Бош саҳифа
Намоз ўқиш
Кичик суралар
Дуолар
Ҳадислар
Саловот
Истиғфор
1 - Ҳадис
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 1-боб Расулуллоҳ (сав)га ваҳий кела бошлагани ҳамда Аллоҳ таолонинг “(Эй, Муҳаммад!) албатта, Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби Сизга ҳам ваҳий юбордик” (“Нисо” сураси, 163-оят) – деган сўзи хусусида. 1-ҳадис Яҳё ибн Саид ривоят қиладилар: “Умар ибн ал-Хаттоб минбарда турганларида: “Расулуллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитганман”, - дедилар: “Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга қараб бўлур. Ҳар кимнинг нияти бор. Кимнинг нияти ҳижратдан дунё топиш бўлса, дунёга эришар, кимнинг нияти хотин олиш бўлса, унга никоҳланади. Демак, не ниятда ҳижрат қилган бўлса, ўша эътиборга олинади”.
2 - Ҳадис
2-боб 2-ҳадис Ҳорис ибн Ҳишом (рз.) Расулуллоҳ (сав) дан: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?”, - деб сўради. Расулуллоҳ (сав): “Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келарди. Кучли ваҳий келганда шундай бўларди. Шунда мен бутун борлиқни унутиб, ваҳий сўзларини уқиб олардим. Баъзан эса, инсон қиёфасидаги фаришта менга ваҳий келтирар ва мен унинг айтганларини ёдлаб олар эдим“, - деб жавоб қилдилар. Ойша (рз.): “Қаттиқ совуқ кунларнинг бирида у зотга ваҳий келганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у киши бутун борлиқни унутган ҳолатда бўлиб, пешоналари қаттиқ терлаб кетган эди”, -деб айтдилар (яна қ. 3215).
3 - Ҳадис
3-боб 3-ҳадис Урва ибн Зубайр Ойша онамиздан бундай деб нақл қиладилар: “Дастлабки ваҳий Расулуллоҳ (сав)га уйқуларида соф туш тарзида нозил бўлган эди. Кейин, не туш кўрсалар субҳи содиқдек тўғри келаверди. Шундан сўнг, Расулуллоҳ ёлғизликни хушлайдиган бўлиб қолдилар. Оилаларини тарк этиб, ёлғиз ўзлари, Ҳиро ғорида қаторасига бир неча тун тоат-ибодат қилиб чиқар эдилар. Шу боисдан ҳам ўзлари билан егулик олиб чиқиб кетардилар. Егуликлар тугагач, Хадичанинг ҳузурларига келиб, яна таом олиб тоққа кетар эдилар. Ҳақиқатга етишгунларига қадар бундай ҳолат такрорланаверди. Бир куни одатдагидек Ҳиро ғорида ибодат билан машғул бўлиб ўтирганларида ҳузурларига бир фаришта келиб: ”Иқраъ (ўқи)!” – деб айтди. “Ўқий олмайман”, дедим, - дедилар Расулуллоҳ (сав), - шу пайт у мени бағрига қаттиқ босди, ҳатто мен хириллаб қолдим. Кейин, мени қўйиб юборди-да, яна: “Ўқи!” – деди. Мен “Ўқий олмайман”, - дедим, у мени иккинчи бор бағрига босди, сўнг яна қўйиб юборди-да: “Ўқи!” – деди. Мен эса “Ўқий олмайман”, - деб жавоб қилдим. У учинчи марта мени бағрига босди, мен тағин хириллаб қолдим. Кейин қўйиб юборди-да: Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир” (Алақ сураси, 1-3 – оятлар) - деди”. Шундан сўнг Расулуллоҳ (сав) қўрқувдан аъзойи баданлари титраб – қақшаб Хадича бинти Ҳувайлиднинг ҳузурига келдилар-да: “Мени ўраб (яшириб) қуйинглар, мени ўраб қўйинглар!” – дедилар. Улар Расулуллоҳ (сав)ни қўрқувлари тарқалгунга қадар ўраб қўйишди. Сўнг Хадичага бўлган воқеани айтиб бердилар-да: “Мен ўзимдан хавотир олдим (яьни, “Менга бирор нарса бўлиб қолмасайди” – деб қўрқдим”)”, - дедилар. Хадича (рз.) бундай дедилар: “Йўқ, мутлақо ундай эмас. Худо ҳаққи, Аллоҳ таоло сизни ҳеч шарманда қилмагай, сиз қариндош-уруғчилик муносабатларини йўлга қўясиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни тўйдирасиз, меҳмон кутгайсиз ва ҳақиқий эзгуликларнинг рўёбга чиқишига саьйи имдод айлайсиз”. Сўнг, Хадича онамиз Расулуллоҳ(сав)ни ўзларининг амакиваччаалари бўлмиш Вақара ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо ҳузурига олиб бордилар. У киши жоҳилия даврида насроний динини қабул қилган эди. Ибронийча хат-саводлари бўлиб, Инжилдан Аллоҳ таоло истаганча ибронийча матнларни кўчириб ёзар эди. Ўзи кекса ва кўзлари ожиз эди. Хадича (рз.) Варақага: “Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг гапларига қулоқ тутинг!“ – дедилар. Варақа: “Эй биродаримни ўғли, нималарни кўрдингиз, айтинг!” – деди. Жаноб Расулуллоҳ нимаики кўрган бўлсалар, бирма-бир баён этдилар. Варақа Жаноб Расулуллоҳга қараб: “Бу, Аллоҳ таоло Мусо (ас)га юборган ўша Жаброилнинг ўзгинасидир. Кошки эди, мен ёш бўлсам-у, (ислом) динига даъват қилмоқда иштирок этсам, сизни қавмингиз ўз орасидан қувиб чиқарган вақтда мен ҳаёт бўлсам!” – деб айтди. Расулуллоҳ (сав) ҳайратомуз: “Мени қавмим ўз орасидан ҳайдайдими?” – дедилар. Варақа: “Ҳа, шундай. Бу вақтга қадар бирор кимса сизга келган нарса (пайғамбарлик) билан келган бўлса, албатта, унга нисбатан адоватда бўлишган. Сизга Аллоҳ таоло муассар этган кунлар менга ҳам насиб этса, сизга амалий мадад бераман!” – деди. Лекин,Варақа кўп ўтмай дорул-фанога риҳлат этди. Жаноб Расулуллоҳга бир мунча вақт ваҳий келмай қўйди (яна қ. 2392, 4953, 4955, 4956, 4957, 6982).
4 - Ҳадис
4–ҳадис Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий Расулуллоҳ (сав)га ваҳий келган вақт ҳақида бундай деган эканлар: “Мен (яьни, Жаноб Расулуллоҳ) йўлда кетаётган эдим, ногаҳон осмондан келаётган овоз қулоғимга чалинди. Нигоҳимни юқорига қаратган эдим, Ҳиро ғорида ҳузуримга келган ўша фаришта осмон билан ер ўртасида курси узра ўтирибди. Мен ундан қўрқиб (уйга) қайтиб келдим-да: “Мени (бир нарса билан ўраб қўйинглар, ўраб қўйинглар!” – дедим. Шу аснода Аллоҳ таоло “Муддассир” сурасининг дастлабки 5 оятини нозил қилди (“Эй, (либосларига бурканиб олган киши (Муҳаммад)! Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг” дан “... йироқ бўлинг” деган сўзигача)”. Ушбу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Юсуф ва Абу Солиҳ ҳам ривоят қилишган. Ҳилол ибн Раддод уни Зуҳрийдан эшитиб давом эттирган. Юнус ва Маъмар эса, унинг камчиликларини тўлдирган (яна қ. 3238, 4922, 4923, 4924, 4925, 4926, 4954, 6214).
5 - Ҳадис
4-боб 5-ҳадис Сайд ибн Жубайр айтдиларки, Ибн Аббос Аллоҳ таолонинг “(Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) қимирлатмай қўя қолинг” (“Қиёмат” сураси, 16-оят) деган ояти ҳақида бундай деб ривоят қилган экан: ”Набий (сав) нозил бўлган оятнинг мазмунини тезда тушиниб олишга ҳаракат қилардилар. Шу сабабдан лабларини қимирлатар эдилар”. Ибн Аббос яна бундай дедилар: “Мен лабларимни, Жаноб Расулуллоҳ лабларини қандай қимирлатган бўлсалар, шундай қимирлатяпман”. Саид: “Мен ўз лабларимни Ҳазрат Аббос лабларини қимирлатиб кўрсатяпман”, -деди. Аллоҳ таоло: “Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) қимирлатмай қўя қолинг. Зеро, уни (Сизни дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! (“Қиёмат” сураси, 16-18-оятлар) деган оят нозил қилди. Шундан сўнг, Жаноб Расулуллоҳ, Жаброил (ас) ваҳий келтирса, аввал унга қулоқ солиб, кетганидан кейин у ўқиганидек такрорлаб ўқир эдилар (яна қ. 4927, 4928, 4929, 5044, 5724).
6 - Ҳадис
5-боб 6-ҳадис Ибн Аббос бундай деб ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) барча инсонлар ичида энг саҳоватлиси эдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил билан учрашганларида саҳоватлари янада ортар эди. Ҳазрат Жаброил Жаноб Расулуллоҳ билан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар” (яна қ. 1902, 3220, 3554, 4997).
7 - Ҳадис
6-боб 7-ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббосга Абу Суфён ибн Ҳарб хабар қилдиларки, Ҳирақл, Қурайш карвони Шомда савдо қилиб турганида, унинг ҳузурига одам юборди. Бу вақт Жаноб Расулуллоҳ (Абу Суфён ва Қурайш кофирларини) Илия (Байтул-Мақдис)да эканликларида Ҳирақл ҳузурига бордилар. Ҳирақл уларни ўз мажлисига чақирди, унинг атрофида Рум зодагонлари ўтирган эди. Улар билан билан таржимонни ҳам чорлади-да: ”Ўзини пайғамбар деб гумон қилаётган кишига қайси бирингиз насаб жиҳатидан яқинроқсиз?” – деди. Абу Суфён: “Мен унга насаб жиҳатидан яқинроқдирман” - деди. Ҳирақл: “Уни (Абу Суфённи) ва унинг ҳамроҳларини менга яқинроқ олиб келинглар!” – деди. Уларни Ҳирақлнинг ёнига олиб келиб, турғизиб қўйдилар. Ҳирақл таржимонга: Унга (Абу Суфёнга) айт, мен ўша (пайғамбар) ҳақида сўрамоқчиман, менга ёлғон гапирсалар, унга ёлғон гапирган бўладилар” – деди. Абу Суфён бундай деди: “Аллоҳ ҳаққи, агар мендан ёлғон талаб қилишдан ҳаё қилмаганларида эди, ҳозир мен ёлғон гапирган бўлар эдим. У (Ҳирақл) дастлаб мендан Жаноб Расулуллоҳнинг насаблари ҳақида сўради. Мен: “У бизнинг орамизда баланд насаб эгасидир”, - дедим. Ҳирақл: “Ундан илгари шу даъвони (яъни пайғамбарликни) сизлардан ҳеч ким айтганмиди?” – деб сўради. Мен: “Йўқ”, – дедим. У: “Унинг ота-боболари ичида подшоҳ бўлганлар борми?” – деди. Мен: “Йўқ”, - дедим. У: “Уларни сони кўпайяптими ёки озайяптими?” – деди. Мен: “Кўпайяпти”, - дедим. У: “Унинг динига кирганлардан бирор киши ғазабланиб диндан қайтаяптими?” – деди. Мен: “Йўқ”, - дедим. У: “Хиёнат қилармиди?” – деди. Мен: “Йўқ, бир қанча муддатдан бери унинг қандай ишлар билан бандлигини билмаймиз” - деган эдим, Ҳирақл гапимни бўлиб: “Унга қарши жанг қилдизми?” – деди. Мен: “Жанг қилдик”, - дедим. У: “Қандай қилиб жанг қилдингиз?” – деди. Мен: “Ўртача, гоҳ улар бизга, гоҳ биз уларга шикаст етказардик, баъзан улар, баъзан биз ғалаба қилардик”, - дедим. Ҳирақл: “Улар сизларга нима буюради?” – деди. Мен: “Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни, унга ширк келтирмасликни, ҳатто оталаримиз ширкка даъват этса, уларга қулоқ солмасликни, намоз ўқишни, ростгўйликни, покиза ва иффатли, оқибатли, раҳм-шавқатли бўлмоқни буюради”, - дедим. Ҳирақл тилмоч орқали менга бундай деди: “Унинг насабини сўрасам насаби баланд, деб айтдинг, пайғамбарлар шундай бўлади. Сизлардан ҳеч ким мундан илгари мазкур даъво (пайғамбарлик даъвоси) билан чиққанми, десам, сен: “Йўқ”, - дединг. Ундан илгари ҳам бирор киши шу даъвони қилиб чиққан бўлса, бу одам илгари айтилган сўзга тақлид қиляпти, деган бўлар эдим. Мен сендан: “Унинг ота-боболари ичида подшоҳ бўлганлар борми?” – деб сўрасам сен: “Йўқ”, - дединг. Агар ота-боболари ичида подшоҳ ўтган бирор киши бўлганида эди, мен: “У ўша мулкини талаб қиляпти”, - деган бўлардим. Мен: “Уни динга даъват қилмасидан илгари ёлғончиликда айблармидингиз?” – деб сўраганимда, сен: “Йўқ”, - дединг. Мен билдимки, у илгари одамларга ёлғон гапирмаган, бундай одам Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзламайди. Мен сендан: “Унга зодагонлар эргашяптими ёки заифларми?” – деганимда, сен: “Заифлар” – деб айтдинг. Пайғамбарларга доимо заифлар эргашган. Мен сендан: “Эргашаётганларнинг сони кўпайяптими ёки озайяптими?” – деб сўрасам, сен: “Улар кўпайяпти”, - дединг. Имоннинг иши шундай баркамол бўлади. Мен сенга: “Унинг динига кирганлар ундан ғазаб қилиб диндан қайтяптиими?” – десам, сен: “Йўқ”, - деб айтдинг. Имон, кўркамлиги дилларга ёқиб қолса, худди шундай доимо баркамол бўлади. Мен сендан: “У хиёнат қиладими?” – деб сўрасам, сен: “Йўқ”, - дединг. Пайғамбарлар хиёнат қилмайди. Кейин сендан: “У сизларни нимага буюради” - деб сўрадим. Сен: “Аллоҳга ибодат қилишга, унга ширк келтирмасликка, бут(санам)ларга сиғинмасликка, намоз ўқишга, ростгўй ва иффатли бўлишга буюради”, - деб айтдинг. Сенинг айтганларинг рост бўлса, у келиб, ҳозир мен турган мана шу жойни олади. Мен яна пайғамбар чиқишини билар эдим, лекин сизларни орангиздан чиқишидан бехабар эдим. Агар унга ихлос қилолсам, у билан учрашиш учун машаққат чекишга розиман. Агар унинг ҳузурига борсам, унинг оёқларини ювиб қўйган бўлар эдим”. Давоми: https://telegra.ph/7-hadis-11-25
8 - Ҳадис
БИСМИЛОЛҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ Имон китоби 1-боб Имон (нинг кўпайиб озайиб туриши) ҳақида Расулуллоҳ (сав)нинг сўзлари бўйича, Ислом 5 рукн (устун) узра қурилган. Имон сўзда ҳам, амалда ҳам бўлиши керак. Имон кўпаяди ва камаяди. Далили: Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (Аллоҳ) ўз имонларига яна имон қўшилиши учун мўминларни дилларига таскин туширган зотдир” (“Фатҳ” сураси, 4-оят). ”Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) уларга янада ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур” (“Муҳаммад” сураси 17-оят), - деб айтган Расулуллоҳ (сав)нинг “Аллоҳни деб яхши кўриш ва Аллоҳни деб ёмон кўриш имондадир”, деган сўзлари ҳам имоннинг зиёда бўлиши ва камайишини англатади. Халифа Умар ибн Абдулазиз Адий ибн Адийга бундай деб ёзган: ”Албатта, имоннинг ҳам ўз фарз ва амаллари, муайян чегаралари, бажарилиши лозим бўлган суннатлари мавжуддир. Демак, кимки буларга тўлиқ риоя қилмаса, имони суст бўлади. Агар умрим узоқ бўлса, сизларга билиб олишларингиз учун булар ҳақида бирма-бир баён қиларман, башарти вафот этсам, суҳбатингизга муштоқлигим йўқ”. Саҳоба Муоз: “Кел, биз билан бироз ўтир, имон ҳақида сўзлашайлик!” – деганлар. 2-боб “Дуоларингиз – имонларингиз” 8-ҳадис Ибн Умар айтганлар: “Банда кўнглига келган ҳар бир шак-шубҳани тарк этмагунча тақво ҳақиқатига ета олмайди. Расулуллоҳ (сав): “Ислом 5 рукн (устун) узра қурилгандир: 1. калимаи шаҳодат (айтмоқ); 2. намоз ўқимоқ; 3. закот бермоқ; 4. ҳаж қилмоқ (имкони бўлса); 5. Рамазон рўзасини тутмоқ” (яна қ. 4514)
9 - Ҳадис
3-боб Имонга доир амаллар Аллоҳ таоло айтади: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларга буришингиз (ибодат қилишингизни ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва танг пайтида сабр қилувчилар яхшилик(аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва тақводардирлар” (“Бақара” сураси, 177-оят). 9-ҳадис Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар: “Имон дарахт янглиғ 60 дан ортиқ шохга эгадир. Аллоҳ ва бандалардан уялиб, гуноҳ қилмаслик ўша шохлардан биттасидир”.
10 - Ҳадис
4-боб Бировга зарари тегмаган киши мусулмондир 10-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: ”Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши худо йўлида ҳижрат қилган кишидир” (яна қ. 6484).
11 - Ҳадис
5-боб Исломда энг афзал амал қайси? 11-ҳадис Расулуллоҳ (сав)дан сўрадилар:”Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг афзали қайси кишидир?”. У зот (сав) “қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, - деб жавоб бердилар.
12 - Ҳадис
6-боб Очларни тўйғазиш исломдандир 12-ҳадис Расулуллоҳ (сав)дан сўрадилар: “Қайси хислат исломда энг яхшидир?”. Айтдилар: “Очларларга таом беришинг, таниган-танимаганга салом беришинг” (яна қ. 28, 6236).
13 - Ҳадис
7-боб 13-ҳадис “Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунизча ҳеч бирингиз чинакам мусулмон бўла олмайсиз”.
14 - Ҳадис
8-боб Севишлик имондандур 14-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Токи мени отангиздан ҳам, болангиздан ҳам,барча одамлардан яхшироқ кўрмас экансиз, бирортангиз мўмин бўлолмайсиз”.
15 - Ҳадис
15-ҳадис Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ(сав): ”Мени отангиздан ҳам, болангиздан ҳам яхши кўрмас экансиз, бирортангиз мўмин бўлолмайсиз” – дедилар”.
16 - Ҳадис
9-боб Имон ҳаловатига эришмоқ 16-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Кимда қуйидаги уч хислат бўлса, унга имон ҳузур-халоват бахш этади: - Аллоҳ ва Расулини ҳаммадан кўра яхши кўрмоқ; - яхши кўрган кишисини фақат Аллоҳни деб (Аллоҳ яхши кўргани учун) яхши кўрмоқ; - куфрга қайтишни гўё оловда куядигандек ёмон кўрмоқ (яна қ. 21, 6041, 6941).
17 - Ҳадис
10-боб Ансорларни яхши кўриш киши имонининг мукаммаллиги аломатидир 17-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Ансорлар (мадиналик мусулмонлар)ни яхши кўрмоқ имон аломатидир, ёмон кўрмоқ мунофиқлик белгисидир” (яна қ. 3784).
18 - Ҳадис
11-боб Расулуллоҳ (сав) насихатлари 18-ҳадис Бир қанча саҳобалар ўртасидасида Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Аллоҳни бир деб биламиз, унга ширк келтирмаймиз, ўғрилик қилмаймиз, зино қилмаймиз, фарзандларимизни ўлдирмаймиз, туҳмат қилмаймиз (зино ва бошқа нарсалар хусусида), шарият амрига итоат қиламиз, деб менга сўз берингиз. Кимки ушбу сўзларга вафо қилса, Аллоҳ ярлақайди, аммо кимки ушбу оғир гуноҳлардан бирортасини қилиб қўйса ва у бу дунёда жазоланса, ўша жазо унга каффоратдир (охиратда қайта жазоланмайди). Кимки шу гунохлардан бирортасини қилса-ю, Аллоҳ яширган бўлса, бу ўзига ҳаволадир, хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди”. Саҳобалар: “Шунга сўз бердик” – деб байъат (қасамёд) қилдилар (яна қ. 3892, 3893, 3999, 4894, 6784, 6801, 6873, 7055, 7199, 7213, 7468).
19 - Ҳадис
12-боб Фитнадан ҳазар қилмоқ диндандир 19-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Шундай даврлар келадики, мусулмон ўз динини асраш мақсадида тоғу тошларга қўй ҳайдаб чиқиб кетишни афзал кўрса, ажаб эмас” (яна қ. 3300, 3600, 6495, 7088).
20 - Ҳадис
13-боб Расулуллоҳ (сав)нинг “Мен ҳаммаларингиздан кўра Аллоҳни яхшироқ биламан” деганлари ҳамда Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ сизларни (тилингиз учида айтган) беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. Балки, дилларингиз касб этган нарса (қасамларингиз) учун жавобгар қилур” (“Бақара” сураси, 225-оят) деган ояти каримаси ҳақида 20-ҳадис Ойша онамиз айтганлар: “Расулуллоҳ (сав) саҳобаларига қудрати етадиган ишни буюрган эдилар, саҳобалар: “Биз сиз сингари эмасмизку, Аллоҳ сизнинг илгариги ва келгуси гуноҳларингизни кечирган (шунинг учун ҳам бизга кўп иш буюраверинг, - дедилар. Расулуллоҳнинг ғазаблари келгани юзларидан билинди: “Ораларингизда энг тақволироқ ва Аллоҳни танийдиганроқ киши менман”,- деб жавоб қилдилар.
21 - Ҳадис
14-боб Қайта кофир бўлишни ўтда куйишни хоҳламагандек инкор этиш имондандир 21-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Қуйидаги 3 нарса кимда бўлса, имон ҳаловатини топади: - кимки Аллоҳ ва унинг Расулини бошқалардан яхшироқ кўрса; - яхши кўрган кишисини фақат Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўрса; - кофирликка қайтишни худди ўтда куядигандек ёмон кўрса” (яна Қ. 16).
22 - Ҳадис
15-боб Имон аҳли ҳаётларида қилган ишларига кўра бир-бирларидан афзалликлари 22-ҳадис Расуллоҳ (сав) деганлар: “Аҳли жаннат жаннатга, аҳли дўзах эса дўзахга киради, кейин Аллоҳ таоло малоикаларига: ”Қалбида заррача имон бор одамни дўзахдан чиқаринглар!” – деб айтади. Улар шундан сўнг куйиб, қорайиб кетган ҳолда дўзахдан чиқадилар, ҳаёт дарёсида чўмиладилар, ёмғирлардан кейин гиёҳлар кўкариб унгандек баданлари кўркамлашадилар” (яна қ.4581, 4919, 6560, 6574, 7438, 7439).
23 - Ҳадис
23-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Тушимда кўрсам, одамларнинг кўйлаклари этаги кўкраклари баробарида, баъзи бирлариники эса ундан калта. Уларнинг орасида Умар ҳам бор, унинг кўйлаги узун, ҳатто ерда судралиб юрибди”. Саҳобалар сўрадилар: “Нимага йўйдингиз?”. “Динга”, - дедилар Расулуллоҳ (сав) (яна қ. 3691, 7008, 7009).
24 - Ҳадис
16-боб 24-ҳадис Расулуллоҳ (сав) биродарига имондан ўгит бераётган ансорларнинг бирининг ёнидан ўта туриб, унга бундай дедилар: “Қўявергин уни, ҳаё имондандир!” (яна қ. 6118).
25 - Ҳадис
17-боб Тавба қилиб исломга кирган мушриклар ҳақида Аллоҳ таоло ояти каримасида: “(Мушриклар) Агар тавба қилиб, намозни баркамол адо этсалар ва закот берсалар, уларни қўйиб юборингиз! (“Тавба” сураси, 5-оят)” – деб айтган. 25-ҳадис Расулуллоҳ (сав) бу хусусда бундай деганлар: “(Аллоҳ) менга: “Одамлар калимаи шаҳодат айтиб, Намоз ўқийдиган, закот бергунларига қадар курашгин!” – деб буюрган. Агар бунга амал қилсалар, моллари-ю жонлари мендан омон қолади. Ухравий ҳисоб-китоби (охират ҳисоб-китоби) Аллоҳнинг ўзига ҳавола”.
26 - Ҳадис
18-боб Имон – ислом амрига амал қилмоқ Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Қилиб ўтган амалларингиз сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир” (“Зухруф” сураси, 72-оят), - дейди. Бошқа бир оятда эса: “ Раббингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасини сўроқ қилгайман қилган ишлари тўғрисида” (“Ҳижр” сураси, 92-93-оят), - дейилади. Яна бир бошқа оятда: “Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (“Соффот” сураси, 61-оят)- дейилган. 26-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ (сав)дан сўрадилар: “Қайси амал афзалдир?” “Аллоҳ ва унинг Расулига ишонмоқ”, - деб жавоб бердилар. “Ундан кейин қайси?” – дедилар. “Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилмоқ”, - деб айтдилар. ”Ундан кейинчи?” – деб сўрадилар. “Қабул бўлувчи ҳаждир”, - деб жавоб қилдилар (яна қ.1519).
27 - Ҳадис
19-боб Исломни ўлимдан қўрқанидан ёки таслим бўлиш юзасидан қабул қилган кишининг имони имон эмас! Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Аъробийлар имон келтирдик”, - дедилар, (Эй, Муҳаммад уларга) айтинг: “Сизлар имон келтирганингиз йўқ, лекин сизлар “Исломга кирдик” денг! (“Ҳужурот” сураси,14-оят)”, - дейилган Исломнинг ҳақиқатдан қабул қилингани имон келтирмоқ билан исботланади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятида: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир” (“Оли Имрон” сураси, 19-оят), яна бир оятида эса: “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай”, (“Оли Имрон” сураси, 85-оят) – дейилган. 27-ҳадис Расулуллоҳ (сав) 5-10 одамга садақа улаша бошладилар. Мен ҳам шу ерда ўтирган эдим. Расулуллоҳ бир кишига садақа бермадилар, у эса мен ёқтирган солиҳ киши эди. Мен: “ Ё Расулуллоҳ, фалончига нега бермайсиз? Уни мен мўмин деб биламан”, - дедим. ”Мусулмон деб эмасми?” – дедилар. Озгина жим қолдим, сўнгра у одам ҳақида бир билган нарсаларимни айтиб, яна сўрадим:: “Нега фалончига бермайсиз? Уни мен мўмин деб биламан”. Расулуллоҳ дедилар: “Мусулмон деб эмасми?” Бир оз жим туриб, яна сўрадим. Кейин Расулуллоҳ айтдилар: “Эй Саъд, у кишига берар эдим-у, лекин ундан кўра бошқаларга берганим маъқулроқдир, чунки Аллоҳ уларни дўзахга туширишидан қўрқаман” (яна қ. 1478).
28 - Ҳадис
20-боб Салом бериш ислом амалларидандир Саҳоба Аммор айтганлар: “Учта хислатни ўзида мужассам қилган кишининг имони мукаммал бўлгайдир: - инсофли ва адолатли бўлмоқ; - барчага салом бермоқ; - камбағаллигида ҳам садақа бериб турмоқ. 28-ҳадис Расулуллоҳ (сав)дан бир киши сўради: “Исломда энг яхши хислатлар қайсидир?”. Дедилар: “Очларга таом бермоқлик, таниган ва танимаганларга салом бермоқлик” (яна қ. 12).
29 - Ҳадис
21-боб 29-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Менга дўзах кўрсатилди, ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан”. Саҳобалар: “Аллоҳни инкор қилганми?” – деб сўрадилар. “Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрни қадрига етмаганлар. Агар буларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса: “Сендан нима кўрдим, ҳеч яхшилик кўрмадим”, - деб айтади”, - деб жавоб бердилар (яна қ. 431, 748, 1052, 3202, 5197).
30 - Ҳадис
22-боб Гуноҳлар жаҳолат қилмишидир Гуноҳ қилувчи киши кофир бўлмай, балки ширк келтирган кишигина кофир бўлади. Расулуллоҳ бир гуноҳ қилган кишига: “Сенда жаҳолатдан бор экан”, - деганлар. Аллоҳ ояти каримасида: “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), Ундан (у дин) сира қабул қилинмагай” (Оли Имрон сураси,85-оят), - деган. 30-ҳадис Саҳоба Маъруф ривоят қиладилар: “Рабза деган жойда Абу Заррнинг ўзини ҳам, қулини ҳам чопон кийиб келаётган ҳолатда кўрдим. Нега бир хил кийиниб олдингизлар? – деб сўрадим. Абу Зарр: “Мен бир кишини (Билолни), эй қарға хотиннинг боласи! – деб ҳақорат қилдим. Расулуллоҳ менга: “Эй Абу Зарр, онасини ҳақорат қилибсан, сенда жаҳолатдан бор экан”, - дедилар ва яна: “Биродарингиз хизматкорингиздир. Аллоҳ таоло уларни сизларнинг қўлларингизга топшириб қўйибди. Кимники биродари қўлида бўлса, еганини едирсин, кийганини кийдирсин. Кучи етмайдиган ишга буюрмангиз, мабодо, буюрсангиз, ёнларида ёрдамлашингиз”, - деб қўшиб қўйдилар”, - деди” (яна қ. 2545). Икки гуруҳ мўминлар бир-бирлари билан урушсалар, ўрталарига тушиб, яраштириб қўйингиз, зеро Аллоҳ уларни ҳам мўминлар деб атаган.
31 - Ҳадис
31-ҳадис Саҳоба Аҳнаф ривоятлари: “Мана бу кишини ҳимоя қилгани йўл олдим. Йўлда Абу Бакр йўлиқди. “Қаёққа кетяпсан?” – деди. ”Мана бу кишига ёрдамлашгани кетяпман”, - дедим. “Қайт, мен Расулуллоҳ (сав)дан эшитганман, агар икки мусулмон қилич ялонғочлаб бир-бирига ҳамла қилса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам, дўзахга тушади. “Ё Расулуллоҳ ўлдирган-ку майли-я ўлган нега тушади?” – деганимда, “У ҳам шеригини ўлдирмоққа жазм қилгандир”, - деб айтганлар”, - деди” (яна қ. 6875).
32 - Ҳадис
23-боб Энг катта зулм 32-ҳадис Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир” (“Анъом” сураси, 82- оят), - деган ояти карима нозил бўлганда саҳобалар: “Қайси биримиз ўз жонимизга зулм қилмаганмиз”, - деб қаттиқ эзилишди. Шунда Аллоҳ таоло: “Чунки, ширк улкан зулмдир” (“Луқмон” сураси, 13-оят), - деган оятни нозил қилди” (яна қ. 3360, 3428, 3429).
33 - Ҳадис
24-боб Мунофиқнинг аломатлари 33-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъдасига вафо қилмайди, омонатга хиёнат қилади” – деганлар (яна қ. 2682, 2749, 6095).
34 - Ҳадис
34-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Қуйидаги тўртта хислат кимда бўлса, аниқ мунофиқдир, кимдаки улардан биттаси бўлса, уни тарк этмагунча мунофиқликдан бир хислати бор экан, дейилади: омонатга хиёнат қилади; сўзласа, ёлғон сўзлайди; шартнома тузса, шартида турмайди; уришиб қолса, кек сақлайди ва ноҳақлик қилади” (яна қ. 2454, 3178).
35 - Ҳадис
25-боб Лайлатул Қадр кечасида ибодат қилиб чиқмоқ имондандир 35-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Кимки Лайлатул Қадр кечасининг ҳақлигига ишониб, Аллоҳдан савоб умидида ибодат қилиб чиқса, қилган гуноҳларининг ҳаммаси кечирилади (яна қ. 37, 38, 1901, 2008, 2009, 2014).
36 - Ҳадис
26-боб Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш имондандир 36-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло ўзи йўлида жиҳодга чиққан одамни қадрлаб: “Менга бўлган имони ва пайғамбарларимга бўлган ишончи туфайли жиҳодга чиққан бўлса, уни ажр ва ўлжалар билан қайтараман, ҳалок бўлса жаннатимга киргизаман”, – дейди”, - деганлар. Расулуллоҳ (сав) яна бундай деганлар: “Агар умматимни қийин аҳволдан қолдиришдан қўрқмасам эди, қўшиндан қолиб, бу ерда ўтирмас эдим, мен Аллоҳ йўлида жон таслим этиб, яна ўлиб, яна тирилсам ва яна ўлиб ва яна тирилсам ва яна ўлсам дер эдим” (яна қ. 2787, 2797, 2972, 3123). (* Исломда жиҳод сўзи аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Инсоннинг ҳавойи нафсга берилмаслиги, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаши, фарзанднинг ота-она хизматида бўлиши ҳам жиҳоддир. Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Муҳаммад (сав) бошлиқ саҳобалар Маккада уруш маъносида бўлмаган жиҳодни олиб борганлар. Ўша вақтда Аллоҳ таоло мусулмонларнинг мушрикларга қарши куч ишлатишини ман қилган эди. Фақатгина ҳижратнинг иккинчи йили (миллоддан 624 йил), Қуръони карим тили билан айтганда, “Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (уруш)га изн берилди”. Исломда жиҳод Аллоҳ йўлида, бутун куч ва имкониятларни сарф қилиш маъносини англатади).
37 - Ҳадис
27-боб Рамазонда кечалари ибодат қилиб чиқмоқлик имондандир 37-ҳадис Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Кимки Рамазон кечаларини, Аллоҳга имон келтириб, ундан савоб умидида, ибодат қилиб ўтқазса, унинг қилган гуноҳлари кечирилади” (яна қ. 35).
38 - Ҳадис
28-боб Аллоҳдан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутиш имондандир 38-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Кимки Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутса қилган гуноҳлари кечирилади” (яна қ. 35)
39 - Ҳадис
29-боб Ислом дини осонлик динидир Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Аллоҳ таолога ислом дини энг севимли диндир”. 39-ҳадис Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабода, қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди. Яъни, солиҳ амалларни ҳаддан зиёд зиммасига олиш натижасида уларни эплай олмай, ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади). Демак амали солиҳларни ўртача бажарингиз, ибодатларни мукаммал адо этишга қодир бўлмасангиз, шунга яқинроқ қилингиз. Амали солиҳлардан тегадиган савоблардан севинингиз. Бу дунёдан охиратга қилинадиган умр сафарида эрта тонгдан, кечки пайтдан унумли фойдаланинг!” (яна қ. 5673, 6463, 7235).
40 - Ҳадис
30-боб Намоз ўқиш имондандир Ояти каримада: “Аллоҳ имонларингизни (Байтул Мақдисга қараб ўқиган олдинг намозларингиз ажрини) зое кетказмас” (“Бақара” сураси, 143-оят), - дейилган. 40-ҳадис Саҳоба Баро бундай дейдилар: “Пайғамбаримиз (сав) Мадинага келибоқ қариндошлариникига тушдилар ва Байтул Мақдисга қараб 16 ёки 17 ой намоз ўқидилар. Аслида Расулуллоҳ (сав) Маккадаги Каъбани қибла қилиб намоз ўқишни яхши кўрар эдилар. Каъбага қараб ўқиган биринчи намозлари аср намози эди. Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир қавм жамоаси ҳам намоз ўқиди. Бирга намоз ўқиганлардан бири бошқа масжидда намоз ўқиётган одамлар ёнидан ўтаётиб, рукуъда турган вақтларида уларга: “Аллоҳга қасамки, Маккаи мукаррамага қараб намоз ўқидик”, - деди. Шунда улар намозда турган ҳолларича Маккаи мукаррамага ўгирилиб, намоз ўқиб тугатдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг Байтул Мақдис қараб намоз ўқиётганлари яҳудий ва насороларга ёқарди (чунки Байтул Мақдис уларнинг қибласи эди). Аммо Маккаи мукаррамадаги Байтуллоҳга қараб намоз ўқиганлари эса уларга ёқмасди”. Саҳоба Баро яна бундай деганлар: “Қибла Каъбага қараб ўзгартирилмасдан илгари баъзи бир кишилар вафот этиб кетганлар ва баъзи бирлари шаҳид бўлиб, кетганлар. Биз улар тўғрисида нима дейишни билмаймиз, деб турганларида юқоридаги ояти карима нозил бўлди” (яна қ. 399, 4486, 4492, 7252).
41 - Ҳадис
31-боб Киши исломга кириб, уни яхшиласа, қилган хатоларини Аллоҳ кечиради 41-ҳадис Абу Саид Худрий: “Расулуллоҳ (сав): “Агар банда исломга кириб, уни ихлос билан яхшилашни давом эттирса, Аллоҳ таоло уни ҳамма хатоларини кечиради. Бундан кейинги хатолари ҳисоб-китоб қилинади. Яхшилик 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтириб ёзилади. Ёмонлик битта бўлса, битталигича ёзилур, ёки ёзилмасдан Аллоҳ кечириб юбориши мумкиндир” – деганлар”, - дейди.
42 - Ҳадис
42-ҳадис Расулуллоҳ (сав): “Қайси бирингиз исломини яхшиласа, қилган ҳар бир яхши амалига ўнтадан то 700 тагача савоб ёзилади. Қилган ҳар бир гуноҳи учун эса, биттадан гуноҳ ёзилади”, - деганлар.
43 - Ҳадис
32-боб Аллоҳ таоло хушлайдиган амал узоқроқ қилинадиган ибодатдир 43-ҳадис Ҳишом бундай деганлар: “Ойша онамизнинг ёнларида бир аёл ўтирган эди. Расулуллоҳ (сав): “Ким бу аёл?” – деб сўрадилар. Ойша онамиз: “Бу фалончи кўп намоз ўқидиган аёл”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ: “Қўйинглар, солиҳ амаллардан қурбингиз етадиганини зиммангизга олинглар, Аллоҳга қасамки, сизларга амалларингиз малол келмаса, Аллоҳга савоб бериш малол келмайди (яъни қилаётган ибодатингиз малол келса, савоби қолмайди)”, - деб айтдилар. Жаноб Расулуллоҳ (сав) ҳам узоқроқ қилинадиган ибодатни хуш кўрар эдилар” (яна қ. 1151).
44 - Ҳадис
33-боб Имоннинг зиёда ва кам бўлмоғи Ҳақ таоло ояти карималаридан бирида: “Биз уларга ҳидоятни зиёда қилдик” (“Каҳф” сураси, 13-оят), яна бир ояти каримада: ”Имон келтирган зотларнинг имонлари янада зиёда бўлғай” (“Муддассир” сураси, 31-оят)”, бошқа бир ояти каримада эса: “Ана энди бугун, динингизни камолига етказдим (“Моида” сураси, 3-оят), - дейди.Агар мукаммал нарсадан бирор нарса тушириб қолдирилса нуқсонли бўлиб қолади. 44-ҳадис Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар: “Кимки юракдан Ла илаҳа иллалоҳ” деса ва унинг юрагидаги буғдой донасича яхшилик (имон) бўлса дўзаҳдан чиқарилади” (яна қ. 4476, 6565, 7410, 7440, 7509, 7510, 7516)
45 - Ҳадис
45-ҳадис Умар ибн Хаттобдан: “Яҳудийлардан бир киши менга: “Эй Амир ал-Мўминин, Китобингизда бир оят бордир, сизлар уни ўқийсизлар, агар шу оят бизга нозил бўлганда ўша кунни биз байрам қилган бўлар эдик”, - деди. Мен “Қайси оят?” – деб сўрадим.У: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (“Моида” сураси, 3-оят) деган оят”, - деб айтди. “Ҳа, биз ўша ояти карима тушган кунни ва тушган жойни биламиз. Жума куни Расулуллоҳ (сав) Арафотда турганларида нозил бўлган”, - дедим” (Ўша ояти карима тушган кун шарафига бизда бир эмас, икки марта байрам қилинади; ҳар жума куни ва Қурбон ҳайитида) (яна қ. 4407, 4606, 7268).
46 - Ҳадис
34-боб Закот бериш исломдандир Ояти каримада: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закотга беришга буюрилгани эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”(“Баййина” сураси, 5-оят), - дейилган. 46-ҳадис Талҳа ибн Убайдуллоҳдан: “Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига Нажд қабиласидан бир киши келди. Сочлари тўзғиган. Унинг ғудурлаган овозини эшитамиз-у нима деяётганини тушунмаймиз. Яқин келганда тинглаб қулоқ солсак, ислом асосларини сўраётган экан. Расулуллоҳ (сав) унга жавобан: “Ислом асосларидан биринчиси – бир кечаю-кундузда 5 вақт намоз ўқимоқликдир”, - дедилар. “Шу 5 вақт намоздан ташқари яна зиммага тушадиган вожиб намоз борми?” – деб сўради. ”Йўқ ўзинг хоҳлаб нафл ўқишинг мумкин”, - деб жавоб бердилар. Ислом асосларини иккинчиси – Рамазон рўзасини тутмоқликдир”, - дедилар Расулуллоҳ (сав). ”Рамазондан ташқари ҳам зиммага тушадиган вожиб борми?”, - деб сўради. “ Йўқ, илло нафл рўза тутишинг мумкин”, - дедилар. У киши қайтиб кетаётиб: “Аллоҳга қасамки, бунга ҳеч нарсани қўшмайман ҳам”, - деди. Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Агар сўзида содиқ бўлса шу одам нажот топгайдир” (яна қ. 1891, 2678, 6956).
47 - Ҳадис
35-боб Жанозада қатнашиш имондандир 47-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ (сав). Айтганлар: “Кимки бир мусулмон одамнинг жанозасида Аллоҳга ишониб, унинг савоб беришидан умид қилиб, қатнашса ва жаноза ўқилиб, майит дафн қилгунга қадар бирга бўлса, албатта у одам ажр (савоб) олиб қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғидекдир. Кимки жаноза ўқиб, майит дафн қилмасдан аввал қайтса, у киши 1 қийрот ажр олиб қайтади” (яна қ. 1323, 1324, 1325).
48 - Ҳадис
36-боб Мўмин ўзи билмаган ҳолда амалини ҳабата (бекор) бўлиб қолишдан қўрқиши лозим Иброҳим ат-Таймий айтганлар: “Сўзимни бажарадиган солиҳ амалимга номунофиқ (зид келадиган) қилиб гапирмадим, мабода, ўзим амал қилмаган нарсани айтсам, ёлғончи, ҳисобига кириб қолишдан жуда қўрқдим. Ибн Али Мулайка айтдилар: “Расуллуллоҳнинг 30 дан ортиқ саҳобаларини билардим. Уларнинг ҳар бири солиҳи амалига нифоқ аралашидан қўрқарди”. Ҳасан Басрий айтганлар: “Нифоқ аралашидан фақат мўмин одам қўрқади, мунофиқ одам қўрқмайди. итоатсизликда, осийликда, биродарлари билан уришишда давом этмоқнинг гуноҳидан қўрқмайди. Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир” (“Оли Имрон” сураси, 135-оят), - деган. 48-ҳадис Жаноб Расулуллоҳ (сав).айтганлар: “Мусулмоннинг сўкиши фосиҳлик, қотилиги эса кофирликдир” (яна қ.6044, 7076).
49 - Ҳадис
49-ҳадис Расулуллоҳ (сав). Лайлатул Қадрнинг қайси кун келишини айтмоқчи бўлиб чиққанларида икки мусулмон жанжаллашиб турган экан. Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Лайлатул Қадрнинг хабарини айтмоқчи эдим, фалончи билан пистончи уришиб турганига кўзим тушиб, ёдимдан кўтарилиб кетибди. Шоядки, омадингиз келса, Лайлатул Қадрни рамазон ойининг (25-27-29-кечаларида қидиринглар!” (яна қ. 2023, 6049).
50 - Ҳадис
50-ҳадис Бир куни Расулуллоҳ (сав) кўпчилик билан суҳбатлашиб турган эдилар. Бир киши қошларига келиб, салом бергач: “Имон нима?” – деб сўради. ”Имон Аллоҳга , унинг фаришталарига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан сўнг тирилишга ишонишдир”, - дедилар. ”Ислом нима?” – деди. “Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдир”, - деб жавоб қилдилар. “Эҳсон нима?” – деди. ”Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен кўрмаётган бўлсанг, у сени кўриб туради”, - дедилар. “Қиёмат қачон?” – деди. “Сўралаётган киши сўрагувчидан ортиқ билмайди, бироқ аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадир: хотинлар ўз эгаларини туғадиган бўлганда (болалар ота-оналарига, хўжайин бўлиб уларнинг дилини оғрита бошлаганда), туябоқувчилар баланд-баланд иморат сола бошлаганда, 5та ғаройиб (сир) нарса бор, уни фақат Аллоҳ билади, улардан биттаси – қиёматнинг қачон бўлишидир”, - деб ўша мазмундаги ояти каримани ўқидилар. Кейин, ҳалиги киши қайтиб кетди. Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушинсинлар деб шундай қилдилар)!” Орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Бу Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келганди”. Имом Бухорий айтадилар: ”Расулуллоҳ (сав) юқоридаги ҳамма нарсаларни имондан деб ҳисобладилар” (яна қ.4777). ***** "Саловот ва истиғфор" мобил иловасини бепул юклаб олинг! https://play.google.com/store/apps/details?id=com.aasnsprojects.salovotvi
1
2
3
4
5
→
»