Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
251 - Ҳадис
3-боб Бир соъ (3-6 литр) ёки шунга яқин сув билан ғусл қилмоқ 251-ҳадис Абу Бакр ибн Ҳафс Абу Саламанинг мана бундай деганини эшитган эканлар: “Мен ва Ойшанинг укаси иккаламиз Ойша (рз.)нинг олдиларига кирдик. Укаси Расулуллоҳ (сав)нинг қандай ғусл қилишлари тўғрисида сўради. Шунда Ойша (рз.) бир соъ сув сиғадиган идишда сув келтиришни буюрдилар. Сув келтиргач ғусл қилдилар. Сувни бошларидан қуйдилар. Улар билан бизнинг орамизда парда бор эди.
252 - Ҳадис
252-ҳадис Абу Жаъфар айтадилар: “Жобир ҳузурида бир жамоа киши бор эди, улардан бири ғусл тўғрисида сўради. “Сенга бир соъ сув етади”, деди Жобир. “Менга етмайди”, - деди у. Шунда Жобир: “Сендан сочи кўпроқ, ўзи яхши кишига (Расулуллоҳ (сав)га демоқчи) ҳам кифоя қилган эди”, - деди. Кейин юпун кийинган ҳолда имоматга ўтди”.
253 - Ҳадис
253-ҳадис Ибн Аббосдан: “Расулуллоҳ (сав) ва Маймуна онамиз бир идишдаги сувга ғусл қилар эдилар”. Имом Бухорий: “Ибн Аббос Маймунадан ҳадис тинглаб, бошқаларга айтиб берар эди”, - дейдилар.
254 - Ҳадис
4-боб 254-ҳадис Жубайр ибн Мутъимдан: “Расулуллоҳ (сав): “Аммо мен ғусл қилсам бошимга 3 ҳовуч сув қуяман”, - деб икки қўлларига ишора қилдилар”.
255 - Ҳадис
255-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳдан: “Расулуллоҳ (сав) ғусл қилсалар, бошларига уч ҳовуч сув қуяр эдилар” (яна қ. 252).
256 - Ҳадис
256-ҳадис Абу Жаъфарга Жобир (рз.) бундай деган эканлар: “Ёнимга амакиваччанг (Ҳасан ибн Муҳаммад, Ҳазрат Алининг Фотимадан бошқа хотинидан туғилган бола) келди. “Жимоъдан сўнг қандай ғусл қилинади? – деб сўради. Расулуллоҳ (сав) 3 ҳовуч сув олиб, бошларига қуяр эдилар, сўнг баданларини ювар эдилар”, - дедим. “Менинг сочим кўп”, - деди. Ҳасан “Расулуллоҳ (сав)нинг сочлари сеникидан ҳам кўп эди”, - дедим унга” (яна қ. 252).
257 - Ҳадис
5-боб Бир марта ювмоқ 257-ҳадис Маймуна (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)га ғусл қилишлари учун сув қуйдим. Икки қўлларини бўғинигача 2-3 марта ювдилар. Кейин чап қўлда сув олиб, мустаҳаб қилдилар, сўнг ўша қўлларини ерга суртдилар-да, ювиб ташладилар. Шундан сўнг оғиз ва бурун чайқадилар, юзларини, икки қўлларини тирсагигача ювдилар. Кейин баданларига сув қуйдилар. Сўнг четга чиқиб оёқларини ювдилар” (яна қ. 249).
258 - Ҳадис
6-боб Ғуслни хушбўйликлар ишлатишдан бошламоқ 258-ҳадис Ойша (рз.) бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан кейин ғусл қилсалар, ҳилоб (муаттар суюқлик) га ўхшаш бирор хушбўйлик олиб келмоқни буюрар эдилар. Уни кафтларига қуйиб, аввал бошларининг ўнг қисмига, сўнг чап қисмига суртар эдилар” (бир йўла икки кафтлари билан ҳам суртар эдилар, дейишади).
259 - Ҳадис
7-боб Жимоъдан кейин ғусл қилиш вақтида оғиз ва бурун чайқашнинг ҳукми 259-ҳадис Ибн Аббосга Маймуна (рз.) бундай ривоят қилган эканлар: “Расулуллоҳ (сав) га ғусл учун сув қуйиб бердим. Қўлларини ювдилар, кейин олатларини ювдилар, сўнг қўлларини ерга ишқаб, ювиб ташладилар. Сўнг оғиз ва бурун чайқадилар, юзларини ювдилар, бошларидан сув қуйдилар, кейин четга чиқиб оёқларини ювдилар. Сочиқ узатишган эди, артинмадилар” (яна қ. 249 ).
260 - Ҳадис
8-боб Қўлни поклаш учун ерга ишқаламоқ 260-ҳадис Маймуна (рз.) қуйидаги ҳадисни айтдилар: “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан кейин ғусл қилдилар. Аввал олатларини ювдилар, кейин деворга ишқаб, ювиб ташладилар, сўнг намозга таҳорат олгандек, таҳорат олдилар. Таҳорат қилиб бўлгач, оёқларини ювдилар” (яна қ. 249).
261 - Ҳадис
9-боб Жимоъ қилган киши, агар қўлига ифлос тегмаган бўлса, қўлини ювмай туриб сувга тиқиши мумкинми? Ибн Умар ва Баро ибн Озиб (рз.) қўлларини ювмасдан сувга тиқдилар, кейин таҳорат олдилар. Ибн Умар ва Ибн Аббос ғусл қилаётганда бадандан тушаётган сувнинг қисман тоза сувга сачрашининг зарари йўқ, деб ҳисоблашди. 261-ҳадис Ойша (рз.) бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир идишдан сув олиб ювинар эдик, қўлларимизни идишга галма-гал тиқар эдик” (яна қ. 250).
262 - Ҳадис
262-ҳадис Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан сўнг ғусл қилсалар, аввал қўлларини ювар эдилар”, - деганлар.
263 - Ҳадис
263-ҳадис Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав) ва мен жимоъдан сўнг бир идишдан сув олиб, ювинар эдик”, - деб айтганлар.
264 - Ҳадис
264-ҳадис Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Жубайр: “Мен Анас ибн Моликнинг ” Расулуллоҳ (сав) ва хотинлари биргаликда бир идишдан сув олиб, ғусл қилишар эди”, - деганини эшитдим. Шунда Муслим: “Жимоъдан сўнг” сўзини қўшиб қўйди”.
265 - Ҳадис
265-ҳадис Маймуна (рз.) бундай деган эканлар: “Расулуллоҳ (сав)га ғусл қилиш учун сув қуйдим. Шунда қўлларини 2 ёки 3 марта ювдилар, кейин ўнг кафтларига қуйилган сувни чапига олиб, мустаҳаб қилдилар, сўнг чап қўлларини ерга ишқаб, ювиб ташладилар. Шундан кейин оғиз ва бурун чайқадилар, юзларини ва қўлларини ювдилар.бошларини 3 марта ювдилар, кейин бутун баданларига сув қуйдилар. Кейин ўринларидан туриб, четга чиқиб оёқларини ювдилар” (яна қ. 249).
266 - Ҳадис
11-боб Ғуслда аввал ўнг кафтига сув олиб, кейин чап кафтига қуйиш тўғрисида 266-ҳадис Маймуна (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)ни ғусл қилаётганларида бегона кўздан пана қилиб, сув қуйиб турдим. Бир-икки марта қўлларини ювдилар” (Сулаймон: “Ўшанда 3 марта дедиларми, йўқми; билмайман”, - дейди). Кейин Расулуллоҳ (сав) ўнг қўлларига қуйилган сувни чапига олиб, олатларини ювдилар. Сўнгра қўлларини ерга ёки деворга ишқаб, ювиб ташладилар. Шундан кейин оғиз ва бурун чайқадилар, юз-қўлларини, бошларини ювдилар, кейин бутун баданларига сув қуйдилар. Охири четга чиқиб, оёқларини ювдилар. Артингани сочиқ узатсам, қўллари билан “керакмас”, - деб ишора қилдилар, артишни хоҳламадилар” (яна қ. 249).
267 - Ҳадис
12-боб Киши хотини билан бир марта алоқа қилиб, кейин (ғусл қилмасдан) яна алоқа қилиши ёки (ҳамма) хотинларини айланиб чиққач, бир марта ғусл қилиши мумкинми? 267-ҳадис Иброҳим ибн Муҳаммаднинг отаси Ойша (рз.)га: “Ибн Умар хушбўйликлар сепиб эҳромга киришни ёқтирмас эди”, - дебди. Шунда Ойша (рз.): “Аллоҳ таоло Абу Абдураҳмон ибн Умарни раҳматига олсин! Мен Расулуллоҳ (сав)га хушбўйликлар сепар эдим, кейин хотинларининг олдига (жимоъ қилиш учун) кириб чиқар эдилар, чиққанларидан сўнг хушбўй ҳид анқиб турган ҳолда эҳромга кирар эдилар”, - дедилар (яна қ. 270).
268 - Ҳадис
268-ҳадис Анас ибн Молик (рз.): “Расулуллоҳ (сав) кечасими, кундузми бир вақтнинг ўзида ҳамма хотинларини айланиб чиқар эдилар, ваҳоланки, улар 11 та эди”, - дебдилар. Шунда Қатода Анасдан: “Бир вақтнинг ўзида шунчага кучлари етармиди?” – дебдилар. Анас: “Биз саҳобалар, Расулуллоҳга 30 кишининг қуввати берилган, деб сўзлаб юрар эдик”, - дебдилар. “Анас бизга, Расулуллоҳнинг 9 та хотинлари бор, деб айтди”, - дейдилар Саид (демак, 11 хотиндан 2 таси чўри бўлган) (яна қ. 284, 5068, 5215).
269 - Ҳадис
12-боб Мазий (олат учига манийдан олдин келадиган нам) келса, таҳорат жоизми 269-ҳадис Ҳазрат Али (рз.)дан: “Шаҳватим кўп одам эдим, бу ҳақда Расулуллоҳдан сўра, деб бир кишига буюрдим, Расулуллоҳнинг қизлари менга хотин бўлгани учун ўзим сўраёлмадим. Расулуллоҳ: “Олдингни ювиб таҳорат олгин!” – дебдилар”. (яна қ. 132).
270 - Ҳадис
14-боб Ўзига хушбўй нарсалар сепиб, кейин ғусл қилса-ю, баданида ҳиди қолса жоизми 270-ҳадис Иброҳим ибн Муҳаммаднинг отаси Ойша (рз.)дан бир масала хусусида сўраб, Ибн Умарнинг “Баданимдан хушбўй ҳид анқиб турган ҳолда эҳромга киришни ёқтирмайман” деган сўзларини эслатдилар. “Мен Расулуллоҳ (сав)га хушбўй нарсалар суртдим, кейин хотинларини айланиб чиқдилар, сўнг эҳромга кирдилар”, - дедилар Ойша (яна қ. 267).
271 - Ҳадис
271-ҳадис Ойша (рз.)дан: “Мен Расулуллоҳ (сав) эҳромда эканларида пешоналарининг ярқираб турганини кўргандек бўлар эдим” (яъни, баданга суртилган хушбўй ёғ ялтираб турган) (яна қ. 1538, 5918, 5923).
272 - Ҳадис
15-боб Баданнинг ҳаммасини ювиб бўлдим, деб ҳисоблагандан кейин ҳам соч орасига панжани тиқиб ювмоқ 272-ҳадис Ойша (рз.) бундай деганлар: “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан сўнг ғусл қилганларида, аввал қўлларини ювиб, кейин намозга таҳорат олгандек таҳорат олар эдилар. Шундан кейингина ғусл қилишга киришар эдилар. Ҳатто ҳамма еримни ювиб бўлдим, деб ўйлаганларида ҳам сочларининг орасига панжаларини тиқиб, устидан 3 марта сув тиқиб ювар эдилар.
273 - Ҳадис
273-ҳадис Яна Ойша (рз.) айтадилар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) иккаламиз бир идишдан сув олиб ювинар эдик”.
274 - Ҳадис
16-боб Бир киши жимоъдан сўнг таҳорат олса, кейин қолган аъзоларини ювса, таҳоратда ювган жойларини қайтадан ювмаса, жоизми? 274-ҳадис Маймуна (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)га жимоъдан сўнг ғусл қилиш учун сув қуйдим. Ўнг қўлларига сувни чапга олиб, 2 ёки 3 марта мустаҳаб қилдилар. Кейин қўлларини ерга ёки деворга ишқаладилар, 2 ёки 3 марта ювиб ташладилар, кейин оғиз ва бурун чайқадилар, юзларини ювдилар, икки билакларини тирсагигача ювдилар, сўнг бошларига сув қуйдилар, кейин бутун аъзоларини ювдилар (аввал таҳорат аъзолардан ташқари), сўнгра четга чиқиб оёқларини ювдилар. Сочиқ олиб келдим, хоҳламадилар. Қўллари билан сувни сидира бошладилар”.
275 - Ҳадис
17-боб Агар киши масжидда турган вақтда жимоъдан кейин ювинмаганлиги эсига тушиб қолса, шу аҳволда масжиддан чиқиб кетадими ёки таяммум қиладими? 275-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Намозга такбир айтилди, сафлар тўғриланди. Расулуллоҳ (сав) жамоат олдига чиқдилар. Мусаллолари (намозгоҳлари)га келганларида ювуқсиз эканликлари эсларига тушиб қолди. Шунда бизга: “Жойингизда туринглар!” - деб қайтиб кириб кетдилар. Бир оздан сўнг сочларидан сув томганича чиқиб келдилар. Кейин такбири таҳрима айтдилар, биз у киши билан бирга намоз ўқидик” (яна қ. 639, 640).
276 - Ҳадис
18-боб Жимоъдан сўнг ғусл қилганда қўлда қолган сувни силқитмоқ 276-ҳадис Маймуна (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав)ни (бегона кўз тушмаслиги учун) кийим билан тўсиб туриб, ғуслга сув қуйиб бердим. Аввал қўлларини ювдилар, сўнг ўнг кафтларидаги сувни чап кафтларига қуйиб, мустаҳаб қилдилар. Кейин қўлларини ерга ишқалаб, ювиб ташладилар, оғиз ва бурун чайқадилар, юзларини ювдилар, бошлари ва бутун баданларига сув қуйдилар. Кейин ўринларидан туриб, четга чиқдилар-да, оёқларини ювдилар. Сочиқ узатдим,олмадилар, қўлларини сувини силқитиб чиқиб кетдилар” (яна қ. 249).
277 - Ҳадис
19-боб Ғуслни ўнг томондан бошламоқ 277-ҳадис Ойша (рз.) дедилар: “Бирортамизга ғусл лозим бўлиб қолса, қўлга сув олиб 3 марта қуяр эдик. Кейин қўлга сув олиб, аввал ўнг елкага, сўнг чап елкага қуяр эдик”.
278 - Ҳадис
20-боб Хилватда ялонғоч чўмилиш мумкинми? Хилватда панада чўмилмоқ афзалдир! Баҳз ибн Ҳакимнинг бобосига Расулуллоҳ (сав) бундай деган эканлар: “Аллоҳ таоло кишининг одамлардан кўра, ўзидан ҳаё қилишга ҳақлироқдир” (яъни, одамлардан ўзини пана қилиши мумкин-у, лекин Аллоҳдан ўзни пана қилиб бўлиб бўлмайди, (у барибир кўриб туради). 278-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтганлар, дейдилар: “Бани Исроил қавми бир-бирига қараб ялоғоч ювинаверарди. Мусо (ас) ёлғиз ўзлари ювинар эдилар. Шунинг учун ҳам: “Мусонинг биз билан бирга ювинмаслигига сабаб унинг даббалигидир”, - дейишарди. Бир куни Мусо (ас) ювингани бориб, кийимларини бир тош устига ечиб қўйган эдилар, тош кийимларни (Аллоҳ амри билан) олиб қочди. Мусо (ас): “Эй тош, кийимимни бер, кийимимни бер!” – деганларича кетидан қувиб кетдилар. Шу фурсатда Мусо (ас)нинг ялонғоч баданларига кўзи тушган Бани Исроил қавми: “Аллоҳга қасамки, Мусода ҳеч айб (жисмоний айб) йўқ экан”, - деди. Мусо (ас) кийимларини олиб, тошни дўппослай кетдилар: “Аллоҳга қасамки, ўшанда у кишининг зарбидан тошда 6 ёки 7 та дарз пайдо бўлганди”, - дедилар Абу Ҳурайра (яна қ. 3404, 4799).
279 - Ҳадис
279-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)га Расулуллоҳ (сав) бундай деб айтиб берганлар: “Айюб (ас) яланғоч ювинаётган эдилар, устларига тилла чигиртка қўнди. Айюб (ас) (чигирткани) кийимларига яшира бошладилар. Шунда Аллоҳ таоло нидо қилиб: “Эй, Айюб, сени кўриб турганингга (тилла чигирткага, яъни бойликка) эҳтиёжсиз қилган эдимку?!” – деди. “Иззатинг ҳаққи, ҳа эҳтиёжсиз қилгансан, аммо мен сенинг баракотингдан бенасиб эмасман”, - дедилар Айюб (ас)”. Расулуллоҳ (сав) бу ривоятни бежиз айтмаганлар. Бу ерда, ялонғоч чўмилишдан уялгандан кўра, бойликка ружуъ қилишдан уялмоқ керак, деган маъно ётади (яна қ. 3391, 7493).
280 - Ҳадис
21-боб Одамлар бор жойда ўзини панага олиб ғусл қилмоқ 280-ҳадис Абу Толибнинг қизи Умму Ҳониъ бундай деган экан: “Расулуллоҳ (сав)нинг уйларига Макка фатҳ бўлган йили бордим. Расулуллоҳ (сав) ғусл қилаётган эканлар. Қизлари Фотима пана қилиб турган эканлар. Шунда Расулуллоҳ: “Ким бу?” – дедилар. Мен: “Умму Ҳониъман”, - дедим” (яна қ. 357, 3171, 6158).
281 - Ҳадис
281-ҳадис Маймуна (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)ни жимоъдан сўнг ғусл қилаётганларида тўсиб турдим. Аввал қўлларини ювдилар, сўнг ўнг кафтларидаги сувни чапига олиб, олатларини ювдилар, кейин қўлларини ерга ёки деворга ишқаб ювиб ташладилар, кейин намозга таҳорат олгандек таҳорат олдилар, оёқларини ювмадилар. Шундан сўнг бутун баданга сув қуйиб ювиндилар-да, четга чиқиб оёқларини ювдилар”. Абу Ивона ва Ибн Фазил ҳам ғусл қилаётганда ўзини панага олиш хусусида шу ҳадисни зикр қилган (яна қ. 249).
282 - Ҳадис
22-боб Хотин киши иҳтилом бўлиб (булғаниб) қолса... 282-ҳадис Умму Салама бундай деган эканлар: “Абу Талҳанинг хотини Умму Сулайм Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ҳақ нарсадан уялмоқни буюрмайди. Агар хотин киши иҳтилом бўлиб қолса, ғусл лозимми? “ – деб сўрабди. Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Ҳа, агар нам бўлганини кўрса (лозими нам бўлиб қолганини сезса)”, - дебдилар”.
283 - Ҳадис
23-боб Ювуқсиз кишининг (уятдан) терлагани ва мўмин кишининг ювуқсиз юрмаслиги хусусида 283-ҳадис Абу Рофеъ бундай ривоят қиладилар: “Абу Ҳурайра Мадина кўчаларидан бирида Расулуллоҳ (сав)га ювуқсиз ҳолда йўлиқиб қолди. У Расулуллоҳдан ўзини четга олиб, секингина ғойиб бўлди. Бир оздан сўнг ғусл қилиб, қайтиб келганида: “Қаерда эдинг, эй Абу Ҳурайра?” – дедилар. “Ювуқсиз эдим, сиз билан таҳоратсиз ўтиришни лозим кўрмадим”, - деди Абу Ҳурайра. Шунда: “Субҳоналлоҳ, мўмин киши, ҳеч вақт нопок бўлмайди”, - дедилар” (285).
284 - Ҳадис
24-боб Ювуқсиз ҳолда уйдан чиқиб, бозор ва бошқа жойларда юриш мумкинми? Ато (рз.): “Ювуқсиз киши таҳоратсиз қон ва соч олдирса, тирноқ олса бўлади”, - дедилар. 284-ҳадис Анас ибн Моликдан: “Расулуллоҳ (сав) бир кечада ҳамма хотнларига кириб чиқар эдилар, ўша вақтда 9 та хотинлари бор эди”.
285 - Ҳадис
285-ҳадис Абу Ҳурайра бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав)га ювуқсиз ҳолда йўлиқиб қолдим, қўлимдан ушладилар. У киши бир жойга бориб ўтиргунларича бирга бордим, кейин секин ғойиб бўлдим. Ғусл қилиб, қайтиб келдим. У киши ҳали ҳам ўтирган эканлар. “Қаерда эдинг, эй Абу Ҳурайра?” – дедилар. Мен нима қилганимни айтиб бердим. “Субҳоналлоҳ, эй Абу Ҳурайра, мўмин одам нопок бўлмайди”, - дедилар” (яна қ. 283).
286 - Ҳадис
25-боб Ювуқсиз одам таҳорат олиб (ғусл қилмай) ётавериши мумкинми? 286-ҳадис Абу Салама бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав) ювуқсиз ҳолда ётармидилар?” – деб Ойша онамиздан сўрадим. “Ҳа, таҳорат олиб ётар эдилар”.
287 - Ҳадис
26-боб Ювуқсиз кишини ухлаши 287-ҳадис Умар ибн ал-Хаттоб: “Ғусл қилмай ётсак бўладими?” - деб Расулуллоҳ (сав) сўрадилар. “Ҳа, бирортангиз ювуқсиз бўлсангиз, таҳорат олиб ётсангиз бўлади”, - дедилар Жаноб Расулуллоҳ.
288 - Ҳадис
27-боб Ювуқсиз одам таҳорат олиб, кейин ухлайди 288-ҳадис Ойша (рз.) бундай дедилар: “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан сўнг ухламоқчи бўлсалар, тагларини ювиб, намозга таҳорат олгандек таҳорат олиб, сўнг ётардилар”.
289 - Ҳадис
289-ҳадис Ҳазрат Умар ал-Хаттоб Расулуллоҳ (сав)дан: “Ювуқсиз ҳолда ухласак жоизми? – деб фатво сўрадилар. “Ҳа, агар таҳорат олса”, - дедилар Жаноб Расулуллоҳ”.
290 - Ҳадис
290-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умардан: “Ҳазрат Умар ал-Хаттоб Расулуллоҳ (сав)га кечалари булғаниб қолишини айтди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Олатингни ювгин, таҳорат олиб, кейин ухлагин!” – дедилар.
291 - Ҳадис
28-боб Эру хотиннинг олатлари бир-бирига тегса... 291-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав): “Агар эркак киши хотинининг икки оёғи орасига кириб, ҳаракат қилса, ғусл вожиб бўлади” – деганлар.
292 - Ҳадис
29-боб Аёл кишининг олатидан теккан рутубатни ювиш 292-ҳадис Усмон ибн Аффондан: Зайд ибн Холид: “Эр хотинни жимоъ қилса-ю, тўкмаса, нима қилиши керак?” – деб сўради. “Олатини ювиб, намозга таҳорат олгандек таҳорат олсин. Мен буни Расулуллоҳ (сав)дан эшитганман”, - дедилар Усмон ибн Аффон. Зайд ибн Холид: “Мен Али, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Убай ибн Каъб (рз.)лардан сўрадим, улар ҳам шундай дейишди”, - дейдилар. Абу Айюб ҳам худди шу гапни Расулуллоҳ (сав)дан эшитибди”, - дейдилар Урва ибн Зубайр (яна қ. 179). Бу ҳадис мансух экани ҳам айтиб ўтилди.
293 - Ҳадис
293-ҳадис Убай ибн Каъб: “Ё Расулуллоҳ, агар киши хотинини жимоъ қилса-ю, тўкмаса, нима қилиши лозим?” – деб сўладилар. “Хотинидан теккан рутубатни ювиб ташлаб, таҳорат олади, кейин намоз ўқийверади”, - дедилар Жаноб Расулуллоҳ (яна қ. 179). Имом Бухорий: “Ғусл қилмоқ бехавотирроқдир, энг яхшиси шудир. Юқоридаги ҳадисларни эса, ушбу масалада саҳобалар ўртасидаги ихтилофларни кўрсатиш учун баён қилдик”,- дейдилар.
294 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Ҳайз китоби Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (“Бақара” сураси, 222-оят) – дейди. Яҳудийлар ҳайз кўрган хотинини уйидан чиқариб, алоҳида қилиб қўяр эди. Саҳобалар: “Хотинимиз ҳайз кўрса, биз нима қиламиз?” – деб Расулуллоҳдан сўрашди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди. 1-боб Аёллар қачондан бошлаб ҳайз кўра бошлаган Расулуллоҳ (сав): “Бу Одам (ас) қизларининг пешонасига азалдан ёзилгандир”, - деганлар. Баъзи саҳобалар: “Ҳайз аввал Бани Исроилга юборилган эди”, - деганлар. Имом Бухорий: “Расулуллоҳ (сав)нинг айтганлари кенгроқ (энг тўғриси)”, -деганлар. 2-боб Ҳайз кўрган хотинларга буйруқ 294-ҳадис Ойша онамиз (рз.) дедилар: “Фақат ҳажни ният қилиб йўлга чиқдик. Сариф (Макка яқинидаги қишлоқ) деган жойга борганимизда, ҳайз кўрдим. Йиғлаб ўтирганим устига Расулуллоҳ кириб келдилар. “Сенга нима бўлди, ҳайз кўрдингми?”- дедилар. “Ҳа” – дедим. “ҳайз кўриш Аллоҳ таоло Одам қизлари пешонасига ёзган нарсадир, ҳаж амалларини барчасини қилавер, бироқ Каъбатуллоҳни тавоф этмагин!” – дедилар”. Сўнг: “Расулуллоҳ (сав) хотинлари номидан бир сигирни қурбонлик қилдилар”, - деб айтгандилар ўшанда Ойша (рз.) (яна қ. 305, 316, 317, 319, 328, 1516, 1518, 1556, 1560, 1638. 1650, 1709, 2952, 4395, 4401, 5329, 6157, 7229).
295 - Ҳадис
3-боб Ҳайз кўрган хотин эрининг бошини ювиб, сочларини тараб қўйиши мумкин 295-ҳадис Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав)нинг сочларини ҳайз кўрган ҳолимда ҳам тараб қўяр эдим”, - деганлар (яна қ. 296, 301, 2028, 2046).
296 - Ҳадис
296-ҳадис Урвадан: “Ҳайз кўрган ёки ювуқсиз хотин менга хизмат қилиши мумкинми?” – деб сўрашди. Урва: “Буларга мен унчалик аҳамият бермайман. Ҳайз кўрган ҳолда, ювуқсиз ҳам менга хизмат қилишар эди. Мендан бошқа саҳобалар ҳам бу тўғрида бир хил фикрда. Менга Ойша онамиз Расулуллоҳ (сав)нинг сочларини ҳайз кўрган ҳолатда ҳам тараб қўйишларини айтганлар. Расулуллоҳ (сав) масжидда чилла (эътикоф) ўтирганларида, бошларини дарчадан чиқарар эканлар (уйларини дарчаси масжид ичига қараган бўлган). Ойша онамиз ҳужраларида туриб, ҳайз кўрган бўлсалар ҳам, сочларини тараб қўяр эканлар” (яна қ. 295).
297 - Ҳадис
4-боб Ҳайз кўрган хотиннинг қучоғида туриб қироат қилмоқ Абу Воил ўз чўрисини, ҳайз кўрган бўлса ҳам, Абу Разинга хизмат қилмоқ учун юборар эди. Чўри Қуръони каримни ғилофининг ипидан ушлаб, олиб берар эди. 297-ҳадис Ойша (рз.): “Расулуллоҳ (сав) мен ҳайз кўрган бўлсам ҳам, қучоғимга суяниб ўтирган ҳолда қироат қилар эдилар”, - деганлар (яна қ. 7549).
298 - Ҳадис
5-боб “Ҳайз кўрмоқ” иборасини ўрнига “ой кўрмоқ” иборасини қўллаш 298-ҳадис Умму Салама: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) иккаламиз ёнбошлаб ётган эдик, бирдан ҳайз кўриб қолдим. Секингина бағриларидан суғурилиб чиқдимда, ҳайз кийимларимни олдим. “Ой кўрдингми?”- дедилар. “Ҳа”, - дедим. Расулуллоҳ (сав) мени ёнларига чақирдилар. Мен ҳайз кийимида у кишининг ёнларида ётдим” (яна қ. 323, 1929).
299 - Ҳадис
6-боб Ҳайз кўрган хотинни эри қучоқласа бўладими? 299, 300, 301-ҳадислар Ойша (рз.) дейдилар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) иккаламиз ювуқсиз бўлганимизда бир идишда ғусл қилар эдик. Ҳайз кўрганимда эса, менга ҳайз кийимимни кийиб олишни буюрар эдилар, кийиниб олардим, кейин қучоқлардилар. Расулуллоҳ (сав) масжидда эътикофда (чилла ўтиришда) бўлганларида бошларини дарчадан чиқарар эдилар, мен ҳайз ҳолимда бошларини ювиб қуяр эдим” (яна қ. 250, 295, 302, 2030).
300 - Ҳадис
6-боб Ҳайз кўрган хотинни эри қучоқласа бўладими? 299, 300, 301-ҳадислар Ойша (рз.) дейдилар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) иккаламиз ювуқсиз бўлганимизда бир идишда ғусл қилар эдик. Ҳайз кўрганимда эса, менга ҳайз кийимимни кийиб олишни буюрар эдилар, кийиниб олардим, кейин қучоқлардилар. Расулуллоҳ (сав) масжидда эътикофда (чилла ўтиришда) бўлганларида бошларини дарчадан чиқарар эдилар, мен ҳайз ҳолимда бошларини ювиб қуяр эдим” (яна қ. 250, 295, 302, 2030). ***** "Саловот ва истиғфор" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.salovotvi
«
←
2
3
4
5
6
7
8
9
10
→
»