Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
3151 - Ҳадис
3151-ҳадис Асмо (рз.) ривоят қиладилар: “Мен донларни бошимга қўйиб Расулуллоҳ (сав) эрим Зубайрга улуш қилиб берган ердан кўтариб борар эдим. У ер менинг уйимдан учдан икки фарсах нарида эди”. Урва ибн Зубайр: “Расулуллоҳ (сав) Зубайрга Бани Назирнинг ўлжа олинган бойликларидан (ҳисобланмиш) ердан улуш ажратиб берган эдилар”, - дейдилар.
3152 - Ҳадис
3152-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Умар ибн ал-Хаттоб яҳудий ва насороларни Ҳижоз ерларидан бадарға қиладилар. Чунки, Жаноб Расулуллоҳ Хайбар аҳли устидан ғалаба қилганларида яҳудийларни у ердан бадарға қилишни ирода қилган эдилар. Жаноб Расулуллоҳ Хайбар устидан зафар қозонган дастлабки вақтларда унинг ерлари яҳудийларники, Расулуллоҳники ва мусулмонларники эди. Яъни, Хайбарнинг бир қисми жанг билан фатҳ қилинган бўлиб, жанг билан фатҳ қилинган қисми Расулуллоҳ билан мусулмонларники, тинчлик билан фатҳ қилинган қисми эса яҳудийларники эди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ яҳудийларни, Исломга киравермагач, Хайбардан бадарға қилмоқчи бўлдилар. Шунда яҳудийлар йиллик ҳосилнинг ярмини бериш шарти билан ўзларига тегишли ерларда қолдирилишларини Жаноб Расулуллоҳдан илтимос қилишди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Биз сизларни шу шарт билан ўзимиз ирода қилган вақтига қадар қолдирамиз” – дедилар. Сўнг, яҳудийлар, токи Ҳазрат Умар амирлик (яъни халифалик чоғларида) уларни Таймо ва Ариҳога бадарға қилгунларига қадар Хайбарда яшаб қолишди”.
3153 - Ҳадис
19-боб Уруш бўлаётган ерларда қўлга киритилган егуликлар ҳақида 3153-ҳадис Абдуллоҳ ибн Муғаффал (рз.) ривоят қиладилар: “Биз Хайбар қўрғонини қамал қилиб турган эдик, бир одам бир халта (думба) ёғ ташлади. Мен уни оламан, деб ирғиб ўрнимдан турган эдим, қарасам ёнгинамда Расулуллоҳ (сав) турибдилар, мен бу феълимдан уялиб кетдим”.
3154 - Ҳадис
3154-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Биз ғазотларимизда асал ва узумларни ўлжа қилиб олиб, тановул қилар эдик, уларни кўтариб кетмас эдик”.
3155 - Ҳадис
3155-ҳадис Ибн Абу Авфо (рз.) ривоят қиладилар: “Хайбар қамал қилинаётган кеча-кунларда бизни қаттиқ очлик қийнаб юборди. Хайбар фатҳ қилинган куни биз бир неча хонаки эшакларни тутиб, сўйдик. Қозонлар қайнаб турганда Расулуллоҳ (сав)нинг жарчилари: “Қозонларни ағдариб ташланглар, эшак гўштини асло еманглар!” – деб жар солди. Ровий Абдуллоҳ айтади: “Шунда биз: “Жаноб Расулуллоҳ ўлжалардан хумс олмагани учун эшак гўштини ейишдан қайтарганлар” – дедик. Бошқалар: “Уни қатъиян ман қилдилар” – дейишди. Кейин, мен Саид ибн Жубайрдан шу ҳақда сўраган эдим, у: “Хумс олинмагани учун эмас, балки қатъиян ман қилдилар” – деб айтди”.
3156 - Ҳадис
3156-3157-ҳадислар Бажола (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Жазъ ибн Муовиянинг котиби эдим. Ўша пайтда Ҳазрат Умар (рз.) вафотларидан бир йил бурун у зот тарафидан “Мажусийдан маҳрами борларни улардан ажратиб қўйинглар!” – деган мактуб келди. Ҳазрат Умар токи Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ (сав)нинг Ҳажар мажусийларидан жизя олганлари хусусида далил келтирмагунларига қадар мажусийлардан жизя олмаган эдилар”. (* Чунки, у киши мажусийларни китоб аҳли эмас, деб ҳисоблаб: “Жизя фақат китоб аҳлидан олиниши керак” – дер эдилар. Абдураҳмон ибн Авф: “Мен Жаноб Расулуллоҳнинг “Мажусийларга китоб аҳлига нисбатан қўлланадиган қонунни жорий қилинглар!” деганларини эшитганман” – деб далил келтирганларидан сўнггина улардан жизя оладиган бўлдилар. Ҳазрат Умарнинг “Мажусийларни мусулмонларнинг никоҳ тўйларига қўйманглар!” деб амр қилганларини боиси – уларнинг китоб аҳлидан эмасликлари ҳамда улар хусусида қуйидаги ривоятнинг мавжудлиги бўлса, эҳтимол: “Қадим замонларда мажусийлар ҳам китоб аҳли бўлганлар. Аммо, бир куни уларнинг ҳукмдори шароб ичиб, мастлик чоғида синглисини жимоъ қилиб қўйган. Эртасига кайфи тарқагач, тамаъ аҳлини ўз ҳузурига чорлаб, уларга кўплаб туҳфалар инъом қилганда, сўнг: “Одам Ато ҳам ўз ўғилларини ўз қизларига уйлантирганлар”, - деб айтган. Шунда туҳфалар билан кўзу оғзи боғланган тамаъ аҳли унга таъзим қилиб, лом-мим демаган, баъзи қарши чиққанларни эса қатл қилган. Кейин, уларнинг китоблари ҳам, китоблардан қалбларига жо бўлиб қолган барча нарсалар ҳам мавҳ қилиниб, бутунлай унуттирилган).
3157 - Ҳадис
3156-3157-ҳадислар Бажола (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Жазъ ибн Муовиянинг котиби эдим. Ўша пайтда Ҳазрат Умар (рз.) вафотларидан бир йил бурун у зот тарафидан “Мажусийдан маҳрами борларни улардан ажратиб қўйинглар!” – деган мактуб келди. Ҳазрат Умар токи Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ (сав)нинг Ҳажар мажусийларидан жизя олганлари хусусида далил келтирмагунларига қадар мажусийлардан жизя олмаган эдилар”. (* Чунки, у киши мажусийларни китоб аҳли эмас, деб ҳисоблаб: “Жизя фақат китоб аҳлидан олиниши керак” – дер эдилар. Абдураҳмон ибн Авф: “Мен Жаноб Расулуллоҳнинг “Мажусийларга китоб аҳлига нисбатан қўлланадиган қонунни жорий қилинглар!” деганларини эшитганман” – деб далил келтирганларидан сўнггина улардан жизя оладиган бўлдилар. Ҳазрат Умарнинг “Мажусийларни мусулмонларнинг никоҳ тўйларига қўйманглар!” деб амр қилганларини боиси – уларнинг китоб аҳлидан эмасликлари ҳамда улар хусусида қуйидаги ривоятнинг мавжудлиги бўлса, эҳтимол: “Қадим замонларда мажусийлар ҳам китоб аҳли бўлганлар. Аммо, бир куни уларнинг ҳукмдори шароб ичиб, мастлик чоғида синглисини жимоъ қилиб қўйган. Эртасига кайфи тарқагач, тамаъ аҳлини ўз ҳузурига чорлаб, уларга кўплаб туҳфалар инъом қилганда, сўнг: “Одам Ато ҳам ўз ўғилларини ўз қизларига уйлантирганлар”, - деб айтган. Шунда туҳфалар билан кўзу оғзи боғланган тамаъ аҳли унга таъзим қилиб, лом-мим демаган, баъзи қарши чиққанларни эса қатл қилган. Кейин, уларнинг китоблари ҳам, китоблардан қалбларига жо бўлиб қолган барча нарсалар ҳам мавҳ қилиниб, бутунлай унуттирилган).
3158 - Ҳадис
3158-ҳадис Амр ибн Авф ал-Ансорий (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Абу Убайда ибн ал-Жарроҳни Баҳрайн аҳлидан жизя ундириб келиш учун жўнатдилар, (чунки уларнинг кўпчилиги мажусийлар эди) Бир вақтлар Жаноб Расулуллоҳнинг ўзлари Баҳрайн мажусийлари билан сулҳ тузиб, уларга Ало ибн ал-Хазрамийни амир этиб тайинлаган эдилар. Абу Убайда Баҳрайндан (жизя ундирилган) молларни келтирдилар. Ансорлар у кишининг келишганини эшитиб, Жаноб Расулуллоҳ билан бирга бомдод ўқиш учун у зотнинг масжидларига тўпланишди, аслида эса улар фавқулодда ҳолат юз бермаган вақтларда кўпинча ўз масжидларида намоз ўқишар эди. Шу боисдан у зот уларнинг нима мақсадда бу ерга келиб намоз ўқишаётганини фаҳмладилар. Жаноб Расулуллоҳ уларга бомдодни ўқиб бергач, уйларига кетаётган эдилар, ансорлар йўлларига чиқдилар. Жаноб Расулуллоҳ буни кўриб табассум қилдилар-да: “Абу Убайда бирор нарса олиб келганини эшитганмисизлар дейман?!” – дедилар. Улар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Хурсанд бўлинглар! Аллоҳга қасамки, мен бошингизга фақирлик балоси тушишидан асло қўрқмайман! Аммо, мен сиз ҳақингизда дунё сиздан аввалгиларга ўз эшикларини очгандек, сизларга ҳам очиши, улар дунё учун ким ўзар мусобақаси ўйнаганидек, сизлар ҳам ким ўзар мусобақаси ўйнашингиз ва натижада бу туфайли дунё йиғиш мусобақаси уларни ҳалок қилганидек сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман!” – дедилар”.
3159 - Ҳадис
3159-ҳадис Жубайр ибн Ҳайя (рз.) ривоят қиладилар: “Ҳазрат Умар (рз.) одамларни мушриклар билан жанг қилиш учун Эроннинг бир қанча катта шаҳарларига жўнатдилар. Икки ўртада қаттиқ жанг бўлиб, Мадоин шаҳри фатҳ этилди, Ҳурмузон таслим бўлди. Кейин, мусулмонлар қўшинининг қўмондони Абу Мусо ал-Ашъарий уни Ҳазрат Умарнинг ҳузурларига жўнатдилар. Ҳазрат Умар унга: “Мен ўзимнинг бу ғазотларим хусусида сендан маслаҳат сўрайдиган бўлсам, маслаҳат берасанми?” – дедилар. Шунда Ҳурмузон: “Ҳа, сизга бундай деб маслаҳат бераман: “Фараз қилингки, Ер юзидаги одамлардан мусулмонларга душман бўлганлари бир қуш кабидир. Қушнинг эса боши, икки қаноти ва икки оёғи бор. Агар унинг қанотларидан бири синса, икки оёғи, омон қолган қаноти ва боши билан кун кўраверади, башарти иккинчи қаноти синганда ҳам, икки оёғи ҳам, икки қаноти ҳам, бошининг ўзи ҳам мутлақо ҳаракатдан қолади. Бош – Кисро, қанотлардан бири – Қайсар, иккинчиси форслардир. Мусулмонларга буюринг, тезликда Кисрога борсинлар, у бош бўлиб, бош қирқилгач эса бутун тана ҳалок бўлади!” – деди. Чунки, Кисро Рум давлати танасига бош каби бўлмаса-да, ўша вақтда энг қудратли подшоҳ эди. Сўнг, Умар (рз.) Нуъмон ибн Муқаррин бошчилигида форслар томон жўнатдилар. Бизлар душман ерига кириб борганимизда Кисро амирларидан бири қирқ минг кишилик қўшин билан уларнинг йўлларини тўсиб чиқди. Икки қўшин қарама-қарши саф тортганда форсларнинг таржимони мусулмонларга: “Сизлардан бир киши менга сўзласин!” – деди. Шунда Муғира ибн Шуъба: “Нима ҳақда истасанг, сўрайвер?” – дедилар. Таржимон менсимаган оҳангда: “Кимсизлар?” – деди. Муғира: “Биз бир араб жамоаси бўлиб, гардишнинг жамики бахтсизлиги, дарду балолари бошимиздан сира аримас эди. Азбарои очлигимиздан тери-ю уруғларни шимиб кун кўрар, ғоятда ночорлигимиздан пўстак кийиб юрар ва дарахту тошларга ибодат қилар эдик. Биз ана шу аҳволда эканлигимизда осмонлару ерлар Парвардигори бўлмиш зикри олий, азамати зоҳир бўлган Аллоҳ бизнинг ҳузуримизга ўзимиздан бўлган ва биз ота-онасини яхши танийдиган пайғамбар юборди. Кейин, ўша Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (сав) токи ёлғиз Аллоҳ таологагина ибодат қилмагунингизча ёхуд жизя тўламагунингизгача сизларга қарши жанг қилишимизни бизга амр қилдилар. Шунингдек, Пайғамбаримиз (сав) Парвардигоримизнинг бизлардан кимки жиҳодда ўлдирилиши, ўша ондаёқ жаннатда бўлиши ва кимки биздан омон қолса, сизларга бўйинларингизга эга (яъни, сизларни асир олиб, мол-мулкингизга эга бўлиб қайтиши ҳақидаги топшириғини бизга хабар қилдилар)” – дедилар. Шунда таржимон: “Сизлар, ҳақиқатдан ҳам очликдан қийналиб келган бир араб жамоасизлар. Истасангизлар, буюрайлик, сизларга егуликлар келтиришсин, қорнингизни тўйғазиб, ортингизга қайтинглар!” – деди. Муғира улар билан музокара олиб боришдан фойда йўқлигини билгач, амир Нуъмонни дарҳол жанг бошлашга ундадилар. Аммо, шу вақт куннинг биринчи ярми бўлиб, ҳаво иссиқ эди ҳамда душманнинг режалари ҳали маълум эмас эди. Шу боисдан Нуъмон жангни кечиктиришга қарор қилиб, Муғирага: “Эҳтимол, Аллоҳ таоло сизни Жаноб Расулуллоҳ билан бирга шу сингари қудратли қўшинга ёхуд воқеага рўбарў қилган бўлса, у зот дарҳол жанг бошламай, аввал душманнинг режалари маълум бўлишини ҳамда шамоллар эсиб, салқин тушишини кутгандирлар, кейин сизни бу қилган ишлари туфайли афсусу надомат чектириб, шармисор қилиб қўймаган бўлса керак?! Лекин, мен Жаноб Расулуллоҳ билан кўп жангларда бирга бўлганман. У зот, агар куннинг биринчи ярмида жанг қилмаган бўлсалар шамолар эсиб, қуёш заволдан оққандан кейинги намозлар вақти келишини кутар эдилар” – дедилар” (яна қ. 7530).
3160 - Ҳадис
2-боб Агар имом бирор қишлоқ раиси билан сулҳ тузса, бу сулҳ ўша қишлоқнинг қолган аҳолиси учун ҳам сулҳ бўладими? Унинг фуқаролари ҳам бу сулҳга дахлдор бўладими? 3160-3161-ҳадис Абу Ҳумайд ас-Соидий (рз.) ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (сав) билан бирга Табукка ғазот қилдик. Шунда Айла шаҳар ҳокими Расулуллоҳ (сав) билан сулҳ тузиб, жизя тўлади, у зотга оқ хачир ҳадя қилди ва чопон кийдирди. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ Айла ҳокимига (унинг ўзи билан фуқаросига омонлик берилгани хусусида) нома ёзиб бердилар”.
3161 - Ҳадис
2-боб Агар имом бирор қишлоқ раиси билан сулҳ тузса, бу сулҳ ўша қишлоқнинг қолган аҳолиси учун ҳам сулҳ бўладими? Унинг фуқаролари ҳам бу сулҳга дахлдор бўладими? 3160-3161-ҳадис Абу Ҳумайд ас-Соидий (рз.) ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (сав) билан бирга Табукка ғазот қилдик. Шунда Айла шаҳар ҳокими Расулуллоҳ (сав) билан сулҳ тузиб, жизя тўлади, у зотга оқ хачир ҳадя қилди ва чопон кийдирди. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ Айла ҳокимига (унинг ўзи билан фуқаросига омонлик берилгани хусусида) нома ёзиб бердилар”.
3162 - Ҳадис
3-боб Жаноб Расулуллоҳ жизя тўлаб туриш шарти билан жону молларини омон сақлашни ўз зиммаларига олган ғайридин аҳоли хусусидаги васиятлари Боб ва ҳадис орасида қуйидагилар тушиб қолган “Зимма”дан мурод аҳддир, “Илл”дан мурод қариндошликдир. 3162-ҳадис Жувайрия ибн Қумода ат-Тамимий (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Умар ибн ал-Хаттоб (рз.)нинг (вафотлари олдидан) бундай деб васият қилганларини эшитдим: “Мен сизларга Аллоҳ таолонинг зиммасини, яъни Аллоҳ таоло, агар жизя тўлаб турсалар, жону моларини омон сақлашни ўз Расули (сав)нинг зиммаларига юкланган ғайридин аҳоли билан ўзларингиз ўртангиздаги аҳдга вафо қилишларингизни васият қиламан. Чунки, у (аҳднома) пағамбарларингизнинг зиммалари, бола-чақаларингизнинг ризқидир”.
3163 - Ҳадис
4-боб Расулуллоҳ (сав)нинг Баҳрайн ерларидан улуш бўлиб берганлари ва Баҳрайндан келтириладиган мол ва жизядан инъом қилишни ваъда қилганлари ҳақида. Ўлжалар (бу ўлжадан мақсад, файъдир) ва жизя кимларга тақсим қилинади? 3163-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ансорларни ўз ҳузурларига чақириб, уларга Баҳрайн ерларидан улуш васият қилиб ёзиб бермоқчи бўлдилар. Шунда ансорлари “Йўқ”, Худо ҳақи, токи қурайшлик биродарлармизга ҳам (яъни муҳожир биродарларимизга ҳам) худди шу каби ёзиб бермас экансиз, олмаймиз” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Мендан кейин, сизлар истибдодни (яъни ҳукмдорларнинг мол-дунё ортириш билан машғул бўлиб, ўзларингизни хору зор ва муҳтож қилганларини) кўрасизлар. Мени Ҳавзи Кавсар бўйида учратгунингизга қадар сабр қилинглар!” – дедилар”.
3164 - Ҳадис
3164-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) менга: “Агар бизга Баҳрайн моли келса, сенга шунча ва шунча ва шунча инъом қиламан” – дер эдилар. Аммо, ўша мол Жаноб Расулуллоҳ вафот қилганларидан сўнг етиб келди. Шунда Абу Бакр (рз.): “Жаноб Расулуллоҳ кимга Баҳрайн молидан беришни ваъда қилган бўлсалар, менинг ҳузурмизга келсин!” – деб овоза қилдилар. Мен Абу Бакр ас-Сиддиқнинг ҳузурига бориб: “Жаноб Расулуллоҳ менга: “Агар бизга Баҳрайн моли келса, сенга шунча ва шунча ва шунча инъом қиламан” – деб айтган эдилар” – дедим. Абу Бакр ас-Сиддиқ менга: “У молдан бир ҳовуч ол!” – дедилар. Мен бир ҳовуч олдим. Сўнг: “Сана, қанча экан?” – дедилар. Мен санасам беш юзта экан. Кейин, Абу Бакр ас-Сиддиқ менга (яна икки ҳисса қўшиб, жами) бир минг беш юзта бердилар”.
3165 - Ҳадис
3165-ҳадис Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)га Баҳрайндан мол келтиришган эди, у зот: “Буни масжид ҳовлисига тўкиб қўйинглар!” – дедилар. Бу мол Жаноб Расулуллоҳга келган моларнинг ичида энг кўпи эди. Бир вақт, амакилари Аббос қошларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга бу молдан беринг, чунки мен ўзим учун ҳам, Уқайл учун ҳам фидя тўладим” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Майли олинг!” – дедилар. Аббос у молдан этакларини тўлдириб солдилар-да, кўтариб кетмоқчи эдилар, кўтара олмадилар. Шунда у зотга: “Бирор кишига буюринг, менга кўтариб юборсин!” – дедилар. У зот: “Йўқ”, - дедилар. Аббос: “Бўлмаса ўзингиз ёрдам беринг!” – дедилар. У зот яна: “Йўқ”, - дедилар. Шунда Аббос ноилож этакларидаги молдан озгинасини тўкдилар-да, кўтараман деб яна кўтара олмадилар. Жаноб Расулуллоҳга яна: “Бирор кишига буюринг, менга кўтариб юборсин!” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Йўқ”, - дедилар. Аббос ноилож, яна бир оз тўкдилар-да, зўр-базўр кўтариб кетдилар. Жаноб Расулуллоҳ Аббоснинг очкўзликларидан ажабланганча токи кўзимиздан ғоиб бўлгунларича ортларидан қараб қолдилар, ўша молдан Расулуллоҳ (сав) бирор дирҳам қолмагунча ўринларидан турмадилар”.
3166 - Ҳадис
5-боб Айбсиз зиммийнинг ўлдирган кишининг гуноҳи (жазоси) ҳақида 3166-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Ким зиммийни ноҳақ ўлдирса, у жаннат ҳидини ҳидламайди! Унинг ҳиди эса қирқ йиллик масофадан ҳам келиб туради!” – деб марҳамат қилдилар” (яна қ. 6914).
3167 - Ҳадис
6-боб Яҳудийларни Арабистон ярим оролидан бадарға қилиш хусусида Ҳазрат Умар (рз.) бундай деб хабар қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) (Хайбар яҳудийларига): “ Аллоҳ таоло сизлар ҳақингизда нима деб қарор қилган бўлса, биз ҳам шундай деб қарор қиламиз!” – дедилар”. (* Яъни, “Аллоҳ таоло тақдир қилган вақтга қадар сизларни бу ерда қолдирамиз, аммо хоҳлаган вақтимизда сизларни бу ердан чиқариб юборамиз, чунки Аллоҳ таоло сизларни бу ердан аллақачон чиқариб юборгандир!”. 3167-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Бир куни масжидда ўтирган эдик. Набий (сав) ҳузуримизга (ҳужраи саодатдан) чиқиб: “Юринглар, яҳудийлар маҳалласига борамиз!” – дедилар. Биз у зот билан бирга йўлга тўшиб, Байтул Мидрос (яҳудийлар”Тавротдан дарс оладиган бино)га етиб бордик. Расулуллоҳ (сав) яҳудийларнинг тепасига келиб: “Эй яҳудийлар жамоаси, мусулмон бўлинглар, соғ-саломат бўласизлар!” – деб нидо қилдилар. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ: “Билиб қўйинглар, Ер Аллоҳ таоло ва унинг Расулиникидир!” Мен сизларни (бу ердан) бадарға қилмоқчиман, қайси бирингизнинг бирор мол-мулкингиз бўлса, сотиб юборинг, акс ҳолда билиб қўйингларки, Ер Аллоҳ ва унинг Расулиникидир!” – дедилар”. 3167-ҳадис (иккинчи талқини) Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Биз масжидда ўтирган эдик, Расулуллоҳ (сав) уйларидан чиқиб келиб: “Яҳудийлар маҳалласига борамиз!” – дедилар. Биз йўлга тушиб, яҳудийлар тавротхонлик қиладиган Байтул Мидросга етиб бордик. Жаноб Расулуллоҳ яҳудийдийларга: “Мусулмон бўлинглар, жону молларингиз саломат бўлади! Дарҳақиқат, билингларки, Ер Аллоҳ таоло билан унинг Расулиникидир. Мен сизларни бу ердан бадарға қилишни ирода қилдим. Сизлардан қайси бирингизнинг бирор кўчмас моли бўлса, сотсин! Акс ҳолда билиб қўйингларки, Ер Аллоҳ таоло билан унинг Расулиникидир!” – дедилар”. (яна қ. 6944, 7348).
3168 - Ҳадис
3168-ҳадис Саид ибн Жубайр (рз.) ривоят қиладилар: “Ибн Аббос (рз.): “Пайшанба куни ... пайшанба куни ўзи қандай куни ўзи қандай кун бўлдики, бошимизга шунчалар мусибатлар келди?!” – дедилар-да, ҳўнграб йиғлаб юбордилар, ҳатто оёқлари остидаги тошлар ҳўл бўлиб кетди. Мен: “Ё Ибн Аббос, пайшанба куни нима бўлди?” – дедим. Ибн Аббос бундай дедилар: “Ўша биз учун мусибатли бўлган пайшанба куни Расулуллоҳ (сав)нинг дардлари оғирлашиб қолди. Шунда у зот: “Менга курак (яъни ҳайвон кураги) келтиринглар, унга васият битиб бераман, ундан кейин мутлақо йўлдан адашмайсизлар!” – дедилар. Аммо, одамлар пайғамбар ҳузурида тортишиш мумкин эмаслигига қарамай, васият ёздириб олиш ёки ёздириб олмаслик хусусида тортиша бошлашди. Ғала-ғовур кучайиб етгач, Жаноб Расулуллоҳ: “Мени ўз ҳолимга қўйинглар!” – дедилар. Одамлар буни эшитиб: “У зотга нима бўлди? Алаҳсираяптиларми?”. “У зотдан тушинтиришларини сўранглар!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ мени ўз ҳолимга қўйинглар! Менинг ҳозирги ҳолатим (яъни Аллоҳ таолодан тақво қилиб, у билан учрашиш тараддудида эканлигим ва фақат шу хусусда ўйлаётганим) сизлар мени ундаётган нарсадан (яъни васият ёзиб беришим хусусидаги тортишувларингиздан) яхшироқдир!” – дедилар. Кейин, у зот уларга: “Мушрикларни Арабистон ярим оролидан чиқариб юборинглар, элчиларни мен сингари меҳмон қилиб, уларга туҳфалар бериб туринглар...” – деб уч нарсани амр қилдилар. Учинчи фармонларини ё айтмадилар ёки айтган бўлсалар ҳам мен ёдимдан чиқариб қўйдим” (бу охирги жумла ҳадис ровийларидан Сулаймоннинг сўзидир).
3169 - Ҳадис
7-боб Агар мушриклар мусулмонларга хиёнаткорлик қилса, улар кечириладими? 3169-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Хайбар фатҳ қилинганда Расулуллоҳ (сав)га заҳар солиб пиширилган қуй гўшти ҳадя қилинди. Уни Зайнаб бинти ал-Хорис деган бир яҳудий аёл ҳадя қилган эди. Жаноб Расулуллоҳ гўштдан бир луқма оғизларига солишлари ҳамоноқ Аллоҳ таолонинг иродаси ва инояти билан ундан “Ё Расулуллоҳ, еманг, менга заҳар солган” деган овоз чиқди. У зот дарҳол муборак оғизларидаги луқмани тупуриб ташладилар. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ: “Бу ердаги барча яҳудийларни ҳузуримга тўпланглар!” – дедилар, уларни тўплашди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Мен сизлардан бир нарса сўрайман, саволимга рост жавоб берасизларми?” – дедилар. Яҳудийлар: “Ҳа”, - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Бобокалонларингиз ким?” – дедилар. Яҳудийлар: “Фалончи” – деб мутлақо бошқа одамнинг номини айтишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Ёлғон, бобокалонларингиз у эмас, балки фалончидир” – дедилар. Яҳудийлар: “Ҳа, гапингиз тўғри” – дейишди. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ: “Мен сизлардан яна бир нарса ҳақида сўрасам рост жавоб берасизларми?” – дедилар. Яҳудийлар: “Ҳа, ё Абулқосим! Агар сизга бу сафар ёлғон сўзлаганимизни билганигиздек, билиб қоласиз”, - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Жаҳаннам аҳли кимлар?” – дедилар. Яҳудийлар: “Биз унда озгина бўламиз, сизлар эса, биз ундан чиққанимиздан кейин, у ерда абадий қоласизлар” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Ўзларингизлар у ерга даф бўлинглар! Аллоҳга қасамки, биз сизлардан кейин унда абадий қолмаймиз, балки сизларнинг ўзларингиз унда абадий қоласизлар!” – дедилар. Сўнг Жаноб Расулуллоҳ: “Мен сизлардан яна бир нарса ҳақида сўрасам, саволимга рост жавоб берасизларми?” – деб айтдилар. Яҳудийлар: “Ҳа, ё Абулқосим!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Бу қўй гўштига заҳар солдингизларми?” – дедилар. Яҳудийлар: “Ҳа”, - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Бунга сизни нима мажбур қилди?” – дедилар. Яҳудийлар: “Агар ёлғончи сохта пайғамбар бўлсангиз, сиздан қутулишни истадик ва чин пайғамбар бўлсангиз, у ҳолда заҳар сизга зарар қилмайди, дедик”, - дейишди”. Суҳайлий: “Жаноб Расулуллоҳ ўшанда у яҳудийларни дарҳол қатл қилмадилар, чунки одати шарифлари шундай эдики, шахсан ўзларига қилинган душманлик учун қасос олмас эдилар. Аммо, у гўштдан еган Бишр ибн ал Баро заҳарланиб ўлгач, уларни қатл қилдилар”, - дейдилар (яна қ. 4249, 5777).
3170 - Ҳадис
8-боб Аҳдга вафо қилмаганларни дуойи бад қилишнинг жоизлиги ҳақида 3170-ҳадис Оси (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Анас (рз.)дан Дуойи Қунут ҳақида сўраган эдим, у киши: “Рукуъдан кейин ўқилади” – деб айтдилар. Шунда мен: “Фалончи таъкидладики, сиз: “Рукуъдан аввал ўқилади” – деб айтган эмишсиз”, - дедим. Анас: “Ёлғон айтибди, янглишган”, - дедилар-да, бизга Расулуллоҳ (сав)нинг Дуойи Қунутни қай вақтда ўқиганлари ҳақида бундай деб айтдилар: “Расулуллоҳ (сав) бир ой давомида рукуъдан сўнг Дуойи Қунут ўқиб, Бани Сулайм маҳаллалари аҳлининг дуойи бад қилганлар. У зот қирқ ёки етмиш қорини мушриклар орасига юборган эдилар. Мушриклар,ўзлари билан Жаноб Расулуллоҳ ўрталаридаги аҳдлашганига қарамай, уларни ўлдиришган. Мен у зотнинг ўша мушриклардан ғазабланганчалик бирор кимсадан ғазабланганларини кўрмаганман”.
3171 - Ҳадис
9-боб Мусулмон аёлларнинг Исломни қабул қилмай мушриклигича қолган собиқ эрларига омонлик бериб, уларни ўз ҳимояларига олишлари ҳақида 3171-ҳадис Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Макка фатҳи куни Расулуллоҳ (сав)нинг уйларига бордим, у зот ғусл қилаётган ҳолда топдим, қизлари Фотима (рз.) эса, бир чойшаб билан у зотни пана қилиб турибдилар. Мен у зотга салом бердим. У зот алик олгач: “Бу ким?” – дедилар. Мен: “Бу мен – Абу Толибнинг қизи Умму Ҳониъман”, - дедим. У зот: “Умму Ҳониъ хуш келибди!” – дедилар. Сўнг, ғусл қилиб бўлгач, ўринларидан туриб жойнамозга бордилар-да, бир кийимга ўралиб саккиз ракъат намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлганларидан сўнг, мен у зотга: “Ё Расулуллоҳ, онамнинг ўғли (яъни биродарим) Али ибн Абу Толиб мен ўз ҳимоямга олган киши (яъни бугун мен мусулмон бўлгач, Исломни қабул қилмай, Маккадан қочиб кетган собиқ эрим Ҳубайра фалончи ўғли фалончини ўлдираман, деб таъкидладилар” – дедим. У зот: “Сен ҳимоянгга олган кишини биз ҳам ҳимоямизга олдик, эй Умму Ҳониъ!” – деб марҳамат қилдилар. Шу вақт зуҳо намози вақти эди” Юқорида “собиқ эрим” дейилишининг боиси шуки, Аллоҳ таоло: “На (мусулмон бўлган) хотинлар (кофир) эрларига ва (кофир) эрлар (мусулмон бўлган) хотинларига ҳалол бўлмайдилар” – дейди.
3172 - Ҳадис
10-боб Барча мусулмонларнинг зиммалари (яъни ўзларига қарашли ғайридинларга омонлик беришлари) ва ҳомийликлари (яъни ғайридинларни ўз ҳимоясига олишликлари) бир хилдир. (Яъни ўша берилган омонлик ва ҳимояга барча мусулмонлар амал қилмоқлари лозим). Ҳимоя ва омонликка олишга мусулмонларнинг энг обрўсизроғи ҳам ҳаракат қилишга ҳақлидир 3172-ҳадис Иброҳим ат-Таймий (рз.) ривоят қиладилар: “Ҳазрат Али (рз.) бизга хутба ваъз қила туриб бундай дедилар: “Бизда Аллоҳ таолонинг Китоби билан Жаноб Расулуллоҳнинг мана бу саҳифадаги аҳкомларидан бошқа биз ўқийдиган бирор битик йўқ. Бу саҳифада бундай дейилган: “Мадинанинг Айр тоғидан фалон тоғгача (яъни эҳтимол, бу Уҳуд тоғидир) бўлган ерлари Ҳарам ҳисобланади. Бу ерда Қуръон ва суннатга хилоф бирор янгилик киритиб бидъат иш қилган ёхуд шундай иш қилган кимсага ёрдам қилиб, уни ўз паноҳига олган кишига Аллоҳ таолонинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлади, бундайларнинг на фарзлари ва на нафллари қабул қилинади ҳамда ўз ҳомийлари (яъни қулликдан озод қилиб, ўз ҳимоясига олган кишилар)нинг изнисиз бўлак бир қавмни ўзига ҳомий қилиб олган кимсага ҳам худди шундай лаънат бўлади. Барча мусулмонларнинг зиммалари (яъни ўзларига қарашли ғайридинларга омонлик беришлари) ва ҳомийликлари (яъни ғайридинларни ўз ҳимоясига олишлари) бир хилдир, чунки барча мусулмонлар бир тану бир жон кабидирлар. Бир мусулмоннинг бир ғайридинга нисбатан бўлган аҳди бурчини бузган кимсага ҳам худди шундай лаънат бўлади!”.
3173 - Ҳадис
11-боб Агар мушриклар: “Куфр динимиздан қайтиб, мусулмон бўлдик” – деб айтмоқчи бўлиб, қўрққанларидан ва шошиб қолганларидан: “Диндан қайтдик” – деб юборсалар... Ибн Умар: “Холид ибн Валид уларни тушунмай ўлдира бошладилар. Кейин, Расулуллоҳ (сав) Холид ибн Валиднинг уларнинг гапини тушунмай, кўпчилигини қириб ташлаганини эшитиб: “Ё Парвардигоро Холид қилиб қўйган гуноҳга менинг алоқам йўқдир!” – деб илтижо қилдилар” – дейдилар. Умар (рз.) айтадилар: “Сизлар қачон қасрни қамал қилсаларингиз уларга Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлинг” – деманглар, балки уларни ўз ҳукмларингизга рози қилинглар, сўнгра улар ҳақида ҳукм чиқаринглар. Зеро, улар Аллоҳнинг ҳукми нима, эканлигини, билмайдилар. Ораларингиздан бир киши бирор мушрик билан тўқнаш келиб қолса ва мушрик “Қўрқма!” – деса у Аллоҳга имон келтирган бўлади. Мушрик: “Ма-таср” деса ҳам у Аллоҳга имон келтирган бўлади. (Изоҳ: Аслида таълиқдаги “Ма-тарс” форсча бўлиб, “На тарс” – “қўрқма” – бўлиши керак). Дарҳақиқат Аллоҳ барча тилларни билади”. (Асирга тушган Хумузонни Умар (рз.) ҳузурларига келтирилганда у зот: “Гапиравер, зарари йўқ!” – дедилар. (Яъни ўз тилингда бўлса ҳам гапиравер, демоқчилар). 12-боб Шароит тақоза қилганда мол ёхуд ундан ўзга бадалига мушриклар билан мусулмонлар ўртасидаги мавжуд сулҳ ва битимни сақлаб қолиш ҳамда аҳдга вафо қилмаган кишининг гуноҳи ҳақида Аллоҳ таолонинг каломи: “Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг” (“Анфол” сураси, 61-оят). 3173-ҳадис Саҳл ибн Абу Ҳасма (рз.) ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд ибн Зайд Хайбар яҳудийлари билан мусулмонлар ўртасида сулҳ тузилган кезларда хурмо териб келиш учун Хайбарга боришди. Шунда иккаласи (яъни Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд ибн Зайд) ажралиб, хурмозорнинг турли ерида хурмо теришди. Кейин, Муҳаййиса Абдуллоҳ ибн Саҳлнинг олдига келди, шунда у қонига беланиб ўлиб ётарди. Муҳаййиса уни дафн қилгач, Мадинага қайтиб келди. Сўнг, Абдуллоҳ ибн Саҳлнинг биродари Абдураҳмон ибн Саҳл ва Масъуднинг ўғиллари Муҳаййиса билан Ҳуваййиса шу ҳақда хабар қилиш учун Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига боришди. Абдураҳмон энди гапира бошлаган эди, у зот: “Ичингизда ёши каттаси... каттаси гапирсин!” – дедилар. Чунки Абдураҳмон уларнинг энг кичиги эди. Абдураҳмон дарҳол жим бўлди. Кейин, Муҳаййиса ва Ҳуваййиса Абдуллоҳнинг ўлдирилгани хусусида у зотга сўзлаб беришди. Шунда у зот: “Қасам ичиб, ўлдирилган одамингизнинг қонига ҳақли бўласизларми” (яъни, Абдуллоҳнинг хунуни ҳақли талаб қилишларингиз учун уни яҳудийлар ўлдирганига қасам ичасизларми?”) – дедилар. Улар: “Ўлдирилган вақтда тепасида бўлмаган бўлсак, қандай қасам ичамиз?” – дейишди. У зот: “Яҳудийлар сизларнинг бу даъвойингиздан қутулиш учун эллик бор қасам ичсинларми?” – дедилар. Улар: “Кофирлар қавмининг қасамларини қандай инобатга оламиз?” – дейишди. Шунда у зот Абдуллоҳнинг хун ҳақини ўз шахсий молларидан (ёхуд Байтул Молдан) бериб юбордилар”.
3174 - Ҳадис
13-боб Аҳдга вафо қилишнинг фазилати ҳақида 3174-ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Рум подшоҳи Ҳирақл ўз ҳузурига таклиф қилиб Абу Суфёнга одам юборди. Абу Суфён Расулуллоҳ (сав) билан ўзи ўртасида тузилган сулҳ муддати чоғида Қурайш савдо карвони билан Шомга келган эди”.
3175 - Ҳадис
14-боб Агар зиммий (мусулмонни) сеҳрласа, кечириладими? Ибн Шиҳоб: “Расулуллоҳ (сав) сеҳрландилар. Шунда у зот сеҳрлаган одамни ўлдирмадилар, у эса китоб аҳлидан эди”, - дейдилар. 3175-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) шундай қаттиқ сеҳрландиларки, ҳатто у зот қилмаган нарсаларини ҳам қилдим деган хаёл қила бошладилар”.
3176 - Ҳадис
15-боб Бўлажак хиёнатдан огоҳ этилгани ҳақида Аллоҳ таолонинг каломи: “Агар (улар) Сизни алдамоқчи бўлсалар, бас, албатта, Сизга Аллоҳ (Ўзи) кифоядир” (“Анфол” сураси, 62-оят). 3176-ҳадис Авф ибн Молик (рз.) ривоят қилдилар: “Мен Табук ғазоти вақтида Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келдим, шунда у зот теридан қилинган бир чодирда ўтирган бўлиб, шундай деб марҳамат қилдилар: “Қиёматдан илгари бўладиган олти аломатни бирма-бир санаб чиқаман: “Улардан бири- менинг ўлимим, кейин Байтул Мақдис фатҳи, сўнг қўйлар ўлатидек сизларда тарқаладиган вабо, кейин мол-дунёнинг кўпайиб кетиши, ҳатто бир кишига юз динор берилса, назарига илмай, ўзини таҳқирланган ҳисоблаб, бундан дарғазаб бўлади. Сўнг бирорта ҳам арабнинг уйини қолдирмай кириб борадиган фитна, кейин сизлар билан Бани ал Асфар”. (* Мазмуни: “Сариқ авлодлари” бундан мақсад Рум ўртасида сулҳ тузилишидир. Сўнг, улар хиёнат қилиб, саксонта ғоя (байроқ) остида сизларга (яъни сизларнинг устингизга бостириб келадилар. Ҳар бир ғоя (байроқ) остида ўн икки минг киши бўлади)”.
3177 - Ҳадис
16-боб Аҳд аҳлига (яъни зиммийларга аҳд) қай тариқа рад этилади? Аллоҳ таолонинг каломи: “Агар (бирор) қавм тарафидан (аҳдга) хиёнат (бўлиши)дан қўрқсангиз, уларга (аҳд бекор қилингани тўғрисидаги хабарни) баробар тарзда ташланг!” (“Анфол” сураси, 58-оят). 3177-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Бакр (рз.) мени Наҳр куни Минода: “Бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди, ялонғоч одам ҳам Байтулмони тавоф қилмайди!” – деб эълон қиладиган бир гуруҳ кишилар билан бирга жўнатдилар”. (Молик ва шу каби баъзи фуқаролар наздида “Буюк ҳаж куни, бу қурбонлик сўйиладиган кундир”). Бундай дейилишига сабаб, одамларнинг умрани “кичик ҳаж” дейишларидир. Абу Бакр (рз.) ўша йили одамларнинг сулҳ шартномасини бекор қилдилар. Натижада, Набий (сав) ҳаж қилган “Ҳажжатул Вадоъ” йили бирор мушрик ҳам ҳаж қилмади”.
3178 - Ҳадис
17-боб Аҳд қилиб, сўнг аҳдига хиёнат қилган кишининг гуноҳи ҳақида Аллоҳ таолонинг каломи: “Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлар бордир” (“Анфол” сураси, 56-оят). 3178-ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қуйидаги тўрт иллат кимда мавжуд бўлса, у ғирт мунофиқдир: “Ҳар қандай нарса хусусида сўзласа, атайлаб ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, устидан чиқмайди, бирор масъулиятни зиммасига олса, хиёнат қилади (ёхуд бирор омонат топширилса, хиёнат қилади) ва урушса (ёки баҳслашса), номардлик қилади”. Кимда бу хислатлардан (иллатлардан) бири бўлса, токи уни тарк этмагунча, мунофиқлик хислатларидан (иллатларидан) бири бор деб ҳисобланади” – дедилар”.
3179 - Ҳадис
3179-ҳадис Бу ерда 10-бобдаги ҳадис такроран келтирилган.
3180 - Ҳадис
3180-ҳадис Саид (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Ҳурайра мусулмонларга: “Зиммийлардан на бирор динор ва на бирор дирҳам жизя ололмай қолган чоғингизда ҳолингиз қандай бўлади?” – дедилар. Улар: “Эй Абу Ҳурайра, сиз бундай кунлар бўлишини қандай (яъни қаердан) билдингиз?” – дейишди. Абу Ҳурайра: “Ҳа, нега билмайинки, Абу Ҳурайранинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, Ас-Содиқ ул Масдуқ (яъни Жаброил (ас) рост сўздан бўлак сўз келтирмаган ростгўй Жаноб Расулуллоҳ)нинг сўзларини биламан” – дедилар. Улар: “Ўша кунлар қай сабабдан бошга тушади?” – дейишди. Абу Ҳурайра: “Мусулмонлар зиммийларга жабр-зулм қилиб, Аллоҳ таоло зиммаси (аҳди) ва унинг Расули зиммаси (аҳди) бузилади, шундан кейин Аллоҳ таоло зиммийлар, қалбини қотириб қўяди ва улар ўз қўлларидаги нарсани (яъни жизяни мусулмонларга) бермай қўядилар” – дедилар”.
3181 - Ҳадис
3181-ҳадис Аъмашдан ривоят қилинади: “Мен Абу Воилдан: “Сиз “Сиффийн” жангида иштирок этганмисиз?” – деб сўрадим. (“Сиффийн” жанги бу Али (рз.) ва Муовия (рз.) ўрталарида бўлиб ўтган машҳур жанг). У эса: “Ҳа, ўша кунлари мен Саҳл ибн Ҳунайфнинг шундай деб айтаётганларини эшитдим”. Сизлар мени бу жангда унчалик хайрихоҳлик қилмасдан, унда сусткашлик қилаётганим учун мени айблагандан кўра, ўз раъйларингиз (ижтиҳодларингиз)ни янглиш бўлгани учун ўзларингизни маломат қилинглар! Мен, Абу Жандал кунида (яъни “Ҳудайбийя сулҳи” кунида) ўз нафсимни синаб кўрганман. Маълумки, Ҳудайбия сулҳига кўра мушриклар тарафидан кимки мусулмон бўлиб мусулмонлар тарафига ўтса, албатта, уни мушрикларга қайтариб бериш лозим эди. Мана шу сулҳ тузилганига ҳеч қанча вақт бўлмасдан Абу Жандал (яъни, Ос ибн Саҳл) исмли саҳоба мусулмон бўлиб, кишанланган ҳолда мушриклардан қочиб келади. Уни қидириб келган мушрик отаси: “Эй Муҳаммад! Биз сендан сулҳга кўра талаб қиладиган дастлабки ҳукмимиз мана шу” – дейди. Яъни, бу сен сулҳга кўра ўғлимни бизга қайтариб бер, дегани эди. Пайғамбар (сав) уни ноилож, шартномага кўра отасига топширдилар. Шу пайт мусулмонлар ўз биродарларига раҳми келиб, кофирларга қилич ялонғочлашга Пайғамбар (сав)дан рухсат сўрашади. Пағамбар (сав) эса уларни қилич кўтармасликка, балки шартномага риоя қилишга ундайдилар. Табиийки мусулмонларга ўз биродарларини кофирлар зулмига ўз қўллари билан таслим қилиш оғир эди. Агар мен Набий (сав) амрларини рад қилишга журъат қилолганимда ўша куни рад қилган бўлар эдим. Биз ўша куни бизга қийин бўлган, нафсимиз учун оғир бўлган ишлар учун қиличларимизни бир-бирларимизнинг бўйинларимизга солдиравермадик. Акс ҳолда, мана шу ишимиздан (яъни “Сиффийн” жангидан) ўзга биз билан бошқа бир иш (яъни Абу Жандал куни)даги воқеа бор эдики, ўша нарса учун жанг қилиш биз учун осонроқ ва жанг қилишга лойиқроқ эди” (яна қ. 3182, 4189, 4844, 7308).
3182 - Ҳадис
3182-ҳадис Бу ҳадис аввалги ривоятнинг бошқа санад ва баъзи фарқлар билан қилган шаклидир. Абу Воилдан ривоят қилинади: “Биз “Сиффийн”да жанг қилиш учун тайёргарлик кўриб турган чоғимизда Саҳл ибн Ҳунайф (рз.) ўринларидан туриб, бундай дедилар: “Эй, халойиқ! Сизлар мени бу жангда сусткашлик қилаяпти, деб айблагандан кўра, ўз раъйларингизни, (ижтиҳодларингиз хато бўлганлиги учун ўзларингизни) маломат қилинглар! Дарҳақиқат, биз “Ҳудайбия куни” Расулуллоҳ (сав) билан бирга эдик. Агар биз ўшанда жанг қилишни лозим деб билганимизда, албатта, жанг қилган бўлар эдик. Чунки зоҳиран қараганда жанг қилишга асослар бор эди. Жанг қилишдан қайтарган нарса бу фақатгина пайғамбар (сав) фармонлари эди. Ўшанда масаланинг асл моҳиятини ҳали тушуниб етмаган, Умар (рз.) пайғамбар (сав) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳақ, улар эса адашган эмасми?!” – дедилар. Расулуллоҳ (сав) унга жавобан: “Ҳа, биз ҳақ, улар эса адашганлар” – дедилар. Умар (рз.) яна: “Биздан ўлганлар жаннатда, улардан ўлганлар эса дўзахда эмасми?!” – дедилар. Пайғамбар (сав): “Худди шундай!” – дедилар. Эҳтиросини боса олмаган Умар (рз.): “Ундай бўлса, нима учун динимиз масаласида улардан паст келишимиз керак?! Аллоҳ биз билан улар орасида ҳукм қилиб турганда биз орқага чекинамизми?!” – дедилар. Пайғамбар (сав) янада таъкидлаб: “Эй Хаттобнинг ўғли! Мен Аллоҳнинг расулиман. Буни эсингиздан чиқазманг! Аллоҳ эса, ҳаргиз мени беҳуда машаққатга солмайди. Умар (рз.) энди пайғамбар (сав)ни кўндириш учун Абу Бакр (рз.)нинг ҳузурларига бориб, уларга ҳам пайғамбар (сав)га айтган гапларини айтдилар. Абу Бакр (рз.) ҳам: “У зот Аллоҳнинг расулидирлар! Аллоҳ у зотни беҳуда машаққатга солмайди” – дея уларга жавоб қайтардилар. Шу пайт гўё пайғамбар (сав) фармонлари ҳақ эканлиги исботи учун “Фатҳ” сураси нозил бўлди. Ўша заҳоти Пайғамбар (сав) бу сурани охиригача Умарга ўқиб бердилар. Сурани эшитган Умар (рз.): “Мана ша сулҳ фатҳми, ё Расулуллоҳ?” – дедилар. У зот (сав) Умарга: “Ҳа, айнан шундай” – дедилар”.
3183 - Ҳадис
3183-ҳадис Асмоъ бинт Абу Бакр (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) билан Қурайш (мушриклари) маълум бир муддатга сулҳ тузишган пайтларда ҳузуримга мушрика онам отаси билан бирга келди. Шунда мен Расулуллоҳ (сав)дан фатво сўраб: “Ё Расулуллоҳ! Онам (мендан нималардир) умид қилиб, ҳузуримга келибди. Унга силаи раҳм қилсам бўладими?” – дедим. Шунда у зот: “Ҳа, унга силаи раҳм қилгин!” – дедилар”.
3184 - Ҳадис
18-боб Уч кунга ёки муайян бир вақтга сулҳ тузиш ҳақида 3184-ҳадис Баро (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) умра қилмоқчи бўлганларида Маккага киришлари учун изн сўрагани Макка аҳлига одам юбордилар. Шунда (Макка акобирлари) у зотга уч кундан ортиқ турмасликни, у ерга фақат қинига солинган қиличлар билангина киришликни ва мушриклардан бирортасини Исломга даъват қилмасликни шарт қилиб қўйишди. Икки ўртада тузилаётган сулҳ шартларини Али ибн Абу Толиб ёзишга киришдилар. Шунда у киши “Бу Аллоҳнинг расули Муҳаммаднинг ҳукми (қарори)дир” деб ёзиб қўйдилар. Аммо, (мушриклар акобирлари) “Агар бизлар сизни Аллоҳнинг расули, деб тан олганимизда эди, Маккага киришингизга тўсқинлик қилмай, сизга байъат қилган бўлар эдик. Шунинг учун “Бу Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммаднинг ҳукми (қарори)дир” деб ёзинг!” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Мен, Аллоҳга қасамки, айни вақтда Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадман ҳамда, Аллоҳнинг расулиман ҳам!” – дедилар. Мушрикларнинг акобирлари ўз шартларида қаттиқ туриб олишгач, Жаноб Расулуллоҳ Ҳазрат Алига: “Расулуллоҳ деган сўзни ўчир!” – дедилар. Ҳазрат Али: “Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон ўчирмайман!” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: “(Ўша сўзни) менга кўрсат!” – дедилар. Ҳазрат Али кўрсатган эдилар, у зот ўз қўллари билан уни ўчирдилар-да, “Бу Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммаднинг қароридир” деб ёзиб қўйдилар. Сўнг, Маккага кирдилар. Уч кун ўтгач, мушрикларнинг акобирлари Ҳазрат Алининг олдиларига келиб: “Дўстингга (ҳамроҳингга) айт, энди бу ердан чиқиб кетсин!” – дейишди. Ҳазрат Али уларнинг бу гапларини Жаноб Расулуллоҳга эслатган эдилар, у зот: “Ҳа, (дарвоқеъ)”, - дедилар. Сўнг, Маккадан барча саҳобалари билан биргаликда чиқиб кетдилар”.
3185 - Ҳадис
19-боб Муҳлати тайин қилинмаган келишув ва Жаноб Расулуллоҳнинг: “Аллоҳ таоло сизлар ҳақингизда нима деб қарор қилган бўлса, биз ҳам шундай қарор қиламиз!” – деб айтганлари хусусида Бу ерда 6-бобдаги ҳадис такроран келтирилган. 20-боб Мушрикларнинг ўлаксаларини хорлаб қудуққа ташлаб юборишгани ва ўлаксалар учун тирик асирлар каби фидя пули олинмаслиги ҳақида 3185-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) намоз ўқиётиб сажда қилдилар. Шунда атрофларида бир гуруҳ Қурайш мушриклари турган бўлиб, улардан бири Уқба ибн Муъайт ҳайвон ичак-чавоқларини олиб келиб, у зотнинг устларига ташлади. Жаноб Расулуллоҳ бошларини саждадан кўтармай туравердилар. Шу пайт Фотима (ас) келиб қолиб, ичак-чавоқларни у зотнинг устларидан олиб ташладилар-да, бу ишни қилган одамларни қарғадилар. Жаноб Расулуллоҳ намозни тугатгач: “Аллоҳим! Қурайш кофирлари жамоасини сенга ҳавола қилдим! Аллоҳим, Абу Жаҳл Ҳишомни, Утба ибн Рабиъани, Шайба ибн Рабиъани, Уқба ибн Абу Муъайтни ва Умайя ибн Халафни (ёки Убай ибн Халафни) Сенга ҳавола қилдим!” – деб дуойи бад қилдилар. Сўнг, Бадр куни уларни ўлдирилиб, Умайя (ёки Убай)дан бўлак, барчасини қудуққа ташлаб юборилганини кўрдим. Чунки, Умайя (ёки Убай) гавдали киши бўлиб, жасадини кўтара олмай, қудуқ томон судрашганда, қудуққа ташламасларидан бурунроқ ичак-чавоғи чиқиб кетди”.
3186 - Ҳадис
21-боб Хиёнаткорнинг гуноҳи (жазоси) яхши инсон учун ҳам, ёмон инсон учун ҳам бўлиши ҳақида 3186-3187-ҳадислар Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорнинг байроғи бўлади”, - дедилар”. Юқоридаги ровийлардан бири: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор турган ерга унинг бу дунёда хоин бўлганлигини англатувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, - дедилар. Юқоридаги ровийлардан иккинчиси: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор ўша байроқ орқали маҳшар аҳлига кўрсатилиб, маълум (шарманда) қилинади”, - дедилар.
3187 - Ҳадис
21-боб Хиёнаткорнинг гуноҳи (жазоси) яхши инсон учун ҳам, ёмон инсон учун ҳам бўлиши ҳақида 3186-3187-ҳадислар Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорнинг байроғи бўлади”, - дедилар”. Юқоридаги ровийлардан бири: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор турган ерга унинг бу дунёда хоин бўлганлигини англатувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, - дедилар. Юқоридаги ровийлардан иккинчиси: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор ўша байроқ орқали маҳшар аҳлига кўрсатилиб, маълум (шарманда) қилинади”, - дедилар.
3188 - Ҳадис
3188-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг: “Қиёмат куни ҳар бир бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатилиб қўйилади”, - деб айтганларини эшитдим” (яна қ. 6177, 6178, 6966, 7111).
3189 - Ҳадис
3189-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Макка фатҳ қилинган куни: “Бундан буён Исломни фитналардан сақлаш мақсадида бу ердан бошқа жойга ҳижрат қилинмайди, лекин Аллоҳ таоло йўлида жиҳод учун бошқа жойларга чиқиш вожиб ҳамда жиҳод қилганлик савобига тенг бир солиҳи амални адо этиш ниятида жиҳодга бормай, бу ерда қолиш жоиз. Агар жиҳодга чақирилсангизлар, чиқинглар!” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ Макка фатҳ қилинган куни яна: “Аллоҳ таоло бу шаҳарни осмонлар-у Ерни яратган куниёқ ҳаром (яъни, муқаддас) қилган. Шундай экан, у Қиёмат кунига қадар Аллоҳнинг ўзи унда урушни ҳаром қилгани боис “Ҳарам” ҳисобланади. Бу ерда уруш қилишлик мендан илгари бирор кишига рухсат қилинмаган. Менга ҳам бор йўғи кундузи бир соатгина бу ерда уруш қилишга рухсат берилди, холос. Аллоҳ таолонинг ўзи то Қиёмат кунига қадар муқаддас қилган бу шаҳарнинг дарахтлари кесилмайди, қуш-у ҳайвонлари ҳуркитилмайди, йўқотиб қўйилган нарсани (бир йил давомида топиб олгани ҳақида) овоза қилган кишигина олади ҳамда ўт-ўланлари юлинмайди!” – деб марҳамат қилдилар. Шунда Аббос: “Ё Расулуллоҳ, изхирни ўрсак бўладими?” – дедилар. (Чунки араблар ундан темирчиликда ва уйларини томини ёпишда фойдаланишар эди). Жаноб Расулуллоҳ: “Фақат изхирни бўлса, майли”, - дедилар”.
3190 - Ҳадис
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим Мавжудотлар яратилишининг бошланиши ҳақидаги китоб 1-боб Аллоҳ таолонинг: “У илк бор Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат куни) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. У зотга (бу) осонроқдир!...” (“Рум” сураси, 27-оят) деган каломи ҳақида Ар-Рабиъ ибн Хусайм ва ал-Ҳасан: “Ҳар қандай иш унга осондир!” – деб тафсир қилганлар. Араб тилида “ҳаййинун” ва “ҳайнун” худди “лайлун” ва лаййинун” каби, “майтун” ва “майитун” каби, зойқун” ва зоййиқун” кабидир. 3190-ҳадис Имрон ибн Ҳусайн (рз.) бундай хабар қиладилар: “Бани Тамим қабиласига мансуб бир неча киши Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келишди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Эй Бани Тамим, жаннатга киришингизга сабаб бўладиган амаллар ҳақидаги башоратдан хурсанд бўлинглар!” – дедилар. Бани Тамим кишилари: “Башоратингиз билан бизни хурсанд қилдингиз, аммо бизга ҳозир бирор нарса берсангиз”, - дейишди. Уларнинг бу гапидан Жаноб Расулуллоҳнинг муборак юзлари ўзгариб кетди. Кейин, ҳузурларига яманликлар кириб келишди.Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Эй яманликлар! Башоратни сизлар қабул қилинглар, чунки уни Бани Тамим қабул қилмади”, - дедилар. Яманликлар: “Қабул қилдик!” – деб жавоб беришди. Шундан сўнг,Жаноб Расулуллоҳ дастлабки яратиш ҳамда Аршнинг ўша вақтдаги холати ҳақида сўзлай бошладилар. Шу пайт бир киши қошимга келиб: “Эй Имрон! Туянгиз ечилиб кетди”,- деди. Қанийди ўшанда туямни тутаман деб Жаноб Расулуллоҳнинг суҳбатларидан қолмаганимда эди!” (яна қ. 3191, 4365, 4386, 7418).
3191 - Ҳадис
3191-ҳадис Сафвон ибн Муҳриз Имрон ибн Ҳусайндан бундай деб эшитган эканлар: “Мен туямни эшик зулфига боғлаб, Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига кирдим. Шунда ичкарига Бани Тамим қабиласига мансуб бир неча киши кириб келди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Башоратни қабул қилинглар, эй Бани Тамим!” – дедилар. Улар: “Бизга илгари ҳам башорат қилган эдингиз, энди бизга икки бор туҳфа беринг!” – дейишди. Кейин, у зотнинг ҳузурларига бир неча яманликлар кириб келишди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: “Эй яманликлар, башоратни қабул қилинглар, Бани Тамим уни қабул қилмади” – дедилар. Яманликлар: “Ё Расулуллоҳ, биз уни қабул қилдик!” – дейишди, сўнг: “Биз шу хусусда сиздан сўрагани келган эдик” – деб айтишди. Шундан сўнг, Жаноб Расулуллоҳ: “Аллоҳ даставвал якка ўзи бўлган, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаган, унинг Арши сув устида бўлган ва ҳар бир нарсани Лавҳга ёзиб осмонлар-у Ерни яратган”, - дедилар. (“Ҳар бир нарсани Лавҳга ёзиб қўйган” деган жумла Имрон ибн Ҳусайнинг ўзлари шахсан ривоят қилган ҳадисда “осмонлар-у Ерни яратган” деган жумладан кейин келади). Шу вақт бир киши: “Туянгиз ечилиб кетди, эй Ҳусайнинг ўғли!” – деб чақириб қолди. Мен ташқарига чиқиб қарасам туям шатолоқ отиб қочиб кетаяпти, унинг олдида сароб ҳам тезликда ип эшолмайди. Аллоҳ ҳақи, ўшанда туямни қувишдан воз кечганимда эди!”.
3192 - Ҳадис
3192-ҳадис Ториқ ибн Шиҳоб ривоят қиладилар: “Мен Умар (рз.)нинг бундай деб айтганларини эшитдим: “Расулуллоҳ (сав) орамизга кириб минбарга ўтириб олдилар-да, (Аллоҳ таолонинг) махлуқотни дастлабки яратишидан тортиб, то жаннат аҳлининг жаннатга, дўзах аҳлининг дўзахга киришигача бўлган маълумотларни бизга айтдилар. Бу гапларни эслаб қолганлар эслаб қолди, унутганлар ёдидан чиқариб юборди”.
3193 - Ҳадис
3193-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтганлар: “Аллоҳ таоло айтадики, “Одам боласи мени ҳақорат қилди, ваҳоланки у мени ҳақорат қилиши мумкин эмас. Одам боласи мени ёлғончига чиқарди, ваҳоланки у бундай қилиши мумкин эмасди. Унинг мени ҳақорат қилганлиги хусусига келсак, у: “Аллоҳнинг боласи бор”, - дейишидир. Унинг мени ёлғончига чиқарганлиги хусусига келсак, у: “Аллоҳ мени илгари яратганидек қилиб қайта тирилтира олмайди”, - дейишидир” (яна қ. 9474, 4975).
3194 - Ҳадис
3194-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло инсон-у бутун борлиқни яратиб бўлгач, ўз даргоҳидаги Арш тепасида жойлашган китобига (яъни Лавҳи Маҳфузига) “Менинг раҳматим ғазабимдан устунлик қилди”, - деб ёзиб қўйди”, - дедилар” (яна қ. 7404, 7412, 7453, 7553, 7554).
3195 - Ҳадис
2-боб Етти Ер (ёки етти қават Ер) ҳақидаги ҳадислар ва Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшанча миқдорни (етти қаватни) яратган Зотдир. (Аллоҳнинг) амри (фармони) уларнинг (осмон ва Ер) ўртасида нозил бўлиб турар. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У шундай қилди)” (“Талоқ” сураси, 12-оят), деган каломи ҳақида (Етти Ер – ҳар қайсиси алоҳида бир курра ёки шу биз турган Ернинг ўзи етти қават, яна Аллоҳ таолонинг ўзи билувчироқдир). 3195-ҳадис (“Тур” сураси, 5-оятдаги) “Баланд кўтарилган том билан” дейилгандаги “том”дан мурод “само”дир. (“Нозиот” сураси, 28-оятдаги) “қаддини баланд қилиб битирди” дейилганда “қаддини баланд қилиб бино қилди” демоқчи. “Зориёт” сураси, 7-оятдаги “(Юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлмиш осмон билан қасамёд этаманки”, деган оятдаги “ҳубук” сўзидан мурод “мукаммаллик”ёки “гўзаллик эгаси”дир. Имом Бухорий ҳазратлари шу каби яна оятлардаги баъзи калималарни тафсир қилганлар. Муҳаммад ибн Иброҳим ривоят қиладилар: “Абу Салама ибн Абдураҳмон ер тўғрисида одамлар билан тортишиб қолиб, Ойша онамизнинг ҳузурларига кирди-да, шу ҳақда муҳтарамага айтди. Ойша онамиз: “Эй Абу Салама, ер хусусида эҳтиёт бўлгин, чунки Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Кимки ўзгаларнинг бир қарич бўлса ҳам ерига зулм билан эгалик қилиб олса, Қиёмат кунида у етти қават ерни кўтаришга мажбур қилинади”, - деб айтганлар” – дедилар”.
3196 - Ҳадис
3196-ҳадис Солим оталаридан бундай деб эшитган эканлар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки ўзининг ҳақи бўлмаган ердан бир қаричини тортиб олса ҳам, Қиёмат куни ўша ер сабабли етти қават Ерга ютқазилиб юборилади”, - дедилар”.
3197 - Ҳадис
3197-ҳадис Абу Бакра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтдилар: “Замон Аллоҳ таоло осмонлар-у Ерни яратган кундаги ҳайъатидек (ҳайъатга) айланиб қайтиб келди. Йил ўн икки ойдан иборатдир. Улардан тўртаси муқаддас бўлиб, ана шу тўрттадан учтаси – зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойлари кетма-кет келади, тўртинчиси эса, жумодус-соний ва шаъбон оралиғида келувчи Музор қабиласининг Ражаб ойидир. (“Музар” қабиласига нисбат берилишига сабаб Музар бу ойнинг ҳурматини жойига қўяр эди).
3198 - Ҳадис
3198-ҳадис Ҳишом ривоят қиладилар: “Арва (деган бир аёл) Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл билан ер хусусида хусуматлашиб қолиб, унинг устидан Марвонга шикоят қилди. Шунда Саид: “Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ (сав)нинг “Кимки ўзганинг ҳаққи бўлмиш ердан зулми билан бир қарич олса, уни Қиёмат кунида етти қават Ерни кўтаришга мажбур қилинади”, - деб айтганларини эшитганман, шуни била туриб наҳотки унинг ҳақидан уриб қолсам!” – деди”. Ҳишом: “Саъид менга: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига кирдим” – деб айтди”, - дедилар”.
3199 - Ҳадис
3-боб Юлдузлар ҳақида Қатода (рз.) Аллоҳ таолонинг: “Ҳақиқатдан, Биз (Ерга) яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик...” (“Мулк” сураси, 5-оят) – деган каломини тиловат қилгач Аллоҳ таоло бу юлдузларни уч мақсадда осмонга зийнат, шайтонларга отиладиган тошлар ҳамда улар ёрдамида тўғри йўллар топилиши учун аломатлар қилиб яратди. Кимки бу оятни бундан бошқача талқин қилса, янглишган, (охират) насибасини бой берган ва ўзи билмаган, ақли етмаган нарса хусусида ўзбошимчалик билан фикр юритиб, ўзини ўзи машаққатга солган бўлади!” – дедилар. 4-боб Аниқ ўлчов билан юриб турувчи Қуёш ва Ойнинг сифати ҳақида 3199-ҳадис Иброҳим ат-Таймий оталаридан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Қуёш ботгач, Абу Заррга: “Қуёш қаёққа кетаётганини биласанми?” – дедилар. “Аллоҳ таоло ва унинг Расули яхшироқ билади, деб жавоб қилдим”, - дейдилар Абу Зарр. Жаноб Расулуллоҳ бундай дедилар: “Дарҳақиқат, у Арш пойига сажда қилгани кетаяпти. Кейин, у сажда қилгани изн сўрайди, лекин унга изн берилмайди. Унга: “Келган ерингга қайтгин!” – дейилади ва Қуёш ботган еридан, Мағрибдан чиқади. Мана бу Аллоҳ таолонинг сўзи: “Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу қудратли ва билимли зот (Аллоҳ)нинг ўлчовидир” (“Ёсин” сураси, 38-оят)” (яна қ. 4802, 4803, 7424, 7433).
3200 - Ҳадис
3200-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қиёмат куни Қуёш ва Ой иккиси ўралади (нурсизланади, салла каби ўралади)” – дебдилар.
«
←
60
61
62
63
64
65
66
67
68
→
»