Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
551 - Ҳадис
551-ҳадис Ибн Шиҳоб Анас ибн Моликдан нақл қилиб: “Биз аср ўқир эдик. Кейин бирортамиз Масжидул Қубога бориб қайтганимизда ҳам қуёш ҳануз баландда турган бўлар эди”, - дейдилар.
552 - Ҳадис
15-боб Асрни қазо қилиб қўйган кишининг гуноҳи ҳақида 552-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Асрни қазо қилиб қўйган одам бола-чақаси-ю, мол-дунёсидан ажраган киши кабидир”, - деб айтганлар”. Абу Абдуллоҳ: “Асрни қазо қилиб қўйсангиз, бирор кишингиз ўлдирилган ёки мол-дунёингиз ўғирланган каби катта йўқотиш қиласиз”, - дейдилар.
553 - Ҳадис
16-боб Кимки аср ўқимаса... 553-ҳадис Абу Малиҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Бурайда билан бирга ҳаво булут куни ғазотда бўлдик, ўшанда у киши: “Асрни эртароқ ўқийлар, Жаноб Расулуллоҳ: “Асрни ўқимаган киши бирор иши барбод бўлган киши кабидир, деб айтганлар”, - дедилар” (яна қ. 594).
554 - Ҳадис
17-боб Аср намозини фазилати ҳақида 554-ҳадис Жарир (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга эдик. Тунда Ойга (яъни тўлин ойга) қараб: “Кейинчалик, сизлар мана шу ойни кўриб турганингиздек раббингизни кўрасизлар, уни кўраман деб, бир-бирингизни ранжитманглар! Агар кун чиқиши ва кун ботишидан олдинги намозларни шайтонга бой бермаслик қўлингиздан келса, уларни доим ўқинглар!” – дедилар-да, “Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам, раббингни мақтаб тасбеҳ айтгин!” – деб қироат қилдилар”.
555 - Ҳадис
555-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав): “Сизларни малоикалар кечаю-кундуз кузатиб юрадилар. Бомдод ва асрда келиб тўпланишади, сўнг сизлар билан бирга бўлган малоикалар Арши Аълога чиқадилар, Аллоҳ таоло малоикалардан кўра яхшироқ билса ҳам: “Бандаларимни қандай ҳолатда ташлаб келдингизлар?” – деб улардан сўрайди. Малоикалар: “Келаётганимизда ҳам, борганимизда ҳам намоз ўқиётган эдилар”, - деб айтади. ***** "Ўзбек халқ табобати" мобил иловасини бепул юклаб олинг https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.uzbnatmed
556 - Ҳадис
556-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қуёш ботишидан олдин аср намозининг бир саждасини фаҳмлаб қолган одам намозини ниҳоясига етказади. Қуёш чиқишидан олдин бомдод намозининг бир саждасини ўқиб улгурмаслигига ақли етган одам ҳам намозини тугаллайди”, - деб айтдилар” (“Ҳидоя” китобига кўра, бомдод намозини тугатмай туриб, қуёш чиқиб қолса, намоз бузилади, дейилган. Далили ҳам ўша ерда келтирилган).
557 - Ҳадис
557-ҳадис Солим ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) айтибдилар: “Сизларнинг аҳли китобларга нисбатан дунёда туришингиз бамисоли асрдан қуёш ботгуничадир. Таврот аҳли куннинг ярмигача амал қилиб, чарчадилар ва бир қийротдан ажр олдилар. Инжил аҳли аср пайтигача амал қилиб, қолганига ожизлик қилдилар. Сиз Қуръонга асрдан шом пайтигача амал қилиб, икки қийротдан ажр олдингиз. Аҳли китоблар Парвардигорга шикоят қилиб, биз кўп вақт амал қилиб, оз ажр оламиз-у, улар оз муддат амал қилиб. Кўп ажр олишадими, деганларида, Аллоҳ: “Мен сизлар зулм қилиб, ажрингиздан уриб қолдимми?”, - деганида, улар “Йўқ”, - дейишди. Шунда Аллоҳ: “Бу менинг фазлим. Уни хоҳлаганимга беравераман”, - деди (яна қ. 2268, 2269, 3459, 5021, 7467, 7533).
558 - Ҳадис
558-ҳадис Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (сав) айтибдилар: “Мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийларнинг мисоли гўё бир киши бир гуруҳ одамларни кун бўйи ишлатиш шарти билан маош белгилангандан кейин пешингача ишлаб кетишган. Бошқалари келиб, асргача ишлаб кетишган ва ҳақларини олишмаган. Сўнгра асрдан то шомгача ишлаганларга ўша икки гуруҳ ажрини тўлагандекдир” (яна қ. 2271).
559 - Ҳадис
19-боб Шом намози ўқиладиган вақт ҳақида Ато (рз.): “Касал одам шом билан хуфтонни қўшиб ўқийди”, - дейдилар. 559-ҳадис Рофеъ ибн Хадиж: “Биз Набий (сав) билан бирга шомни ўтирган еримиздан ёй отсак, ўқимиз теккан жойни кўра оладиган пайтда ўқиб қайтар эдик”, - дейдилар.
560 - Ҳадис
560-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.): “Набий (сав) пешинни кун оғган пайтда, асрни қуёш тиниқ пайтда, шомни қуёш ботганда ўқир эдилар. Баъзида хуфтонни, намозхонларнинг тўпланганларини кўрсалар, тезлаштирар эдилар, уларнинг кечикаётганини кўрганларида эса, кечиктирар эдилар. Бомдодни қоронғу пайтда ўқир эдилар”, - дейдилар (яна қ. 565).
561 - Ҳадис
561-ҳадис Салама (рз.): “Набий (сав) билан бирга шомни кун юзига парда тортганда ўқир эдик”, - дейдилар.
562 - Ҳадис
562-ҳадис Жобир (рз.) қилган ривоятда: “Расулуллоҳ (сав) билан пешинни асрга, шомни хуфтонга қўшиб ўқиганмиз”, - дейилади (яна қ. 543).
563 - Ҳадис
20-боб Шомни хуфтон деб аташларини макруҳ қилган киши ҳақида 563-ҳадис Абдуллоҳ ал-Музаний ривоят қиладилар: “Набий (сав): “Бадавийлар шом деб атайдиган намозингизни бошқа ном билан аташларига йўл қўйманглар. Бадавийлар шомни хуфтон деб атамоқдалар”, - деб айтдилар”.
564 - Ҳадис
21-боб Ишоъ ва атама баёни ҳамда иккаласини “Бемалол ишлатса бўлади” деган киши ҳақида Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Ишоъ (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозлари мунофиқларга оғир келиб қолди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Атама (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозларида қандай савоб борлигини билишса эди!” – дедилар. Абу Абдуллоҳ: “Хуфтонни “Ишоъ” деб аташ “атама” деб аташдан кўра яхшироқдир. Зеро Аллоҳ таоло: “Ва хуфтон намозидан кейин...” (“Нур” сураси, 58-оят) деб айтади”, - дейдилар. Абу Мусо: “Биз Набий (сав) билан бирга навбатма-навбат ишоъга имомлик қилар эдик. Бу сафар ҳам бизнинг навбатимиз эди, иттифоқо, у киши ишоъга имомлик қиламан деб салла ўраб чиқдилар”, - дейдилар. Ибн Аббос ва Ойша онамиз: “Набий (сав) атамага (хуфтонга) салла ўраб чиқдилар”, - дейдилар. Баъзилар Ойша онамиздан нақл қилиб: “Набий (сав) атамага (хуфтонга салла ўраб чиқдилар”, - дейишади. Жобир (рз.): “Набий (сав) ишоъ ўқир эдилар”, - дейдилар. Абу Барза: “Набий (сав) ишоъни кечиктириб ўқир эдилар”, - дейдилар. Ибн Умар, Абу Айюб ва Ибн Аббос: “Набий (сав) шом ва ишоъ ўқидилар”, - дейишади. 564-ҳадис Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Тунлардан бирида Расулуллоҳ (сав) одамлар атама деб атайдиган ишоъ (хуфтон) намозини биз билан бирга ўқидилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ бизга юзланиб: “Билиб қўйинглар, мана шу кечадан роппа-роса юз йил ўтгач, ер юзида ҳозир мавжуд бўлган одамлардан бирортаси ҳам қолмайди”, - дедилар” (яна қ. 116).
565 - Ҳадис
22-боб Намозхонлар вақтида йиғилганда ёки кеч қолганда хуфтон қачон ўқилади? 565-ҳадис Муҳаммад ибн Амр ривоят қиладилар: “Жобирдан Набий (сав)нинг қандай намоз ўқишларини сўрадик у киши: “Жаноб Расулуллоҳ пешинни кун оғган пайтда, асрни қуёшнинг тафти сўнмаган пайтда, шомни қуёш ботганда, хуфтонни эса, масжидга одам кўп йиғилганда тездан ўқийверар эдилар. Бомдодни қороғуда ўқир эдилар”, - деди” (яна қ. 560).
566 - Ҳадис
23-боб Хуфтоннинг фазилати 566-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Тунлардан бирида Расулуллоҳ (сав) хуфтонга имомлик қилишлари лозим эди. Ўшанда Жаноб Расулуллоҳ ҳадеганда масжидга чиқавермадилар, ҳатто Ҳазрат Умар: “Хотинлар ва болалар ухлаб қолдилар”, - деб овоз чиқардилар. Шундан кейин Жаноб Расулуллоҳ масжидга йиғилган намозхонларга қараб: “Бу намозни (хуфтонни) ер юзида сизлардан бўлак ҳеч ким ўқийман, деб мунтазир ўтиргани йўқ”, - дедилар”.
567 - Ҳадис
567-ҳадис Абу Мусо (рз.) ривоят қиладилар: “Мен ва мен билан кемада бирга келган шерикларим Бутҳон деган жойга келиб тушган эдик, Набий (сав) Мадинада эдилар, у киши ҳар кеча бизлардан биттамизга (навбатма-навбат) хуфтонга имомлик қилишни тайинлар эдилар. Мен ва менинг шерикларим у киши билан келишиб олдик, у киши баъзи бир юмушлари бўлганлиги сабабли туннинг ярмигача имомлик қилдилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ чиқиб биз билан намоз ўқидилар. Намозни ўқиб бўлгач, ўша ерда ҳозир бўлганларга қараб: “Аллоҳ таоло сизларга ато этган неъматдан ўзгаларни ҳам секингина хабардор қилинглар, шу соатда сизлардан бошқа ҳеч ким намоз ўқиётгани йўқ!” – дедилар. Биз хурсанд бўлиб қайтдик”.
568 - Ҳадис
24-боб Хуфтондан олдин ухлаш макруҳдир 568-ҳадис Абу Барза (рз.): “Расулуллоҳ (сав) хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин сўзлашиб ўтиришни макруҳ дер эдилар”, - дейдилар (яна қ. 541).
569 - Ҳадис
25-боб Хуфтондан олдин чарчаб ухлаб қолган киши хусусида 569-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) хуфтонга имомлик қилишлари лозим эди, (ухлаб қолиб) ҳадеганда чиқавермадилар. Шунда Ҳазрат Умар: “Хотинлару болалар ухлаб қолди”, - деб овоз чиқариб у кишини чақирдилар. Жаноб Расулуллоҳ чиқиб: “Ер юзида сизлардан бошқа ҳеч ким хуфтон ўқийман, деб мунтазир бўлиб ўтиргани йўқ”, - дедилар. Ўша вақтларда Мадинадан бошқа ҳеч қаерда намоз ўқилмас эди. Хуфтонни шафақ йўқолгандан бошлаб, туннинг биринчи қисмининг учдан бири оралиғида ўқишар эди”.
570 - Ҳадис
570-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) тунлардан бирида хуфтон вақтида банд бўлиб қолиб, бир оз кечикдилар, ҳатто биз у кишини кутиб масжидда ухлаб қолдик, бир уйғониб, кейин яна ухлаб қолдик ва яна уйғондик, шундан кейингина Жаноб Расулуллоҳ бизнинг олдимизга чиқдилар, сўнг бизга қараб: “Ер юзида ҳеч ким хуфтон ўқийман, деб мунтазир, бўлиб ўтиргани йўқ”, - дедилар”. Ибн Умарнинг ўзлари, уйқу ғолиблик қилиб, хуфтонни қазо қилиб қўйишдан қўрқмасалар, ундан олдин ёки ундан кейин мизғиб олаверар эдилар.
571 - Ҳадис
571-ҳадис Ибн Аббос ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) тунлардан бирида хуфтонга кечикдилар, ҳатто одамлар ухлаб қолдилар, уйғониб, яна бир ухлаб турдилар. Шунда Умар ибн Хаттоб туриб, “Намоз!” – деб овоз чиқардилар. Ато ва ибн Аббос: “Шундан кейин Жаноб Расулуллоҳ икки қўллари бошларида, сочларидан сув томганча чиқиб келдилар-да, “Агар умматимга машаққат бўлишини хоҳлаганимда, хуфтонни шу тариқа (кеч) ўқишни буюрар эдим, дедилар”, - деб айтишди” (яна қ. 7239).
572 - Ҳадис
26-боб Хуфтонни ярим кечагача ўқиса бўлади Абу Барза (рз.)нинг айтишларича, Набий (сав) хуфтонни кечиктириб ўқишни афзал кўрар эканлар. 572-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав) хуфтонни ярим кечага бориб ўқидилар. Кейин, яна намоз ўқидилар. Сўнг: “Одамлар аллақачон намозларини ўқиб ухладилар, аммо сизлар ўқиймиз, деб кутган намозингизни (яъни, хуфтонни) ўқимоқдасизлар”, - дедилар. Анас (рз.) ўша тунда Расул (ас)нинг узуклари ялтираб кўринганини эслайди.
573 - Ҳадис
27-боб Бомдод намозини фазилати 573-ҳадис Жарир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларида эдик, тўлин ойга қараб, “Сизлар мана шу ойни кўриб турганингиздек раббингизни кўрасизлар. Уни кўраман деб бир-бирингизни ранжитманглар. Қуёши чиқиши ва ботишидан илгари намозларни шайтонга бой бермаслик қўлингиздан келса, уларни муттасил ўқинглар!” – дедилар. Сўнг: “Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!” (“Қоф” сураси, 39-оят) – деган оятни ўқиб қўшиб қўйдилар”.
574 - Ҳадис
574-ҳадис Абу Бакр ибн Абу Мусо қилган ривоятига кўра, Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Ҳар ким бомдод билан хуфтон намозини ўқиб юрган бўлса, жаннатга киради”.
575 - Ҳадис
28-боб Бомдод ўқиладиган вақт ҳақида 575-ҳадис Зайд ибн Собит ривоят қиладилар: “Биз Набий (сав) билан бирга саҳарлик қилдик, кейин туриб бомдод ўқидик. Мен: “Саҳарлик билан бомдод оралиғида қанча вақт бор?” – деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: “Эллик ёки олтмиш оят ўқигулик фурсат бор”, - дедилар” (яна қ.1921).
576 - Ҳадис
576-ҳадис Анас ибн Молик: “Набий (сав) ва Зайд ибн Собит иккалалари саҳарлик қилдилар. Саҳарлик қилиб бўлишгач, Набий (сав) бомдод ўқидилар”, - деди. Қатода (рз.): “Мен Анасдан, саҳарлик қилиб бўлишгандан то намозга киришгунларига қадар қанча вақт ўтди?” – деб сўрадим”, - дейдилар. Шунда Анас: “Киши элликта оят ўқиганчалик”, - деб жавоб берган экан (яна қ. 1134).
577 - Ҳадис
577-ҳадис Саҳл ибн Саъд: “Бола-чақам билан саҳарлик қилаётган эдим, бирдан Расулуллоҳ (сав) билан бомдод намози ўқиш лозимлиги эсимга тушиб қолди”, - дейдилар.
578 - Ҳадис
578-ҳадис Ойша (рз.): “Биз мусулмон аёллар Расулуллоҳ (сав) билан бирга бомдод намози ўқиш учун чодиримизга ўралиб (масжидга борар эдик. Сўнгра, намозни ўқиб бўлиб, ўйимизга қайтаётганимизда қоронғида бизни ҳеч ким танимас эди (яъни бомдод намози ўқиб бўлганда ҳали кун ёришмаган бўларди)”, - дейдилар.
579 - Ҳадис
29-боб Бомдод ўқиётган одам қолган бир ракъатини қуёш чиққунча ўқиб улгурмаслигини англаса... 579-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки бомдоднинг бир ракъатини қуёш чиққунча ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, қолганини ўқиб тугатсин, кимки асрнинг бир ракъатини қуёш ботгунча ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, уни ҳам ўқиб тугатсин!” – дедилар” (яна қ. 556).
580 - Ҳадис
30-боб Намоз ўқиётган одам қолган бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса... 580-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки намозининг бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, уни ўқиб тугатсин!” – дедилар” (яна қ. 556).
581 - Ҳадис
31-боб Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча намоз ўқилмайди 581-ҳадис Ҳазрат Умар (рз.): “Набий (сав) тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ва асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча намоз ўқишни ман қилдилар”, - дейдилар.
582 - Ҳадис
582-ҳадис Ибн Умар (рз.)нинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав): “Қуёш чиқаётган ва ботаётган вақтда ўқиган намозингиздан савоб умид қилмангиз!” – деб айтган эканлар.
583 - Ҳадис
583-ҳадис Ибн Умар (рз.)нинг яна бир бошқа ривоятларига кўра, Расулуллоҳ (сав): “Агар қуёш юзидан пардасини олаётган бўлса, буткул олиб бўлгунча ёки парда тортаётган бўлса, буткул тортиб бўлгунча намозингизни кечиктирингиз!” – деб айтган эканлар.
584 - Ҳадис
584-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)нинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав) икки хил келишувни, икки хил кийим кийишни ва икки намозни ўқишни ман қилган эканлар: тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ва асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча намоз ўқиш; баданга ёпишиб турадиган ва бадани кўриниб турадиган кийимларни кийиш; биров билан тил бириктириб, душманлик ҳамда алоқа қилиш (яна қ. 365).
585 - Ҳадис
32-боб Қуёш ботмай туриб намоз ўқимаслик ҳақида 585-ҳадис Ибн Умар (рз.)нинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав): “Бирортангиз қуёш чиқаётган ва ботаётган пайтда намоз ўқиманглар!” – деб айтган эканлар (яна қ. 582).(Абу Ҳанифа (рз.)га кўра, қуёш ботишидан олдин асрни бошлангандан кейин, тугатмай туриб қуёш ботса асрни охиригача етказиб ўқиш жоиз. Аммо бомдод намозини тугатмай туриб қуёш чиқиб қолса намоз бузилади (“Ҳидоя”).)
586 - Ҳадис
586-ҳадис Абу Саид Худрийнинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав): “Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ҳам, асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча ҳам намоз ўқилмайди”, - деб айтган эканлар (яна қ. 1188, 1197).
587 - Ҳадис
587-ҳадис Ҳумрон ибн Абон қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Муовия бир кун: “Сизлар ўқиётган намозни Расулуллоҳ (сав) билан бирга юриб ҳам бирор марта ўқиганларини кўрмаганмиз, у киши асрдан кейин икки ракъат намоз ўқишни ман қилган эдилар”, - деб айтдилар” (яна қ. 3766).
588 - Ҳадис
588-ҳадис Ҳафз ибн Осим Абу Ҳурайрадан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) тонг отгандан кейин қуёш чиққунча ва асрдан кейин қуёш ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар”.
589 - Ҳадис
33-боб Аср ва тонг отгандан кейинги намозлардан бошқасини ман қилмаган киши хусусида 589-ҳадис Ибн Умар (рз.): “Мен биродарларим қандай намоз ўқиётганларини кўрган бўлсам, шундоқ намоз ўқийман. Мен бирор кишининг кечаси ва кундузи, истаган пайтда намоз ўқимоғига қарши эмасман, қуёш чиқаётган ва қуёш ботаётган пайтда ўқимаса, бас”, - дейдилар (яна қ. 582).
590 - Ҳадис
34-боб Асрдан кейин ўқиладиган қўшимча ва шунга ўхшаш намозлар ҳақида Умму Салама ривоят қиладилар: “Набий (сав) асрдан кейин икки ракъат намоз ўқидилар-да, “Ҳали Абдул-Қуддус қабиласидан келган кишилар менинг пешиндан кейин икки ракъат намоз ўқишимга ҳалал бердилар”, - дедилар. 590-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Худо ҳаққи, Расулуллоҳ (сав) Аллоҳга рўпара бўлгунларига (вафот этгунларига) қадар пешин ва асрдан кейин ўқийдиган икки ракъат намозларини сира тарк этмадилар. У киши кексайиб қолиб, ўша намозларини кўпинча ўтириб ўқийдиган бўлиб қолганларида Аллоҳга рўпара бўлдилар (вафот этдилар). Жаноб Расулуллоҳ қўшимча икки ракъат намозни умматларим ҳам ўрганиб олиб, қийналиб қолмасинлар деб, масжидда ўқимас эдилар, аксинча умматларига енгиллик яратишга интилар эдилар” (яна қ. 591-593, 1631).
591 - Ҳадис
591-ҳадис Ҳишомнинг оталари ривоят қиладилар: “Ойша (рз.): “Эй, синглимнинг ўғли (жияним)! Набий (сав) асрдан кейинги икки ракъат намозни менинг ҳузуримда ўқимаган кунлари бўлмаганди”, - дедилар”.
592 - Ҳадис
592-ҳадис Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав) бомдоддан олдинги ва асрдан кейинги ўқийдиган икки ракъат намозларини яширмас эдилар, эълон ҳам қилмас эдилар” – дейдилар.
593 - Ҳадис
593-ҳадис Асвад ва Масруқ (рз)нинг айтишларича, Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) кунда асрдан кейинги икки ракъат намозни ўқимай менинг ҳузуримга келмас эдилар”, - деган эканлар. (590, 591, 592, 593-ҳадисларда келган асрдан кейинги нафл намозлари Расулуллоҳ (сав)га хос бўлиб, умматларини уни ўқишдан қайтарардилар. “Фатҳул-Борий”).
594 - Ҳадис
35-боб Ҳаво булут бўлган куни намозни эртароқ ўқиш ҳақида 594-ҳадис Абу Малиҳ ривоят қиладилар: “Ҳаво булут бўлган куни Бурайда билан бирга эдик. У: “Намозни эртароқ ўқинглар! Набий (сав): “Аср намозини ўқимаган киши гўёки бирор иши барбод бўлган киши кабидир!” – деганлар”, - деб айтди”.
595 - Ҳадис
36-боб Азон вақти ўтган бўлса ҳам азон айтилгани тўғрисида 595-ҳадис Абу Қатода оталаридан нақл қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (сав) билан бирга кечаси йўлга чиқдик. Йўлда учраган қавмлардан бири: “Ё Расулуллоҳ, бизга бир меҳмон бўлиб кетсангиз!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Ухлаб қолиб, намозга туролмай қоласизларми, деб қўрқаман”, - дедилар. Шунда Билол: “Мен сизларни уйғотиб қўяман”, - деди. Меҳмондорчиликдан кейин уйқуга ётишди, Билол туясига ястаниб ухлаб қолди. Набий (сав) уйғотганларида офтоб юзидан ниқобини олган эди. Жаноб Расулуллоҳ: “Эй Билол! Қани айтганингни қилганинг?” – дедилар. Билол: “Уйқу мени енгиб қўйибди”, - деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Аллоҳ таоло истаган вақтида жонингизни олиб, истаган вақтда сизга жон ато этади, эй Билол, тургин, азон айтиб, одамларни намозга чақиргин!” – дедилар. Кейин, туриб таҳорат қилдилар. Қуёш кўтарилиб, кун ёришиб кетганда намоз ўқидилар” (яна қ. 7471).
596 - Ҳадис
37-боб Вақт ўтган бўлишига қарамасдан одамлар билан жамоат бўлиб намоз ўқиш хусусида 596-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Ҳандақ куни қуёш ботгач, Умар ибн Хаттоб келиб, Қурайш кофирларини сўка бошладилар, сўнг: “Ё Расулуллоҳ, қуёш ботиб қолди. Асрни ўқиб улгурмадим”, - дедилар. Расулуллоҳ (сав): “Худо ҳаққи, мен ҳам”, - дедилар. Кейин, Бутҳонга жўнадик, етиб боргач, таҳорат олдилар, биз ҳам таҳорат олдик. Сўнг қуёш ботгач, аср ўқидилар, ундан кейин шом ўқидилар”.
597 - Ҳадис
38-боб Бирор намозни эсидан чиқариб ўқимаган одам эсига тушганда ўша намозинигина қайта ўқийди Иброҳим (рз.): “Кимки йигирма йил давомида намозлардан бирини ўқимаган бўлса, ўша ўқимаган намозинигина ўқийди”, - дейдилар. 597-ҳадис Анас (рз.)нинг айтишларича, Набий (сав): “Кимки бирор намозини унутиб ўқимаган бўлса, эсига тушганда ўқисин, ўқилмай қолган намоз учун ўша намознинг ўзини иода қилишдан бошқа каффорат йўқдир, (Аллоҳни) эслашинг билан намоз ўқигин!” – деган эканлар.
598 - Ҳадис
39-боб Аввал қазо бўлган намоз ўқилади 598-ҳадис Жобир (рз.) ривоят қиладилар: “Хандақ куни Умар ибн Хаттоб Қурайш кофирларини сўкиб: “Ё Расулуллоҳ, қуёш ботиб қолди. Аср ўқиб улгурмадим”, - дедилар. Кейин, Бутҳонга бордик. Қуёш ботгандан сўнг аср, кейин шом ўқидилар”.
599 - Ҳадис
40-боб Хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришни ёқтирмаганликлари ҳақида 599-ҳадис Абу Минҳол ривоят қиладилар: “Отам билан бирга Абу Барзанинг ҳузурларига бордик. Отам у кишига: “Расулуллоҳ (сав) беш вақт намозни қандай ўқир эдилар, бизга айтиб беринг!” – дедилар. Абу Барза: “Сизлар увло деб атайдиган пешинни кун оққан пайтда, асрни бирортамиз шаҳарнинг энг чеккасига бориб уйимизга қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали сўнмаган пайтда ўқир эдилар (шом ҳақида айтган сўзларини эсимдан чиқариб қўйибман), хуфтонни эса, кечиктириб ўқишни афзал кўрар эдилар, хуфтондан олдин ухлашни ҳам, ундан кейин сўзлашиб ўтиришни ҳам ёқтирмас эдилар. Бомдодни киши ўрнида ўтирган намозхонни танийдиган даражада ҳаво ёришганда ўқиб бўлар эдилар ва олтмиштадан юзтагача оят тиловат қилар эдилар”, - деб айтдилар”, (яна қ. 541).
600 - Ҳадис
41-боб Хуфтондан кейин фиқҳ ва савоб ҳақида сўзлашиб ўтирмоқ 600-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Бир куни ярим кечага яқинлашиб қолган пайтда Набий (сав) келиб биз билан намоз ўқидилар, сўнг: “Одамлар намоз ўқиб бўлиб, аллақачон ухладилар, шундай эмасми? Сизлар эса хануз жойнамозни тарк этганингиз йўқ, савоб умид айлаб намозни кутиб ўтирибсиз. Уни кутиб ўтириш ҳам намоз ҳисобланади (яна қ. 572). ***** "Ўзбек халқ табобати" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.uzbnatmed
«
←
8
9
10
11
12
13
14
15
16
→
»