч киши тўғрисида сизга хабар айтайми? Биринчиси Аллоҳ расулининг мажлисидан жой олди. Аллоҳ таоло унга охиратда “Арш соясидан) ўрин беради, иккинчиси эса (қайтиб кетишдан уялди, Аллоҳ таоло ҳам (уни азоблашдан) уялади. Аммо учинчиси мажлисдан юз ўгирди. Аллоҳ таоло ҳам ундан юз ўгиради” (яна қ. 474).
67 - Ҳадис
10-боб Расулуллоҳ (сав)нинг “Шояд, мендан эшитган одамдан кўра, кейин эшитган одам ёдида тутувчироқ бўлса”, деган сўзлари тўғрисида 67-ҳадис Расулуллоҳ (сав )жиловини бир киши ушлаб турган туя устида ўтирган ҳолда ваъз айтдилар: “Бугун қайси кун?” – дедилар. Ҳаммамиз жим қолдик ва бугуннинг бошқа номини айтсалар керак, деб ўйладик. “Қурбон ҳайити куни эмасми?”- дедилар. “Ҳа, шундай”, - дедик. “Бу қайси ой?” – деб сўрадилар. Ҳаммамиз жим қолдик. Биз бу ойнинг бошқа исмини айтсалар керак, деб ўйладик. “Зулҳижжа ойи эмасми?” – дедилар. “Ҳа, шундай”, - дедик. Расулуллоҳ дедилар: “Ўзаро қон тўкишингиз, талон-тарож қилишингиз, обрўйингизни тўкишингиз, худди шу кун ва шу ойда ва шу жойда ёмонлик қилиш қандай ҳаром бўлса, шундай ҳаромдир. Эшитганлар, эшитмаганларга шу хусусда етказсинлар! Чунки шу ерда бор кишилар ўзидан кўра ҳадисни ёдда сақлайдиган кишига етказса, ажаб эмас” (яна қ. 105, 1741, 3197, 4406, 4662, 5550, 7078, 7447).
68 - Ҳадис
11-боб Бир ишни қилишдан ҳам, сўзлашдан ҳам аввал илм даркорлиги тўғрисида Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад” сураси, 19-оят), - деган сўзини ҳам “бил” деган сўз билан бошлаган. Олимлар – пайғамбарларнинг меросхўрлари илмни пайғамбарлардан ўрганишади. “Кимки илм олган бўлса, пайғамбар (ас)дан тўлиқ мерос олибди”, - деган ҳадисда ҳам олиш кераклиги уқтирилган. “Кимки илм истаб қадам қўйса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилади”, - дейилади бошқа ҳадисда. Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқалар” (“Фотир” сураси. 28-оят), - дейилган. Иккинчи бир оятда: “(Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (“Анкабут” сураси, 43-оят) – дейилган бўлса, бошқаларида: “Улар (кофирлар) яна: “Агар бизлар пайғамбар (сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик”, - дерлар” (“Мулк” сураси, 10-оят). “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (“Зумар” сураси, 9- оят) – дейилган. Расулуллоҳ (сав) “Кимгаки Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, уни дин илмидан баҳраманд қилади, илмга илм олмоқ йўли билан эришилади”, - деганлар. Саҳоба Абу Зарр: “Агар қилични мана бунга (бўйинга) қўйсангизу бўйнимни узиб юбормасингиздан аввал мен Расулуллоҳдан эшитган сўзларимдан бирортасини айтиб улгурмоғим мумкинлигини билса, айтиб олар эдим”, - деган эканлар. Ибн Аббос “Куну раббониййа!”, яъни “Раббоний бўлинглар!” деган Аллоҳ буйруғини “Ҳалим ва фақиҳ бўлинглар!” деб таржима қилдилар. Имом Бухорий: “Раббоний дегани одамларни катта илмлардан аввал кичик илмлар билан тарбиялаган кишидир”, - деганлар. 12-боб Расулуллоҳ (сав)нинг одамларга мало келмасин деб, муайян кунларда илм ва ваъз айтиш учун белгилаб қўйганлари 68-ҳадис Ибн Масъуд (рз.) айганлар:” Расулуллоҳ (сав) бизга малол келмасин деб, ваъз айтмоқ учун маълум кунларни белгилаб қўйган эдилар” (яна қ. 70, 6411).
69 - Ҳадис
69-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар! Хушхабар айтинглар, қизиқтиринглар, нафратлантириб қўйманглар (ўзингиздан бездирманглар)!” – деганлар (яна қ. 6125).
70 - Ҳадис
13-боб Илм ўрганувчилар учун маълум кунларни белгилаган киши тўғрисида 70-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуд одамларга пайшанба куни ваъз айтар эдилар. Бир киши уларга деди: “Эй Абдуллоҳ, ҳар куни ваъз айтишингизни жуда ҳам истардим”. Абдуллоҳ дедилар: “Сизларга малол келиб қолишини истамаганимда ҳар кун ваъз айтган бўлар эдим. Расулуллоҳ (сав) бизларга вақт-вақти билан ваъз айтганларидек, мен ҳам сизларга вақт-вақти билан ваъз айтаман” (яна қ.68).
71 - Ҳадис
14-боб Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ қилиб қўяди 71-ҳадис Муовия (рз.) хутбада туриб ушбу сўзни Расулуллоҳдан эшитганман, деб айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади, қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ буни менга насиб айлайди. Ислом уммати Ҳақ дини йўлида собит бўлса, токи Аллоҳ таолонинг ўзи истамас экан, уларга душманлик қилаётганларнинг зарари тегмайди” (яна қ. 3116, 3641, 7312, 7460).
72 - Ҳадис
15-боб Илмни фаҳмлаш (теран тушуниш) 72-ҳадис Мужоҳид (рз.) бундай деганлар: “Ибн Умар билан Мадинага бирга кетдим. Йўлда у Расулуллоҳ (сав) ҳадисларидан бирини айтиб берди. У бундай деди: ” Расулуллоҳ (сав)нинг ёнларида эдик, хурмо ёғи келтириб қолдилар. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Дарахтлар орасида бир дарахт бордир, у мусулмонга ўхшайди”, - дедилар. Мен: “Хурмо”, - демоқчи бўлдим-у, лекин ҳаммадан ёш бўлганим учун индамадим. Расулуллоҳ (сав)нинг ўзлари: “Бу хурмо дарахтидир”, - деб айтдилар (яна қ. 61).
73 - Ҳадис
16-боб Илму ҳикматни орзу қилмоқ Ҳазрат Умар (рз.) бундай деганлар: “Бошлиқ бўлмасингиздан аввал илмни чуқур ўрганинг! 73-ҳадис Расулуллоҳ (сав)нинг саҳобалари ёшлари улғайганда ҳам илм ўрганганлар. Расулуллоҳ (сав): “Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилиш жоиз эмас, бири – кишига Аллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берса-ю, иккинчиси – кишига Аллоҳ таоло илму ҳикмат ато этса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, ҳукм сураётган, одамларга билганини ўргатаётган бўлса”, - деганлар” (яна қ. 1409, 7141, 7316).
74 - Ҳадис
74-ҳадис Ибн Аббос билан ал-Ҳарр ибн Қайс Мусо (ас) билан учрашган кишига (яъни, Хизр (ас)га қизиқиб қолдилар. Ибн Аббос: “Хизр билан учрашганлар”, - деди. Шу пайт уларнинг ёнидан Убай ибн Каъб ўтиб қолди. Ибн Аббос уни чақириб: “Биз Ҳарр билан иккимиз Мусо (ас)га йўлиққан киши тўғрисида тортишиб қолдик. Расулуллоҳ (сав)дан шу тўғрисида эшитганмисиз?” – деди. “Ҳа, эшитганман, - деди Убай, - Мусо (ас) Бани Исроил қавмларидан бир тўдасининг ичида турган эдилар, бир киши келиб: “Ўзингиздан олимроқ бирор киши борлигини билурмисиз?”, - деб сўрабди. Мусо (ас): “Йўқ”, - деб жавоб берибдилар”. Аллоҳ таоло Мусога: “Ҳа, Хизр деган бандам бордир”, - деб ваҳий қилди. Мусо (ас) Хизр билан учрашмоқ йўлини сўрадилар. Аллоҳ таоло ҳут (ҳут-балиқ) учрашув аломати бўлажагини билдирди. “Ҳут кўзингдан ғойиб бўлгач, орқангга қайт, Хизр билан учрашасан.”, - дейилди. Мусо (ас) денгиз бўйлаб ҳут ортидан кета бошладилар. Бир вақт Мусо (ас) ғуломлари: “Қоятош олдига бориб тўхтаганимизда, мени шайтон адаштириб, ҳутни йўқотдим”, - деди. Мусо (ас): “Бизга худди шу керак эди””, - дедилар. У ерда Хизр (ас)ни топдилар ва Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг (“Каҳф” сурасида) айтиб берган Мусо ва Хизр воқеаси содир бўлди” (яна қ. 78, 122, 2267, 3278, 3400, 4725, 4726).
75 - Ҳадис
18-боб 75-ҳадис Расулуллоҳ (сав)нинг “Илоҳи, бу йигитга Қуръони каримни ёд олмоқни ва уни (теран) тушунмоқни насиб айлагин!” – деб дуо қилганлари Абдуллоҳ ибн Аббос айтганлар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) мени қучоқлаб туриб: “Илоҳи, бунга Қуръони каримни ёд олмоқни ва тушунмоқни муяссар айлагин” – деб дуо қилдилар” (яна қ. 143, 3756, 7270).
76 - Ҳадис
19-боб Қачон ёш болага танбеҳ бериш тўғри бўлади? 76-ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббос айтганлар: “Расулуллоҳ (сав) Минода (Маккада қурбонлик келтириладиган жойда) намоз ўқиб турган эдилар, қибла томон тўсиб қўйилмаган эди. Мен балоғатга етай деб қолган йигитча эдим. Бир урғочи эшак миниб, намоз ўқиётганлар олдидан ўтдим, кейин эшакни ўтлатгани қўйиб юбордим-да, намоз ўқидим. Шу қилмишим учун ҳеч ким менга танбеҳ бермади” (яна қ. 493, 861, 1857, 4412).
77 - Ҳадис
77-ҳадис Саҳоба Маҳмуд ибн Рабиъ айтганлар: “5 ёшимда Расулуллоҳ (сав)нинг пақиридан бир хўплам сув олиб, юзимга пуркаб юборганларини эслайман” (яна қ. 189, 839, 1185, 6354, 6422).
78 - Ҳадис
20-боб Илм олиш ниятида сафар қилиш 78-ҳадис Ушбу ҳадис билан Қуръони каримда баён этилган Мусо (ас) билан Хизр (ас) қиссаси ҳамоҳангдир (яна қ. 74).
79 - Ҳадис
21-боб Илм ўрганиш ва ўргатишнинг фазилати 79-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Аллоҳ таоло менга юборган ҳидоят (Аллоҳ таоло бандаларига кўрсатган тўғри йўл қўлланма) сингари илм ҳам кўп ёққан ёмғирга ўхшайди. Баъзи ер соф, унумдор бўлиб, ёмғирни ўзига сингдиради-да, ҳар хил ўсимликлар ва кўкатлар ўстиради ва баъзи ер қурғоқ, қаттиқ бўлиб, сувни сингдирмасдан ўзида тўплайди, ундан Аллоҳ таоло бандаларини фойдалантиради. Одамлар сувдан ичадилар, ҳайвонлари ва экинларини суғорадилар. Баъзи ер эса текис бўлиб, сувни ўзида тутиб қолмайди, кўкатни ҳам кўкартирмайди. Буларни қуйидагича қиёслаш мумкин: Бир киши Аллоҳ илмини (исломни) теран ўрганади, теран тушуниб, ундан манфаатланади ва Аллоҳ юборган ҳидоятни ўзи ўрганиб, одамларга ўргатади. Иккинчи бир киши илм ўрганиб одамларга ўргатади. Аммо ўзи амал қилмайди. Учинчи бир киши мутакаббирлик қилиб, ўзи ҳам ўрганмайди, ўзгаларга ҳам ўргатмайди. Булардан биринчиси мўмин, иккинчиси фосиҳ, учунчиси кофирдир”.
80 - Ҳадис
22-боб Илмга эътиборсизлик ва нодонлик (жаҳолат)нинг авж олиши 80-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Илмга эътиборсизлик, нодонлик, ичкиликбозлик ва зинокорликнинг оммавий тус олиши қиёмат аломатларидандир” (яна қ. 81, 5231, 5577, 6808).
81 - Ҳадис
81-ҳадис Анас (рз.) (охирги саҳоба): “Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин сизга буни сизга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулуллоҳ қуйидагилар қиёмат аломатларидандир, деганлар”, - дедилар: - илмнинг сусаймоғи; - жаҳолатнинг кучаймоғи; - зинонинг авж олмоғи; - хотинларнинг кўпаймоғи; - эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто 50 нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи” (яна қ. 80).
82 - Ҳадис
23-боб Илмнинг фазилатлари ҳақида 82-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?” “Илмга”, - дедилар Расулуллоҳ (сав) (яна қ. 3681, 7006 , 7007, 7027, 7032).
83 - Ҳадис
24-боб Бирор улов миниб ёки бошқа нарса устида туриб фатво айтмоқ 83-ҳадис Расулуллоҳ (сав) одамларнинг саволларига жавоб бермоқ учун Мино (қурбонлик қилинадиган жой)даги Ҳажжотил Вадо олдига келиб тўхтадилар. Бир киши келиб деди: “‘Ё Расулуллоҳ, қурбонлик қилишдан олдин билмай сочимни олдириб қўйибман”. Расулуллоҳ (сав): “Энди сўявер, зарари йўқ”, - дедилар. Бошқа бир киши келиб деди: “Шайтонга тош отмасдан аввал билмасдан қурбонлик қилиб қўйибман”. “Энди отавер, зарари йўқ”, - дедилар. Расулуллоҳ (сав) одамларнинг “бундай қилиб қўйибман, ундай қилиб қўйибман” деган саволларига жавоб бердилар (яна қ. 124, 1736, 1737, 1738, 6665).
84 - Ҳадис
25-боб Фатво сўраган одамга бош ёки қўл билан ишора қилиб жавоб беришнинг мумкинлиги 84-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ (сав)дан Ҳажжотул Вадода турганларида сўрадилар: “Шайтонга тош отмасдан аввал қурбонликка аталган қўйимни сўйиб қўйибман?” Расулуллоҳ “зарари йўқ” маъносида қўллари билан ишора қилдилар. Биров сўради: “Қурбонлик қўйни сўймасдан сочимни олдирибман?” Расулуллоҳ “зарари йўқ” деб қўллари билан ишора қилдилар (яна қ. 1721, 1722, 1723, 1734, 1735, 6666).
85 - Ҳадис
85-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Илм йўқолади, нодонлик кучаяди, фитналар содир бўлади, ҳарж кўпаяди”, - дедилар. “Ё Расулуллоҳ, ҳарж нима?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ “Қотиллик” деган маънода қўлларини бўғизларини устидан юргиздилар (яна қ. 1036, 1412, 3608, 3609, 4635, 4636, 6037, 6506, 6935).
86 - Ҳадис
86-ҳадис Асмо (Абу Бакр қизи) бундай деганлар: “Ойша синглимникига бордим. Намоз ўқиётган экан. Одамларга нима бўлди десам, осмонга ишора қилди (одамлар “Кун тутилди” деб қўрқувдан намоз ўқишаётган экан).”Бу (қиёмат) белгисими?” – дедим. ”Ҳа”, - деб бошини қимирлатиб қўйди. Мен ҳам кўзим тиниб кетгунча намоз ўқидим, сўнг (ўзимга келишим учун) бошимга сув қуя бошладим. Расулуллоҳ (сав) ҳамду сано айтиб дедилар: “Бирорта кўрмаган нарсам қолмади, мана шу тик турган жойимда ҳамма нарсани, ҳатто жаннат ва дўзахни ҳам кўрдим. Менга: “Сизлар қабрларингизда Дажжол фитнасидек ёки шунга ўхшаш бир синовдан ўтасизлар”, - деган ваҳий келди. Синов вақтида: “Бу кишини танийсанми?” – деб сўралади. Сўроқ қилинаётган одам чин имонли бўлса, “Бу киши Муҳаммад (ас), бизга Аллоҳнинг ҳидоятини олиб келган, мўжизалар кўрсатган, биз қабул қилганмиз”, - дейди ва яна уч марта “Муҳаммад (ас)дир”, - деб қайтаради. “Қилган яхшиликларингнинг роҳатини кўриб ухлайвергин, биз чин имонли эканингни билган эдик”, - дейилади. Аммо сўроқ берувчи мунофиқ бўлса, “Билмайман, одамлардан нимадир эшитувдим, шуни айтим-да (яъни, бу киши пайғамбар, деб аниқ айта олмайди),- дейди (яна қ. 184, 922, 1053, 1054, 1061, 1235, 1373, 2519, 2520).
87 - Ҳадис
25-боб Расулуллоҳ (сав)нинг Абул Қайс қабиласидан келган меҳмонларга имон ва илмни эҳтиёт қилиш кераклигини айтганлари ва бу тўғрида “келгуси авлодни ҳам хабардор қилинглар!” – деганлари Саҳоба Молик: “Расулуллоҳ (сав): “Боринглар энди, уйингизга қайтиб, оила аъзоларингизга ҳам ўргатинглар!” – деб бизга айтдилар”, - деди. 87-ҳадис Абдул Қайс қабиласидан келган меҳмонлар: “Биз ражабойидагина кела оламиз, жаннатга киргизадиган бир амалга буюринг!” – деганларида, Расулуллоҳ (сав) 4 нарсага амал қилишни ва тўрт нарсага қилмасликни буюрганлари тўғрисида 53-ҳадис шу ўринда такроран келтирилган.
88 - Ҳадис
27-боб Вужудга келган масалани сўраб, билиб олиш учун сафар қилиш ва қайтгач, оила аъзоларига ўргатиш ҳақида 88-ҳадис Уқба ибн Ҳарс (рз.) саҳоба Абу Иҳобнинг қизига уйланди. Шунда бир хотин келиб Уқбага: “Мен сени ҳам, сен уйланаётган қизни ҳам эмизганман”, - деди. “Мен сизнинг мени эмизганингизни билмасман, менга айтган ҳам эмассиз”, - деди Уқба. Шундан сўнг, Уқба Мадинага, Расулуллоҳ (савнинг ҳузурларига бориб, бу тўғрида сўради. Расулуллоҳ (сав): “Қандай хотин қиласан, разои эмикдош синглинг деб сенга айтди-ку ахир!?” – дебдилар. Ажратиб қўйдилар. Қиз бошқа эрга тегиб кетди (яна қ. 2052, 2640, 2659, 2660, 5104).
89 - Ҳадис
28-боб Навбат билан илм олмоқ 89-ҳадис Умар (рз.) айтдилар: “Мен ва Бани Умайя қабиласидан бир ансорий қўшним Расулуллоҳ ҳузурларига галма-гал қатнар эдик. Бир кун мен борардим, бир кун у борарди. Мен борсам қайтиб келгач, қўшнимга ўша куни пайғамбаримизга келган ваҳий ва бошқа хабарларни айтиб берар эдим. У борса, қайтиб келгач, менга айтиб берар эди. Бир куни (шу кун қўшнимнинг навбати эди) қўшним эшигимни қаттиқ тақиллатиб, “Умар борми?” – деди. Мен қўрқиб кетдим, шошиб олдига чиқдим. “Жуда қизиқ воқеа содир бўлди – деди у – Мадинага бориб, қизим Ҳафсани кўргани кирдим. Ҳафса йиғлаб ўтирган экан. “Расулуллоҳ сизларни талоқ қилдиларми?” – дедим. “Билмайман” – деди. Расулуллоҳ ҳузурларига кирдим, тик туриб: “Хотинларингизни талоқ қилдингизми?” – дедим. Расулуллоҳ: “Йўқ” – дедилар. “Аллоҳу акбар” – дедим (ансорлар билмай номақбул гап айтиб қўйгани учун Расулуллоҳ хотинларига: “Бир ой алоқа қилмайман”, - деган эдилар) (яна қ. 2468, 4913, 4914, 4915, 5191, 5218, 5843, 7256, 7263).
90 - Ҳадис
29-боб Ваъз айтаётган ва илм ўрганаётган кишини ёқтирмаган нарсани пайқаганда ғазабланиши жоиз эканлиги ҳақида 90-ҳадис Абу Масъуд (Ансорий) (рз.) айтдилар: “Расулуллоҳ (сав)га бир киши: “Ё Расулуллоҳ, фалончи намозни чўзиб юборганидан намозимни бузиб қўйишимга оз қолади”, деди. Расулуллоҳ (сав)нинг ваъз айтаётганларидаги шу кунгидан кўра ғазаблироқ ҳолатларини кўрмаганман. Ўшанда дедилар: “Эй одамлар, баъзи бирингиз халқни бездирмоқдасизлар (қочириб юбормоқдасизлар), энди кимки одамларга имом бўлиб (намоз) ўқийдиган бўлса, енгил қилиб ўқисин, чунки улар ичида касал, заиф ва ҳожатли кишилар бордир” (яна қ. 702, 704, 6110, 7159).
91 - Ҳадис
91-ҳадис Расулуллоҳ (сав)дан бир киши топиб олинган нарса ҳукми тўғрисида сўради. Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Бир йилгача пул топиб олганингни эълон қилгайсан. Эгаси келса, бергайсан. Агар келмаса, ўзинг фойдалангин”. У киши айтди: “Йўқолган туяни-чи?” Жаноб Расулуллоҳ (сав) шунчалик ғазабландиларки, ҳатто юзлари қизариб кетди: “Туяга тегма, у сувсиз ҳам узоқ юра олади, оёғи бор. Сувини топиб ичади, ўтини топиб ейди, эгаси топиб олгунча тегмагин!”. Бояги киши деди: “Йўқолган қўйни-чи?” Расулуллоҳ дедилар: “У сеники ёки биродарингники ва ёҳуд бўриникидир” (яна қ. 2372, 2427, 2428, 2429, 2436, 2438, 5292, 6112).
92 - Ҳадис
92-ҳадис Абу Мусо дедилар: “Расулуллоҳ (сав) ёмон кўрган нарсалари тўғрисида эзмаланиб сўрадилар. Савол кўпайиб кетгач, ғазаблари келди ва дедилар: “Оғзингизга келган нарсани сўрайверинглар!” Бир киши деди: “Менинг отам кимдир, ё Расулуллоҳ?” “Отанг - Ҳузофадир”, - дедилар. Иккинчи бир киши туриб сўради: “Менинг отам-чи?” “Отанг – Салим озод қул”, дедилар. Ҳазрат Умар (рз.) Расулуллоҳнинг юзларидаги ғазабни кўргач: “Биз Аллоҳ азза ва жаллага тавба қиламиз (сизни хафа қилиб қўйганимиз учун)”, - дедилар” (яна қ. 7291).
93 - Ҳадис
30-боб Имом ва муҳандиснинг ҳузурида тиз чўкиб ўтиришни афзаллиги 93-ҳадис Анас ибн Моликдан: “Расулуллоҳ (сав) (жамоат) олдига чиқдилар (одамлар эзмаланиб савол беравердилар). Абдуллоҳ ибн Ҳузофа туриб: “Менинг отам кимдир?” – деди. “Отанг – Ҳузофадир”, - дедилар. Кейин, Расулуллоҳ (сав): “Сўрайверинглар, сўраверинглар!” – дедилар. Шунда Умар Одил (рз.) тиз чўкиб ўтирдилар-да: “Аллоҳни раббимиз деб билдик, исломни динимиз деб тан олдик, Муҳаммад (сав)ни пайғамбаримиз деб танидик”, - дедилар. Расулуллоҳ (сав) ғазабларидан тушдилар” (яна қ. 540, 749, 4621, 6362, 6468,6486, 7089, 7090, 7091, 7294, 7295).
94 - Ҳадис
31-боб Тушунарли бўлиши учун ҳар бир гапни уч бор қайтаришнинг афзаллиги 94-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Гуноҳи азимлардан биттаси – ёлғондан гувоҳлик бермоқдир”, такрор-такрор айтавердилар. Ибн Умар бундай дедилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ топшириқларини сизга етказдимми?” – деб уч карра қайтариб айтдилар (яна қ. 95, 96).
95 - Ҳадис
95-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) бирор сўз айтсалар, тушунарли бўлиши учун уч бор қайтарардилар. Салом берсалар, уч марта салом берардилар (яна қ. 6244).
96 - Ҳадис
96-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав):) сафарга чиққанимизда орқада қолдилар. Аср намози вақти эди, биз таҳорат олаётган эдик. Шу пайт етиб келдилар, оёқларимизни сув билан юваётганимизни кўриб, баланд овоз билан: “Ўт азобидан оёқ кафтларини ҳолига вой!” – деб бор нидо қилдилар” (яна қ. 60).
97 - Ҳадис
32-боб Киши ўз оиласига ва қўл остидагиларга (чўрисига) таълим бермоғини афзаллиги 97-ҳадис Абу Бурда отаси Абу Мусодан эшитиб, бундай деган: “Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Аллоҳ таоло уч кишига икки баробар савоб беради: - кимки аҳли китоб (ўз муқаддас китобига эга бўлган динлардан бирига эътиқод қилувчилар) бўла туриб, ўз пайғамбарига, ҳам Расулуллоҳга имон келтирган бўлса; - қул бўлса-ю, Аллоҳ ва хўжайини олдидаги бурчини адо этган бўлса; - киши ўз чўрисига яхши одоб-ахлоқ ўргатиб, одобли ва илмли қилса, кейин озод қилиб унга уйланса”. Омир аш-Шаъбий Солиҳ номли кишига айтди: “Биз сенга бу ҳадисни сендан ҳеч нарса талаб қилмай беряпмиз, арзимаган масалаларни ҳал қилиш учун ҳам Мадинага туя миниб борилар эди (яна қ. 2544, 2547, 2551, 3011, 3446, 5083).
98 - Ҳадис
33-боб Имомнинг аёлларга ваъз айтмоғи ва уларга диндан таълим бермоғи (мустаҳаблиги) 98-ҳадис Ибн Аббосдан: “Расулуллоҳ (сав) Билол билан бирга аёллар қошига чиқдилар. Билол: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) аёллар гапини эшитмай қолдилар”, - деб ўйловдилар. Лекин Расулуллоҳ аёлларга ваъз айтдилар, сўнг уларни садақа беришга даъват қилдилар. Аёллар сирға ва узуклар ечиб, Билолнинг етагига ташлай бошладилар” (яна қ. 863, 962, 964, 975, 977, 979, 989, 1431, 1449, 4895, 5249, 5880, 5881, 5883, 7325).
99 - Ҳадис
34-боб Ҳадис илмини ўрганишга иштиёқманд бўлишнинг афзаллиги 99-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат кунида шафоатингизга лойиқроқ одам кимдир?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ (сав): “Эй Абу Ҳурайра, ҳадисга иштиёқмандлигингни кўриб, сендан олдин ҳеч ким бу тўғрида сўрамаса керак, деб ўйловдим. Чин дилдан, ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ” деган одам шафоатимга муассар бўлади”, - дедилар” (яна қ. 6570).
100 - Ҳадис
35-боб Илм қандай йўқолади? (кишилар дилидан илмни кўтарилиб кетиши тўғрисида) Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Ҳазмга бундай деб ёзган эди: “Расулуллоҳ (сав) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!” 100-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр: “Расулуллоҳ (сав)нинг “Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмаганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” деганларини эшитганман”, - деб айтган (яна қ. 7307). ***** "Саловот ва истиғфор" мобил иловасини бепул юклб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.salovotvi
←
1
2
3
4
5
6
→
»