Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
3501 - Ҳадис
3501-ҳадис Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Бу иш (яъни халифалик то қиёмат) Қурайш қабиласи қўлида бўлади (яъни, бўлиши лозим), ҳаттоки улардан икки киши қолгунча”, - дедилар”.
3502 - Ҳадис
3502-ҳадис Жубайр ибн Мутъим ривоят қиладилар: “Мен ва Усмон ибн Аффон Жаноб Расулуллоҳнинг қошларига бордик. Усмон ибн Аффон: “Ё Расулуллоҳ, Бани ал-Мутталиб кишиларига ўлжадан бердингиз, аммо бизга бермадингиз. Аслида биз (яъни Бани Абди Шамс уруғига мансуб мен ва Навфал уруғига мансуб Жубайр ибн Мутъим иккаламиз) ҳамда улар (яъни Бани ал-Мутталиб уруғи) насаб, қариндошлик борасида сизга (яъни Абду Маноф уруғига) нисбатан мавқедамиз”, - дедилар. Шунда у зот: “Дарҳақиқат, Бани Ҳошим ва Бани ал-Мутталиб иккаласи бир нарсадир” – деб жавоб бердилар. (Яъни Бани Абди Шамс, Бани ал-Мутталиб, Бани Навфал ва Бани Ҳошим барчаси Абду Маноф уруғидан келиб чиққан бўлиб, “Бани ал-Мутталибга ўлжа берганим – сизларга ўлжа берганим эмасми?” – деб айтмоқчи бўлдилар шекилли, яна Аллоҳ таоло ўзи яхшироқ билади)”.
3503 - Ҳадис
3503-ҳадис Урва ибн аз-Зубайр (рз.) ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр Бани Зуҳрага мансуб бир гуруҳ кишилар билан Ойша (рз.)нинг ҳузурларига бордилар. Ойша (рз.) уларга Расулуллоҳ (сав)га қариндошликлари туфайли бениҳоят лутфу марҳамат кўрсатдилар” (яна қ. 3505, 6073).
3504 - Ҳадис
3504-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қурайш, ансорлар (яъни Авс, Хазраж), Жуҳайна, Музайна, Аслам, Ашжаъ ва Ғифор қабилалари менинг махсус ёрдамчиларим бўлиб, Аллоҳ таоло билан унинг Расулидан бўлак уларнинг манфаатларига кафиллик қилувчи зот йўқ” – деб марҳамат қилдилар”.
3505 - Ҳадис
3505-ҳадис Урва ибн Зубайр айтдилар: “Ойша (рз.)га пайғамбар (сав) ва Абу Бакр (рз.)дан кейин инсонларнинг энг севимлиси Абдуллоҳ ибн Зубайр эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам Ойшага яхшилик қилувчи одамлардан эди. Ойша (рз.) ўзларига келган Аллоҳнинг ризқини тутиб турмасдан садақа қилар эди. Шунда Абдуллоҳ ибн Зубайр: “Ойша ҳамма нарсани бериб юбормасдан бир қисмини ўзида олиб қолиши керак”, - дедилар. Ойша (рз.): “Мени бу нарсадан тўхтатмоқчими? Менга агар у билан гаплашсам назр вожиб бўлсин” – дедилар. Ойша (рз.)нинг ғазаблари вақасамларининг хабари Абдуллоҳга етгач бир қанча қурайшлик кишилар ва пайғамбар (сав)нинг тоғаларини восита қилиб (Ойшадан) шафоат, яъни кечиришни илтимос қилдилар. Лекин Ойша (рз.) бундан бош тортдилар. Шунда Абдуллоҳ пайғамбар (сав)нинг тоғалари Бани Зуҳралик Абдураҳмон ибн Асвад ибн Абди Яғус ва Мисвар ибн Маҳрамалар қуйидагича маслаҳат беришди: “Биз Ойша (рз.)дан киришга изн сўраганимизда, сен ўзингни парда ортига беркитасан!”. Абдуллоҳ шундай қилди. У икки саҳобанинг воситасида Ойша (рз.) (ундан рози бўлгач) ўнта қул юборди. Ойша ҳаммасини озод қилдилар. Кейин Абдуллоҳ қирқтага етгунча қул юбораверди. Ойша уларни ҳам озод қилдилар. Сўнг Ойша (рз.) айтдилар: “Мен қасам ичсам тез қутуладиган ишни қилишга қасам ичаман!” (* Ҳанафий мазҳабида мутлақ назр қилса, яъни бирор нарсани муайян этмасдан назр қилса қасамни каффорати билан бир хил бўлади).
3506 - Ҳадис
3-боб Қуръон Қурайш тилида нозил бўлган 3506-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Усмон (рз.) Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн ал-Ос ва Абдураҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Ҳишомни ҳузурларига чақирдилар-да, (Қуръон сура ва оятларини жамлаб мусҳафларга кўчиришди. Ўшанда Усмон (рз.) қурайшлик уч котибга (Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн ал-Ос ва Абдураҳмон ибн Собит билан Қуръоннинг бирор сўзи хусусида келиша олмай қолсангизлар, уни Қурайш тилида ёзаверинглар, чунки Қуръон Қурайш тилида нозил бўлган”, - дедилар. Котиблар шундай қилишди” (яна қ. 4984, 4987).
3507 - Ҳадис
4-боб Яман (аҳли)нинг Исмоил (ас)га боғлиқлиги (қариндошлиги) ҳақида 3507-ҳадис Салама (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бозорда камондан ўқ узиб ўзаро мусобақалашаётган Аслам қабиласига мансуб икки гуруҳ кишилар қошига бордилар-да: “Эй Исмоил (ас)нинг авлодлари, отинглар! Дарҳақиқат, бобонгиз Исмоил (ас) ҳам мерган бўлганлар, мен эса икки гуруҳдан бири Бани фалон (яъни Ибн ал-Адраъ гуруҳи) томонидаман” – деб марҳамат қилдилар. Шунда улар (яъни иккинчи гуруҳ хафа бўлиб), отишдан тўхтади. Жаноб Расулуллоҳ: “Уларга нима бўлди?” – дедилар. Иккинчи гуруҳ: “Сиз Бани фалон гуруҳи тарафида бўлгач, биз қандай отардик?” – деди. У зот: “Отаверинглар, мен барчангиз тарафингиздаман!” – деб марҳамат қилдилар”. (* Яман аҳлининг Исмоил (ас)га қариндошлиги шуки, Аслам қабиласи асли яманлик Хузоъа қабиласидан келиб чиққан бўлиб, Исмоил (ас) ана шу Хузоъа қабиласига мансубдирлар).
3508 - Ҳадис
5-боб 3508-ҳадис Абу Зарр (рз.) Расулуллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитган эканлар: “Ўзининг отаси ким эканлигини била туриб бошқа кишини отам деб даъво қилувчи одам кофир бўлади. Шунингдек, ўзи мансуб бўлмаган қавм (қабила, элат)га мансубман деб даъво қилувчи одам ҳам жаҳаннамдан ўзига жой ҳозирлайверсин!” (яна қ. 6045).
3509 - Ҳадис
3509-ҳадис Воил ибн ал-Асқаъ ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Энг катта алдамчилик – кишининг ўз отасидан бўлак одамни отам деб даъво қилиши ёхуд Расулуллоҳ (сав) айтмаган гапни айтганлар деб даъво қилишидир!”
3510 - Ҳадис
3510-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Абдулқайс қабиласи вакиллари Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Биз, (яъни ҳузурингиздаги) бу маҳалла аҳли Рабиъа қабиласига мансубдир. Биз билан сизнинг орангизга Музар қабиласи кофирлари раҳна солиб турибдилар, шу боисдан биз сизнинг ҳузурингизга (қон тўкиш ман қилинган) Ражаб ойидагина кела оламиз. Бизга шундай бир солиҳ амални буюрганингизда эди, биз уни сиздан ўрганиб, ортимиздагиларга ҳам (яъни бола-чақа ва қабиладошларимизга ҳам) ўргатар эдик!” – дейишди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ уларга бундай деб марҳамат қилдилар: “Сизларга тўрт нарсани буюраман ва сизларни тўрт нарсадан қайтараман: “Ла илаҳа иллаллоҳу” деб гувоҳлик бериб, Аллоҳ таолога имон келтиринглар, беш вақт намоз ўқинглар, закот беринглар ҳамда олган ўлжангизнинг бешдан бир қисмини Аллоҳ таоло йўлида инъом этинглар! Сизларни дуббоъ, хантам, нақир ва музаффат каби идишларда ичимлик тайёрлашдан қайтараман”. (* “Хантам” – яшил ва қизил кўза бўлиб, сопол, чинни ёки шишадан қилинган. “Дуббоъ” – қоқоқдир. “Нақир” – хурмо дарахти илдизидан тайёрланадиган идиш бўлиб, “Музаффат” мўмланган ёғоч идишдир).
3511 - Ҳадис
3511-ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) минбарда туриб: “Дарвоқе, фитна анави томонда, шайтоннинг икки шоҳи чиқадиган ерда” – дея машриқ томонга ишора қилдилар”.
3512 - Ҳадис
6-боб Аслам, Ғифор, Мухзайна, Жуҳайна ва Ашжаъ қабилалари баёни 3512-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қурайш, ансорлар, Жуҳайна, Музайна, Аслам ва Ғифор менинг махсус ёрдамчиларимдир, Аллоҳ таоло ва унинг Расулидан бўлак уларнинг манфаатларига кафиллик қилувчи зот йўқдир”, - деб марҳамат қилдилар” (* Бухорийда Абдуллоҳ деб отаси зикр қилинмаса, фақат Абдуллоҳ ибн Масъуд тушинилади).
3513 - Ҳадис
3513-ҳадис Абудуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) минбарда туриб: “Аллоҳ таоло Ғифорнинг (жоҳилият даврида талаб орттирган гуноҳини) мағрифат қилсин! Аллоҳ таоло Асламни (душманлар билан келишувчилик ҳамда жангда қочишдан сақласин! Усаййа эса (Биъру Маъунада қориларни ўлдириб) Аллоҳ таоло билан унинг Расулига осийлик қилди”, - деб марҳамат қилдилар”.
3514 - Ҳадис
3514-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло Асламни (душман билан келишувчилик ва жангдан қочишдан) саломат сақласин! Аллоҳ таоло Ғифорнинг (жоҳилият даврида ҳожиларни талаб орттирган гуноҳини) мағрифат қилсин!” – деб марҳамат қилдилар”.
3515 - Ҳадис
3515-ҳадис Абдураҳмон ибн Бакра оталаридан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Сизлар Жуҳайна, Музайна, Аслам ва Ғифор қабилаларини Бани Тамим, Бани Асад, Бани Абдуллоҳ ибн Ғатофон ва Бани Омир ибн Саъсаъа қабилаларидан яхшироқ бўлган – деб ўйладингизларми?” – дедилар. Шунда бир киши (яъни Ақраъ ибн Ҳобис): “Улар омадсизликка учраб, ўзларига зарар қилдилар”, - деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Улар Бани Тамим, Бани Асад, Бани Абдуллоҳ ибн Ғатофон ва Бани Омир ибн Саъсаъа қабилаларидан барибир яхшироқдирлар, чунки улар булардан илгарироқ Исломга кирганлар”, - дедилар” (яна қ. 3516, 6635).
3516 - Ҳадис
3516-ҳадис Абу Бакра (рз.) ривоят қиладилар: “Ақраъ ибн Ҳобис Расулуллоҳ (сав)га: “Дарҳақиқат сизга Аслам , Ғифор, Музайна (менимча, ва “Жуҳайна” деб ҳам атаганди) қабилаларидан чиққан ҳожилар ўғрилари (яъни ҳожиларни талайдиган қароқчилар) эргашишди (ёки “байъат қилиши”)” – деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Сизлар: “Агар Аслам, Ғифор, Музайна ва Жуҳайна қабилалари Бани Тамим, Бани Омир, Асад ва Ғатофон қабилаларидан яхшироқ бўлганларида йўлдан озармидилар?!” – деб ўйладингизларми?” – дедилар. Ақраъ: “Ҳа, (улар хатога йўл қўйиб йўлдан оздилар)” – деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Жоним қўлида бўлган зот ҳақи! Улар (яъни Аслам, Ғифор, Музайна ва Жуҳайна қабилалари Исломга илгарироқ кирганлари учун) булардан яхшироқдирлар” – деб марҳамат қилдилар”.
3517 - Ҳадис
7-боб Қаҳтон ҳақида 3517-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қаҳтон қабиласига мансуб бир киши (подшоҳ) чиқиб, одамларни таёғи билан (пода ҳайдагандек) ҳайдамагунча Қиёмат бўлмайди” – деб марҳамат қилдилар”.
3518 - Ҳадис
8-боб Жоҳилият даври даъвосидан кейин қайтиш (жоҳилят даври одатларини тарк этиш) лозимлиги хусусида 3518-ҳадис Жобир (рз.) ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (сав) билан бирга ғазот қилдик (Мурайсиъ ғазоти назарда тутилаяпти). Шунда у зотнинг чодирлари атрофига кўпчилик муҳожирлар келиб тўпланди, улар орасида Жаҳжоҳ ибн Қайс номли бир муҳожир ҳам бўлиб, у жуда шўх ва серҳазил одам эди. Ўша муҳожир ҳазиллашиб бир ансорийнинг кетига урган эди, ансорий қаттиқ дарғазаб бўлиб: “Эй ансорлар!” – деб ансорларни ёрдамга чақирди. Бояги муҳожир ҳам: “Эй муҳожирлар!” – деб муҳожирларни ёрдамга чақирди. (Бу одат Исломга зид бўлиб, жоҳилият даврида турли қабилаларга мансуб икки киши урушиб қолса, ҳар бири ўз қабила аъзоларини ёрдамга чақирар эди). Расулуллоҳ (сав) (шовқин-суронни эшитиб чодирларидан) чиқдилар-да: “Нега жоҳилият даврига мансуб (хос) даъво қилинаяпти?” – дедилар, сўнг: “Уларга нима бўлди?” – дедилар. Одамлар бир муҳожир билан бир ансорий уришиб қолганини хабар қилишган эди, у зот: “Жоҳилият даврини даъвосини қўйинглар, чунки у ифлослар (яъни жоҳилият аҳлига мансуб даъво ифлос бўлиб, у одамларни ноўрин дарғазаб бўлишга, ноҳақ уруш ва қотиллик қилишга ундаб, жаҳаннам сари етаклайди)” – деб марҳамат қилдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ансорийларга: “Ҳали муҳожирлар бизларга қарши чиқишдими?!” Шошмай туришсин, биз Мадинага қайтайлик, зиёда иззатли (қудратли) одамлар (яъни “мен” демоқчи) тубанларни (яъни “Расулуллоҳ билан саҳобаларини” демоқчи) у ердан, албатта, ҳайдаб чиқарамиз!” – деди. Ҳазрат Умар: “Ё Расулуллоҳ! Бу ифлос Абдуллоҳ ибн Убайни ўлдирмаймизми?” – дедилар. У зот: “Йўқ, одамлар: “У ўз саҳобаларини ўлдирар эди” – деб айтишади”, - дедилар” (яна қ. 4905, 4907).
3519 - Ҳадис
3519-ҳадис Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Бирор кимсаси ўлганда ёноқларидан уриб ёрган, ёқасини йиртган ва жоҳилият даъвосини қилган (яъни Исломдан олдинги одамлар каби дод-вой қилиб йиғлаган) киши биздан эмас!” (яъни “Бизнинг суннатимиз аҳлидан эмас) – деб марҳамат қилдилар”.
3520 - Ҳадис
9-боб Хузоъа қиссаси 3520-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Амр ибн Луҳай ибн Қамъа ибн Хиндаф Хузоъа қабиласининг отасидир”, - дедилар”.
3521 - Ҳадис
3521-ҳадис Зуҳрий айтдилар: “Мен Саид ибн Мусайябдан эшитдим, у зот айтдилар: “Баҳира бутларга атаб миниш ва соғиб ичишдан тўхтатилган туя бўлиб, уни ҳеч ким соғишга ҳаққи йўқ. Соиба эса бутларга атаб назр қилинган туяга айтилади”. Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мен Амр ибн Омир ибн Луҳай ал-Хузоъийни жаҳаннамда ўз ичак-чавоқларини судраб келаётган ҳолда кўрдим, у биринчи бўлиб (Исмоил (ас)нинг динларини ўзгартириб, бутларга сиғинишни жорий этган ҳамда) урғочи туяларни бутларга назр қилган одамдир”, - дедилар”.
3522 - Ҳадис
10-боб Абу Зарр Ғифорий (рз.)нинг Исломга киргани ҳақида қисса 11-боб Замзам қиссаси 3522-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Зарр бундай дедилар: “Мен Ғифор қабиласига мансуб бир киши эдим. Бир куни Маккада бир одамнинг ўзини пайғамбар деб таъкидлаётгани ҳақида бизга хабар етиб келди. Шунда мен укамга: “Ўша одамнинг қошига бориб, у билан гаплашганда, у ҳақида менга хабар олиб келгин!” – дедим. Укам у томон йўлга чиқди-да, у билан учрашгач, қайтиб келди. Мен унга: “Қандай хабар келтирдинг?” – дедим. Укам: “Аллоҳ таоло ҳақи, мен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчи кишини кўрдим”, - деди. Мен унга: “Мени (жаҳолат дардидан) халос қиладиган хабар жавоб келтирибсан!” – дедим. Сўнг, тўрва билан таёқни олдим-да, Макка томон йўлга тушдим. Ўзимни гўёки, у кишини билмайдиган (яъни у киши ҳақларида мутлақо ҳеч нарса эшитмаган) ҳамда у кишини қидириб суриштирмаётган, фақатгина замзам сувидан ичиб, масжидда бўлиб қайтадиган бир одам қилиб кўрсатар эдим. Бир маҳал Али ёнимдан ўтиб кетаётиб: “Мусофир одамга ўхшайсизми?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, - дедим. Ҳазрат Али: “Уйга боринг!” – дедилар. Мен у киши билан бирга индамай кетавердим, на у киши мендан бирор нарса сўрадилар ва на мен у кишига бирор нарса дедим. Эрталаб уйғонгач, у зот ҳақларида суриштирмоқчи бўлиб, барвақт масжидга чиқдим, аммо бу хусусда менга хабар берувчи бирор одам топилмади. Шу аснода Ҳазрат Али ёнимга келиб: “Киши турар жойини билиб олиши лозим бўлган вақт келмадими?” (яъни бирор бошпана топдизми?” – дедилар. Мен: “Йўқ”, - дедим. Ҳазрат Али: “Юринг, мен билан!” – дедилар. Сўнг, йўлда кетаётиб: “Қандай ишингиз бор, бу шаҳарга қандай юмуш билан келдингиз?” – деб сўрадилар. Мен: “Агар сиримни яширсангиз, айтаман”, - дедим. Ҳазрат Али: “Албатта, шундай қиламан!” – дедилар. Мен Ҳазрат Алига: “Бизга хабар келдики, шу ерда бир киши чиқиб, ўзини пайғамбар, деб таъкидлаётган экан. Мен укамни жўнатдим, аммо у мени жаҳолат давридан халос этадиган бирор жавоб олиб келмади. Шу боисдан у зотга шахсан ўзим учрашмоқчи бўлиб йўлга чиқдим”, - дедим”. Шундан сўнг, Ҳазрат Али Абу Заррга: “Сиз тўғри йўлдасиз, мен ҳозир у зотнинг қошларига кетаяпман келаверинг, қаерга кирсам, сиз ҳам ўша ерга киринг, агар хавфсирайдиган бирор бегона одамни кўриб қолсам, сизни огоҳлантириш учун гўёки пойабзалимни тўғрилаётгандек бўлиб девор тагида тўхтаб тураман, шунда сиз ўтиб кетаверасиз!” – дедилар. “Ҳазрат Али юриб кетавердилар, мен ҳам у киши билан бирга боравердим, - деб деб давом этадилар Абу Зарр, ниҳоят биз биргалашиб Расулуллоҳ (сав)нинг қошларига кириб бордик. Шунда мен Жаноб Расулуллоҳга: “Менга Исломни баён қилинг!” – дедим. У зот баён қилдилар. Мен дарҳол имон келтириб Исломни қабул қилдим. Сўнг, у зот менга: “Эй Абу Заррр, бу ишни (яъни, мен билан учрашганингни ва Исломга кирганингни) сир сақла, юртингга қайт, агар бизни ошкор чиққанимизни (яъни очиқдан-очиқ Исломга даъват қилаётганимизни) эшитсанг, бу ерга қайтиб кел!” – дедилар. Мен: “Сизни ҳақ дин билан юборган зот ҳақи, мени ҳозироқ уларнинг (мушрикларнинг) ўртасида рўй-рост айтаман!” – дедим”. Шундан сўнг, Абу Зарр Қурайш мушриклари ўтирган масжидга (ибодатхонага) бордилар-да: “Эй Қурайш жамоаси, дарҳақиқат мен: “Ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу!” – деб шаҳодат келтирдим”, - дедилар. Шунда улар (Қурайш мушриклари): “Туринглар, анави динидан қайтганнинг олдига боринглар!” – дейишди. “Улар ўринларидан туришиб, мени ўлар даражада калтаклашди, - деб давом этадилар Абу Зарр, - хайриятки, Аббос етиб келиб, устимга энгашдилар-да, мени улардан пана қилдилар. Сўнг, уларга қайрилиб қараб: “Шўрингиз қурсин! Ғифор қабиласига мансуб кишини ўлдирасизларми, ахир савдо карвонингиз ҳам, ўзларингиз ҳам Ғифор қабиласи ери орқали ўтасизлар-ку?!” – дедилар. Давоми: https://telegra.ph/3522-hadis-02-17
3523 - Ҳадис
12-боб Замзам қиссаси ва арабларнинг жоҳиллиги ҳақида 3523-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.): “Аслам ва Ғифор қабилалари ҳамда Музайна ва Жуҳайна қабилаларининг айрим кишилари Аллоҳ таоло наздида (ёки Қиёмат куни) Асад, Тамим, Ҳавозин ва Ғатовон қабилаларидан яхшироқдирлар”, - дедилар.
3524 - Ҳадис
3524-ҳадис Ибн Аббос (рз.): “Агар арабларнинг нодонлигини билишни истасанг, у ҳолда “Анъом” сурасидаги 130 дан баланд (яъни 130 дан катта рақамли) қуйидаги оятларни ўқигин!” – дедилар: “Ўз болаларини билмасдан жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатдан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” (“Анъом” сураси, 140 оят).
3525 - Ҳадис
13-боб Насл-насабини Ислом ёки жоҳилият давридаги аждодлари номи билан боғлаган зот ҳақида Ибн Умар ва Абу Ҳурайра: “Расулуллоҳ (сав): “Дарҳақиқат, Карим ўғли карим ўғли карим ўғли каримдир, яъни Иброҳим Халилуллоҳ ўғли Исҳоқ ўғли Яъқуб ўғли Юсуф уларнинг шарафлироғидир” – деб айтдилар” – дейишади. Баро (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Мен Абдулмутталиб ўғлиман” – деб айтдилар”, - дейдилар. 3525-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Аллоҳ таолонинг “Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (“Шуаро” сураси, 214-оят) деган ояти каримаси нозил бўлганда Расулуллоҳ (сав) Қурайшга мансуб қабилаларни: “Эй Фиҳр авлодлари! Эй Адий авлодлари!” – деб чақира бошладилар”.
3526 - Ҳадис
3526-ҳадис Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: “Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (“Шуаро” сураси, 214-оят) деган ояти каримаси бўлганда Расулуллоҳ (сав) ҳар бир қабилани (ўз бобокалони) номи билан чақира бошладилар”.
3527 - Ҳадис
3527-ҳадис Абу Ҳурйара (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бундай дедилар: “Эй Абду Маноф авлодлари, ўзларингизни Аллоҳ таолодан сотиб олинглар (яъни “Исломга кириб, ўзларингизни Аллоҳ таолонинг азобидан халос қилинглар!”). Эй Абдумутталиб авлодлари, ўзларингизни Аллоҳдан сотиб олинглар! Эй Расулуллоҳнинг аммаси Умму Зубайр ибн Аввом, эй Муҳаммад қизи Фотима, ўзларингизни Аллоҳ таолодан сотиб олинглар! Бу дунёда мол-дунёимдан истаган нарсаларингизни сўранглар-у, аммо Қиёматда сизларни Аллоҳ таолонинг азобидан заррача ҳимоя қилмайман!”. (* Пайғамбаримиз (сав) инсон ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто пайғамбар фарзанди бўлганида ҳам, охират азобидан халос бўла олмаслигини уқтирадилар).
3528 - Ҳадис
3528-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) ансорларни чақириб: “Ораларингизда ўзларингиздан бўлак бирор бегона одам борми?” – дедилар. Улар: “Синглимизнинг ўғлидан бўлак ҳеч кимимиз йўқ”, дейишди. Шунда жаноб Расулуллоҳ: ”Дарҳақиқат, қавм синглисининг ўғли улардандир (яъни “бегона эмас”)” – деб марҳамат қилдилар”.
3529 - Ҳадис
14-боб Ҳабашлар қиссаси ва Расулуллоҳ (сав)нинг “Эй Бани Арфида!” деб марҳамат қилганлари хусусида 3529-ҳадис Урва (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Бакр (рз.) Мино кунларидан бирида (қизлари) Ойшанинг ҳузурига кирдилар, шунда у ерда икки қизалоқ доира чалиб (қўшиқ айтишаётган эди). Расулуллоҳ (сав) эсалар кийимларини устларига ташлаб ётган эдилар. Абу Бакр (рз.) бояги икки қизалоқни (доира чалиб, ашула айтаётганлари учун) койидилар, Расулуллоҳ (сав) кийимларини юзларидан тортиб: “Эй Абу Бакр, уларни ўз ҳолига қўйинг, Мино кунлари байрам кунларидир!” – дедилар”.
3530 - Ҳадис
3530-ҳадис Ойша (рз.): “(Бир куни) мен (ҳужрам эшиги остонасида) Расулуллоҳ (сав)нинг турганларини кўрдим. Шунда мен бир гуруҳ ҳабашларнинг масжид ҳовлисида ўтказаётган (ҳарбий) машқни тамоша қилаётган эдим. Расулуллоҳ (сав) эсалар бегоналар кўзи тушмасин, деб мени тўсиб турган эканлар. (Шу аснода) Ҳазрат Умар келиб қолдилар-да, уларни урушиб бердилар. Шунда Жанаб Расулуллоҳ: “Эй Умар, уларни ўз ҳолига қўй! Эй Арфида авлодлари, бемалол машқ қилаверинглар!” – дедилар”.
3531 - Ҳадис
16-боб Ўз насабининг (қариндошларини) ҳақорат қилинмаслигини хушлаган зот ҳақида 3531-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “(Шоир) Ҳассон Расулуллоҳ (сав)дан мушрикларни ҳажв қилмоққа руҳсат сўради. Шунда у зот: “Менинг насабимни қандай (яъни, “Қурайш мушриклари менинг қариндошларим бўла туриб, уларни қандай ҳажв қиласан?)” – дедилар. Ҳассон: “Ҳамирдан қилни суғуриб олгандек, сизни улардан ажратиб оламан”, - деди”. Ҳишом оталаридан нақл қиладилар: “Мен Ойшанинг ҳузурларида Ҳассонни сўка бошладим. Шунда Ойша: “Уни сўкмагин, чунки у Расулуллоҳ (сав)ни (ўз шеърлари билан) ҳимоя қилар эди”, - дедилар” (яна қ. 4145, 6150).
3532 - Ҳадис
17-боб Расулуллоҳ (сав)нинг исмлари хусусидаги ҳадислар Аллоҳ таолонинг каломи: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир” (“Аҳзоб” сураси, 40-оят) Аллоҳ таолонинг “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шавқатлидирлар” (“Фатҳ” сураси, 29-оят) Аллоҳ таолонинг каломи: “Эсланг, Исо билан Марям: “Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”, - деган эди” (“Саф” сураси, 6-оят). 3532-ҳадис Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъим оталаридан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Менинг (илгариги умматлар яхши билган) беш исмим бор. Мен Муҳаммад ва Аҳмадман, мен ал-Моҳийман, (яъни) Аллоҳ таоло менинг воситам билан куфрни маҳв қилди, мен ал-Ҳоширман, (яъни Қиёмат куни биринчи бўлиб) оёққа турганимда одамлар атрофимда тўпланадилар ва мен ал-Оқибман, (яъни мен пайғамбарларнинг энг сўнггисиман)”, - деб марҳмат қилдилар” (яна қ. 4896).
3533 - Ҳадис
3533-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таолонинг Қурайш кофирлари ноҳақ отаётган ҳақорату лаънат тошларини қай йўсинда мендан қайтариб, уларнинг ўзларига йўналтираётганидан ажабланмайсизларми? Улар мен “Муҳаммад” – “ғоятда мақтовга сазовар” дейиш ўрнига, “Музаммам” (“Лаънати, нафратли”) деб ҳақорат қиладилар, “Музаммам” деб лаънатлайдилар, мен эса бениҳоят мақтовга сазовор Муҳаммадман!” – деб марҳамат қилдилар”.
3534 - Ҳадис
18-боб Хотамун-набиййийн (сав) хусусларида 3534-ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мен ва (мендан илгари) пайғамбарлар шунга ўхшаймизки, бир киши биргина ғиштдан бўлак барча ерларини мукаммал ва чиройли қилиб бир ҳовли-жой бунёд қилди. Кейин, одамлар ўша ҳовли-жойга киришиб, (унинг гўзаллигидан) ажабланишди-да: “Қани энди, (ҳовлининг биноси шу) биргина ғишт ҳам қўйилган бўлганида эди!” – деб айтишади”, - дедилар”. (Яъни: “Мен ўзимдан илгариги пайғамбарлар бошлаган ишни ниҳоясига етказувчи, ўша сўнгги биргина ғиштни ўрнига қўйиб, бино қурилишини тугалловчиман”, - деб айтмоқчилар. Жаноб Расулуллоҳ ҳовли-жой қурган бир киши мисолида ўзларидан илгариги барча пайғамбарлар сиймосини умумлаштирмоқдалар).
3535 - Ҳадис
3535-ҳадис Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мен ва мендан илгариги пайғамбарлар шунга ўхшаймизки, бир киши бурчакдаги биргина ғиштдан бўлак барча ерларини мукаммал ва чиройли қилиб бир ҳовли-жой бунёд қилди. Кейин, одамлар ўша ҳовли жойни зиёрат қилгани киришиб, унинг гўзаллигидан ҳайратланишди-да: “Мана бу (ердаги) ғишти ҳам қўйилган бўлганида эди!”, - деб айтишди. Мен эса, биргина ғиштни ўрнига қўйиб, чала қолган бинони қуриб битказувчиман ва мен пайғамбарларнинг энг сўнггисиман”, - деб марҳамат қилдилар”.
3536 - Ҳадис
19-боб Расулуллоҳ (сав)нинг вафотлари ҳақида 3536-ҳадис Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) олтмиш уч ёшда вафот қилдилар” (яна қ. 4466).
3537 - Ҳадис
20-боб Расулуллоҳ (сав)нинг кунялари (лақаблари) ҳақида 3537-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бозорда эдилар, бир киши у зотга: “Ё Абулқосим!” – деб мурожаат қилди. Шунда у зот унга ўгирилиб қарадилар-да: “(Қосимнинг отаси) деб куням билан эмас, балки (Муҳаммад) деб исмим билан атанглар!”- дедилар.
3538 - Ҳадис
3538-ҳадис Жобир (рз.) Пайғамбар (сав)дан ривоят қиладилар: “У зот айтдилар: “Мени исмим билан номланглар, куням билан чақирманглар!”
3539 - Ҳадис
3539-ҳадис Ибн Сийфин айтадилар: Абу Ҳурайрани шундай деганларини эшитдим: “Абул Қосим (сав) айтдилар: “Исмим билан атанглар, куням билан эмас!”.
3540 - Ҳадис
21-боб 3540-ҳадис Тўқсон тўрт ёшда бўлсаларда, ҳали бақувват, қоматлари тик Соиб ибн Язид (рз.) ривоят қиладилар: “Қулоқларим билан эшитиб, кўзларим билан кўрган барча нарсаларга Расулуллоҳ (сав)нинг дуолари туфайлигина эришганимни англаб етдим. Дарҳақиқат, (бир куни болалигимда) холам мени у зотнинг ҳузурларига олиб бордилар-да: “Ё Расулуллоҳ, синглимни ўғли бетоб бўлиб қолди, Аллоҳ таолодан шифо сўраб уни дуо қилинг!” – дедилар. Шунда у зот мени дуо қилдилар!”.
3541 - Ҳадис
22-боб Пайғамбарлик муҳри ҳақида 3541-ҳадис Соиб ибн Язид (рз.) ривоят қиладилар: “Холам мени Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига олиб бордилар-да “Ё Расулуллоҳ, синглимнинг ўғли бетоб бўлиб қолди”, - дедилар. Шунда у зот (муборак қўллари билан) бошимни силаб туриб, менга баракот тилаб дуо қилдилар. Сўнг, таҳорат олдилар, мен (муборак баданларидан томаётган) таҳорат сувидан ичдим. Кейин, орқа томонларига ўтиб турган эдим, икки кураклари орасида (каклик тухумидек келадиган) пайғамбарлик муҳри борлигини кўрдим”.
3542 - Ҳадис
23-боб Расулуллоҳ (сав)нинг сифатлари хусусида 3542-ҳадис Уқба ибн ал-Ҳорис (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Бакр ас-Сиддиқ (рз.) аср намозини ўқидилар, сўнг (масжиддан) чиқиб (уйлари томон) йўлга тушдилар. Ҳазрат Али (рз.) ҳам ёнларида эдилар. Бир вақт Абу Бакр ас-Сиддиқ (рз.) бир тўда болалар билан ўйнаб юрган Ҳасанга кўзлари тушди-да, уни елкаларига кўтариб олгач: “Отам ҳаққи-ҳурматлари, бу Жаноб Расулуллоҳга ўхшайди, аммо Алига ўхшамайди-ку!” – дедилар. Шунда Ҳазрат Али (у кишининг гапларини тасдиқлаб) кулиб қўйдилар” (яна қ. 3750). (* Пайғамбар (сав)га ўхшаган саҳобалар бешта бўлган: 1. Жаъфар ибн Абу Толиб, 2. Ҳасан ибн Али, 3. Қусам ибн Аббос (қабрлари Самарқандда Шоҳизинда ичида), 4. Абу Суфён ибн Ҳорис, 5. Соиб ибн Абид).
3543 - Ҳадис
3543-ҳадис Абу Жуҳайфа (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)ни кўрдим, (набиралари) Ҳасан ибн Али у зотга ўхшар экан” (яна қ. 3544).
3544 - Ҳадис
3544-ҳадис Исмоил ибн Али Холид Абу Жуҳайфадан нақл қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)ни кўрдим, (набиралари) Ҳасан ибн Али у зотга ўхшар экан”, - дедилар Абу Жуҳайфа. Мен Абу Жуҳайфага: “У зотнинг қиёфаларини менга тасвирлаб беринг!” – дедим. Абу Жуҳайфа: “Оқ юзли ва соқоллари мош-гурунч эканлар. Ўшанда у зот бизга ўн учта урғочи туя беришни амр қилдилар, аммо биз ўша туяларни олгунимизга қадар вафот этиб қолдилар”. (* Абу Бакр ас-Сиддиқ (рз.) халифа бўлгач, ўша ваъда қилинган туяларни уларга берганлар).
3545 - Ҳадис
3545-ҳадис Ваҳб Абу Жуҳайфа ас-Савоий ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)ни кўрдим, шунингдек, у зотнинг пастки лабларини остидан ияклари (соқоллари)нинг оқариб турганини ҳам кўрдим”. (Шу вақтда соқолларининг бор-йўғи ўн еттита оқи бўлган).
3546 - Ҳадис
3546-ҳадис Ҳариз ибн Усмон Расулуллоҳ (сав)нинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Бусрдан: “Сиз Расулуллоҳ (сав)ни кўрдингизми, у зот кекса эканларми?” – деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Буср: “Иякларида (бир қанча) оқ мўйлари бор эди” – деб жавоб қилдилар”.
3547 - Ҳадис
3547-ҳадис Рабийъа ибн Абдураҳмон ривоят қиладилар: “Мен Анас ибн Моликнинг Расулуллоҳ (сав)нинг қиёфаларини тасвирлаётиб бундай деб айтганларини эшитдим: “Расулуллоҳ (сав) ўрта бўйли бўлиб, новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар. Ранглари оқ-қизил, ўта оқ ҳам, ўта қора ҳам эмасдилар. Сочлари жингалак ҳам, силлиқ ҳам бўлмай, (елкаларига) ташлаб қўйилган эди. У зот, ваҳий нозил бўлганда, қирқ ёшда эдилар. Маккада ўн йил турдилар, шу вақт ичида у зотга ваҳий нозил бўлиб турди, Мадинада ҳам ўн йил яшадилар. Вафот қилганларида бошларининг ҳам, соқолларининг ҳам лоақал йигирмата оқ йўқ эди”. Рабиъа ибн Абу Абдураҳмон: “Кейинчалик мен Расулуллоҳ (сав)нинг соч толаларидан бирини кўрдим, у қизғиш экан. Шунда (нега бундайлигини сўраган эдим, хўшбўйликлар таъсирида шундай ранг касб қилганини айтишди” (яна қ. 3548, 5900).
3548 - Ҳадис
3548-ҳадис Бу ерда олдинги 3547-ҳадис айнан такрорланган. Фақат Рабиъанинг кейинги сочлари ҳақидаги қўшимчалари зикр қилинган.
3549 - Ҳадис
3549-ҳадис Баро (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) одамларнинг энг юзи чиройлиси ва энг хулқи гўзали эдилар. Бўйлари бошқалардан фарқ қиладиган даражада новча ҳам, пакана ҳам эмас эди”.
3550 - Ҳадис
3550-ҳадис Қатода (рз.) ривоят қиладилар: “Мен Анасдан: “Расулуллоҳ (сав) сочларини буяганмилар?” – деб сўрадим. Анас: “Йўқ, чунки икки чаккаларигина оз оқарган эди”, - дедилар” (яна қ. 5894, 5895).
«
←
67
68
69
70
71
72
→