Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
101 - Ҳадис
36-боб Аёлларга илм ўргатмоқ учун алоҳида кун тайинласа бўладими? 101-102-ҳадислар Абу Саид Худрийдан: “Аёллар Расулуллоҳ (сав)га: “Эркаклар сиздан ҳар куни илм ўрганишмоқда, бизга ҳам бир кун ажратинг”, - дейишди. Расулуллоҳ (сав) бир кунни тайинлаб, ўша кун келгач, уларга ваъз-насиҳат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар: “Эй хотинлар, орангизда учта боласи ўлган бирорта ҳам хотин бўлмаса керак, мабода бўлса, уни ўша болалари дўзах ўтидан асрайди”, - дедилар. Шунда бир хотин иккита бўлса-чи?” – деди. Расулуллоҳ: “2 та бўлса ҳам”, - дедилар. (бу гап отага ҳам таалуқлилидир)”. Абу Ҳурайра (рз.): “Балоғатга етмаган 3 та фарзандни назарда тутгандилар”, - деб ривоят қиладилар (яна қ. 1249, 7310, 1250).
102 - Ҳадис
36-боб Аёлларга илм ўргатмоқ учун алоҳида кун тайинласа бўладими? 101-102-ҳадислар Абу Саид Худрийдан: “Аёллар Расулуллоҳ (сав)га: “Эркаклар сиздан ҳар куни илм ўрганишмоқда, бизга ҳам бир кун ажратинг”, - дейишди. Расулуллоҳ (сав) бир кунни тайинлаб, ўша кун келгач, уларга ваъз-насиҳат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар: “Эй хотинлар, орангизда учта боласи ўлган бирорта ҳам хотин бўлмаса керак, мабода бўлса, уни ўша болалари дўзах ўтидан асрайди”, - дедилар. Шунда бир хотин иккита бўлса-чи?” – деди. Расулуллоҳ: “2 та бўлса ҳам”, - дедилар. (бу гап отага ҳам таалуқлилидир)”. Абу Ҳурайра (рз.): “Балоғатга етмаган 3 та фарзандни назарда тутгандилар”, - деб ривоят қиладилар (яна қ. 1249, 7310, 1250).
103 - Ҳадис
37-боб Эшитганини яхшилаб билиб олиш учун қайтадан сўрашнинг жоизлиги 103-ҳадис Абу Мулайка (рз.): “Расулуллоҳ (сав)нинг жуфти ҳалоллари – Ойша онамиз Расулуллоҳдан бир нарсани эшитсалар, яхшилаб тушуниб олиш учун яна қайта сўрар эдилар. (Бир куни) Расулуллоҳ (сав): “Ким охиратда ҳисоб-китоб қилинса, азоб тортади”, - дедилар. Шунда Ойша онамиз: “Аллоҳ таоло ояти каримасида “Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак” (“Иншиқоқ” сураси, 8-оят) деган эмасмиди?” – дедилар. Расулуллоҳ (сав): “Бу бандаларга бир эслатмадир. Аммо кимки ҳисоб-китобда баҳс юритса, ҳалокатга учрайди”, - дедилар” (яна қ. 4939, 6536, 6537).
104 - Ҳадис
38-боб Ҳадис эшитганлар эшитмаганларга етказиши лозим 104-ҳадис Саҳоба Абу Шурайҳдан: Абу Шурайҳ ибн Саидга, у Маккага вакиллар юбораётганда, бундай дейди: “Гапиришга изн бер эй Амр! Макка фатҳ (забт) қилинган куннинг эртасига Расулуллоҳ айтган сўзларни сенга айтиб берай, бу сўзларни айтаётганларида икки кўзим кўриб, икки қулоғим эшитиб, қалбим ўз онгига жо қилган. Расулуллоҳ Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг, дедилар: “Маккаи мукарримани Аллоҳ таоло муқаддас қилган, бу ерда одамлар жиноят (гуноҳ) қилган эмаслар, шу боисдан Аллоҳга ва охиратга ишонган кишининг бу ерда қон тўкиши ва дарахтларини синдириши гуноҳдир. Агар бирор киши: “Расулуллоҳ (сав) Аллоҳ уриш қилишга изн берган-ку?!” – деса, унга: “Аллоҳ таоло ўзининг Расулига изн берган, бизга рухсат бермаган”, - деб айтинглар! Аллоҳ менга ҳам бу ерда кундузи бир соатгина уруш қилмоққа изн берди, кейин Макканинг кечаги ҳурмати ўз ўрнига қайтди. Буни эшитганлар эшитмаганларга етказингиз!“ Абу Шурайҳдан “Ўшанда Амр сенга нима деди?” – деб сўрашди. “Эй Абу Шурайҳ, мен сендан яхши биламан. Макка гуноҳкорни қутқармайди, қасосдан қочганни қутилтирмайди, ўғрини жазодан асрамайди, деб айтди” , - деди (яна қ. 67).
105 - Ҳадис
105-ҳадис Абу Бакра (рз.) Расуллулоҳ (сав)ни эслаб, Расуллулоҳ бундай деганлар деди: ”Ушбу кун ва ой ҳурмати, бир-бирингизни мол-мулкингизни таламанглар, қонингиз ва обрўйингизни тўманглар. Гапимни эшитганлар эшитмаганларга етказсинлар!” (яна қ. 67)
106 - Ҳадис
39-боб Расулуллоҳ (сав) номларидан ёлғон гап тўқиган одамнинг гуноҳи тўғрисида 106-ҳадис Ҳазрат Али (рз.) “Расулуллоҳ (сав): “Менинг номимдан ёлғон сўз айтманглар, кимки айтса, дўзахга тушсин!” деганлар”, - деб айтганлар.
107 - Ҳадис
107-ҳадис Абдуллоҳ ибн Зубайр отасига: “Сиз Расулуллоҳ (сав) тўғриларида фалончи ва пистончи каби сўзламаяпсиз”, - дебди. Зубайр: “Аммо мен ҳақиқатдан Расулуллоҳдан ажралмаганман, бирга бўлганман, ўзларидан эшитганман”, - дебди. “Кимки менинг номимдан ёлғон сўзласа, дўзахдан ўзига жой тайёрлаверсин!” деганлар”, - дебди Абдуллоҳ.
108 - Ҳадис
108-ҳадис Анас ибн Молик (рз.): “Мен сизларга кўп ҳадис айтиб берардим-у, лекин Расулуллоҳ (сав) айтган бир сўзлари мени шаштимдан қайтаради, у киши: “Кимки менинг номимдан ёлғон сўзласа, жойини дўзахдан тайёрлаверсин!” деганлар”, - деб айтганлар.
109 - Ҳадис
109-ҳадис Салама (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Ким мен айтмаган нарсани айтса, дўзахдан ўзига жой тайёрлайверсин!” деганлар”, - деб айтганлар.
110 - Ҳадис
110-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Фарзандларингизга исмимни қўйинглар, Абулқосим деб кунямни қўйманглар! Кимки мени тушида кўрса, ўзимни кўрибди, чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди, кимки менинг номимдан ёлғон сўзласа, дўзахдан ўзига жой тайёрлайверсин!” деганлар”, - дейдилар (яна қ 3539, 6288, 6197,6993).
111 - Ҳадис
40-боб (Дин) илмини (китоб қилиб) ёзмоқ 111-ҳадис Абу Жуҳайфадан: “Ҳазрат Али (рз.) айтдилар: “Сизда Аллоҳнинг Китобидан бошқа китоб борми?” Али: “Йўқ, фақат Аллоҳнинг Китоби, мусулмон кишига бериладиган “Фаҳм рисоласи” ва мана бу саҳифадаги нарса бордир”, - дедилар. Абу Жуҳайфа деди: “Бу варақдаги нима?” Али дедилар: “Хун ҳукми, асирни озод қилмоқ ва кофир учун мусулмондан қасос олмоқни ҳаромлиги (тўғрисида)” (яна қ. 1870, 3047, 3172, 3179, 6755, 6903, 6915, 7300).
112 - Ҳадис
112-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Макка фатҳ қилинган йили Ҳузоа қабиласи Бани Лайс қабиласидан бир кишини ўлдирди (жоҳилия даврида қабиладошларидан бир кишини ўлдиришгани учун қасос олишган). Бу хабар Жаноб Расулуллоҳ (сав)га етказилди. Расулуллоҳ (сав) туяларига миниб ваъз айтдилар: “Аллоҳ таоло Маккаю мукарримадан ўлимни бартараф қилди (ёки фил аскарларини, ровий иккиланаяпти), Расулуллоҳ (сав)нинг ҳамда мўминларнинг қўлини баланд қилиб, уларни мағлуб этди. Огоҳ бўлинглар! Маккада уруш қилмоқ ва ўлдирмоқ мендан аввал ҳам бирор кишига рухсат этилмаган (ҳалол бўлмаган) ва мендан кейин ҳам бирор кишига рухсат этилмайди (ҳалол бўлмайди). Кундузи бир соатгина (ҳалол бўлди) изн берилди, уруш қилмоқ ва ўлдирмоқ шу соатдан эътиборан ҳаромдир (ман этилади). Макканинг тикани ҳам юлинмагай, дарахти ҳам кесилмагай, тушиб қолган (йўқотилган) нарсаси ҳам олинмагай, фақат одамларга маълум қилиш учун олинади. Ким ўлдирилган бўлса , унинг қариндоши, икки йўлдан бирини танлайди, ё хунини олади, қасосини олади”. Яманликлардан бири келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга изн беринг!” – деди. Расулуллоҳ : “Фалончига ёзиб беринг!” – дедилар. Қурайш қабиласидан бир киши деди: “Ё Расулуллоҳ, тиканлари юлинмасин, дарахтлари кесилмасин, дедингиз, бироқ (хушбўй ўсимлик) ўрилса, майли денг! Ё Расулуллоҳ, биз изхирни ўриб, уйларимизга олиб борамиз ва қабрларимизга қўямиз”. Расулуллоҳ: “Изхир ўрилса, майли”, - дедилар” (яна қ. 2434, 6880).
113 - Ҳадис
113-ҳадис Абу Ҳурайра айтадилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг саҳобалари орасида ҳадисларни мендан кўра кўпроқ биладиган киши йўқ. Ёлғиз Абдуллоҳ ибн Амргина кўпроқ билар эди, чунки у ёзишни билар, мен эса билмас эдим”.
114 - Ҳадис
114-ҳадис Ибн Аббос бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав) (оғриқ) касаллари зўрайгач: “Қоғоз келтиринглар (дафтар-қалам) сизларга бирор нарса ёзиб бераман, кейин адашмайсизлар”, - дедилар. Ҳазрат Умар (ёнидаги саҳобаларга): “Расулуллоҳ (сав)ни (оғриқ) дард енгиб қўйди, бизда Аллоҳнинг Китоби бор-ку, бизга шу кифоя”, - дедилар. Шунда саҳобалар ўртасида ғовур-ғовур бошланиб, гап кўпайиб кетди. Расулуллоҳ (сав): “Мени холи қўйинглар (олдимдан чиқинглар), менинг қошимда жанжал қилманглар!” дедилар. Ибн Аббос ташқарига чиқиб: “Бу бахтсизликдир, Расулуллоҳ (сав)нинг ёзиб бераман, деган нарсаларига тўсқинлик қилган нарса – бахтсизликдир!” – деб айтдилар (яна қ. 3053, 3168, 4431, 4432, 5669, 7366).
115 - Ҳадис
115-ҳадис Умму Саламадан: “Кунлардан бир куни кечаси Расулуллоҳ (сав) уйғониб дедилар: “Субҳоналлоҳ, бу кеча қанчадан-қанча фитналар нозил қилдийкин ва қанчадан-қанча раҳмат хазинасини эшикларини очдийкин. Ҳужраларда ухлаб ётганларни (ибодатга) уйғотинглар, бу дунёда кийимли одам – охиратда ялонғочдир!” – дедилар” (яна қ. 1126, 3599, 5844, 6218, 7069).
116 - Ҳадис
42-боб Тунда илмдан суҳбатлашиш 116-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умардан: “Расулуллоҳ (сав) ҳаётларида сўнги марта биз билан хуфтон намозини ўқидилар. Икки елкаларига салом берганларидан сўнг, ўринларидан туриб: “Биласизми, бу кечани? Шу кечадан бошлаб тўлиқ 100 йил ўтгач, ер юзида (ҳозир, шу ерда ўтирган) кишилардан биронтаси қолмайди”, - дедилар” (яна қ. 564, 601).
117 - Ҳадис
117-ҳадис Ибн Аббосдан: “Расулуллоҳнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш холам Маймунанинг уйларида ётиб қолдим. Расулуллоҳ (сав)нинг ҳам холамникида бўладиган кечалари экан. Расулуллоҳ (сав) биз билан хуфтонни ўқиб бўлгач, уйларига кириб, тўрт ракъат намоз ўқидилар, кейин уйқуга ётдилар, кейин туриб: “Бола ухлаб қолдими?” дедилар ёки шунга ўхшаш бир сўз айтдилар. Кейин намоз ўқишга турдилар, мен чап томонларига келиб турдим. Мени ўнг томонларига ўтқазиб қўйдилар. Аввал 5 раъат кейин 2 раъат намоз ўқидилар, кейин мизғидилар, ҳатто мен пишиллаганларини эшитдим. Кейин туриб намозга чиқиб кетдилар” (яна қ. 138, 183, 697, 698, 699, 726, 728, 859, 992, 1198, 4569, 4572, 5919, 6215, 6316, 7452).
118 - Ҳадис
43-боб Илмни ёд олиш 118-ҳадис Ал-Аъраж бу хусусда бундай дедилар: “Абу Ҳурайра ҳадисни кўп айтади”, - дейишади. “Агар Аллоҳнинг Китоби (Қуръон)да икки оят бўлмаганда эди, битта ҳам ҳадис айтмас эдим”, - деган эдилар. Абу Ҳурайра, кейин оятнинг “Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг барҳақ пайғамбар эканини) одамларга китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) яширганларни”... деган жойидан то “ар-раҳим” (“Бақара” сураси, 159-160-оятлар) деган сўзигача ўқидилар. Муҳожир биродарларимиз бозорларда бор-барака қилиш билан овора эди, ансорий биродарларимиз эса ўз хўжаликларидаги ишлар билан банд эди. Абу Ҳурайра эса (мол-дунё тўплашдан воз кечиб), Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг ортларидан қолмас эди. Қорнини бир тўйғазиб олиб, улар (муҳожирлар, ансорийлар) ҳозир бўлмаган жойларда Абу Ҳурайра ҳозир бўлар эди. Улар ёдламаган нарсаларни яъни, ҳадисларни Абу Ҳурайра ёдлар эди” (яна қ. 119, 2047, 2350, 3648, 7354).
119 - Ҳадис
119-ҳадис Абу Ҳурайра бундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ, мен сиздан кўп ҳадис тинглайман-у, аммо унутиб қўяман”, - дедим. Жаноб Расулуллоҳ (сав) муборак қўллари билан (сув ҳовучлагандек) Аллоҳнинг файзу баракотидан (чопонимга) ҳовучлаб солдилар, кейин: “Бағринга босгин!” – дедилар. Мен бағримга босдим, шундан кейин ҳеч нарсани (яъни, ҳадисни) эсимдан чиқармайдиган бўлдим”.
120 - Ҳадис
120-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав)дан “икки идиш” (нарса) ёд олдим, биттасини сочдим (одамларга айтдим), аммо иккинчини агар сочадиган бўлсам (айтсам), мана бу ҳалқум кесилади”, - дедилар (биринчи ҳадислар эди, иккинчиси эса, келажакда бўладиган фитналар тўғрисида эди).
121 - Ҳадис
44-боб Олимларга жим туриб қулоқ солишнинг маъқуллиги 121-ҳадис Расулуллоҳ (сав) Ҳажжатул Вадоъда турганларида Жарир ибн Абдуллоҳга: “Одамларни жим қилгин!” - дедилар. Сўнгра: “Мендан кейин бир-бирингизни ўлдирадиган кофирлар бўлиб кетманглар!” – деб қўшиб қўйдилар (яна қ. 4405, 6869, 7080).
122 - Ҳадис
45-боб “Одамларнинг энг олими қайсидир?”, деб сўралганда, “Олим кишини Аллоҳ билади”, - деб жавоб қилишнинг маъқуллиги 122-ҳадис Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббосга: “Навф ал-Баколий: “(Хизр билан учрашган) Мусо – Бани Исроил пайғамбари эмас, балки бошқа Мусо бўлган, деб даъво қилаяпти”, - деганда, Абдуллоҳ ибн Аббос: “Ёлғон айтибди, у Аллоҳнинг душмани экан”, - дебдилар. Убай ибн Каъб Расулуллоҳ (сав) хусусларида бундай ривоят қилганлар: “Мусо(ас) Бани Исроил қавмига ваъз айтиб турган эдилар. “Одамларнинг энг олими ким?” – деб сўрашди. Мусо (ас): “Мен ҳаммадан олимроқман”, дедилар. “Аллоҳ билади”, демаганлари учун Аллоҳ таоло у кишига танбеҳ бериб, ”Икки денгизнинг бир-бирига қўшиладиган ерида бир бандам бор, у сендан олимроқдир” – деган ваҳий юборди. “Ё раббий, қандай қилиб у киши билан учрарашаман”, - дедилар. “Бир саватга балиқ солиб, сўнг ўша томонга қараб юргин, агар балиқни йўқотсанг, Хизр ўша ерда бўлади”, - дейилди. Мусо (ас) Юшаъ деган ғуломлари билан саватга балиқ солиб, йўлга чиқдилар. Катта қоятош олдига борганларида, саватни қўйиб уйқуга кетдилар. Балиқ саватдан чиқиб, денгизга тушиб, сузиб кетди. Мусо (ас) ва ғуломлари таажубда қолдилар (чунки ўша балиқ ўлик эди). Кечанинг қолган қисмида ва кун бўйи юрдилар. Эртасига тонг отгач, Мусо (ас) йигитга: “Нонушта келтир, бу сафаримизда машаққат тортдик”, - дедилар. Мусо (ас) тайинланган жойга етиб боргунга қадар бошқа машаққат чекмадилар. Йигит деди: “Кўрдингизми, қоятош олдида дам олганимизда балиқни ёдимдан чиқарибман (йўқолибди)”. “Биз истаган нарса ҳам ҳудди шу эди”, - дедилар. Мусо (ас) ва ғулом орқага, қоятош томонга йўл олишди. У ерга етиб келишганда, кийимини ёпиниб ётган кишини кўрдилар. Мусо (ас) салом бердилар. Хизр: “саломнинг ўрни эмас”, - дедилар. Мусо дедилар: “Мен Мусоман”. Хизр дедилар: “Бани Исроил Мусоми?” “Ҳа, Аллоҳ билдирган илмингиздан менга ўргатишингиз учун сизга эргашсам майлими? – дедилар Мусо, “Менга эргашмоққа сабрингиз чидамайди, эй Мусо!” – дедилар Хизр (ас). “Аллоҳ таоло сизга бир илм ўргатгандирки, уни мен билмайман. Менга бир илм ўргатганки, уни сиз билмассиз, Иншоаллоҳ, мен сабрли бўламан, кўрасиз, сизга осийлик қилмайман”, - дедилар Мусо (ас). Сўнг дарё соҳили бўйлаб юриб кетишди. Кемалари йўқ эди, бир кема ўтди, кемадагилардан (ўзларини) олиб кетишни сўрадилар. Улар Хизрни таниб, ҳақ олмасдан олиб кетдилар. Кема четига бир чумчуқ келиб қўнди, бир-икки чўқиб, сув ичди. Хизр Мусога дедилар: “Сен билан мен билан илм чумчуқ денгиздаги сувни чўқилаб озайтиролмагани каби, Аллоҳ илмини ҳам камайтиролмайди”. Хизр (ас) кема тахтасидан бирига тиралиб, синдириб қўйдилар. Шунда Мусо дедилар: “Ҳақ олмасдан бизларни олиб кетаётганларнинг кемасини тешиб, одамларни ғарқ қилмоқчимисиз?” Хизр дедилар: “Айтмадимми, сабр қилмайсан, деб!” Бу Мусо (ас)нинг (Хизр (ас) сўзларини) биринчи бор унутишлари эди. Сўнг жўнаб кетишди. Бир жойда Хизр (ас) ўйнаб турган болалардан бирининг бошининг қўллари билан узиб ташладилар. Мусо дедилар: “Бегуноҳ одамни ноҳақ ўлдирдингиз”. Хизр дедилар: “Айтмадимми. Сенга, мен билан юрмоққа сабр қилолмайсан деб!”. Абу Суфён: “Хизр (ас) шундай деб таъкидладилар, кейин жўнаб кетишди”, - дейди. Бир қишлоққа келиб, қишлоқ аҳлидан меҳмон қилишларини сўрашди, лекин улар бош тортишди. Қишлоқда улар йиқилаёзган бир деворни кўрдилар. Хизр (ас) “тузатиб қўяман” деган маънода қўллари билан ишора қилдилар. Деворни тўғрилаб қўйдилар. Мусо дедилар: “Агар хоҳласанг, шунга ҳақ оласан”. Хизр дедилар: “Мана бу (сўзинг) сен билан менинг ажралишимизга сабабдир”. Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло Мусони раҳмат қилсин! Жуда ҳам яхши кўрар эдик уни, агар сабр қилганда (жуда ажойиб нарсаларни кўрар эди), иккалалари ўртасида бўлган ишларни бизга ҳикоя қилиб беришар эди”, - деб айтдилар” (яна қ. 74).
123 - Ҳадис
46-боб Ўтирган олимдан тик турган ҳолда масала сўрашнинг мумкинлиги 123-ҳадис Абу Мусо ал-Ашъарий (рз.)дан: “Бир киши Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига келиб, деди: “Ё Расулуллоҳ, қайси жанг Аллоҳ йўлида қилинган жанг ҳисобланади? Биттамиз ғазабдан урушамиз, биттамиз қариндошларимизни ҳимоя қилиб урушамиз”. Жаноб Расулуллоҳ сўровчига бошларини кўтариб қарадилар. Сўровчи тик турганлиги учун Расулуллоҳ (сав) бошларини кўтариб дедилар: “Кимки Аллоҳнинг сўзини юқори (устун) бўлсин деб жанг қилса, у жанг Аллоҳ йўлида қилинган жангдир!” (яна қ .2810, 3126, 7458).
124 - Ҳадис
47-боб Рамйул-Жиморда (шайтонга тош отадиган жойда) савол ва фатво сўраш 124-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амрдан: “Расулуллоҳ (сав)ни Жамратул-ақабада (шайтонга тош отадиган ерда) кўрдим, бир киши: “Ё Расулуллоҳ, тош отмасимдан аввал қурбонлик қилиб қўйибман?” – деб сўраган эди. “Отавер, зарари йўқ”, - дедилар: Бошқаси: “Ё Расулуллоҳ, қурбонлик сўймасдан аввал сочимни олдириб қўйибман?” – деди. У зот (сав) “Сўявер, зарари йўқ”, - деб жавоб бердилар” (яна қ. 83).
125 - Ҳадис
48-боб Аллоҳ таолонинг “Сизларга эса оз илм бергандир” (“Исро” сураси, 85-оят) деган ояти каримаси ҳусусида 125-ҳадис Абдуллоҳ ибн Маъсуд (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) билан Мадинанинг харобароқ ерида кетаётган эдик. Расулуллоҳ қўлларида хурмо ёғочидан қилинган хасса тутиб олган эдилар. Бир тўда яҳудийлар ёнидан ўтаётганимизда улардан айримлари: “У кишидан руҳ тўғрисида сўранглар”, деб айтишди. Баъзилари : “Сўраманглар, сизлар инкор қилган нарса ҳақида жавоб айтмайди”, - дейишди. Яна баъзилар: “Албатта сўраймиз”, - дейишди. Шулардан бири туриб: “Ё Абдулқосим, руҳ нима?” – деди. Жаноб Расулуллоҳ жим қолдилар. Мен ўзимча: “У кишига ваҳий нозил бўлаяпти”, - дедим. Расулуллоҳни яҳудийлардан пана қилиб (ўртада) турди. Ўзларига келгач: “(Эй, Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга эса оз илм берилгандир” (“Исро” сураси, 85-оят), - дедилар. Ал-Аъмаш: “Биздаги (нусҳада) шундай ўқилади” – деган (яна қ. 4721, 7297, 7456, 7462).
126 - Ҳадис
49-боб Баъзилар нотўғри тушунмасин, деб ўзи ихтиёр қилган нарсалардан воз кечиш 126-ҳадис Асвад ибн Язиддан: “Абдуллоҳ ибн Зубайр менга: “Ойша онамиз сенга кўп сир айтадилар, Каъба тўғрисида сенга қандай ҳадис айтдилар?” – деди. Мен унга Ойша онамиз бундай деганлар, дедим: “Расулуллоҳ (сав): “Эй Ойша, агар қавм курдан янги чиққан (эндигина мусулмон) бўлмаганда эди, Каъбани тешиб, эшигини иккита қилар эдим. Биридан кириб, иккинчисидан чиқадиган қилар эдим”. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Зубайр Расулуллоҳнинг ниятларини амалга оширган (бу Каъбанинг 4-таъмири эди. 5-таъмир Ҳажжож даврида бўлган) (яна қ. 1583, 1584, 1585, 1586, 3368, 4484, 7243).
127 - Ҳадис
50-боб Тушунишни истамаган қавм ўрнига тушунадиган қавмга илм ўргатиш ҳақида 127-ҳадис Ҳазрат Али (рз.): “Одамларга ақли етадиган нарсани гапиринглар. Аллоҳ ва Расулини ёлғончига чиқаришини истайсизми?” – деган эканлар.
128 - Ҳадис
128-ҳадис Анас ибн Моликдан: “Расулуллоҳ (сав) Муоз ибн Жабални уловларига мингаштириб кетаётганларида бундай дебдилар: “Эй Муоз ибн Жабал!” “Лаббайка, ё Расулуллоҳ ва саъдайка” деб жавоб берибди Муоз. Шу гапни уч бор қайтарганларидан кейин, “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу”ни чин қалбдан айтган одамгина Аллоҳ таоло дўзах ўтини ҳаром қилади”, - дебдилар. Муоз дебди: “Ё Расулуллоҳ, умидвор бўлсинлар, деб одамларга буни хабар қилайми?” Расулуллоҳ: “Агар умидвор бўлсалар...”, - деб гапларини охиригача айтмабдилар. Муоз бу гапни ўлими олдидан (ҳадисни яшириб гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқиб) тўла-тўкис айтиб берган. Расулуллоҳ (сав) Муозга “Кимки Аллоҳ таолога ширк келтирмай рўбарў бўлса, жаннатга киради”, - деган эканлар. Шунда Муоз: “Одамларга бу хушхабарни айтайми?” – деган экан. “Йўқ, қаттиқ умид боғлашларидан қўрқаман”, - деган эканлар Расулуллоҳ. (Яъни одамлар: “Аллоҳга ширк келтирмасак бас, жаннатга кирар эканмиз”, деб нотўғри ўйламасинлар”, - деган маънода бўлса керак) (яна қ. 129).
129 - Ҳадис
129-ҳадис Ушбу ҳадисда 127-ҳадис мазмуни такрорланади.
130 - Ҳадис
51-боб Илмни ўрганишдан уялмоқ Мужоҳид айтганлар: “Уялган киши илм олмайди. Уялган киши ва мутаккаббир киши илм ололмайди. Ойша онамиз айтганлар: “Аёлларнинг яхшиси ансория аёллар. Динни теран ўрганмоқлари учун уларга ҳаё монелик қилмайди. 130-ҳадис Умму Салама деган аёл бундай дейди: “Умму Салайм Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ҳақиқатни айтишдан уялмайди (шунингдек мен ҳам уялмайман). Аёл киши агар иҳтилом бўлиб (булғаниб) қолса, ғусл вожиб бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ (сав): “Агар нам (маний) чиққанини кўрса”, - дедилар. Аёл юзини (уялиб) беркитди-да: “Ё Расулуллоҳ, аёл киши ҳам иҳтилом бўладими?” – деди. Расулуллоҳ: “Ҳа, бўлади (аёлда ҳам маний бор), нега бола онасига ўхшайди!” – дедилар” (яна қ. 282, 3328, 6091, 6121).
131 - Ҳадис
131-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умардан: “Расулуллоҳ (сав): “Дарахтлар орасида бир дарахт бор, баргини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди, айтингларчи бу қайси дарахт?” – дедилар. Одамлар қишлоқларидаги бор дарахтларни санаб чиқдилар. Менинг кўнглимда “ хурмо дарахти” деган фикр ўтди. Лекин (айтишга) айтишга уялдим. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз айтиб беринг!” – дедилар. Расулуллоҳ (сав): “У хурмо дарахтидир”, дедилар. Мен кўнглимга келган бояги фикрни отам Умарга айтдим. Шунда отам (Умар): “Ўшанда айтганингда эди, менга фалон-фалон ишлар насиб бўлиб, яхши бўлар эди”, - дедилар (яна қ. 31).
132 - Ҳадис
52-боб Сўрашдан ўзи уялса, биров орқали сўрашнинг жоизлиги тўғрисида 132-ҳадис Ҳазрат Али (рз.) бундай ривоят қиладилар: “Мен мазийи кўп (шаҳвати тез) одам эдим”. Ал-Миқдодга: “Расулуллоҳ (сав)дан шаҳвати тезликнинг ҳукмини сўрагин”, - деб буюрдим. У кириб сўради. Расулуллоҳ: “Мазий келганда таҳорат олиш лозим”, - деб айтибдилар” (яна қ. 178, 269).
133 - Ҳадис
53-боб Масжидда илмдан сўзлашмоқ ва фатво айтишнинг жоизлиги 133-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Бир киши масжидда тик турган ҳолда: “Ё Расулуллоҳ, таҳлилни (“ла илаҳа иллаллоҳу” деб айтишни) қаердан бошлаб айтайлик?” – деди. Расулуллоҳ: “Мадина аҳли Ҳулайфадан бошлаб, Шом (Сурия) аҳли Жуҳфадан бошлаб, Нажд (Ироқ) аҳли Қарн деган жойдан бошлаб айтадилар”, - дедилар”. Ибн Умар: “Айрим кишилар, Расулуллоҳ Яман аҳли Яламлардан бошлаб таҳлил айтади, деганлар, деб таъкидлашади” – дейди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳнинг бундай деганларини сира эслай олмайман”, - дер эди (яна қ. 1522, 1525, 1527, 7334).
134 - Ҳадис
54-боб Масала сўраган одамга сўраганидан кўпроқ жавоб қайтаришнинг жоизлиги 134-ҳадис Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)дан бир киши сўради: “Эҳтиромга кирувчи одам (ҳаж вақтида) нима кияди?” “Кўйлак киймайди, салла ўрамайди, шим киймайди, бурнус (чопонга ўхшаш) киймайди. Варс вазаъфарон ила бўялган кийим ҳам киймайди (оқ мато билан танасини ўрайди). Агар шиппак, яъни, оёқ ошиғидан паст оёқ кийими топмаса, маҳсини ошиқдан юқорисини кесиб ташласин, токи оёқ кийими ошиғидан пастда бўлсин! – дедилар” (яна қ. 366, 1542, 1838, 1842, 5794, 5803, 5805, 5806, 5847).
135 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Таҳорат китоби 1-боб Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазмуни ҳақида Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларига (ювингиз)!” (“Моида” сураси, 6-оят) – дейди. Абу Абдуллоҳ (Имом Бухорий) бундай дейдилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) таҳоратнинг фарзи – бир мартадан ювиш, деб тушунтирганлар, ўзлари таҳорат олганда икки ва уч марта ювганлар, лекин бундан оширмаганлар. Уламолар сувни исроф қилишни макруҳ деб билганлар. Шунингдек, Расул (ас)нинг одатларидан ошириб юборишни макруҳ деганлар”. 2-боб Намоз таҳаротсиз қабул қилинмайди 135-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Таҳорати синган кишининг, таҳорат олгунича намози қабул қилинмайди”, - дедилар. Ҳазрамавтлик бир киши деди: “Эй Абу Ҳурайра, таҳорат синиш дегани, нима дегани?”. Абу Ҳурайра: “Овозсиз ва овозли ел”, - дедилар (яна қ. 6954).
136 - Ҳадис
3-боб Таҳарот фазилати ва (қиёмат кунида) таҳорат таъсиридан ювилган аъзоларнинг ярқираши (ал-ғурр ул-муҳажжалун) 136-ҳадис Мужмир (рз.) дедилар: “Абу Ҳурайра (рз.) билан бирга масжиднинг орқасига ўтдик. Абу Ҳурайра таҳорат олдилар, кейин у киши бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав): “Умматларимни қиёмат куни таҳоратнинг таъсиридан аъзолари ярқираган ҳолда чақирадилар. Кимки ўз ярқироғини кўпайтиришга қодир бўлса, кўпайтирсин!” – дедилар (бу дунёда таҳорат қилиб юрганларнинг баданлари қиёмат куни ярқирайди).
137 - Ҳадис
4-боб Таҳорат сингани аниқ билмагунча қайта таҳорат олмаслик ҳақида 137-ҳадис Аббод ибн Тамимнинг амакиси Расулуллоҳ (сав)га бир киши устидан шикоят қилиб: “Намоз вақтида унинг орқасидан ел чиққандек бўлди”, - деди. Расулуллоҳ (сав): “Бундай ҳолда елнинг овозини эшитмагунча ёки ҳидини сезмагунча намозни бузмаслик керак”, - дедилар (яна қ. 177, 2056).
138 - Ҳадис
5-боб Таҳорат олишни осонлаштириш тўғрисида (оқчил, бир марта ювиш) 138-ҳадис Ибн Аббос (рз.) бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав) ухладилар, ҳаттоки пишилладилар ҳам, кейин туриб намоз ўқидилар. Балким, Суфён: “Расулуллоҳ ёнбошладилар, ҳаттоки пишилладилар ҳам”, - деб айтган эди шекилли. Кейинчалик Суфён шу ҳадисни бизга бир неча марта ривоят қилиб берганди”. Ибн Аббос (рз.) яна шундай дедилар: “Ҳолам Маймунаникида бир кеча тунаб қолдим. Расулуллоҳ (сав) кечаси намозга турдилар. Туннинг бир қисми ўтган эди. Деворга осиғлиқ мешдан сув олиб , енгил таҳорат олдилар. Кейин туриб намоз ўқий бошладилар. Улардан кейин мен ҳам таҳорат олиб, чап томонларига келиб турдим. Мени ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар, кейин Аллоҳ хоҳлаганча намоз ўқидилар, кейин ёнбошладилар, ҳатто пишиллаган овозлари ҳам эшитилди. Кейин муаззин келиб, азон айтди ва биргаликда намоз ўқишди. Жаноб Расулуллоҳ (бу гал) таҳорат олмадилар. Амр ибн Динор: “Одамлар Жаноб Расулуллоҳнинг кўзлари ухлайди-ю, лекин диллари ухламайди, дейишади”, - деб бизга айтгандилар. Амр шундай дейдилар: “Убайд ибн Умайр: “Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳийдир”, - дедида, “Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман” (“Соффот” сураси, 102-оят) – деган оятни ўқиди”. Иброҳим (ас) ўғиллари Исмоил (ас)га шундай деганлар (яна 117).
139 - Ҳадис
6-боб Таҳоратни мукаммал олмоқ Ибн Умар: “Таҳоратни мукаммал олмоқ дегани, тоза ювмоқ деганидир”, - деганлар. 139-ҳадис Ибн Аббос Усома ибн Зайддан бундай деб эшитганлар: “Расулуллоҳ (сав) Арафотдан қайтаётиб Шаъб деган жойга келганларида (туяларидан) тушиб, таҳорат ушатдилар, кейин таҳорат олдилар, лекин мукаммал олмадилар. “Намозгами, ё Расулуллоҳ?” – дедим. “Намоз олдингдадир (яъни , ҳали намозга вақт бор)”, - дедилар, сўнг туяларига миндилар. Муздалифа деган жойга келганда (туяларидан) тушдилар, сўнг таҳорат олдилар, бу гал мукаммал олдилар. Кейин намозга чақирилди. Шом ўқидилар. Кейин ҳар бир киши туясини ўз жойига чўктирди. Кейин хуфтонга чақирилди, хуфтон ўқидилар. Шом билан хуфтон ўртасида бошқа намоз ўқимадилар” (яна қ. 181, 1667, 1669, 1672).
140 - Ҳадис
7-боб Бир ҳовуч сув билан икки қўллаб юз ювмоқ 140-ҳадис Ато ибн Ясор бундай дедилар: “Ибн Аббос таҳорат олди, оғиз ва бурун чайқади. Кейин бир ҳовуч сув олиб, мана бундай қилиб иккинчи ҳовучига ҳам қўйиб, икки қўллаб юзини ювди. Кейин бир ҳовуч сув олди, у билан ўнг қўлини ювди, кейин бир ҳовуч сув олди, у билан чап қўлини ювди, кейин (сув олиб) масҳ тортди, кейин бир ҳовуч сув олди, ўнг оёқларини ювди; кейин бир ҳовуч сув олиб, чап оёқларини ювди. Кейин: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг шундай таҳорат олаётганларини кўрганман”, - деди”.
141 - Ҳадис
8-боб Ҳар қандай ҳолатда ва жимоъ (жинсий алоқа) олдида ҳам бисмиллоҳ айтишнинг суннатлари 141-ҳадис Ибн Аббос (рз.): “Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангиз хотингизга яқинлик қилмоқчи бўлсангиз, “Бисмиллоҳи, аллоҳумма жанибнаш-шайтона ва жаннибиш-шайтона мо разақтана (Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Илоҳи, биздан шайтонни йироқ қилгин ва шайтоннинг бизга берадиган фарзанддан йироқ қилгин!)” – денг! Шундан сўнг сизга фарзанд тақдир этса (бола бўлса), унга шайтон зарар етказмайди”, - деганлар”, - дейди (яна қ. 3271, 3283, 5165, 6588,7396).
142 - Ҳадис
9-боб Ҳожатхонага кираётганда нима дейилади? 142-ҳадис Абдулазиз ибн Суҳайб Анас бундай деган эди, деб ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ҳожатхонага кирсалар: “Аллоҳумма инний аъузу бика минал-хубси вал-хабоис (илоҳи, мен сендан эркак ва урғочи шайтонларнинг ёмонлигидан асрамоғингни сўрайман)”, - дердилар”. Баъзи бир нусҳаларда “илоҳи” сўзидан аввал “бисмиллоҳ” сўзи ҳам бор (яна қ. 6322).
143 - Ҳадис
10-боб Ҳожатхона олдига мустаҳаб учун сув тайёрлаб қўйиш 143-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ҳожатхонага кирдилар, мен у кишига таҳорат учун сув келтириб қўйдим. Жаноб Расулуллоҳ (чиқиб): “Ким қўйди буни?” – дедилар. Расулуллоҳга (ибн Аббос деб) айтишди. Расулуллоҳ: “Илоҳи, уни дин билимдони қилгин!” – деб дуо қилдилар” (яна қ. 75).
144 - Ҳадис
11-боб Қиблага қараб ҳожатга ўтириб бўлмайди, бирор бинонинг ичида девор ёки шу каби нарсага қараб ўтириш мумкин 144-ҳадис Абу Айюб ал-Ансорийдан: “Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангиз қазои ҳожатга борсангиз, қиблага қараб ёки қиблага орқа қилиб ўтирманглар, кун чиқар ва кун ботарга қараб ёки орқа қилиб ўтиринглар!” – деганлар” (Ўрта Осиёда Шимол ва Жанубга қараб) (яна қ. 394).
145 - Ҳадис
12-боб Икки ғишт устига чиқиб, қазои ҳожат қилмоқ 145-ҳадис Восиъ ибн Ҳаббондан: “Абдуллоҳ ибн Умар: “Одамлар, қазои ҳожатга ўтирсанг, қиблага ҳам, Байтул-Мақдисга ҳам ҳам қараб ўтирма!” дейишади”, - дер эди. Абдуллоҳ ибн Умар: “Бир куни томга чиқдим, уйимизнинг орқасида Расулуллоҳ (сав)нинг иккита ғишт устида Байтул-Мақдисга қараб (олдиларида уй бор) ҳожат қилаётганларини кўрдим”, - дедида, менга (Восиъга): (“Агар шу масалани, билмасанг) қоринлари билан сажда қилувчилардан экансан-да!” – деди. Мен: “Аллоҳ ҳаққи, билмайман”, - дедим” (яна қ. 148, 149, 3102).
146 - Ҳадис
13-боб Хотинларнинг (қазои ҳожат учун) ҳовлидан ташқарига чиқиши 146-ҳадис Ойша (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)нинг хотинлари тунда қазои ҳожат учун Маносиъ деган жойга чиқар эдилар. У ер кенг, сайҳон жой эди. Ҳазрат Умар Расулуллоҳ (сав)га: “Хотинларингизни тўсинг (чиқарманг)! – дер эдилар. Расулуллоҳ бундай қилмас эдилар. Бир куни хуфтон пайтида Савда бинти Замъа (Расулуллоҳнинг хотинларидан бири) ташқарига чиқдилар. Бўйлари узун хотин эдилар. Шунда Ҳазрат Умар кўриб: “Ҳо, Савда, биз сени танидик”, - деб хитоб қилдилар. Бу гапни, хотинларни парда ичига олиш тўғрисида оят нозил бўлсайди, деб айтдилар. Сўнг Аллоҳ таоло “Ҳижоб ояти”ни нозил қилди” (яна қ. 147, 4795, 5237, 6240).
147 - Ҳадис
147-ҳадис Ойша (рз.) дан: “Расулуллоҳ (сав) (“Ҳижоб ояти” тушгандан кейин): “Аллоҳ таоло баъзи бир ҳожатларингиз учун ташқарига чиқишингизга рухсат берди”, - дедилар (яна қ. 146). Ойша онамиз: “Ҳожатларингиз” деганда қазои ҳожатни назарда тутдилар”, - деб айтганлар. Шиҳобуддин Қасталоний айтадилар: “Хонадон ичида таҳоратхона бўлмаган вақтда зарурат учун ташқарига чиқишга рухсат берилган”. Шунинг учун ҳам Имом Бухорий кейинги бобни “Хонадонда таҳорат синдириш боби” деб атадилар.
148 - Ҳадис
14-боб Ҳовли-жойларда таҳорат синдириш 148-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умардан: “(Опам) Ҳафса (Расулуллоҳнинг хотинлари) уйининг томига ҳожат учун чиқдим. Шунда Расулуллоҳ (сав)нинг (пастда) қиблага орқаларини, Шомга олдиларини қилиб, қазои ҳожат қилаётганларига кўзим тушди” (яна қ. 145).
149 - Ҳадис
149-ҳадис Ибн Умар айтади: “Бир куни уйимиз томига бир ҳожатим туфайли чиққан эдим. Ногоҳ Расулуллоҳ (сав)ни иккита ғишт устида Байтул-Мақдисга томонга қараб қазои ҳожат қилаётганларини кўрдим”.
150 - Ҳадис
15-боб Сув билан мустаҳаб қилиш (остида ювиш) 150-ҳадис Анас ибн Молик: “Расулуллоҳ (сав) ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола мустаҳаб қилишлари учун ортларидан идишда сув олиб борар эдик”, - дедилар (яна қ. 151, 152, 217, 500). ***** "Ўзбек халқ табобати" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.uzbnatmed
←
1
2
3
4
5
6
7
→
»