Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
501 - Ҳадис
94-боб Маккаи Мукарама ва бошқа жойларда намозхон олдига сутра (тўсиқ) қўйиш 501-ҳадис Абу Жуҳайфа нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав), туш пайтида йўлга чиқиб, Батҳо деган жойда рўпараларига учи найза ҳассани сутра (тўсиқ) қилиб санчиб қўйдиларда, пешин ва асрни икки ракъатдан (суннат ва фарзини ўқидилар. Жаноб Расулуллоҳ (сав) таҳорат олганларида тушган сувни одамлар олиб, баданларига сурта бошладилар”.
502 - Ҳадис
95-боб Устунга қараб намоз ўқиш “Масжиддаги устунлар, уларга суяниб гаплашиб ўтирган бекорчилардан кўра, намозхонларга керак!” – деганлар Ҳазрат Умар. Ҳазрат Умар икки устун оралиғида намоз ўқиётган бир кишини кўриб: “Устунга яқинроқ бориб намоз ўқигин!” – дедилар. 502-ҳадис Язид ибн Абу Убайд дедилар: “Салама ибн ал-Акваъ билан бирга (масжидга) келган эдим, (Абу Муслим) Усмон Мусҳафи ёнидаги устун олдида намоз ўқиётган экан. Мен: “Эй, Абу Муслим, сиз доим шу устун рўпарасида намоз ўқишни яхши кўрасиз-а?” – дедим. “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг доим шу устун рўпарасида намоз ўқиганларини кўрганман”, - дедилар”.
503 - Ҳадис
503-ҳадис Анас (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав) саҳобаларининг киборлари мағриб томондаги устунлар томондаги устунлар тагидан жой олишга шошилаётганларини кўрдим”. Шуъба (рз.) ушбу ҳадисга “Расулуллоҳ (сав) (масжидга) чиққунларича”, - деб қўшиб қўйдилар” (яна қ. 625).
504 - Ҳадис
96-боб Жамоатсиз, ёлғиз устунлар орасида намоз ўқиш 504-ҳадис Ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳга кирдилар. Усома ибн Зайд, Усмон ибн Талҳа ва Билол ҳам бирга эдилар. У ерда бир оз бўлгач, қайтиб чиқдилар. Мен биринчи бўлиб ичкарига кирдим-да, “Қаерда намоз ўқидилар?” – деб Билолдан сўрадим. “Олдиндаги икки устун оралиғида”, - деб айтди” (яна қ. 397).
505 - Ҳадис
505-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳга кирдилар. Усмон ибн Зайд, Билол ва Усмон ибн Талҳа ҳам бирга эдилар. Эшикларни ёпиб олишди. Қайтиб чиқишгач, “Расулуллоҳ (сав) нима қилдилар” – Билолдан сўрадим. “Бир устунни ўнг томонларида, иккинчи устунни чап томонларида, учинчи устунни эса орқаларида қолдириб (ўша пайтда Каъбатуллоҳда 6 та устун бўлганди) намоз ўқидилар”, - деди. “Нофеъ менга: “Икки устун ўнг томонларида бўлганди, деб айтди”, - дейдилар Исмоил (рз.) (яна қ. 397).
506 - Ҳадис
97-боб Каъбада намоз ўқиш хусусида 506-ҳадис Нофеъ (рз.) дедилар: “Абдуллоҳ ибн Умар Каъбага кирсалар, эшикни орқада қолдириб, рўпарадаги деворга 3 газ қолгунча яқин борар эдилар. Билол “Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқиган жойлари” деб кўрсатган жойда намоз ўқир эдилар. Ибн Умар: “Каъба ичига киргач, истаган томонга қараб намоз ўқиса бўлаверади”, - деганлар”.
507 - Ҳадис
98-боб Чўктириб қўйилган туя ҳамда дарахт ва эгарга қараб намоз ўқимоқ 507-ҳадис Ибн Умар (рз.) қуйидаги ҳадисни айтиб берганлар: “Бир куни Убайдуллоҳ менга: “Расулуллоҳ (сав) туяларини ўзларига нисбататан кўндаланг чўктириб қўйиб, унга қараб намоз ўқир эдилар”, - деди. “Агар туялари ўрнидан туриб кетса, нима қилар эдилар”, - дедим. Эгарини рўпараларига кўндалангига қўйиб олиб, намоз ўқийверардилар”, - деди”. Ибн Умарнинг ўзлари ҳам шундай қилар эканлар.
508 - Ҳадис
99-боб Чорпояга қараб намоз ўқимоқ 508-ҳадис Ойша онамизга кимдир: “Намозхоннинг олдидан ит, эшак ёки аёл ўтса, намози бузилади” – деганда, “Ҳали бизни ит ёки эшакка тенг қилдингларми?” – дедилар. “Мен чорпояда ётардим, - дейдилар Ойша онамиз, - Расулуллоҳ (сав) чорпоянинг қоқ ўртасига қараб намоз ўқир эдилар. Мен у кишининг қибла томонларига тўғри келиб қолганимдан хижолат тортиб, оёғимни кўрпа ичига йўғиштириб олардим” (яна қ. 382).
509 - Ҳадис
100-боб Намоз ўқувчи одам олдидан ўтаётган одамни орқасига қайтаради Ибн Умар ташаҳҳудда (Калимаи шаҳодат айтмоқда) ўтирганларида ҳам, Каъбатуллоҳда ҳам олдиларидан ўтаётган кишини қайтардилар. “Агар қайтмаса, қўлинг билан итариб қайтаргин!” – дедилар. 509-ҳадис Абу Солиҳ ривоят қиладилар: “Жума куни мен Абу Саиднинг рўпарасига сутра (тўсиқ) қўйиб намоз ўқиётганини кўрдим (бошқа бир ҳадисда, бу воқеани Жаноб Расулуллоҳ айтиб бергандилар, дейилади). Абу Муайт қабиласига мансуб бир бола унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саид болани кўкрагидан итариб қайтарди. Бола бошқа ўтадиган жой топмасдан яна қайтиб келди. Абу Саид болани қаттиқроқ итарди. Болани жаҳли чиқиб Абу Саидни ҳақорат қилди-да, Марвон ҳузурига шикоят қилгани кириб кетди. Абу Саид ҳам унинг кетидан кирди. Марвон: “Эй, Абу Саид, жиянингиз (бу бола) билан сизнинг орангизда нима ўтди?” – деди. Абу Саид: “Расулуллоҳ (сав)нинг “Агар бирортангиз сутрага (тўсиққа) қараб намоз ўқиётганингизда бирор киши сутра билан сизнинг орангиздан ўтмоқчи бўлса, уни қайтаринглар, агар унамаса, уриб қайтаринглар, чунки у шайтондир!” – деганларини эшитганман”, - деди”.
510 - Ҳадис
101-боб Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтувчи кишининг гуноҳи 510-ҳадис Абдуллоҳ ибн Юсуф қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар: “Зайд ибн Холид Умар ибн Убайдуллоҳнинг қули Абунназрни “Намоз ўқувчилар олдидан ўтувчилар тўғрисида Абу Жуҳайм Расулуллоҳ (сав)дан нималар эшитган экан, билиб келгин!” – деб юборди. “Расулуллоҳ (сав): “Намоз ўқиётган одам олдидан ўтувчилар қандай гуноҳ қилаётганларини билганларида эди, намозхоннинг олдидан кесиб ўтмай, яхшиси қирқ (кун, ой, йил) тўхтаб, кутиб турган бўлар эдилар” дегандилар” – дебди Абу Жуҳайм. Абу Назар: “Ўшанда қирқ кун, дедиларми, қирқ ой ёки қирқ йил, дедиларми, эсимда йўқ”, - дейди.
511 - Ҳадис
102-боб Намоз ўқиётган кишининг рўпарасига келиб туриш Усмон Зуннурайн намоз ўқиётган кишининг рўпарасига келиб туришни макруҳ ҳисоблардилар. Дарҳақиқат, бу намозхоннинг кўнглини бузса ёки фикрини бўлса, макруҳдир, аммо аксинча бўлса, зарари йўқдир. Зайд ибн Собит: “Мен бунга парво қилмайман, намоз ўқиётган эркак кишининг рўпарасига эркак кишининг келиб туриши, намозни бузмайди” – дейдилар. 511-ҳадис Ойша онамиз ҳақларида ривоят қиладилар: “Ойша онамизнинг ҳузурларида намозни бузадиган нарсалар ҳақида суҳбат борарди. Саҳобалар: “Намозни намозхоннинг олдидан ит, эшак ва аёлнинг ўтмоғи бузади” – дейишди. Ойша онамиз: “Бизни итга тенглаштирдингизми?! Расулуллоҳ (сав), мен қибла томонда ўриндиқда ёнбошлаб ётганимда келиб, намоз ўқий бошлар эдилар. У кишининг қибла тарафларида узала тушиб ётишни ўзимга эп кўрмай, секингина ўрнимдан туриб чиқиб кетар эдим”, - дедилар” (яна қ. 382).
512 - Ҳадис
103-боб Ухлаётган одамнинг орқа томонидан намоз ўқимоқ 512-ҳадис Ойша онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) намоз ўқир эдилар, мен у кишининг ўринларида қиблага кўндаланг ҳолда ётардим. Витр ўқимоқчи бўлганларида мени уйғотар эдилар. У киши билан витр ўқир эдим” (Бу ҳадислардан биз ҳам аёлларимиз қибла томонда ётганларида уларга қараб намоз ўқишимиз мумкин экан деган маъно жоиз эмас.)
513 - Ҳадис
104-боб Аёлнинг орқа тарафида нафл намози ўқимоқ 513-ҳадис Ойша онамиз бундай деган эдилар: “Оёғимни узатиб ётган эдим, Расулуллоҳ (сав) келиб оёқ томонимда намоз ўқий бошладилар. У киши сажда қилаётганларида мени туртиб қўярдилар, мен оёғимни йиғиштириб олардим, қиёмга турсалар, узатиб юборардим. Ўша пайтлари уйларда чироқ бўлмас эди”.
514 - Ҳадис
105-боб Намозхон олдидан ҳар қандай нарса ўтса ҳам, намоз бузилмайди, дейдиганларнинг далили 514-ҳадис Ойша онамиз ривоят қиладилар: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (сав) намоз ўқиётганларида ўрин-тўшакда у кишининг қибла томонларида ёнбошлаб ётган эдим. Ўрнимдан туриб кетай десам, у кишига қибла бўлиб қолиб, озор бериб қўяман. Шунда секингина ўрнимдан суғирилиб чиқдим-да, оёқлари ёнидан ўтиб кетдим”.
515 - Ҳадис
515-ҳадис Яъқуб ибн Иброҳимдан акасининг ўғли Ибн Шиҳоб намозни бузадиган нарсалар тўғрисида сўрабди. Шунда Яъқуб ибн Иброҳим: “Намозни ҳеч нарса бузмайди”, - деб жавоб берибди. Ойша онамиз бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) кечаси туриб намоз ўқир эдилар, мен эса у кишининг қибла томонларида ўрин-тўшакда узала тушиб ётар эдим”.
516 - Ҳадис
106-боб Намозхон намоз ўқиётиб елкасига қизчасини миндириб олса... 516-ҳадис Абу Қатода нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) қизлари Зайнабнинг қизчасини (Умома исмли набираларини) бўйинларига миндириб олиб намоз ўқир эдилар. Сажда қилсалар тушириб қўяр эдилар, қиёмга турсалар кўтариб олар эдилар” (Бу шофиъий, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабларида фарзда ҳам, нафлда ҳам жоиз, аммо моликий мазҳабида фақат нафл намозидагина мумкин ҳисобланади).
517 - Ҳадис
107-ҳадис Киши ҳайз кўрган аёл ётган кўрпага қараб намоз ўқиса, кароҳияти борми? 517-ҳадис Маймуна онамиз ривоят қиладилар: “Менинг ўрин-тўшагим Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқийдиган жойлари рўпарасида эди. Эҳтимол, мен ўрнимда ётганимда кийимлари менга тегиб кетгандир”.
518 - Ҳадис
518-ҳадис Яна Маймуна онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) намоз ўқир эдилар, мен эса ҳайз кўрган ҳолимда ёнгиналарида ухлаб ётар эдим. Саждага борсалар, кийимлари менга тегар эди” (яна қ.333).
519 - Ҳадис
108-боб Киши саждага бош қўяётиб: “Менга халал беряпсан, сал йиғиштириниброқ ётгин!” – деб хотинини туртиб қўйиши мумкинми? 519-ҳадис Умар ибн Али нақл қиладилар: “Ойша онамиз “Намозхоннинг олдидан ит, эшак ва хотин киши ўтса, намоз бузилади, деган кишиларга қарата: “Жуда ҳам ёмон ўхшатиш қилдингиз, бизни ит ва эшакка тенг қилдингиз! Расулуллоҳ (сав) намоз ўқиётганларида у кишининг қибла томонларида ёнбошлаб ётганим эсимда. Сажда қилмоқчи бўлсалар, оёғимни туртиб қўяр эдилар, мен оёғимни йиғиб олар эдим”, - дедилар.
520 - Ҳадис
109-боб Аёл кишининг намозхон устидаги бирор озор бериб турган нарсани олиб ташлаши 520-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуд дедилар: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳ ёнида намоз ўқиётган эдилар. Қурайш мушрикларидан бир тўдаси ўзларининг ҳар доимги йиғилишадиган жойларида гаплашиб ўтиришарди. Ногаҳон улардан бири: “Манавининг ибодатни кўз-кўз қилишини кўринглар! Қайси бирингиз фалончиларнинг қушхонасидан ичак-чавоқ олиб келиб, у саждага борганда, икки курагини орасига ташлай оласиз?” – деди. Шунда уларнинг энг бадбахти туриб ичак-чавоқ олиб келгани кетди. Олиб келгач, Расулуллоҳ (сав)нинг сажда қилишларини пойлаб туриб, икки кураклари ўртасига ташлади. Расулуллоҳ (сав) саждада туриб қолдилар. Мушриклар бир-бирига қараб қотиб-қотиб кулишди. Бир киши буни пайғамбаримизнинг қизлари Фотимага бориб айтди. Қизалоқлари югуриб келганда Расулуллоҳ (сав) саждада турар эдилар. Фотима ичак-чавоқларни у кишининг елкаларидан олиб ташлади-да, мушрикларни қарғади. Расулуллоҳ (сав) намозни тугатганларидан сўнг: “Илоҳи, Қурайшни ҳалокатга учратгин!” – деб уч марта дуойи бад қилдилар. Кейин (ўйлаб тургач): “Илоҳи, Амр ибн Ҳишомни, Уқба ибн Рабиъани, Шайба ибн Рабиъани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Абу Муайтни, Умора ибн Валидни ҳалок қилгин”, - деб номма-ном айтдилар. Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммасини Бадр жангида ўлиб ётганини кўрдим, уларни судраб олиб бориб сувсиз қудуққа ташладилар”. “Кейин, Расулуллоҳ (сав): “Қудуққа ташланганларни охиратда лаънатлагин!” – деб Аллоҳга илтижо қилдилар”, - дейдилар Абдуллоҳ (рз.) (яна қ. 240).
521 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Намоз вақтлари ҳақида китоб 1-боб Намоз вақтлари ва уларнинг фазилатлари Аллоҳ таоло бу хусусда: “Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (“Нисо” сураси, 103-оят), - дейди. 521-ҳадис Абдуллоҳ ибн Маслама ривоят қиладилар: “Бир куни Умар ибн Абдулазиз намозни кечиктириб ўқиди (аср намози бўлса керак). Шунда унинг ҳузурига Урва ибн Зубайр кириб: “Бир куни Муғира ибн Шуъба Ироқдалик кезида намозни кечиктириб ўқиганида Абу Масъуд ал-Ансорий: “Бу нимаси, эй Муғира! Мен сенга Жаброил (ас) осмондан тушиб, намоз ўқидилар, Расулуллоҳ (сав) ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар; Жаброил (ас) яна намоз ўқидилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам намоз ўқидилар. Кейин: “Менга шундай қилиш (яъни, беш вақт намоз ўқиш) амр қилинди”, - дедилар, деб ўргатмаганмидим?!” – деди. Умар ибн Абдулазиз Урвага: “Нимани назарда тутиб сўзлаётганингизни биламан, Жаброил (ас) Расулуллоҳга намоз вақтларини белгилаб бергандилар”, - деди. Урва: “Башир ибн Абу Масъуд ҳам отаси Абу Масъуд хусусида шундай деб ҳикоя қилиб берган эди” – деди.
522 - Ҳадис
522-ҳадис Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) асрни ҳужраларига қуёш тушмасдан илгари ўқиб олар эдилар” – дедилар”, - деди” (яна қ. 3221, 4007). 2-боб Аллоҳ таолонинг “Унга (Аллоҳга) ўзингизни топширган ҳолларингизда (динини маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз, мушриклардан бўлмангиз!” (“Рум” сураси, 31-оят) – деган каломи шарифи хусусида
523 - Ҳадис
523-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига Абдул-Қайс қабиласидан вакиллар келиб, “Анави Рабиъа қавми бизга ҳалал бермоқда, ҳузурингизга ҳаж ойидан бошқа вақт келишга имконимиз йўқ. Бизга бирор нарса буюрсангиз, биз уни сиздан ўрганиб, уйимиздагиларга бориб ўргатсак!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Сизларга тўрт нарсани буюриб, тўрт нарсани ман қиламан: Аллоҳга имон келтирмоқ (яъни, Ла илаҳа иллаллоҳу, демоқ), менинг Аллоҳни Расули эканлигимни тан олмоқ, намоз ўқимоқ ва ўлжани бешдан бирини закот қилмоқни буюраман ҳамда дуббо, ҳантам, муқаййар ва на-қир (ўша даврда мусаллас қилинадиган идишлар)ни ман қиламан”, - дедилар”.
524 - Ҳадис
3-боб Намоз ўқишга байъат қилмоқ хусусида 524-ҳадис Жарир ибн Абдуллоҳ: “Мен Расулуллоҳ (сав)га намоз ўқиш, закот бериш ва (бу ҳақда) ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат қилдим”, - дейдилар (яна қ. 57).
525 - Ҳадис
4-боб Намознинг (гуноҳлари учун) каффорат эканлиги ҳақида 525-ҳадис Шақиқ (рз.) Ҳузайфа (рз.)дан нақл қиладилар: “Умар (рз.)нинг ҳузурларида ўтирган эдик. “Қайси бирингиз Расулуллоҳ (сав)нинг фитна тўғрисида айтган сўзларини эслаб қолгансиз?” – дедилар. “Мен, қандай айтган бўлсалар, шундайлигича эслаб қолганман”, - дедим. “Қани, айт-чи!” – дедилар. Мен: “Одамнинг ўз аёли, мол-дунёси, болалари ва қўшнисидан бўладиган фитналарга намоз, рўза, садақа ҳамда амр ва тақиққа риоя қилмоқ каффоратдир”, - дедим. У киши: “Йўқ, мен буни эмас, балки, денгиз тўлқинлари сингари босиб келадиган фитнани назарда тутган эдим” – дедилар. “Ё Амирал-мўминин, сиз бундан қўрқмасангиз ҳам бўлади, чунки сиз билан ўша фитна ўртасида бир ёпиқ эшик ғов бўлиб турибди”, - дедим. Ҳазрат Умар: “Ўша эшик синдириладими ёки очиладими?” – дедилар. “Синдирилади”, - дедим. Ҳазрат Умар: “Демак, кейин мутлоқо ёпилмас экан”, - дедилар. Биз: “Ҳазрат Умар қайси эшик назарда тутилганини англадиларми?” – деб Ҳузайфадан сўрадик. У киши: “Ҳа, эртанги кундан олдин тун бўлмоғини билганларидек яхши биладилар, мен у кишига Жаноб Расулуллоҳнинг ҳадисларини тўла-тўкис (бехато) айтиб берганман”, - дедилар. Кейин, биз Ҳузайфадан бошқа сўрашга ботинмай, Масруққа: “Сен сўра-чи!” – дедик. Масруқ сўраган эди, у киши: “Ўша эшик Ҳазрат Умарнинг ўзларидир”, - дедилар” (яна қ. 1435, 1895, 3586, 7096).
526 - Ҳадис
526-ҳадис Ибн Масъуд (рз.) ривоят қиладилар: “Бир киши бир хотиндан қибланинг қайси томонда эканлигини суриштириб турган эди, Набий (сав) келиб, унга қиблани кўрсатиб қўйдилар, Шунда Аллоҳ таоло: “Куннинг ҳар икки тарафида (яъни, эрта-ю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади” (“Ҳуд” сураси, 114-оят), - деган ояти каримасини нозил қилди. Бояги киши: “Ё Расулуллоҳ, бу менга тааллуқлими? – деди. Расулуллоҳ (сав): “Барча умматларимга тааллуқлидир”, - дедилар” (яна қ. 4687).
527 - Ҳадис
5-боб Намозни ўз вақтида ўқишни фазилати 527-ҳадис Абу Умар ва Шайбоний (рз.) ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ (рз.) Набий (сав)дан: “Бандаларнинг қайси амали Аллоҳ таолога хуш келади?” – деб сўради. Расулуллоҳ (сав): “Ўз вақтида ўқилган намоз”, - дедилар. Абдуллоҳ: “Ундан кейин-чи?” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Ота-онага итоатли бўлмоқлик”, - дедилар. “Яна қайси?” – деди Абдуллоҳ. “Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилмоқлик”, - дедилар Расулуллоҳ (сав) “Буларни менга Расулуллоҳ (сав) айтганлар, агар унга савол беришда давом этсам, яна кўп жавоб олардим”, - деганди Абдуллоҳ” (яна қ 2782, 5970,7534).
528 - Ҳадис
6-боб Беш вақт намоз гуноҳларга каффоратдир 528-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) одамларга: “Бирортангиз уйингизнинг олдидан оқиб ўтадиган дарёда (ёки сойда) ҳар куни беш маҳал ювинсангиз, баданимда кир бор, деб айтасизми?” – дедилар. Одамлар: “Сира ҳам кир қолмайди”, - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таоло улар туфайли гуноҳларни кечиради”, - деб айдилар”.
529 - Ҳадис
7-боб Намоз вақтини бой бериш ҳақида 529-ҳадис Ғайлон (рз.) ривоят қиладилар: “Анас (рз.): “Набий (сав) даврларидагидан кўра яхшироқ нарсани билмайман, у намоз деб аталади”, - дедилар. Кейин: “Намозни бой бермоқ билан ундан тегадиган савобни бой бериб қўймадингизми!?” – деб қўшиб қўйдилар”.
530 - Ҳадис
530-ҳадис Зуҳрий (рз.) ривоят қиладилар: “Дамашқда Анас ибн Моликнинг ҳузурларига кирсам, йиғлаб ўтирган эканлар. “Нега йиғлаяпсиз?” – дедим. У киши: “Ўзим билган нарсалар ичида намоздан кўра яхшироқ нарсани билмайман, бу намоз эса бой берилмоқда”, - деб айтдилар”.
531 - Ҳадис
8-боб Намозхон рабби – Аллоҳ таолога муножат қилади 531-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки намоз ўқиса, раббига муножат қилади (яъни Аллоҳ билан суҳбат қилади), шу боисдан ўнг томонига тупурмасин, аммо чап оёқ остига тупурса бўлади”, - деб айтдилар”. Қатода (рз.): “Намозхон рўпарасига ёки олд томонига тупурмайди, аммо чап томонига ёки оёқ остига тупурса бўлади” – дейдилар. Шуъба (рз.): “Намозхон олд томонига ҳам, ўнг томонига ҳам тупурмайди, аммо чап томонига ёки оёқ остига тупурса бўлади”, - дейдилар.
532 - Ҳадис
532-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав) “Қоматингизни текис тутиб сажда қилинглар, билакларингизни ит каби (ерга) ташлаб олманглар, агар тупуриш лозим бўлса, рўпарангизга ҳам, ўнг томонингизга ҳам тупурманглар, чунки сиз раббингизга муножат қиласиз (яъни, қалбингиз тили билан раббингиз билан суҳбатлашасиз)”, - деб айтдилар” (яна қ. 241).
533 - Ҳадис
9-боб Жазирама кунларда салқин тушишини кутиб пешин ўқиш ҳақида 533-534-ҳадислар Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кун қаттиқ исиб кетса, намозни салқин тушганда ўқинглар, жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси кабидир”, - дедилар”.
534 - Ҳадис
9-боб Жазирама кунларда салқин тушишини кутиб пешин ўқиш ҳақида 533-534-ҳадислар Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кун қаттиқ исиб кетса, намозни салқин тушганда ўқинглар, жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси кабидир”, - дедилар”.
535 - Ҳадис
535-ҳадис Абу Зарр (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав)нинг муаззинлари пешинга азон айтди. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Салқинлатгин (ёки салқин тушишини кутгин, салқин тушишини кутгин)! Жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси кабидир. Кун қаттиқ исиб кетса, тепаликлар ёнида соя пайдо бўлганини кўрмагунингизча, намоз ўқимай туринглар!” – дедилар”.
536 - Ҳадис
536-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав): “Кун қаттиқ исиб кетса, пешинни салқин тушганда ўқинглар, жазирима иссиқ жаҳаннам нафаси кабидир!”.
537 - Ҳадис
537-ҳадис Дўзах раббига шикоят қилиб: “Ё раббий, ўзимни-ўзим еб қўйдим”, - деган. Шунда Аллоҳ унга икки бор – қишда ва ёзда нафас олишга рухсат берган, бири – қишда, иккинчиси - ёзда бўлади. Ҳаддан зиён исиб кетганингизда ёздагисини, ҳаддан зиёд совуқ қотганингизда эса, қишдагисини ҳис қиласиз”, - дедилар”.
538 - Ҳадис
538-ҳадис Абу Саид (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кун қаттиқ исиб кетса, пешин салқин тушганда ўқинглар, жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси кабидир” – дедилар”.
539 - Ҳадис
10-боб Сафарда пешинни салқин тушганда ўқиш ҳақида 539-ҳадис Абу Зарр (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав) билан бирга сафарда эдик. Муаззин пешинга азон айтмоқчи бўлди. Набий (сав): “Салқин тушишини кутгин!” – дедилар. Кейин яна айтмоқчи бўлувди: “Тепаликлар ёнида соя пайдо бўлганини кўрмагунимизча, кутиб тургин!” – дедилар-да, “Жазирама иссиқ жаҳаннам нафаси кабидир, агар кун қаттиқ исиб кетса, намозни салқин тушганда ўқинглар!” – деб қўшиб қўйдилар” (яна қ. 535).
540 - Ҳадис
11-боб Кун оққанда пешин ўқиш ҳақида Жобир (рз.): “Набий (сав) кун оғган пайтда намоз ўқир эдилар”, - дейдилар. 540-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) кун оққанда чиқиб, пешин ўқидилар. Сўнг минбарга чиқиб, қиёмат ҳақида ва ўша куни бўладиган буюк ишлар тўғрисида эслаб, сўзладилар. Кейин: “Кимки бирор нарса тўғрисида сўрамоқчи бўлса, сўрасин кўзим очиқлигида илгари мен сизларга айтиб бермаган нарсалар хусусида сўраб қолинглар!” – дедилар. Шунда одамлар йиғидан ўзларини тия олмадилар, Жаноб Расулуллоҳ бўлсалар, нуқул: “Сўраб қолинглар!” – дер эдилар. Иттифоқо, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий ўрнидан туриб: “Менинг отам ким?” – деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Отанг Ҳузофадир”, дедилар, кейин: “Яна сўранглар!” – деб такрорлавердилар. Шунда Умар тиз чўкиб туриб: “Биз Аллоҳни раббимиз деб, Муҳаммадни пайғамбаримиз деб тан олдик”, - деди-да, жим қолди. Жаноб Расулуллоҳ: “Ҳозиргина менга мана шу девор томонда жаннат билан дўзах кўрсатилди, мен бунчалик яхшилик ва ёмонликни кўрмаган эдим”, - дедилар” (яна қ. 93).
541 - Ҳадис
541-ҳадис Абу Барза (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав) бомдодни ҳар биримиз ёнимиздаги намозхонни танийдиган даражада тун ёришганда ўқир эдилар ва олтмишдан юзтагача оят тиловат қилар эдилар. Пешинни кун оққанда, асрни эса, бирортамиз шаҳарнинг чеккасига бориб қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали ўлмаган пайтда ўқир эдилар”. Шуъба (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Барза шом ҳақида нима деганини билмайман, ёдимдан чиқибди, лекин у “Жаноб Расулуллоҳ хуфтонни тунни учдан бир қисмини ўтказиб ўқийверар эдилар”, - деганди, кейин яна: “Тун ярим бўлганда”, - деб қўшиб ҳам қўйганди”.
542 - Ҳадис
542-ҳадис Анас ибн Молик: “Жазирама иссуқ кунлари Расулуллоҳ (сав)га иқтидо қилиб пешин ўқисак, пешонамиз ер тафтидан куйиб қолишидан қўрқиб, кийимимизга сажда қилар эдик”, - дейдилар.
543 - Ҳадис
12-боб Пешинни асрга кечиктириб ўқиш ҳақида 543-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоятига кўра, Расулуллоҳ (сав) Мадина шаҳрида пешинни асрга, шомни хуфтонга қўшиб ўқиганлар. Айюб: “Балки бу иссиқ кунларда рўй бергандур”, деганида Ибн Аббос “Балким” деган.
544 - Ҳадис
13-боб Аср вақти тўғрисида Абу Усома (рз.) Ҳишомдан нақл қилиб: “Жаноб Расулуллоҳ аср ўқиганларида Ойша онамизнинг ҳужраларидан қуёш ҳали чиқиб кетмаган эди”, - дейдилар. 544-ҳадис Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) асрни қуёш ҳали ҳужрамдан чиқиб кетмай туриб, ўқир эдилар”, - дедилар.
545 - Ҳадис
545-ҳадис Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) қуёш ҳали ҳужрамдан чиқиб кетмай туриб ва ҳужрамга соя тушмай туриб, аср ўқидилар”, - дедилар.
546 - Ҳадис
546-ҳадис Ойша онамиз: “Набий (сав) қуёш ҳали ҳужрамга тушиб турганда, ҳужрамда соядан асар ҳам йўқ пайтда аср ўқир эдилар”, - дедилар.
547 - Ҳадис
547-ҳадис Сайёр ибн Салама ривоят қиладилар: “Мен ва отам Абу Барзанинг ҳузурларига кирдик. Отам у кишидан: “Расулуллоҳ (сав) беш вақт намозни қандай ўқир эдилар?” – деб сўрадилар. У киши: “Сизлар увло деб атайдиган пешинни кун оққан пайтда, асрни эса бирортамиз шаҳарнинг энг чеккасига бориб қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали сўнмаган пайтда ўқир эдилар (шом ҳақида айтган гапларини эсимдан чиқариб қўйибман), сизлар атама деб атайдиган хуфтонни кечиктириб ўқишни афзал кўрар эдилар ҳамда хуфтондан олдин ухлашни ва ундан кейин сўзлашиб ўтиришни ёмон кўрар эдилар. Бомдодни киши ёнида ўтирган намозхонни танийдиган даражада тун ёришганда ўқиб бўлар эдилар ва олтмишдан юзтагача оят тиловат қилар эдилар”, - дедилар” (яна қ. 541).
548 - Ҳадис
548-ҳадис Анас ибн Молик: “Биз аср ўқиётган эдик, кейин бир киши Бани Амр ибн Авф қавми олдига бориб қараса, улар ҳам аср ўқишаётган экан”, - дедилар.
549 - Ҳадис
549-ҳадис Саҳл ибн Ҳунайф (рз.) Абу Усомадан нақл қиладилар: “Биз Умар ибн Абдулазиз билан бирга пешин ўқидик, сўнг чиқиб, Анас ибн Моликнинг ҳузурларига кирдик. У киши аср ўқиётган эканлар. Мен: “Эй амаки, ҳозир қайси намозни ўқидингиз? – дедим. У киши: “Аср ўқидим, Жаноб Расулуллоҳ биз билан шундай намоз ўқир эдилар”, - деб жавоб қилдилар”.
550 - Ҳадис
14-боб (Яна) аср вақти ҳақида 550-ҳадис Анас ибн Молик (рз.): “Расулуллоҳ (сав) қуёш баландлигида, ҳали унинг тафти сўнмаган пайтда аср ўқир эдилар. Кейин йўловчи (шаҳарнинг) энг чеккасига бориб, қайтса ҳам ҳануз қуёш баландда турган бўлар эди. Шаҳарнинг айрим чекка жойлари билан масжид оралиғи тўрт мил ёки шунга яқин келар эди”, - дедилар. ***** "Ўзбек халқ табобати" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.uzbnatmed
«
←
7
8
9
10
11
12
13
14
15
→
»