Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
351 - Ҳадис
2-боб Кийим кийиб намоз ўқишнинг вожиблиги, Аллоҳ таолонинг “Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (“Аъроф” сураси, 31-оят) деган ояти каримаси ва биргина лунги (мато)га ўралиб намоз ўқиш ҳақида Салама ибн ал-Акваъ бундай деб айтган эканлар: “Расулуллоҳ (сав): “Агар бир мато билан бўлса ҳам (аврат кўринмаслиги учун) у (мато)ни қадаб олинади”, - деганлар. Мазкур ҳадисда аслида “Хотини билан жинсий алоқа қиладиган кийимда (агар унга бир нарса тегмаган бўлса) намоз ўқиса, бўлади” деган фикр бор. Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳни ялонғоч тавоф қилмасликни буюрганлар”. 351-ҳадис Умму Атийя мана бу ҳадисни келтирдилар: “Иккала ҳайитда, ҳайз кўрганлар ҳам, балоғатга етган ёпинғичдаги қизлар ҳам намозга чиқишга буюрилди. Улар (эркак) мусулмонларнинг йиғинида ва уларнинг тоат-ибодатларида қатнашишди, ҳайз кўрганлари эса намозгоҳга яқин бормай, бир чеккада туришди. Бир хотин: “Ё Расулуллоҳ (сав) баъзи биримизнинг паранжимиз бўлмаса, (қатнашмай қўяверайликми)?” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Дугонасининг ёпинчиқларидан бирини олиб кийиб турсин”, - дедилар”. Абдуллоҳ ибн Абу Ражо Умму Атийя айтиб берган ушбу ҳадисни бошқачароқ қилиб ривоят қилган (яна қ. 324).
352 - Ҳадис
352-ҳадис Муҳаммад ибн ал-Мункадир дедилар: “Жобир (рз.) кийимларини қозиққа илиб қўйиб, авратпўшини орқасига тугиб олдида, намоз ўқиди. Бир киши унга: “Биргина авратпўшда намоз ўқийсизми?” – деди: “Сенга ўхшаган нодон кўрсин деб, атайлаб шундай қилдим. Қайси бирингизни Расулуллоҳ (сав) даврларида иккита кийимингиз бўлган?” – дедилар Жобир (рз.)” (яна қ. 353, 361, 370).
353 - Ҳадис
353-ҳадис Муҳаммад ибн ал-Мункадир: “Жобир ибн Абдуллоҳ ва Расулуллоҳ (сав)нинг ҳам бир кийимда намоз ўқиганларини кўрганман”, - деганлар (яна қ. 354).
354 - Ҳадис
4-боб Бир кийимга (матога) ўралиб намоз ўқишни ҳукми Аз-Зуҳрий: “Бир кийимга ўралиб, дегани икки елкага бўйин аралаш ташланган матонинг ўнг учини чап томонга ўрашдир”, - дейдилар. Умму Ҳониъ айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) бир кийимга ўралдилар. Кийимнинг бир чеккасини елкадан айлантириб, у томондан бу томонга ва бу томондан у томонга ўрадилар”. 354-ҳадис Умар ибн Умму Салама дедилар: “Расулуллоҳ (сав) бир кийимда намоз ўқир эдилар, кийимларини бир тарафини у томонга, у томонини бу томонга айлантириб намоз ўқидилар” (яна қ. 355, 356).
355 - Ҳадис
355-ҳадис Умар ибн Салама айтадилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг Умму Салама уйида бир кийимда намоз ўқиётганларини кўрдим. Кийимларининг икки тарафини икки елкага ташлаб олгандилар”.
356 - Ҳадис
356-ҳадис Умар ибн Салама деди: “Расулуллоҳ (сав)нинг бир кийимга ўралиб намоз ўқиётганларини кўрдим, кийимларининг икки тарафини елкаларидан ўтказиб олгандилар”.
357 - Ҳадис
357-ҳадис Умму Ҳониъ бундай деган эканлар: “Макка фатҳ қилинган йили Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига бордим. Расулуллоҳ (сав) ғусл қилаётган ва қизлари Фотима эса бир нарса билан пана қилиб турган эканлар. Расулуллоҳга салом бердим. “Бу ким?” – дедилар. “Мен Умму Ҳониъман, Абу Толиб қизиман”, - дедим. “Хуш келибсан Умму Ҳониъ!” – дедилар Расулуллоҳ (сав) ғусл қилиб бўлганларидан кейин туриб бир кийимга ўралган ҳолда 8 ракъат намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлиб ўгирилдилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, укам мен паноҳимга олганим фалончи ибн Ҳубайрни ўлдираман, дейди”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Эй Умму Ҳониъ сен кимни паноҳингга олган бўлсанг, биз ҳам ўшани паноҳимизга олдик”, - дедилар. Шу гапни айтганларида чошгоҳ эди” (яна қ. 280).
358 - Ҳадис
358-ҳадис Абу Ҳурайра айтдилар: “Бир киши Расулуллоҳ (сав)дан бир кийимда намоз ўқиш тўғрисида сўради.”Ҳаммангизнинг ҳам иккитадан кийимингиз борми?” – дедилар Расулуллоҳ (сав)” (яна қ. 365).
359 - Ҳадис
5-боб Агар бир кийимда намоз ўқиса, икки елкасидан ошириб ўраб олсин! 359-ҳадис Абу Ҳурайрадан: “Расулуллоҳ (сав): Бирортангиз бир кийимда, икки елкангиз очиқ ҳолда намоз ўқимангиз! – деганлар”.
360 - Ҳадис
360-ҳадис Икрима (рз.)дан:” Расулуллоҳ (сав): “Кимки бир кийимда намоз ўқиса, икки ёғини ёпиб олсин!” – деганлар” (яна қ. 359).
361 - Ҳадис
6-боб Агар кийимлик энсиз бўлса нима қилинади? 361-ҳадис Саид Ибн Ҳорис бундай дейдилар: “Жобир ибн Абдуллоҳдан бир кийимликка ўралиб намоз ўқиш тўғрисида сўрадим. У киши қуйидагича жавоб қилдилар: “Расулуллоҳ (сав): билан бирга бир сафарга чиқдим. Кечаси бир масала хусусида Расулуллоҳ (сав)нинг олдиларига бордим, намоз ўқиётган эканлар. Мен танамни мато билан ўраб олгандим холос. Ёнларида туриб намоз ўқидим. Расулуллоҳ (сав) намозни тугатиб: “Келишингни боиси нима, эй Жобир?” – дедилар. Ҳожатимни айтдим. Расулуллоҳ (сав) менга қараб: “Бу қандай ўраш?” – дедилар. “Илгари кенг кийим эди”, - дедим. Расулуллоҳ (сав) “Агар мато кенг бўлса, яхшилаб ўраб олгин, агар тор бўлса, (бирор нарса билан) уни қадаб олгин!” – дедилар” (яна қ. 352).
362 - Ҳадис
362-ҳадис Саҳл ибн Саид (рз.) ривоят қиладилар: “Одамлар кийимларини ёш болалар сингари қадаб олиб, Расулуллоҳ (сав) билан бирга намоз ўқир эдилар. Расулуллоҳ (сав) (эркаклар ортида) намоз ўқиётган хотинларга: “Эркаклар тўлиқ ўтириб олгунларича бошингизни кўтарманг!” – деб айтдилар”.
363 - Ҳадис
7-боб Шомий (мажусий тўқиган) тўнда намоз ўқимоқ Ҳасан Басрий: “Мажусий тўқиган кийимда намоз ўқишнинг зарари йўқ” – дейдилар. Маъмар эса: “Гўшти ейиладиган ҳайвон сийдиги билан бўялган яманий кийимни Аз-Зуҳрий кийганини ва Ҳазрат Алининг узун кийимда намоз ўқиганларини кўрганман”, - дедилар. 363-ҳадис Муғира ибн Шуъба бундай дейдилар: “Сафарда Расулуллоҳ билан бирга эдим. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Эй Муғира, обдастани олгин!” – дедилар. Мен обдастани олдим. Расулуллоҳ (сав) ташқарига чиқиб кетдилар, ҳатто узоқлашиб, кўзимдан ғойиб бўлдилар, қазои ҳожат қилдилар. Устиларида шомий чопонлари бор эди. Расулуллоҳ (сав) (таҳорат олмоқ учун) қўлларини чопонларининг енгидан чиқараман дедилар, торлик қилди, шунда қўлларини енг ичидан тортиб чиқардилар. Сув қуйиб бериб турдим, у киши намозга мўлжаллаб таҳорат олдилар ва маҳсиларига масҳ тортдилар. Кейин намоз ўқидилар” (яна қ. 182).
364 - Ҳадис
8-боб Намоз вақтида (ва муқаддас жойларда) ялонғоч бўлишнинг макруҳлиги 364-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ ушбу ҳадисни айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав) Қурайш аҳли билан бирга Каъбани таъмирлаш вақтида тош ташиётган эдилар. Устиларида изорлари бор эди. Шунда амакилари Аббос: “Эй жиян, изоринг ечиб, тошнинг тагидан елкангга қўйиб олсанг-чи”, - деди. Расулуллоҳ (сав) изорларини ечиб елкаларига қўйдилар ҳамки, ҳушларидан кетиб йиқилдилар (ўшанда 25 ёш атрофида эдилар). Шундан бери ҳеч ҳам яланғоч юрмадилар” (яна қ. 1582, 3829).
365 - Ҳадис
9-боб Кўйлак-иштон ёки калта иштон ва чопон кийиб намоз ўқимоқ 365-ҳадис Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Бир киши туриб Расулуллоҳ (сав)дан бир кийимда намоз ўқиш тўғрисида сўради. Расулуллоҳ (сав): “Бирортангизни иккитадан кийимингиз борми ўзи?” – дедилар. Кейин, бир киши туриб бир кийимда намоз ўқиш ҳақида Ҳазрат Умардан сўради. “Аллоҳ енгиллик бергандан кейин, енгиллаштиринг-да! Кийими кўп бўлса, изор ва ридода, изор ва кўйлакда, изор ва чопонда, шим ва ридода, шим ва кўйлакда, шим ва чопонда, калта иштон ва чопонда ўқисин!” – дедилар” (яна қ. 358).
366 - Ҳадис
366-ҳадис Ибн Умар ривоят қиладилар: “Бир киши Расулуллоҳ (сав)дан: “Ҳажга эҳром боғлаган киши нима қилади?” – деб сўради. ”Кўйлак-иштон ҳам, бурнус ҳам киймайди, заъфарон ва сариқ рангли мато ҳам киймайди (ўрамайди). Кимки кавуш сингари тўпиғдан паст оёқ кийим топмаса, маҳсисининг қўнжини тўпиғидан паст қилиб қирқиб ташласин!” – дедилар”. Ушбу ҳадисни Нофеъ (Ибн Умардан эшитиб) сал бошқачароқ ривоят қилиб берган (яна қ. 134).
367 - Ҳадис
10-боб Авратни ёпувчи кийимлар баёни 367-ҳадис Абу Саид ал-Ҳудрийдан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) енги йўқ ва тор кийим киймоқни, тиззани қучоқлаб, олдини очиб ўтирмоқни қаттиқ қораладилар” (яна қ. 1991, 2144, 2147, 5820, 6284).
368 - Ҳадис
368-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) икки хил савдо-сотиқдан қайтардилар: Айтганига бор-барака қилишдан (савдолашмай олишдан); Бўлгани шу, деб нархини туширмай олишдан. Расулуллоҳ (сав) енги йўқ ва тор кийим киймоқдан, тиззани қучоқлаб, авратини очиб ўтирмоқдан қайтарганлар”.
369 - Ҳадис
369-ҳадис “Абу Бакр (рз.) мени ўша ҳаж вақтида “Бу йилдан кейин бирорта ҳам мушрик ҳажга келмасин ва Каъбатуллоҳни ялонғоч тавоф қилмасин!” деб одамларга ҳайит куни Минода жар солиши лозим бўлган кишилар қошига жўнатдилар”, - дебдилар Абу Ҳурайра (рз.) Ҳумайд ибн Абдураҳмонга. “Ўшанда Расулуллоҳ (сав) Алига “Бароат” кечасини одамларга эълон қилишни топшириб, унинг кетидан юборган эдилар”, - дейдилар Ҳумайд. Ҳайит куни Минода биз билан бирга Ҳазрат Али “Бу йилдан кейин бирорта ҳам мушрик ҳажга келмасин ва Каъбани ялонғоч тавоф қилмасин!” – деб эълон қилдилар”, - дейдилар Абу Ҳурайра (яна қ. 1622, 3177, 4363, 4655, 4657).
370 - Ҳадис
11-боб Ридосиз намоз ўқимоқ 370-ҳадис Муҳаммад ибн Мункадирдан: “Жобир ибн Абдуллоҳнинг ҳузурларига кирдик, у киши биргина кийимда (матога) ўраниб олган ҳолда намоз ўқиётган эканлар. Ридолари эса, ерда ётибди. Намозни ўқиб бўлиб ўтирганларидан кейин: “Эй Абу Абдуллоҳ, ридойингизни ерга ташлаб қўйиб, намоз ўқияпсизми?” – дедик. “Ҳа, сизга ўхшаган жоҳилларга бир кўрсатиб қўяй дегандим-да! Мен Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқиётганларини кўрганман”, - дедилар” (яна қ. 352).
371 - Ҳадис
12-боб Соннинг аврат эканлиги ҳақида Ибн Аббос ва бошқалар: “Расулуллоҳ (сав): “Сон авратдир, деганлар”, - дейдилар. Анас: “Расулуллоҳ (сав)нинг (изорларини тиззадан юқори тортиб ўтирганларида) сонлари очилиб қолди”, - дейдилар. Анас айтган ҳадис тўғрироқ, аммо Жарҳад бўлса, уламолар ўртасида ихтилоф чиқмаслиги учун ушбу ҳадисни эҳтиёткорлик билан айтган. Абу Мусо: “Усмон, Расулуллоҳ (сав)нинг тиззаларини ёпдилар”, - дейдилар. Абу Зарр: “Расулуллоҳ (сав)га, у кишининг сонлари менинг сонимни босиб турганда (кўпчиликнинг ичида тиқилишиб ўтирганда), оят нозил бўлди. Шунда у кишининг сонлари шу қадар оғирлашдики, ҳатто оёғим синиб кетади, деб қўрқдим”, - деганлар”. 371-ҳадис Анас (рз.) қуйидаги ҳадисни айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав) ҳижрат қилдилар. Хайбар ташқарисида ғира-ширада бомдод намозини ўқидик. Кейин, Расулуллоҳ (сав) уловларини миндилар, Абу Талҳа ҳам минди, мен эса унга мингашдим. Расулуллоҳ (сав) Хайбар кўчаларида уловда кетиб бораётганларида тиззам у кишининг сонларига тегиб турар эди (кўча тор эди) ). Расулуллоҳ (сав) (улоқни ниқтамоқ учун) изорларини юқори тортдилар. Мен Расулуллоҳ (сав) сонларининг оқлигини кўрдим. Хайбарга кирган вақтларида: “Аллоҳу акбар, Хайбар хароб бўлди. Биз бирор қавм яшаётган жойга келиб тушсак, бу ҳақда хабар етказувчиларнинг ҳолига вой!” деб уч бор айтдилар. Анас: “Қавм ўз ишига чиқди”, - деди. Буни Муҳаммад (ас)га айтишди”. Абдулазиз ровий: “Бизга ушбу ҳадисни айтиб берган баъзи кишилар: “Ўшанда аскар билан борган эдилар, дейишганди”, - дейдилар. Анас айтдилар: “Хайбарни куч билан қўлга киритдик, анчагина асир ҳам олдик. Шунда Диҳя келиб: “Ё Расулуллоҳ, аёл асирлардан бирини менга чўриликка беринг!” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Бориб биттасини олгин!” – дедилар. У Сафийя бинти Ҳуйайни олди. Бир киши Расулуллоҳга “Ё Расулуллоҳ, Диҳяга Бани Назир ва Баний Қурайза қабилаларининг саййидаси Сафийя бинти Ҳуйайни бердингиз, Сафийя фақат сизга муносибдир” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Диҳяни чақиринглар!” – дедилар. Диҳя Сафийя билан бирга келди. Жаноб Расулуллоҳ Сафийга қарагач, Диҳяга: “Асирлардан бошқа бирини олгин!” – дедилар. Кейин, Сафийяни озод қилиб унга уйландилар. Собит: “Мен бунга ишонмайман”, - деди Анасга. Анас дедилар: “Ўзлари уни озод қилдилар, ҳатто йўлда бўлсалар ҳам, унга уйландилар. Умму Сулайм уни Расулуллоҳга тунлардан бирида ҳадя қилдилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (сав) куёв ҳолда тонг оттирдилар. Расулуллоҳ: “Ҳар ким топганини олиб келсин!” – дедилар, кейин ерга чарм палос ёздилар. Одамларнинг бири хурмо, бири ёғ кўтариб кела бошлади. Ровий талқон ҳам олиб келганлар бўлгани ҳақида гапиришган деб ҳисоблайди. Расулуллоҳ (сав)нинг ўшанда тўйлари бўлганди”, - деб эслайдилар (яна қ. 610, 947, 2228, 2991, 3085, 4213, 5085, 6185).
372 - Ҳадис
13-боб Аёл неча кийимда намоз ўқиши лозим Икрима: “Аёл битта кийимга ўралиб намоз ўқиши мумкин (агар бошқаси бўлмаса)”, - дейдилар. 372-ҳадис Ойша онамиз айтдилар: “Расулуллоҳ (сав) бомдод намозини ўқирдилар. У кишига иқтидо қилиб мўмина аёллар ҳам рўмолларига (паранжиларига) ўралган ҳолда намоз ўқишар эди. Кейин уйларига қайтиб кетишар эди, ҳеч ким уларни танимас эди” (яна қ. 578, 867, 872).
373 - Ҳадис
14-боб Агар гулдор кўйлак кийган бўлса-ю, кўйлагини гулларига кўзи тушиб, ҳаёли қочадиган бўлса, ўша кийимда намоз ўқиса жоизми? 373-ҳадис Ойша (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) гулли кийиб намоз ўқидилар. Ногоҳон унинг гулига бир назар ташладилар, намозни ўқиб бўлгач, ўгирилиб: “Бу кийимни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар, ўрнига унинг анбижониясидан (гулсиз матосидан) олиб келинглар, чунки бу кийим ҳали мени намоздан чалғитди”, - дедилар”. “Ойша онамизга Расулуллоҳ (сав): Намоз ўқиётганимда кийимимнинг гулига қараб қолдим. Мени намоздан чалғитади, деб қўрқдим, деган эканлар”, - дейди Ҳишом ибн Урва (яна қ. 7552, 5717).
374 - Ҳадис
15-боб Агар нақш ёки суратлар солинган кийимда намоз ўқиса, намози бузиладими ва бу хусусда нималар ман қилинган 374-ҳадис Анас (рз.) дедилар: “Ойша онамизни гули жун пардалари бўларди. У билан уйларини бир томонини тўсиб қўйгандилар. Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Бу пардангни бизнинг рўпарамиздан олиб ташлагин, чунки ундаги суратлар мен намоз ўқиётганимда доим кўриниб туради (хаёлимни бузади)”, - дедилар” (яна қ. 5959).
375 - Ҳадис
16-боб Ипак чопонда намоз ўқиб, кейин уни ечиб ташлаш тўғрисида 375-ҳадис Уқба ибн Омирдан: “Расулуллоҳ (сав)га ипак чопон ҳадя қилишди. Расулуллоҳ уни кийиб (Аллоҳ таоло ипак кийимни эркакларга ҳаром қилишдан аввал), намоз ўқидилар. Кейин, намоздан турибоқ ҳазар қилгандек шоша-пиша уни ечиб ташладилар. “Бу (ипак кийим) тақводор кишиларга ярамайди”, - дедилар” (яна қ. 5801).
376 - Ҳадис
17-боб Қизил кийимда намоз ўқишнинг ҳукми 376-ҳадис Авн ибн Абу Жуҳайра оталаридан эшитганларини бундай деб ривоят қилган эканлар: “Расулуллоҳ (сав)ни чармдан қилинган қизил чодирда кўрдим. Билол у кишига таҳорат учун сув қуйиб бераётган эди. Одамлар эса Расулуллоҳнинг таҳоратларидан тушаётган сувни талашиб олишар эдилар. Кимга насиб қилса, баданига суртар эди, насиб қилмаган биродарининг қўлида қолган намни ўзига суртиб олар эди. Кейин Билолнинг аназа (темир учли ҳасса)ни олиб, ерга санчиб қўйганини кўрдим. Расулуллоҳ (сав) қизил ҳулла (изор, ридо-лунги ва елкага ташлайдиган мато) кийиб чиқдилар, изорларини бир оз шимариб олгандилар. Расулуллоҳ ҳассаларини пана қилиб одамлар билан икки ракъат намоз ўқидилар. Одамлар ва ҳайвонлар ҳассаларини четлаб ўтаётганларини кўрдим” (яна қ. 187).
377 - Ҳадис
18-боб Том, минбар ва тахта устида намоз ўқимоқ ҳукми Имом Бухорий айтдилар: “Ҳасан Басрий муз ва кўприклар устида, гарчи унинг тагидан ёки устидан ёҳуд олдидан нажосат оқиб турган бўлса-да, намоз ўқишнинг зарари йўқдир, фақат намозхон билан нажосат ўртасида бирор нарса тўсиб турган бўлса бас”, - дейдилар. Абу Ҳурайра масжиднинг томида имом бўлиб намоз ўқидилар. Ибн Умар қор устида намоз ўқидилар. 377-ҳадис Абу Ҳозим айтганлар: “Одамлар Саҳл ибн Саъддан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг минбарлари нимадан қилинган?” – дебсўрадилар. Саҳл: “Одамлар орасида буни мендан яхшироқ биладиган одам қолмади. У ”юлғун” деган ўрмон дарахтидан қилинган, уни фалончининг озод қилинган қули фалончи ясаган. Расулуллоҳ (сав) (уста) минбарни ясаб олиб келиб қўйгач, унга чиқдилар-да, қиблага қараб: “Аллоҳу акбар”, - дедилар, одамлар у кишига иқтидо қилдилар. Жаноб Расулуллоҳ қироат қилдилар ва рукуъ қилдилар. Одамлар ҳам кетларидан рукуъ қилдилар. Кейин, Расулуллоҳ бошларини (қадларини) кўтардилар, минбардан тисарилиб тушиб, ерда сажда қилдилар. Кейин, яна минбарга қайтиб чиқдилар-да, қироат қилдилар, сўнг рукуъ қилдилар. Кейин бошларини (қадларини) кўтардилар, минбардан тисарилиб тушиб, яна ерда сажда қилдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг қилган ишлари мана шу”. Имом Бухорийга Али ибн Абдуллоҳ: “Аҳмад ибн Ҳанбал (рз.) мендан шу ҳадис тўғрисида сўради”, - деб айтибди. Аҳмад ибн Ҳанбал: “Жаноб Расулуллоҳ (сав): одамлардан баландда турганлар ва шу ҳадисга кўра, имом одамлардан баландда турса, зарари йўқ, демоқчиман”, - дебди. Али ибн Абдуллоҳ: “Суфён Уяйнадан шу ҳадис тўғрисида кўп сўрашар эди, сиз ҳеч эшитмаганмисиз?” – дебдилар Аҳмад ибн Ҳанбалга. Аҳмад: “Йўқ”, - деб жавоб берибдилар (яна қ. 448, 917, 2094, 2569).
378 - Ҳадис
378-ҳадис Анас ибн Молик айтганлар: “Расулуллоҳ (сав) (ҳижратнинг 5-йили, зулҳижжа ойи) отдан йиқилиб, ўшанда болдирлари ёки кураклари шилиниб кетганди. Бир ой хотинлари олдига кирмасликка аҳд қилгандилар. Ёғоч устунли ҳужраларида ўтирганларида саҳобалар у кишини кўргани келдилар. Расулуллоҳ ўтирган ҳолларида имоматга ўтдилар, саҳобалар эса тик турган ҳолларида намоз ўқидилар. Расулуллоҳ салом бергач: “Имомга иқтидо қилмоқ лозим. Шунинг учун имом “Аллоҳу акбар” деганда сиз ҳам такбир айтингиз, рукуъ қилса, сиз ҳам рукуъ қилингиз, сажда қилса, сиз ҳам сажда қилингиз. Агар тик туриб намоз ўқиса, тик туриб ўқингиз!” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ (сав) 29 кун деганда оилалари олдига чиқдилар. Шунда улар: “Сиз бир ойга аҳд қилган эдингиз-ку?” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Бу ой 29 кун (дан иборат)”, - дедилар” (яна қ. 689, 732, 805, 1114, 1911).
379 - Ҳадис
19-боб Намозхон сажда қилган вақтида хотинига тегиб кетса, намози бузиладими? 379-ҳадис Маймуна онамиз айтдилар: “Расулуллоҳ (сав) намоз ўқир эдилар, мен эса ҳайз ҳолимда у кишининг рўпараларида ўтирган эдим, сажда қилганларида баъзан кийимлари менга тегиб кетар эди. Расулуллоҳ (сав) хумра (хурмо шохи ва баргидан тўқилган жойнамоз) устида намоз ўқир эдилар” (яна қ. 333).
380 - Ҳадис
20-боб Бўйра устида намоз ўқишнинг ҳукми Жобир ва Абу Саид кемада тик туриб намоз ўқиганлар. Ҳасан Басрий: “Кемада кетаётганингда шерикларингга малол келмаса, тикка туриб намоз ўқийверасан ва кема билан бирга айланаверасан (қибла қаёқда, деб ўтирмайсан). Агар шерикларингга малол келса, ўтириб ўқийсан”, - деганлар. 380-ҳадис Анас ибн Молик айтиб берганлар: “Бувим Мулайка таом тайёрлаб Расулуллоҳни чақирдилар. Жаноб Расулуллоҳ таомдан едилар, сўнг: “Туринглар, намоз ўқиймиз, мен имомлик қиламан”, - дедилар. Мен туриб, эскилигидан қорайиб кетган буйрага сув сепдим (тозалаш учун). Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ (сав) буйра устига чиқдилар. Мен билан бир етим бола орқаларида турдик. Бувим эса бизнинг орқамизда турдилар. Расулуллоҳ (сав) икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг намозни тугатиб турдилар” (яна қ. 727, 860, 871, 874, 1164)
381 - Ҳадис
21-боб Хумра устида намоз ўқимоқ 381-ҳадис Маймуна онамиз:” Расулуллоҳ (сав) хумрада намоз ўқир эдилар”, - деб айтганлар (яна қ. 333).
382 - Ҳадис
22-боб Ўрин-тўшак устида намоз ўқишнинг ҳукми Анас (рз.) ўрин-тўшак устида намоз ўқийдилар. Анас: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга намоз ўқир эдик. Шунда баъзи биримиз кийимимиз устида намоз ўқир эдик”, - дейдилар. 382-ҳадис Ойша онамиз айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав)нинг рўпараларида ётар эдим, оёқларим эса у кишининг қибла томонларига узатиқ эди, сажда қилган вақтларида туртар эдилар, мен оёқларимни йиғиштириб олар эдим. Қоматларини ростлаганларида яна узатар эдим. Ўша вақтларда уйлар чироқсиз бўлар эди”.
383 - Ҳадис
383-ҳадис Урва (рз.) айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав) аёлларининг кўрпасида намоз ўқир эдилар. Ойша онамиз эса Расулуллоҳ билан қибла ўртасида жанозада тобут қўйилгандек узаниб ётар эдилар” * (яна қ. 384). (* Бу ҳолат кейинчалик тақиқланган).
384 - Ҳадис
384-ҳадис Аррок (рз.) менга Урва бундай деганди, дейдилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) намоз ўқир эдилар. Ойша онамиз эса (иккалалари ётадиган) кўрпа устида Расулуллоҳ билан қибла ўртасида кўндаланг бўлиб ётар эдилар” (яна қ. 382).
385 - Ҳадис
23-боб Жазирама иссиқда кийим устида сажда қилмоқ Ҳасан Басрий айтиб берганлар: “Саҳобалар саждага бош қўядиган жойнинг ниҳоятда иссиқлигидан қўлларини кийимлари енгидан чиқармай, салла ва қалансуваларини олдиларига қўйиб, устига сажда қилар эдилар”. 385-ҳадис Анас ибн Молик айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга намоз ўқир эдик. Шунда баъзи биримиз саждагоҳнинг қаттиқ иссиқлигидан кийимизнинг бир четига (этаги ёки енгини тортиб қўйиб) саждага бош қўяр эдик” (яна қ. 542, 1208).
386 - Ҳадис
24-боб Пойабзалда намоз ўқиш ҳукми 386-ҳадис Саид ибн Язид айтиб берганлар: “Анас ибн Моликдан Жаноб Расулуллоҳ (сав) пойабзал кийиб намоз ўқирмидилар?” – деб сўрадим. У “Ҳа”, - деди * (яна қ. 5850). (* Пойабзалнинг таги қуруқ бўлса, унда намоз ўқиш мумкин, аммо таги ҳўл бўлса, нажосат текканлиги эҳтимоли бор, уни ювиш лозимдир”, - дейдилар Имом Абу Ҳанифа.)
387 - Ҳадис
25-боб Маҳсида намоз ўқимоқ 387-ҳадис Ҳамом ибн Ҳарс айтиб берганлар: “Жарир ибн Абдуллоҳни кўрдим, у киши пешоб қилдилар, кейин таҳорат олдилар, маҳсиларига масҳ тортиб, сўнг туриб намоз ўқидилар. Масҳ тортиш тўғрисида у кишидан сўралганда: Жаноб Расулуллоҳнинг шундай қилганларини кўрдим”, - дедилар. Иброҳим (рз.): “Жарир ибн Абдуллоҳнинг бу гапи қавмга жуда маъқул келди, чунки у энг кейинги саҳобалардан эди”, - дейдилар”.
388 - Ҳадис
388-ҳадис Муғира ибн Шуъба айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав)га таҳорат учун сув бердим (у киши таҳорат олдилар). Маҳсиларига масҳ тортиб, кейин намоз ўқидилар” (яна қ. 182).
389 - Ҳадис
26-боб Намозхон қиёмига етказиб сажда қилмаса (намози қабул бўлмайди) 389-ҳадис Абу Воил (рз.) айтиб берганлар: “Ҳузайфа бир кишининг рукуъ ва саждани қиёмига етказмай намоз ўқиганини кўриб, у намозини тугатгач: “Намоз ўқимадинг”, - деди. Кейин, назаримда, бояги одамга: “Ўлсанг Муҳаммад (сав)нинг суннатларини бажармай ўлган бўласан”, - деди ҳам шекилли” (яна қ. 791, 808).
390 - Ҳадис
27-боб Икки билакни ерга теккизмай (билаклар енгидан чиқиб кўринадиган даражада) ўзидан нарироққа сажда қилмоқ 390-ҳадис Абдуллоҳ ибн Молик: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) намоз ўқисалар саждада қўлни ўзларидан узоқроққа ташлар эдилар, ҳатто қўлтиқларининг оппоқлиги кўринар эди”, - дейдилар. Лайс ибн Саъд эса: “Жаъфар ибн Рабиъа ҳам шу ҳадисга ўхшаш ҳадисни ривоят қилиб берган эди”, - дебдилар (яна қ. 807, 3564).
391 - Ҳадис
28-боб (Жойнамозда) оёқ панжаларини учини қиблага тўғрилашнинг афзаллиги 391-ҳадис Анас ибн Молик айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки бизнинг намозни ўқиса, бизнинг қибламизни қибла қилса, биз сўйган қурбонлик гўштидан еса, у Аллоҳ ва унинг Расули ҳимоясидаги мусулмондир. Аллоҳнинг ҳимоясига кўрнамаклик қилманглар!” – деганлар” (яна қ. 392, 393).
392 - Ҳадис
392-ҳадис Анас ибн Молик: “Расулуллоҳ (сав) мана бундай деб айтганлар”, - дейдилар: “Одамлар “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейдиган бўлгунларича жанг қилмоққа буюрилдим. Агар улар калимаи таййибани айтса, бизнинг намозни ўқиса, қибламизни қибла билса ва сўйгандек (жонлиқни) сўйса, уларни қонини тўкмоқ ва молини олмоқ бизга ҳаромдир. Аммо бизни алдаб тилидагина мусулмон бўлса, Аллоҳнинг ўзи у билан ҳисоблашади” (яна қ. 391).
393 - Ҳадис
393-ҳадис Анас ибн Моликдан Маймун ибн Сиёҳ: “Эй Абу Ҳамза, (мўмин бандаларга) қандай банданинг молини таламоқ ва қонини тўкмоқ ҳаромдир?” – сўрадилар. Анас: “Кимки ла илаҳа иллаллоҳ деса, қибламизни қибла билса, намозимизни ўқиса ва биз сўйган мол-ҳол гўштини еса, у мусулмондир. Мусулмонга нима ҳуқуқ берилса, унга ҳам ўша ҳуқуқ берилади ва мусулмонга қандай вазифа юкланса, унга ҳам ўша вазифа юкланади”, - дедилар (яна қ. 391).
394 - Ҳадис
29-боб Мадина, Шом ва Машриқ аҳлининг қибласи; қибла на машриқда ва на мағрибда 394-ҳадис Абу Айюб: “Расулуллоҳ (сав): “Қазои ҳожатга борсангиз, қиблага юзланиб ёки қиблага орқа қилиб ўтирманглар, балки машриққа ёки мағрибга қараб ўтиринглар! – деб айтганлар”, - дейдилар. Абу Айюб яна бундай дейдилар: “Шомга келдик, таҳоратхона қиблага қаратиб қурилган экан. Сал бурилиб ўтирдикда , Аллоҳга истиғфор айтдик”.
395 - Ҳадис
30-боб Аллоҳ таоло: “Иброҳим мақоми”ни намозгоҳ қилиб олингиз!” (“Бақара” сураси, 125-оят) – дейди 395-ҳадис Амр ибн Динор айтганлар: “Ибн Умардан киши Байтуллоҳни тавоф қилса-ю, Сафо ва Марва оралиғида югурмаса, хотинини жимоъ қилмоғи жоизми?” – деб сўрадик. Ибн Умар: “Расулуллоҳ (сав) келиб етти марта Каъбани тавоф қилдилар. Иброҳим мақоми орқасида икки ракъат намоз ўқидилар, Сафо ва Марва оралиғида югурдилар. Бу борада сиз Расулуллоҳ (сав)дан яхши ибрат олмоғингиз керак”, - дедилар (яна қ. 1623, 1627, 1793).
396 - Ҳадис
396-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳдан (шу ҳақда) сўрасак: “Сафо ва Марва ўртасини тавоф қилмагунча, хотинга яқинлашилмайди”, - дедилар” (яна қ. 1624, 1794).
397 - Ҳадис
397-ҳадис Сайф (рз.) қуйидаги ҳадисни Мужоҳиддан эшитдим дедилар: “Ибн Умар ҳузурларига келиб, “Ана, Расулуллоҳ (сав) Каъбага кириб кетдилар”, - дейишди. Мен борсам, Расулуллоҳ (сав) Каъбадан чиққан эканлар, Билол эса Каъба эшиклари оралиғида турган экан. Билолдан: “Расулуллоҳ (сав) Каъба ичида намоз ўқидиларми?” – деб сўрадим. Билол: “Ҳа, кираверишдаги икки устуннинг ўнг томонида икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг туриб Каъбага қараб яна икки ракъат намоз ўқидилар”, * деди (яна қ. 468, 504, 506).
398 - Ҳадис
398-ҳадис Ибн Аббос айтадилар: “Пайғамбар (ас) Каъбага кириб, барча томонида туриб дуо қилдилар. Сўнг чиқиб, Каъба олдида икки ракъат намоз ўқиб, қибла - шу томон, дедилар”.
399 - Ҳадис
31-боб Қаерда бўлса ҳам қиблага қараб намоз ўқимоқ керак Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Қаерда бўлсанг ҳам, қиблага қараб такбир айтгин!” – деганлар”, - дейдилар. 399-ҳадис Ал-Баро ибн Озиб айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) Байтул-Мақдисга қараб 16 ёки 17 ой намоз ўқиган эдилар. Аслида Расулуллоҳ (сав) Каъбага қараб намоз ўқишни яхши кўрар эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўряпмиз” (“Бақара” сураси, 144-оят) деган оятини нозил қилди ва: “Одамларнинг нодонлари: “Улар (мусулмонлар) илгари юзланган қиблаларидан воз кечишларига боис нима экан?” дейишади. Айтинг: “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга бошлайди” (“Бақара” сураси, 142-оят) – деди Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир киши намоз ўқиди, кейин у аср намозини Байтул-Мақдисга қараб ўқиётган бир ансорий қавм олдига бориб Расулуллоҳ (сав) билан бирга Каъбага қараб намоз ўқиганини айтди. Шунда қавмнинг барчаси Каъбага ўгирилди”.
400 - Ҳадис
400-ҳадис Жобир (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) туя миниб кетаётганларида, у қаёққа қараб кетаётган бўлса, ўша томонга қараб намоз ўқийверардилар. Лекин намоз фарзини ўқимоқчи бўлсалар, туядан тушиб, қиблага қараб ўқирдилар” (яна қ. 1094, 1099, 4140). ***** "Саловот ва истиғфор" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.salovotvi
«
←
4
5
6
7
8
9
10
11
12
→
»